Георгос Сеферис (1900-1971)

Атоқли юнон шоири Георгос Сеферис (Γιώργος Σεφέρης) номи ХХ асрнинг энг истеъдодли ижодкорлари қаторидан мустаҳкам ўрин олган. У 1900 йили Кичик Осиёнинг қадимий шаҳри бўлмиш Смирнада таваллуд топди. Бу шаҳар Гомер ватанига даъвогар етти шаҳарнинг бири саналиб, туркий лисонда Измир деб номланади.
Шоирнинг исми арабча “сафар” сўзидандир. Исм қисматни белгилайди, деганларидек, Сеферис ҳаёти бир умр сафарларда кечди. Зеро у кўп мамлакатларда дипломатик вазифаларда ишлади.
Г.Сефериснинг илк шеърий тўплами — “Бурилиш” 1931 йили эълон қилинган. Ўшанда шоир 31 ёшда эди. Кейин унинг “Ҳавза” (1932), “Роман-афсона” (1935), “Машқлар дафтари” (1940), “Кихли” (1947), “Уч мўътабар достон” (1966) каби шеърий китоблари, “Акрополда олти тун” (1974) романи эълон қилинди.
1951 йили Сеферис элчининг биринчи маслаҳатчиси лавозимига тайинланиб, Лондонга келади. Номи дунёга танилган шоирни адабий жамоатчилик мамнуният билан қарши олди. Бу ерда у Элиот билан танишади, Стивен Спендир, Э.М.Форстер, Луис Мак Нис, У.Х.Оден ва Дилан Томаслар билан яқиндан мулоқотда бўлади.
Унинг кўнгли бу пайтлар нимадандир ғаш бўлиб, дипломатик хизматларни буткул тарк этиб, ўзини бутунлай шеъриятга бағишлаш фикрида юрган эди. Бу ниятини у устози Элиот билан ўртоқлашади. Элиот эса унга тамомила бошқа маслаҳатни беради. “Шоир шеър ёзишдан ташқари бошқа бир иш билан ҳам шуғулланиши керак, — дейди устоз. — Ўзини поэзияга буткул бахшида қилиш мумкин эмас, зеро шеърий ижод жараёнининг асосий қисми ғайришуурий тарзда кечади. Шу боисдан кўп вақтда нимадир — бошқа нарса билан машғул бўлиш зарур”.
1963 йили Г.Сефериснинг ижоди Нобель мукофотига сазовор бўлди.
Шоир 1971 йили оғир хасталикдан сўнг Афинада вафот этди.
Г.Сеферис Гомерга ватандошлиги билан ҳамиша фахрланиб, у билан бир тилда сўзлашаман, дея кўп бор таъкидлаган эди. Шу боисдан Гомер ижоди талқинлари унинг шеърларида бўртиб кўринади.

ДЕРАЗА ОРТИДАГИ БОҒ

Ёмғир қўйнидаги фавворали боғ —
сен қарайсан унга чанг босган, хира,
пастак ойнадан. Хонанг ичра
камин нур сочар фақат,
аҳён-аҳён чақмоқ шуъласи эса
юздаги ажининг ёритар, эй дўст.

Бир пайт жилмаярди фавворали боғ —
ундаги шан ҳаёт ва ажиб сурур
йиқилган ҳайкалу синган устунлар
ва кўм-кўк майсага сочилган тошлар
рақсидан йироқ, —
энди акс этар у хира ойнадан.
Чуқур хўрсинасан. Ер ва оғочнинг
шарбати дафъатан ёдинг қаъридан
ойнага урилар —
ташқари ёқдан ёмғир юваётган ойнага.

ЖАНУБ ШАМОЛИ

Мағриб ёқда тоғлар силсиласи ила туташар денгиз.
Бизни телба қилар чапдан эсган жануб еллари.
Улар суягимизда сидирар этни.
Кенг дераза. Каттакон стол,
биз унда хатлар ёзамиз сенга
ой сайин ва ташлаймиз
айрилиқ чоҳига,
тўлдирмоқ бўлиб бу чоҳни.

Тонг юлдузи, тортганинг чоғ нигоҳимизни,
дақиқаларимиз майинлашиб кетар
бир малҳамдай, зилол чашма сувидайин,
сулув оққушларнинг қаноти янглиғ.
Ҳаётимиз сенинг кафтингда турди.
Заққум ғурбат нонидан кейин
тунда, оппоқ девор олдида
сенинг сасинг ёлқинга айланар —
яна асабимиз торига тиғини тортар
ўша еллар.

