Шарль Пеги (1873-1914)

Шарль Пеги (Charles Péguy; 7 январь 1873, Орлеан, — 5 сентябрь 1914, Вильруа) — француз шоири, драматург, публицист, эссеист ва муҳаррир.

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Қувончдан хабар келди –
Юксалмиш тоққа.
Виждондан хабар келди –
Ботмиш тупроққа.

* * *

Кўнгилда гоҳ дарду ғам,
Гоҳида севинч.
Қўл борида қадаҳ тут,
Севинч учун ич.

* * *

Кулфат мени яхши кўрар,
Ҳеч нари жилмас.
Кулфат гўё хотинимдай,
Мендан айрилмас.

* * *

Юрак, сени сўнгсиз оғриқ
Тинимсиз эзар.
Юрак, сени сўнгги оғриқ
Тамом қутқазар.

Рус тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи