Надия Гендуз (1932-1992)

Надия Гендуз (Nadia Guendouz, نادية قندوز) 1932 йили Оресда (Жазоир) туғилган. Француз тилида ижод қилган.

* * *

Мен кўрдим тошларингни,
Қаро ерларингни кўрдим,
Ерга томган кўз ёшларингни,
Тоғларингни, воҳаларингни,
Қорларингни, баҳорларингни;
Мен кўрдим майса ниш уриб,
Бўлиқ бошоқларга айланганини,
Кўрдим ҳатто январда
Бодом гуллаб,
Яшамоққа шайланганини.
Кўрмасам бўларди, кўрдим-
Маҳбусхоналарнинг тиконли симларини,
Улар эслатарди менга
Кечаги кунимизни.
Аммо зайтунзорларда
Дарахтлар силкитарди менга бошини.
Тингладим шаббодаларнинг оҳангида
Баргларнинг шилдирашини.

Жазоир!
Мен мангуга сеникиман.
Кеча тупроғингни
Қаро қилди қон.
Бугун болаларингга
Зайтун олиб келиб,
Айладим эҳсон.
Кеча заминингда
Вужудлар эзилди,
Жонлар қийноқда.
Бугун тупроқда ётган танлар устида
Донга тўлмоқда бошоқлар.
Кеча Ўлим ўзининг қора уруғини
Сочганди ерларга, аммо бугун
Ерга экилгандир умид донлари,
Орзу улуғлари қадалган:
Улар пўлотдан эмас,
Қўрғошинданмас,
Буни болалар яхши биладилар…

Ер остида ётган ўликларни унутманглар,
Биродарлар…
Ер устида қуёш нурини шимиб,
Шафиқлашар зайтунзорлар.

Карим Баҳриев таржимаси