Костис Паламис (1859-1943)

Янги давр юнон шеъриятининг вакили ва Янги Афина мактаби асосчиси деб тан олинган Костис Паламис (Κωστής Παλαμάς) 1859 йилда туғилган. Унинг шеърларида эзгу-инсоний ва инқилобий руҳ ёрқин намоён бўлган. Шоирнинг илк шеърий тўплами: «Ватаним қўшиқлари» 1886 йили нашр этилган. Костис Паламис ҳозиргача ижро этиладиган Олимпия мадҳиясини ёзган. Шоир 1943 йили вафот этган.

* * *

Мен, қандай бўлсам шундайман, титраётган кўксимдаги
омонат юрагим қафасдаги асир қушга ўхшайди –
юрагим омонат, аммо мен дунёнинг кучлилари
ва қудратлиларидан кўра яқинман нурга,
муқаддас ҳақиқатга яқинроқман.

Шунинг учун юрагим заиф ва соғинчга тўладир ҳамон,
Шунинг учун қалбим қайнар, куйиб-ёнаман,
– кучлилар кучаяр, зўрлар зўраяр ва бўлар зўравон,
мен улардан ёмон нафратланаман…
Ажабо, менга ярашади бу нафрат.

* * *

О, қадимий сўзлар, чирик моғорларга ўранганча
отамнинг китоблари тубида ётибсиз
муқаддас туш ичида ухлаб.
Сиз-чи, қалтираган қўрқоқ қарғалар, нега жимсиз:
кўндалангдир менинг қаршимда тирик ҳаёт.
Мен тақдир билан қадимий баҳсга қанчалар қаттиқ киришсам
ва тафаккур отини нечоғли инонч ила қамчиласам,
шунчалар ташналик билан
юксак тоғларнинг насимини шимираман
ва шунчалар осонлик билан сўзлашаман жайдари тилимизда.

Рус тилидан Карим Баҳриев таржималари