Жюль Сюпервьель (1884-1960)

Жюль Сюпервьель (Jules Supervielle; 16 январь 1884, Монтевидео, Уругвай — 17 май 1960, Париж) — француз шоири, ёзувчи ва драматург.

УЗОҚДАН

Узоқдан товушимни туйишга ўргандингми?
Сен ерга қулоқ тутма, сен қалбингга қулоқ сол.
Бу ёққа келмоқ учун йўл, кўприк қургандингми?
Мен сенга интизорман, эй, севгилим, кела қол!

Атлантика кенглиги бизни айри тутса ҳам,
Йўлимизни тўсса ҳам чўл, ўрмон, ваҳший тоғлар,
Агар менга майл ила кулиб боқсанг, эй санам,
Етар – барча тўсиқлар бизни висолга боғлар.

ВАҲШИЙЛАР ШАҲРИ

Шаҳарга боқаркан ҳайрон буғулар,
Тинчлик, хотиржамлик бор бу томонда.
Ўрмонда қўрқувдан барча бўғилар –
Ўлжа бўлиш хавфи кутар ҳар онда!..
Асли шаҳар тўла турфа хил махлуқ,
Изғишар; туришар тўдаланганча.
Боқ, корхоналарда улвий одам йўқ,
Ишлашар, қайтишар подаланганча.
Инсон ҳам махлуқдир аслида, зотан.
Қай бир ҳайвон бордир ич-ичимизда;
Суғурми, наҳангми, бўрими, арслон –
Бари куч оладир онг, кучимиздан.
Ўзликни агарда тутмасак маҳкам,
Осон айланмоқлик бирор ҳайвонга.
Одамдай яшайлик бўлсак гар одам –
Ваҳшийликни қувиб чўлга, ўрмонга.
Агар ҳайвонийлик бизни забт этса,
Қора босган жонлар зулматга толар;
Ичдаги инсонлик, руҳ ўлиб битса,
Ёлғиз тан бир умр азобда қолар.

Рус тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаcи