Муҳаммад Диб (1920-2003)

Муҳаммад Диб (محمد ديب‎, Mohammed Dib, 1920.21.7, Тлемсен, Жазоир – 2003.2.5, Ля-Сель-Сен-Клу) — Жазоир ёзувчиси. Француз тилида ижод қилади.
Ватанпарварлик руҳидаги «Жазоир» (1952—57) реалистик трилогиясида ижтимоий ва миллий озодлик курашчилари образи яратилган. «Қирол рақси» (1968) ва «Ҳобил» (1977) романлари модернизм руҳида.
Мустақил Жазоирдаги ижтимоий ўзгаришлар «Ов соҳиби» (1973) романида акс этган. Бир қанча шеърий тўпламлари бор.
«Жазоир менинг ватаним!» пьесаси Тошкентдаги Ҳамза театрида саҳналаштирилган (1957), «Катта хонадон» романи ўзбек тилига таржима қилинган (1962).

* * *

Олислардан учиб келар бир қўшиқ,
Умидбахш сўзлар бор қанотларида.
Бу қўшиқ қувади тун зулматини
Ва унут бўлади барча чарчоқлар,
Изтироб кўзлари, дарду аламлар.
Эзгулик қўшиғи, о, ширин қўшиқ!
Юрак депсинади, унда ҳеч қачон
Сабрнинг косаси қуриб қолмагай…
Атрофим қоронғи,
Зулматни ёриб
Қаршимда бир чироқ порлаб турибди.

Ён, чироғим, порла,
Сўнмагин асло,
Шамолдан қўрқмагин,
Тундан ҳам қўрқма,
Тонгга етажаксан,
Қуёш чиқажак!

О, оқшом еллари,
О, сокин еллар!
Келган жойингизга
Қайтиб боринг-да,
Янги муждаларни
Айтинг уларга:
Баҳор келаётир
Мусаффо осмон
Ҳамда ёруғ кунлари,
Бол ва нур олиб,
Осойиш олиб,
Қуёш зиёсидай
Барчага баробар
Нон ва бахт олиб,
Баҳор келмоқда!

Машраб Бобоев таржимаси

ТЕЛБАВОР ДАМЛАР

Бошланмоқда телбавор дамлар,
Унинг қора белгилари бор.
Булар нафрат, чинқириқ, шамол,
Тонг кўз ёшин артар телбавор.

Ғорлар зулматидан яралган,
Денгизлардан туғилган манфур.
Ўлчар қайғу чуқурлигини.
Ва бўлади ўлимларга жўр.

Уни таниш қийинмас асло:
Қора белги унинг борлиги.
Узум занги унинг қонида,
Саркаш тонгнинг телбаворлиги.

ХАБАР

Умид сўзи келди етиб
Менга олис-олислардан.
Қўшиқ саси эшитилар
Қулоғимга шўх ва бардам.

Қўшиқ ҳайдар тун зулматин
Чарчоқларни қувиб солар.
Унуттирар ғам-кулфатни
Дил шодликдан яйраб қолар.

О, шан қўшиқ, кўнгил ҳуши
Юракларга берасан завқ.
Дилда умид учқунлайди,
Уйғонади ҳавасу шавқ.

Атрофимни қуршар зулмат
Юрагимни ўртар фироқ.
Менга шундай зимистонда
Милтиллаб кўринар чироқ.

Ёнавергин, ўчма, ёғду,
Шамолдан қўрқмагил сира.
Тундан қўрқма, саҳарни кут,
Қуёш чиқажак ярқираб!

О, шамоллар, дайди еллар!
Бизнинг элга тез қайтинглар.
Биз қувилган ўша юртда
Барчага салом айтинглар.

Айтингларки: қайтар баҳор,
Яхши кунлар келар етиб.
Бошланади ажиб дамлар
Кўнгилларни шодмон этиб.

Асал кунлар, ойдин тунлар
Етиб келар, албатта, денг.
Айтинг, шунда нон билан эрк,
Бахт барчага бўлади тенг.

БУГУНГИ ҲАЁТ

Қуёш аста сирғаниб
Тоғлар ортига ботар.
Унинг нури қалбларда
Ширин орзу уйғотар.
Ёнбошлайман мен ерга,
Улкан заминга аста.
Ернинг ҳароратидан
Вужуд исир бир пасда.
Замон ўзгарди тийрак,
Буни тушунмоқ керак!
Менга яшашни бугун
Ўргатмоқда одамлар.
Токи замонни англаб
Дадил босай қадамлар.

БАҲОР ЯШНАЯПТИ

Тонг оқариб келмоқда, шу он
Қон рангида ажиб манзара
Кўз ўнгимда бўлар намоён.

Ва бир қўшиқ учар сарсари,
Тепаликлар устидан учар —
Сургун ва ғам ўлкаси сари.

Атроф муз-ла қопланган бутун,
Бўрон увлар ва лекин товуш.
Куйлар: қувғин тугар деб бир кун.

Куйлар: ялпиз гуллади бугун,
Хурмолар ҳам ҳосил берар, деб.
Азоблар ҳам топгуси якун.

О, юраги андуҳ тўла қиз.
Қонли қишда куйламоқдасан.
Баҳор яшнар, бу эмас бежиз.

Рус тилидан Файзи Шоҳисмоил таржималари.