Жалолиддин Румий (1207-1273)

Жалолиддин Румий (جلال‌الدین محمد بلخی) — жаҳон адабиётининг муаззам сиймоларидан бири. У ўзидан кейинги Шарқ ва Ғарб сўз санъатига катта таъсир ўтказди. Ҳофиз Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Мирзо Абдулқодир Бедил каби буюк сўз усталари Мавлонони ўзларига устоз деб билишган. Буюк Ҳёте Абулқосим Фирдавсий, Шайх Саъдий, Хўжа Ҳофизлар қаторида Жалолиддин Румий ижодини ҳам «Хизр чашмаси» деб атаган. Машҳурликда Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си, Саъдийнинг «Гулистон»и, Ҳофизнинг «Девон»и билан бир қаторда турган, форсий Қуръон номи билан шуҳрат қозонган «Маснавийи маънавий»ни инсон маънавий ҳаётининг қомуси сифатида нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам ихлос билан ўрганишган. «Декамерон» асаридаги кўплаб сюжет ва мотивларни Шарқ оғзаки ва ёзма адабиётидан олган Жовани Боккаччо «Маснавийи маънавий»даги қатор ҳикоятлар асосида ҳам новеллалар яратганлиги маълум.
Мавлоно 1207 йилда қадимий Балх шаҳрида ўз даврининг машҳур мутасаввуф донишманди,йирик хатиб ва воизи бўлган Баҳовуддин Валад оиласида дунёга келади. Баҳовуддин Валад аслида Шайх Нажмиддин Кубро (1135 – 1221) нинг Маждиддин Бағдодий, Саъдуддин Ҳамавий, Разиуддин Алийи Лоло, Сайфуддин Бохарзий, Бобо Камол Жандий каби 300 га яқин забардаст шогирдларидан бири ҳисобланарди. Жалолиддин 12 ёшида унинг ота-онаси ҳам мўғул босқини хатаридан қочиш, ҳам ҳаж фаризасини адо этиш ниятида Балхни тарк этадилар.
1230 йилдан бу оила Кунияда қўним топади. Ёш Жалолиддин Шом, Ҳалаб, Дамашқ, Қайсария ва бошқа йирик илм марказларида 7 йил таълим олади, ўз даврининг этук донишманди бўлиб этишади. Таниқли румийшунос Зарринкуб таъбири билан айтганда, “Мавлононинг 68 йиллик ажойиб умри бошдан оёқ бир шеър, гўзал, бетакрор, туғёнли ашъор жараёни, садоси ва бонги билан йўғрилиб ўтди”.
Мавлоно Румий ўзидан кейинги авлодларга 5 муҳим ва қимматбаҳо асар қолдирди:
1. “Девони кабир”, “Девони шамси табризий”, “Девони шамсул ҳақойиқ” деган номлар билан машҳур девон. евон ғазал ва рубоийлардан иборат.
2. “Маснавийи маънавий” – 25700 байтдан иборат бебаҳо тасаввуфий-ишқий асар. Сонгги йилларда таниқли ўзбек шоири Жамол Камол томонидам И-ИИ – жилдлари, шоир Асқар Маҳкам томонидан И-жилди ўзбек тилида нашр этилди.
3. “Фийҳи ма фийҳи” (“Ичингдаги ичингдадир”) – Мавлононинг суҳбатларидан иборат фалсафий китоб. 1998 йилда Тошкентда ўзбек тилида нашр этилди.
4. “Мавоизи мажолиси сабъа” – бу асар Румийнинг этти ўгит ва панд-насиҳатларидан иборат.
5. “Мактубот” – Мавлононинг турли даврларда замондошларига ёзган мактубларидан ташкил топган тўплам.