Ёзамиз сенга ҳар куни бир хил соғинчни
ва боқамиз хаёл ичра бир-биримизга
ва кўрамиз дунёни ҳар биримиз ўз кўзимиз-ла,
чўққилар устидаги ёғдуни, тонг қоронғисин
ва сени.
Ким аритар ғуссаларни юрагимиздан?
Кечаги сел, бугунги булутлар
букар қаддимизни ерга. Ўткир фикрларимиз
селдан сўнгги қарағай игналари каби
остонага ғуж бўлиб, тирмашарлар
минора сари, минора эса қулар.

Забун бу қишлоқлар орасида,
жануб шамолига кўксин тутган қоя устида,
сени тўсиб турган тоғлар силсиласи рўпарасида —
ким баҳолар бизнинг қалб ғуссамизни?
Куз қўйнида ким англар бунда шаҳидлигимизни бизнинг?

ДАРБАДАРЛИК

Ахир, нима истар қалбларимиз —
чеҳраси оқарган аёллар ва йиғлоқ
болаларга тўла кемаларда
кезиб дарбадар,
зеро на учарбалиқлардек уча биларлар,
на мачта тепасидаги юлдуздек
ярқирарлар?

Граммафон садоларидан толиқиб,
мубҳам қадамжоларга руҳсиз талпиниб,
ғулдираб ўзига тил калимасини,
нени истарлар?

Нима изларлар бизнинг қалбларимиз
уринган денгиз матоҳларида —
кўрфаздан кўрфазга кезиб
саргардон?

Қоялар гирдида мудом тўлғаниб,
қайинлар ҳидидан беҳол кун-бакун,
ададсиз денгизда чарх урган кўйи
нима истарлар?

Биз аниқ билардик — худди шу ерда,
олдимизда турган йўлнинг устида,
сал юқори ё сал қуйироқ,
ёнгинамизда —
гўзал ороллар бор эди.

ОЙ ҚОНИ

Сенинг қонинг музлайди баъзан
сарҳадсиз тун ичра қотган ой каби,
сенинг қонинг оқ қанотларин ёяр
зулмат қоялар ва болалигимизнинг хира ёғдуси
қучган боғлар, уйлар устида.

ТОШГА ДЎНИШ

Пушмондаман, бармоқларим орасидан
оқиб кетди дарё,
улгурмадим ичмоққа томчисини ҳам.
Энди мен тошга дўнаман.
Қип-қизил заминда мўъжаз қарағай —
ундан бўлак дўстим йўқ менинг.
Ниманики севди, бари кетди —
ўтган ёз қурилган янги уйим-ла,
совурар қолганин куз шамоллари.

ЎЛИМ ОЛДИ

Еллар сарринлик бахш этмаса агар,
тобора қисқарса сарвлар сояси
ва бурилса барча йўллар тоғ сари,
бизга юк бўлажак
ўлимдан қўрқувчи дўсту ҳамроҳлар.

ЎЛИКЛАР ВА ТИРИКЛАР

Биз отландик ўз риҳлатимизга,
йиқилган ҳайкаллар қошидан ўтдик,
хаёлларга чўмиб дедик, шунчаки осонмас
ҳаётдин кетмоқ —
ўлимнинг ўз осий йўллари бор
ҳамда ўз адолати;
биз, тошлар орасида қотиб тош каби,
қаҳру ожизликнинг исканжасида
кўз юмаётган дақиқалар, —
бир-бир чиқиб келар эски марҳумлар
юзларида сокин жилмайиш билан.

ТАЖРИБА

Воқеалар шу қадар шитоб кечдики,
эслаб қололмадик кўп нарсаларни,
аммо муҳрланмиш хотирамизга —
бамисли ойдин тун қўй қўрасида
шарпалар, ўзимиздан-да ғалати, бежо,
кезинар зирк дарахтининг
қовжироқ барглари аро,

биз билиб қўйгандик тақдиримизни —
харсанг бўлаклари аро судраниб,
уч минг ёки олти минг йил
титкилаб бирма-бир харобаларни —
балки ўз уйимиздир улар…
Лекин эплай оламизми?

