Атанасе Ванчев де Траси (1940)

Шоир ва жамоат арбоби Атанасе Ванчев де Траси (Athanase Vantchev de Thracy) 1940 йили Болгариянинг Ҳасково шаҳрида туғилган. Жаҳон шеърияти бўйича қатор илмий ишлар муаллифи. Бир неча тилларда равон мулоқот қилади. 46 та шеърий тўплами нашр этилган. Рус тилида “Достоевский асарларида поэтика ва метафизика” мавзусида илмий иш ҳимоя қилган. Атанасе қадимги грек ва лотин шеърияти бўйича кўплаб мақолалар ёзган. Шарқ мамлакатлари эътиқод қиладиган динларни чуқур ўрганган, Сурия, Туркия, Ливия, Саудия Арабистони, Иордания, Ироқ, Миср каби туркий ва араб дунёсига жуда кўп марта саёҳат қилиб, ислом маданияти билан яқиндан танишган. Шеърлари кўплаб хорижий тилларга таржима қилиниб, нашр этилган. У бир нечта миллий ва халқаро адабий мукофотлар соҳиби. Айни пайтда Парижда истиқомат қилади. Шеърлари ўзбек тилига илк бор таржима қилинмоқда.

***

Мункиллаган аёл
Ҳаддан ортиқ эҳтиёт, оғир
Кесиб ўта бошлар кўчани.

Томчи-томчи қуйилар ёмғир.

Содиқ,
Эски, туссиз соябон
Тўсар майин, оппоқ сочини.

О шошилмай, аста очади
Мангуликка кенг қулочини!

***

Сайёҳ,
Мен раҳматли бўлганим ондан
Бир кимсани учратсанг ногоҳ
Илоҳларни севгувчи чиндан
Ва билгувчи уларни паноҳ
Салом бериб, ҳаловат иста,
Кўрсат унга майин илтифот,
Лазиз сўзлар дегил оҳиста.

Айтиб бергил, сайёҳ, йил оша
Қачонлардир бунда батавфиқ
Пок инсонлар ўтганин яшаб,
Яратганга самимий рафиқ.
Иймони бут, қалблари ҳалим,
Топганлари ҳузурбахш ҳайрат
Иқбол, азоб, кўзёшга лим-лим,
Тўлишганин сен ул зотга айт!
Фақат, кўзёш қилмагил нуқул,
Қўй қабримга бир даста сунбул.

Француз тилидан Аъзам Обид таржимаси