Жалолиддин Румий ижоди юксак бадиияти билангина эмас, балки мантиқ кучи, фалсафий фикрларга бойлиги билан ҳам катта таъсир қувватига эга. Таниқли олим ва адиб Радий Фиш сўзлари билан айтганда, шоирнинг «мавҳум мантиқий категорияларда эмас, балки оташин шоирона тимсоллар воситасида» талқин этилган табиат ва жамият ҳодисаларининг доимий ўсиш, ўзгаришда экани, эскининг йўқолиб, янгининг пайдо бўлиши — «дунёнинг зиддиятлар бирлигидаги зиддиятлар жанги»дан иборатлиги тўғрисидаги қарашлари буюк немис файласуфи Гегелюшг эътирофича, унта диалектик метод яратишга ёрдам берган. Ёки улуғ мутафаккир Ҳусн ва Ишқ тортилиши мисолида биринчи бўлиб оламнинг асосида ўзаро тортишиш кучлари ётиши ҳақидаги фикрни ўртага ташлайдики, мазкур қонуннинг чиндан-да амал қилишини бир неча асрдан кейин инглиз олими Ньютон кашф этди.
Жалолиддин Румий ижоди усмонли турк адабиётининг сарчашмаси ҳисобланади. Зеро, шоирнинг миллати — турк, келиб чиқиши — хоразмлик. Унинг бувиси Алоъиддин Муҳаммад Хоразмшоҳнинг қизи бўлган. Мавлоно таваллуд топган Балх шаҳри у даврда Хоразмшохлар давлатига қарар эди. Ҳозирда Афғонистон ҳудудида бўлган бу қадимий ва донгдор шаҳар аслида узоқ асрлар мобайнида Турон мулкининг машҳур шаҳарларидан бири саналиб келган.
Жалолиддин Румий шеъриятини, асосан, илоҳий ишқ билан боғлашади. Бу бежиз эмас. Зеро, Мавлоно ўзининг 53 мингдан ортиқ мисрани ўз ичига олган «Маснавийи маънавий»си, 84 минг мисрадан иборат «Девони Кабир» («Улуғ девон»)ида еру кўкнинг сарвари бўлмиш Оллоҳи каримни ва унинг заминдаги халифаси Ҳазрати инсонни улуғлайди.
Маълумки, Жалолиддин Румий ўз даврининг анъанавий адабий тили бўлмиш форсийда ижод қилган. Бизда шоир ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» деб номланган тарихий-биографик романини таржима қилиш билан боншанди (Русчадан Ж. Камол таржимаси). Шундан кейин Ш. Шомуҳамедов Румий ғазаллари, рубоийлари ва маснавийларидан бир нечтасини ўзбекчага ўгириб, форс-тожик мумтоз шоирлари асарларидан ташкил топган «Инжулар уммони» китобида эълон қилди. Ж. Камол эса аввал Румий рубоийлари ва маснавийларидан намуналар таржима қилиб, «Учмоққа қанот йўқ вале учгайман» номи билан алоҳида китобча ҳолида нашр эттирган бўлса, яқинда буюк «Маснавийи маънавий» таржимасини ниҳоясига етказди. Жами олти китобдан иборат бу улуғ асарнинг 4 таси босмадан чиқди. А. Маҳкам «Маснавий»нинг биринчи китоби бир қисмини шарҳлари билан ўзбекчалаштириб, нашр қилдирди.
Ҳазрат Алишер Навоий “Устозлар устози” деб шарафлаган, Абдураҳмон Жомий эса “У пайғамбар эмас, аммо пайғамбарлик китоби бор” деб улуғлаган Мавлоно Жалолиддин Балхий-Румий 1273 йилнинг изғиринли қиш кунларининг бирида вафот этган.

