Раймон Кено (1903-1976)

XX аср жаҳон адабиётида ўзига хос, такрорланмас из қолдирган атоқли француз шоири, ёзувчи ва драматурги, киносценарист ва адабий тадқиқотчиси Раймон Кено 1903 йилда Франциянинг Сена дарёси этагидаги порт-шаҳар Гаврда туғилган. “Тўсқинлик”, “Одила”, “Қаҳратон қиш”, “Зази метрода” каби романлар, “Агар, агар шундай ўйласанг”, “Мандолина чалаётган ит”, “Шаҳардаги сайрлар”, “Қишлоқдаги сайрлар”, “Тўлқинлар бўйлаб”, “Юз минг миллиард шеър” каби назм китоблари, “Стилистик машқлар”, “Кичкина портатив космогония” сингари илмий-тадқиқий асарлар муаллифидир.
Гонкур Академиясининг аъзоси, сюрреализм ҳаракатининг фаол қатнашчиларидан бўлган Раймон Кено французларнинг энг севимли шоирларидан биридир. Унинг жуда кўп шеърлари қўшиқ қилиб айтилади.

ҲЕЧ ҚЎРҚМАЙМАН МАНГУ ТУНДАН

Бўғимларим ўлса агар, қулоғим, бурним
Улар билан бирга ўлса, қўрқмасман мано.
Нега қўрқай, бир дунёда бор гап-ку ўлим,
Пашшадай бир заиф жонман, мен Раймон Кено.

Соҳилдаги дўконларда чанг босган, ноёб
Китобларга тушса кўзим, қўрқмасман унча.
Йиллар бўйи шеър ёзиб, гоҳ ўлимни ёдлаб
Валдираган бўлсам ўзим, қўрқмасман унча.

Бир-бирига туташ қобоқ – соҳиллар аро
Оқаётир юмшоқ кеча, унча қўрқмайман.
Қора қизнинг кулгисидай майин – бу асно,
Икки қутб асалидай қорга юқланган.

Ҳеч қўрқмайман мангу тундан, мангу уйқудан.
Қўрғошиндай оғирдир у, оғир, эҳтимол.
Қўрқинчроқдир қулаётган қоп-қора уйдан,
Қўшни кўприкдаги гадой каби гунгу лол.

Мен қўрқаман бошқа нарса – азоб, қайғудан,
Ҳаёт оқимига зиён бургувчи ғамдан.
Хасталиклар, хира тортган ақл, оғриқ тан
Қоришганда қулайдиган жардан қўрқаман.

Аммо мени илинтирмоқ учун қармоққа
Изғиб келган эси пастдан қўрқмайман унча.
Лойқаланмас кўзим уч-тўрт аҳмоқ сўроқдан,
Жасоратим осонликча синмас бугунча.

Мен куйлайман қаҳрамонлар – Улисс, Ахиллни,
Дон Кихотни ё Санчони ё бошқасини,
Бахтлиларни, юрагимга яқин фаслни,
Ўрмон, дарё, маъсум қизнинг бир жилвасини.

Бугун эса соатимнинг иккита мили
Ютиб ҳорган чоғи сизга арзим бор ичкин:
Кечиринглар мени, ҳаёт мангумаслиги
Борасида шикоят-ла куйладим ғамгин.

КИЙИНИШГА ТЎЛА ҲАҚҚИНГ БОР…

Черикка бош бўлсанг жангга киришда
Жанда кийиб юрсанг бўлади;
Ва ютқазган бўлсанг урушда
Жанда кийиб юрсанг бўлади.

Қип-қизариб кетганда само
Камзул кийиб юрсанг бўлади;
Агарда йўл берса об-ҳаво
Камзул кийиб юрсанг бўлади.

Чувалчанглар қилганда байрам
Калиш кийиб юрсанг бўлади;
Боғда агар ҳаво бўлса нам
Калиш кийиб юрсанг бўлади.

Сув парисин ёқтириб қолсанг
Скафандр кийсанг бўлади;
Қалбинг унга бермоқчи бўлсанг
Скафандр кийсанг бўлади.

Агар ўзни ҳис қилсанг ёмон
Қурол тақиб юрсанг бўлади,
Қўрқув сенга бермаса омон
Қурол тақиб юрсанг бўлади.

Гумбурласа Ернинг ҳоли танг
Кафан кийиб ётсанг бўлади;
У дунёни кўрмоқчи бўлсанг
Кафан кийиб ётсанг бўлади.

ҚЎЗИЧОҚ БИЛАН БЎРИ

Чангалзорда яшарди бўри,
Бўриларнинг энг асл, зўри.
Соф жилғадан ичар эди сув –
Тиниқ сувни севар эди у.

Кўриб қолди уни қўзичоқ –
Аслзода қўзи узунчоқ.
“Ким бу ерда сувни лойқатди?” –
Деб оламни роса титратди.

Бўри қочди ўрмонга пусиб,
Қўрққанидан думини қисиб.
Қўзи қолди шохини қайраб,
Муздай жилға бўйида яйраб.

Ҳа, бўрини боплаб қочирди,
Сакраб, баҳри-дили очилди.
Сўнгра боқмай ўнгга ё сўлга
Сийди ўзи H2О га.

ШЕЪР САНЪАТИ

Асос қилиб сўзни оласиз,
Гуриллаган ўтга соласиз,
Сўнгра олиб бир чимдим ақл
Катта соддаликка қорасиз.
Беш-ўн юлдуз, жиндай қалампир,
Титраб турган юракни дир-дир
Усталардай қумғонда аста
Қайнатасиз беш-олти марта.
Энди ёзаверинг! Унутманг аммо:
Шоир бўп туғилинг аввало.

ШЕЪР САНЪАТИ ҲИМОЯСИГА

Сўзларнинг жойлари турли-туман ер,
Аниқ-аниқ танланг, жойини билиб,
Бир-бирига уланг – туғилади шеър.
Фақат севинг сўзни ўлиб-тирилиб.
Баъзида ўша шеър туғилган асно
Одамга билинмас ундаги маъно;
Кейинча бирон ном топмоқлик учун
Излаб топмоқ керак бу шеърдан мазмун.
Баъзан шундай бўлар омад келганда:
Шеърни-ку ёзасиз кулиб ва йиғлаб,
Аммо чиқар ундан қувонч ва даҳшат
Кимларнингдир юрагин тиғлаб.

 ЎЙЛАЁТГАН ДАРАХТ

Оёқларин панжарага боплаб яшириб
ўйлаётир заранг дарахти,
аммо нима ҳақда ўйлар, айтинглар,
нима ҳақда ўйлар заранг дарахти?

Сержун қўлларини сал кўтарганча
ўйлаётир кўппак,
аммо нимани ўйлаётир, айтинглар,
нимани ўйлаётир кўппак?

Босила-босила, тепила-тепила
жилоланган тошйўл ўйлаётир,
аммо нима ҳақда ўйлар, айтинглар,
нима ҳақда ўйлайди тошйўл?

Ҳей осмон, ҳей булут, ҳей қатор томлар,
менга қаранглар!
Ер узра кетяпман
ва ўйлаяпман,
кўппагу тошйўлу дарахт ҳақида
тинимсиз ўйлаяпман,
ўйлаяпман мен ҳам…
ҳар қалай не ҳақда ўйлашар улар,
айтинглар,
нималарни ўйлашар улар?

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржималари.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!