Биз занжирбандлигимиз ва
тарқоқлигимиз боис
омонат деб билганимиз разил тўсиқлар
билан кураша-кураша,
Йўлга чиққан пажмурда,
сўқир тўдалар билан
Марафон кўли ботқоқларига чўкаётганда
эплай оламизми
ўлмоқни ҳамма қатори?

ТОНГ

Оз қолди —
бодомлар гул очар қийғос,
мармарлар офтобда жилвалангайдир,
денгиз мавж урмоқда,

оз қолди,
кўтарилмоқ керак юксакка озроқ.

ХАБАРЧИЛАР

Биз уларни танимасдик.
Фақат ичкин умид,
азал-азал танийсан, дерди.
Биз кўрдик уларни икки бор,
сўнг сузиб кетдилар
кўмир, дон ортилган кемада
ва ғойиб бўлдилар уммон ортига
у дўстларимиз бир умрга.
Тонг бизни қаршилар —
хира чироқнинг нуридан чизилган
кема, сув париси, чиғаноқлар-ла.
Кечқурун тушамиз дарё бўйига,
чунки йўл бор унда уммонлар сари
Тунлар ухламаймиз мум анқиган ертўлаларда.

Дўстларимиз бизни ташлаб кетди —
балки, бўлмагандир улар, балки
уларни кўргандирмиз биз тушимизда —
олис тўлқинларга бориб туташган;
балки излаймиз уларни,
излаганимиз боис ўзга ҳаётни:
нариги томонидан ҳайкалларнинг.

* * *

Хабарчини —
кутдик биз уч йил,
қарағайлар, денгиз ва юлдузларга
телмуриб нуқул.
Омоч тиши ёки кема пуштагига айланиб,
яна илк уруғликни излашга киришдик,
энг қадим тараддуд иштиёқида.

Биз уйимизга қайтдик, абгор,
руҳсиз-мадорсиз,
лабларимиз занг ва туздан четнаб.
Тонгда туриб шимол сари кетдик,
бегоналардек, туманда
оққушларнинг кумуш қанотларидан
кўзимиз қамашиб.

Қиш тунлари ақлдан оздирди машриқ шамоли.
Ёзнинг серташвиш кунлари буткул ҳолдан тойдик.
Ва қайтдик мана шу ноёб бир рафтор —
темир қиёфа билан.

МАРМАР БОШ

Сени маҳв этишган обжўй ёдимда.

Мен мармар бошимни тутганча уйғондим,
у қўлимда эди, билмасдим қайга қўймоқни.
У чўмди уйқуга, мен уйғонган он
бирлашди тақдиримиз, ажралмас бўлиб.

Мен кўзларига боқдим — сўниб борувчи,
сўйлайман лабларига, ҳали тинмаган,
ёноғин тутаман, этлари қочган.

Қўлларим йўқолар ва қайтар яна,
пажмурда, ҳолсиз.

* * *

Сени уйқу барглари-ла чулғаб олганда
нафас олар эдинг худди сокин нур ичра,
акс этарди зилол чашма мавжида юзинг,
қабоқларинг юмуқ, майин киприкларинг нам.
Бармоқларим майсадаги қўлингни топди
ва томиринг уришини туйди дафъатан,
юрагингнинг оғриғи ҳам шундоқ яқинда.

Улкан чинор соясига, кўм-кўк гўшага
туш етаклаб келди сени ва бунда тамом
борлиғингни ҳар томонга сочиб юборди,
бир қур қучмоқ қийин бўлур шу боис сени —
юзингдаги қотиб қолган сукутинг бирла,
қучиб олмоқ қийин бир қур ўзга дунёнинг
шарпалари аро сенинг айро шарпангни —
ўзини дам қўйиб эркин, дам жиловлаган.

Биз яшадик ўзимизга ато умрни.
Шафқат қил сен лекин, қора гулчамбар тақиб,
маҳобатли чинорларнинг каноридаги
қудуқлар ва чуқур чоҳлар аро бенажот
ўз фарёдин ёлғиз тинглаб ўтирганларга.

Шафқат айла, биз-ла манглай тери, очликни
бирга баҳам кўрган дўстга, қуёш қаърига
шўнғиди у, қарға қора мармар тубига
ғарқ бўлгандек, ҳеч нарсани қилмайин тама.

Бизга рихлат дунёсида ҳаловат бахш эт.

Рус тилидан Мирпўлат Мирзо таржималари.