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Дилимнинг дардини ҳаргиз ҳувайдо айлаюб бўлмас,
Бу кўксим ичра бир сир бор, ки пайдо айлаюб бўлмас.

Сенинг ҳуснинг бизим кўзларга токи тола нур бермас,
Жамолинг боғида асло тамошо айлаюб бўлмас.

Сени то сўйламаскан тил, умрлар ўтса ҳамки бил,
Сенинг лаъли лабингдан бир таманно айлаюб бўлмас.

Бу оламда фақат танҳо сенга юз бурмагунча то,
Сенинг чеҳранг билан дилни мусаффо айлаюб бўлмас.

Меҳр нуринг қилиб ифшо, киши заррангга етмас то,
Масиҳо даҳрининг таркини асло айлаюб бўлмас.

Бутун олам тиниқ кўзгу, ки ишқ майхонасидир бу
Маю ишқ мастлигин бир жойда барпо айлаюб бўлмас.

Агар ошиқ дилидан ким хабарсиздир, шуни билким,
У шайдоликни билмайдур ва шайдо айлаюб бўлмас.

Бу олам узра гар Ийсо чиқиб келмас экандир то,
Бу гумбаз узра бир сайру тамошо айлаюб бўлмас.

Лабининг бодасидиниким қуйибдир Шамс қалбига,
Бу кун бир қатрасини ҳам ҳувайдо айлаюб бўлмас.

* * *

Кел эй, жонимга жононим, уйинг қайда, уйинг қайда?
Кел эй, дардимга дармоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Ўзинг манзурсану нозир, ўзинг пинҳону ҳам ҳозир,
Сен эй, пайдою пинҳоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Мени маҳжур этурсан ёр, ғам ичра йиғлаюрсан зор,
Сен эй, сен моҳитобоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Ўзинг жонсан, ўзинг жонон, ўзинг ҳусн аҳлига султон,
Сени дерман, сени жоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Мусалсал* зулфларинг, ҳайҳот, дилимни айлади барбод,
Ўзинг шоҳ бирла султоним, уйинг қайда, уйинг қайда?

Кел эй, сен Шамси Табрезий, тун оқшом ё саҳар кези,
Даф айла фитна бурҳоним,* уйинг қайда, уйинг қайда?

Қара, арш томига кетдим, сенинг завқинг ҳадис этдим,
Ўзинг жон бирла жононим, уйинг қайда, уйинг қайда?
___________
* Мусалсал (араб.) – занжир-занжир, ҳалқа-ҳалқа соч.
* Бурҳон (араб.) – далил, ҳужжат, гувоҳ.

* * *

Ғазал айт ёрга, эй мутриб, ки эй ёр, тавбалар қилдим,
Агар ҳар гулки уздим, тилди бир хор, тавбалар қилдим.

Ишимдин гоҳи маст бўлдим, хуморидин гаҳи ўлдим,
Гаҳида зор бўлдим, гоҳи безор, тавбалар қилдим.

Манинг бўйнумгача бошдин оёғим тавбадин тўлди,
Қилинган тавбалардин қайта минг бор тавбалар қилдим.

Кел эй сен, майфуруш келким, қўлимга соғаринг берким,
Кечибмен, ору номус ҳам на даркор, тавбалар қилдим.

Чунон мастдирману беҳуш, на тил бордир, на ақлу ҳуш,
Сиз эй, иссиқ билан совуқ, суву қор, тавбалар қилдим.

Дилимни поралар қилдим ғамимга чоралар истаб,
Ғамимга чорасизлик чора, ночор тавбалар қилдим.

Тўлин ойнинг жамолидин қаро кечамни хуш айла,
Гуноҳларни бу завқдин мўлу бисёр тавбалар қилдим.

Дедимки тавба вақтидир, менга бир хор киши айтди:
Ки мен бир кўҳна тоибман,* умр бор – тавбалар қилдим.

Салоҳиддин улушидин келиб мункир сўрар ишқдин:
Бу ишдин қил мени соқит, қил инкор, тавбалар қилдим.
___________
* Тоиб (араб.) – тавба қилувчи.

* * *

Лабинг шаҳрига бир кунга мени мир айласанг эрди,
Лабингнинг лаълидин жонимга тақрир* айласанг эрди.

Паришон зулфларингни тушда кўрган кечадин бошлаб,
Паришондирману ҳайрон, таъбир айласанг эрди.

Жаҳон оқилларини зулфларинг девоналар қилди,
Ўшал зулфларни бир бор менга занжир айласанг эрди.

Ғамингдин кўзларим икки тифлдай* онча йиғларким,
Сен, эй сен, тошбағир, бағрингни тақдир айласанг эрди.

Чиройинг Каъбаси йўлида эҳром бойламишман, кўр,
Неча талбия айтдим, бир такбир айласанг эрди.

Дилим кексайди, эй хушбахт сарв, дарду ғаминг бирла,
Анга эргашмадинг ҳаргиз, ани пир айласанг эрди.

Сенинг ғамзанг ўқидин бежароҳат қолмади бир дил,
Мени ҳам ул арода барчага бир айласанг эрди.

Ки ҳуснинг оятидин бори ақлим ҳам тамом ўлди,
Карам айлаб ул оятдин тафсир айласанг эрди.

Неча жонларни олдингу неча жонларни зор этдинг,
Бу ишда, эй санам, раҳму карам бир айласанг эрди.

Мени ўлдиргали етдингу муҳлат бермадинг бир он,
Туганмас нолаю зоримни охир айласанг эрди.

Сенинг ишқингни ўтида куйиб бўлди дилим буткул,
Бу дардимнинг давосига табошир* айласанг эрди.

Ғаму ҳажринг билан охир бу кун мен ўлгали етдим,
Менингдек хастага, эй ёр, тадбир айласанг эрди.

Юзинг офтоби бирла бирлашибдир ул Зуҳал зулфинг,
Қилибдир неча қирғинларки, таъсир айласанг эрди.

Юзимни остонингга суриб бир нолалар қилдим,
Бу ҳижрон қиссасидин қисса таҳрир айласанг эрди.

На ҳам дердим, сенинг бир эскидан қолган қулингдирман,
Мени кўнгил уйингда қайта тасвир айласанг эрди.
___________
* Тақрир (араб.) – қарор бериш.
* Тифл (араб.) – гўдак, ёш бола.
* Табошир (форс.) – Хайзарон номли ҳинд қамишидан олинадиган оқ доривор модда.

* * *

Эй жаҳон, эзди мени савдоларинг, савдоларинг,
Қилди талх умримни бу ҳалволаринг, ҳалволаринг.

Марвариду дуру лаълдин тўладир чарх этаги,
Сенга бергай борини – савғоларинг, савғоларинг.

Сел бўлиб кетмоқдадир ошиқларининг жонлари,
Чорлагайдир ул сенинг дарёларинг, дарёларинг.

Кеча берган майларингдан мен бу кундирман хароб,
Эрта нелар кўргизур даъволаринг, даъволаринг?

Мен ўзимнинг содда жонимга туриб боқсам бу кун,
Рангини қилмиш сариқ сафроларинг, сафроларинг.

Гавҳарингнинг завқин истаб айладим дилдан назар,
Ойда кўринди сенинг сиймоларинг, сиймоларинг.

Мен сени ой деб хато қилдим, ғалат айтдим сухан,
Сен киму ой ким – бўлур ҳамроларинг, ҳамроларинг?

Шамси Табрезий шунинг-чун айтур ўз номинг билан,
Эй мудом кўнглим аро ғавғоларинг, ғавғоларинг.

* * *

Тебранур ҳар битта шох, лек ўзга шохдин меваси,
Ҳар киши бир ўзга майдин маст бўлиб тебрангуси.

Парда ичра икки юз хотин юзин йиртар, валек
Ҳар бири гар бир аёлдир, ўзга жуфтнинг беваси.

Ҳар балиқнинг танглайи сайёд қармоғиндадир,
Янграюр гоҳ ул балиқ, гоҳ бул балиқнинг ноласи.

Мутриби ишқ аҳлини, эй Шамси Табрезий сени,
Ҳеч қачон йиғлатмасин чархнинг ажиб бу шеваси.

* * *

Эй кўнгил, жонон томон кетмоқдасан,
Ким назарлардан ниҳон кетмоқдасан.

Ой мисол чок айлабон кўйлакларинг,
Офтоб, осмон томон кетмоқдасан.

Эй заминда ўлтирурсан, аслида
Етти ул айвон томон кетмоқдасан.

Суратингдир бунда меҳмонлар билан,
Энг буюк мезбон томон кетмоқдасан.

Энг буюк наққошдадир ул мўйқалам,
Нақшу сурат ичра жон кетмоқдасан.

Сувдайин кетмоқдасан тупроққа сен,
Эй ҳаёт, бўстон томон кетмоқдасан.

Бу жаҳондан ғам чекиб оламжаҳон,
Чарх уриб, рақс айлабон кетмоқдасан.

Қанча эл ғафлатда ётгай ноаён,
Барча элдан ноаён кетмоқдасан.

Ҳолимизни кўргилу еткиз хабар,
Ким буюк султон томон кетмоқдасан.

«ДЕВОНИ КАБИР»ДАН

* * *

Эй юзимни даҳр аро мисли қамар қилган ўзинг,
Банд-бандим сўйлатиб, аҳли назар қилган кўзинг.

Эй шамолингдан дарахтим рақс айлаб, ўйнаган,
Номинг айтсам, оғзими шаҳду шакар қилган сўзинг.

Сен билурсанки дарахтим не учун рақс айлагай,
Барг бердингми самар ё бесамар қилган ўзинг?

Баргидин ҳам бир нишон йўқ, мевасидин – бир нишон,
Эй дарахтим сабрини зеру забар қилган ўзинг.

* * *

Гул каби гулшан томон кетмоқдасан,
Сендаман мен, сен қаён кетмоқдасан?

Лолу гунг бўлди сени савсан кўриб,
Гулрухим, савсан томон кетмоқдасан.

Майфуруш икки лабингдин, эй санам,
Бергали мастларга жон, кетмоқдасан.

Дилраболар ортингда юлдуз мисол,
Сен тўлин ойсан, жаҳон кетмоқдасан.

Ўзга бир оташ ёқурсан ҳар кима,
Тошми темирдил – ниҳон кетмоқдасан.

Мен сенинг зарранг бўлиб рақс айлагум,
Эй қуёш, равзан томон кетмоқдасан.

Сурма янглиғ кўзга солгайман сени,
Эй дил, эй дил, беомон кетмоқдасан.

* * *

Бир сонияда мени гулистон қиладир,
Бир сонияда яна зимистон қиладир.

Бир сонияда фозилу устод айлар,
Ёш бола мисоли яна нодон қиладир.

Бирпасда уриб тош, мени синдирадир,
Бирпасда яна мисоли султон қиладир.

Бирпасда офтоб била тенг айлар,
Бирпасда қаро туну шабистон қиладир.

Тутдим этагидин икки қўлим бирлан,
Токи кўройин деб, не достон қиладир.

Хуш дардининг майига менман қадаҳ,
Гарчи мени мастларга хон қиладир.

Шул-чун шакаридан оладирман тун-кун,
Токи лақабимни шакаристон қиладир.

* * *

Дилбарим қилгай вафо андаккина,
Чиқди хуш айлаб садо андаккина.

Менга бир кулди кеча ул навбаҳор,
Бўлди рўзгорим зиё андаккина.

Оқ атиргул чиқди хандон айлабон,
Бўлди боғим хушнаво андаккина.

Ул нафис тонгим манга берди нафас,
Шул нафасдин мен адо андаккина.

Оқ булутим қўнди дарё бўйига,
Хок бўлгил, мен – само андаккина.

Мен ёғай ёмғир бўлиб, гуллар очиб,
Бўлки, мен бергум сафо андаккина.

Менга муҳлат бергил, ўздин кетмагил,
Сабр айлай, дилрабо, андаккина.

Кофир ўлгайман, анинг ишқида гар
Сабр қилсам, эй Худо, андаккина.

* * *

Бу хилват уйда биз бирлан бу кеч дилдор тебрангай,
Дилим кўксимда рақс айлар, эшик, девор тебрангай.

Бу шодлик ғул-ғули зўрким, бу ошиқ аҳлини кўрким,
Агар минг наъра уйғонгай, бу дил бир бор тебрангай.

Ҳақиқатдир, буни кўрким, бу ишрат мажлиси ичра
Шаҳидлар бор – ётгайлар, шаҳидлар бор – тебрангай.

Унинг акси жамоли гар кўринса тўққиз айвондин,
Замин гардун мисоли айланур, даввор тебрангай.

Тошиб ўйнайди дарёлар унинг шавқи жамолидин,
Адирлар, тоғлару тошлар қилиб изҳор, тебрангай.

Бу кўнгил мисли гул япроқ, анга бир ел солур титроқ,
Бу ҳолат бирла гуфтордин бўлиб хуштор, тебрангай.

Бу дунё халқини кўргил, дили кар ҳам дили кўрдир,
Шунинг-чун зоҳиду обид била асрор тебрангай.

Ғалат айтдим бу маънидин, ки зоҳид бирла обидмас,
Бу мажлис ичра ул роҳиб ила зуннор тебрангай.

Тилимни тийдим, эй дўстлар, бу гап бир жойга етгай гар,
Бу шаҳру кент, борлиқ – барча мажнунвор тебрангай.

* * *

Кетгуси ақлу ҳушу тан бирла жон, сен кетмагил,
Менга мендин сен азизроқ, сен ишон, сен кетмагил.

Офтоб бирлан фалак – бори сенинг соянгдадир,
Кетса гар бул офтобу осмон, сен кетмагил.

Эй каломинг пок ҳам табъи латифдин ҳам латиф,
Кетса гар оғзимда тил, табъи равон, сен кетмагил.

Жумла иймон аҳлининг энг сўнгги дамдин хавфи бор,
Кетмагил, эй бори иймон, қол омон, сен кетмагил.

Кетмагил, кетсанг, менинг жонимни ҳам ол биргаким,
Сен агар менсиз кетурсан – ҳеч қачон сен кетмагил.

Боғ билан бўстон эрур сен бирла бу рўйи жаҳон,
Бўлса гар бул боғу бўстонлар хазон, сен кетмагил.

Тош дилимни мен куйиб сув айладим, ҳажринг била
Тошга айланди Бадахшон лаъли, кон, сен кетмагил.

Заррадир гар кимса, айтур: кетмагил, эй офтоб,
Банда бўлса, айтур ул, эй султон, сен кетмагил.

Лек сен оби ҳаётсан, бори халқлардир балиқ,
Эй камолу раҳмату, эй эҳсон, сен кетмагил.

Бу менинг кўнгил туморим мангуликдин ҳам узун,
Сен ўзинг ёздинг уни, қилдинг баён, сен кетмагил.

Сен ўзинг юз мингта байт, юз минг ғазалдин ҳам баланд,
Ўн саккиз минг оламу юз минг жаҳон, сен кетмагил.

Шамси Табрезий сенинг лаъли лабинг бирла ҳаёт,
Эй ҳаёт, мен бирла қол, эй жонга жон, сен кетмагил.

Форсийдан Сирожиддин Саййид таржималари

РУБОИЙЛАР

Ман зарра-у, хуршидлиқо сенсан,
Ман хаста-у, айни даво сенсан.
Қанотим йўқ, пойингда учарман зор,
Ман қадаҳман, ёр, қаҳрабо сенсан.

* * *

Агар ўлсам танимни келтиринг, дўстлар,
Вужудимни нигоримга беринг, дўстлар.
Лабимдин бўса олса ул масиҳим,
Тирилсам гар – яқо тутмай туринг, дўстлар.

* * *

Воҳ, дилимни ғамга банди қилди ёр,
Кеч-кундуз дилни тиғсиз тилди ёр.
Кеча-кундуз нола чексам қайғириб,
Пинҳон-пинҳон, ширин-ширин кулди ёр.

* * *

Маъшуқа офтоб ила баҳс бойлади,
Ошиқ ҳам ўзини чун хас ўйлади.
Ишқ баҳор ели каби эсди чунон,
Қурмаган шох бўлса,бас,рақс айлади.

* * *

Ишқимдин покроқ оби зилол йўқдур,
Ишқимдек ғаму дарди ҳалол йўқдур.
Ўзгалар ишқи фақат ҳол бўлса гар,
Маним ишқи нигоримга завол йўқдур.

* * *

Лутф этсанг тош ҳам жонона бўлғай,
Ўшал дам шеваси мастона бўлғай.
Зулфингнинг занжири гар бўлса зоҳир,
Луқмони Ҳаким ҳам девона бўлғай.

* * *

Жамолинг намозим, кўзингдир рўзам,
Лабинг ишқида ман – гадо, дарюзам*.
Айблиман, нетай, ёр, сархуш эдим ман,
Суйингни ичдиму синдирдим кўзанг.
___________
* Дарюза – гадо, ҳеч нарсасиз одам

* * *

Ишқинг оташидин мен томчига зор,
Хаёлинг тушларимда манга ёдгор.
Сувинг шароб янглиғ ёндирди мани,
Чархпалакдек айланурман нолакор.

* * *

Дилдор манга айтди: Ойнинг ўзиман,
Не берурсан бўса берсам кўзимнан?
Тилло! – дедим, деди: Тилло не керак?
Жонни! – дедим, деди: Майли, розиман!

* * *

Айт, нечун ошиқ мудом дилдан жудо?
Ёрининг зулфини деб бўлғай адо.
Жо эрур ошиқ дили рубоб аро,
Пардасида ёширун мунглиғ садо.

* * *

Зулфинин ҳар толасин бир жони бор,
Зулфинин дардида ман бўлдим хумор.
Сан дема: Воҳ,мунча кўп ғам-ҳасратинг?
Ҳасратим ҳурилиқо нозича бор.

Форсчадан Хуршид Даврон таржималари

1

Яшнаб, очилиб, менга қараб келдингми?
Макрингни табассумга ўраб келдингми?
Ул кун кетиб эрдинг-ку олиб қалбимни,
Бул кун яна жонимни сўраб келдингми?

2

Ишқ ул — токи халқ учун саодат бўлсин!
Ишқ ул — бу саодат то қиёмат бўлсин!
Ул ишқ мени туғди аслида — она эмас,
Ул онага минг таҳсину раҳмат бўлсин!

3

Биз ошиқи ишқмиз-у, мусулмон бошқа,
Биз заиф чумолимиз, Сулаймон бошқа.
Биздан сўра куйган дилу сомон юзни,
Ким савдо қилар мол била — дўкон бошқа.

4

Ўтган кеча мен эрдим-у, жон маҳрами боз,
Мендан ҳама зор эрди-ю, ундан ҳама ноз.
Тун ўтди-ю, етмади бироқ сўнггига сўз,
Тунда не гуноҳ, бўлса узун дилдаги роз?!*
__________
* Бу рубоий Абусаид Абулхайрга ҳам нисбат берилади.

5

Ул ёр ҳавасида дил рубобдир, рубоб,
Ишқ ўтида қоврилиб кабобдир, кабоб.
Дардим эшитиб, этса сукут дилдорим,
Шул жимлиги менга минг жавобдир, жавоб.

6

Қил яхшилик — яхшиликни билгай дунё,
Пойдордир у яхшилик туфайли танҳо.
Мол қолди-ку ҳаммадан, қолар сендан ҳам,
Қолдирди бахил — мол, яхшиликни — доно.

7

Ишқинг ўтидан жўшгуси ёшлик қони,
Кўксимда жамоли жонланар Лайлони.
Ўлдирсанг агар ўлдир — ҳалолинг бўлсин,
Ёр қўлида ўлса, боқий ошиқ жони!

8

Ишқингда ғам ичра ушладим кўнгилни,
Қар лаҳза изингга бошладим кўнгилни.
Ел менга олиб келди бугун бўйингни,
Шукр этдим-у, елга ташладим кўнгилни.

9

Оламда вафоси йўқ киши кам бўлсин!
Ҳар бир куни бевафони(нг) мотам бўлсин!
Ёд этмади ғамдан ўзга ҳеч кимса мени,
Минг таҳсину раҳмат сенга, эй ғам, бўлсин!

10

Ногоҳ эшигим ҳатлади ул дилбари маст,
Ултирди, май ичди, ушалиб мангу ҳавас:
Ёр сочини кўриб ва тутиб, оҳ, у нафас,
Айланди юзим кўзга, кўзим қўлга абас.

11

Дилтангман-у, дийдори эрур дармоним,
Ойдек юзи бўлмаса, замон — зиндоним.
Ҳеч дилга яқин келмасин-у, ҳеч танга —
Ул қайғуки, ҳижронида топди жоним.

12

Бизнинг бу азобларга сабаб тамаъи хом,
Ҳалқум ғами, ҳою ҳавасу ҳирси ҳаром.
Кўз ташла-ю тўрқовоққа, фикр айла: мудом —
Бир дон ила қуш қисмати ҳал бўлди — тамом!

13

Жон менга ҳабиб эди — бегона эмиш,
Ақл менга табиб эди — девона эмиш.
Вайронаки бор, ганж ила бўлгай обод,
Вайрона дилим ганж ила вайрона эмиш.

14

Ҳар сўзи билан кишини ёр ўлдиргай,
Ғамхўрлиги сени неча бор ўлдиргай.
Дўст тутма мени, майлига, душман сана,
Ким душмашши шунчалик зор ўлдиргай?!

15

То тушди сенинг юзингга бир лаҳза кўзим,
Қон йиғламаган кунимни билмайман ўзим.
Сенсиз май ичар эсам — заҳар бўлсин ўша,
Сенсиз яшасам — келсин ўлим менга шу зум.

16

Ёр ёдини қилсам, юрагим гуп-гуп урар,
Ҳар лаҳза кўзимдан қонли ёш тўкилар.
Ҳар ерда агар ёр хабари менга етар,
Бечора дилим қуш каби кўксимдан учар.

17

Келган эди кеча лутф этиб дилдорим,
Мен тунга дедим: «Айлама фош асрорим».
Тун қилди жавоб: «Бўлса қуёш сен бирла,
Мен тонгни олиб келай қаёқдан, ёрим?!»

18

Бўстону баҳрру сарви оли(й), эй жон,
Ҳеч ерда бунинг борми мисоли, эй жон,
Ёп аста эшикни-ю, юзинг оч, эй жон.
Мен борман-у, Сен хам хона холи, эй жон!

19

Эй, султону фахри хама дилдорларнинг,
Жолинусисан ишқ ила беморларнинг.
Биз жамъ бўламиз ул Куни бўстонингда,
Жамъ бўлгани соз эмиш у Кун ёрларнинг.

20

Кун келди — сенинг ғавғонг унинг қошинда,
Тун келди — сенинг савдонг унинг бошинда.
Менман — ўша: дардим юкини тортолмас,
Тун-кун деган икки ланг эшак очунда!

21

Бир гавхар эдик азалда, жоно, сену мен,
Ошкору нихонимиз бир — ошно сену мен,
Хомлик бўлади, десанг, бу асно: сену мен,
Кўр: қолмади-ку ўртада асло сену мен?!

22

Ошиққа ёғар дунёда бор дарду бало,
Ҳар кимки гирифтори ишқ — йўқ унга даво.
Дармон эмас ишққа на хасислик, на риё,
Ишқ эрса хақиқий на вафо-ю, на жафо.

23

Бу танг дил аро шўру хаяжон нимадан?
Ишқ ичра қадим эгик, кўзим қон нимадан?
Кўксим ичида телба дилим ҳам туну кун
Жанжал қилади мен ила ҳар он нимадан?

24

Эй тун, шодсан, менга-да шодлик бер мўл,
Сен умри узоқликда қиёмат каби бўл!
Ёр сувратидан ўт ичра қолмиш ёдим,
Ёд айлама, эй ғам, мени — бўлгайсан кул…

25

Ишқ дардига дилни мубтало истарман,
Жонни у бало ўқига жо истарман.
Умримки, кўйингда оҳ уриб ўтмаса гар,
Дил қонига ботганча қазо истарман.

26

Ёр келар эрди масту танҳо-танҳо,
Кўзи тўла ноз-ишваю раъно-раъно.
Тўсдим йўлини бўса олай, деб лабидан,
Фарёд кўтарди ўша: «Яғмо-яғмо!»*
__________
* Яғмо — талон-торож, ғорат.

27

Тундан мурод улки, махв ўлиб бегона,
Хилватда қилар васл ошиқи фарзона*.
Бул кеча, чунончи, хосу ой — ҳамхона,
Мен — мастман-у, ой — ошиқ-у, тун — девона.
___________
* Фарзона — оқил, доно, донишманд: ягона, тенгсиз.

28

Эй бода, ўзинг адлни бунёд этасан,
Бир жом ила минг бандани озод этасан.
Сен борки, мудом кўзим қуёшдек равшан,
Сен борки, ситамга тўлса дил — шод этасан.

29

Сен ҳар кеча тупшмда бўларсан пайдо,
Тонг отдими, бас, кун бўйи дилда ғавго.
Фил бандини узди туш кўриб Ҳинд элини,
Фил тоқати бизларда топилмас асло.

30

Кўзингдан ўлим топғуси минг бир дилдор,
Ўлдиргуси оҳ-нола ила ҳаммани зор.
Ўз душманини дорга осади шоҳлар,
Бедор кўзинг эса ўлдиради бе дор.

31

Ишқ ичра писанд эрмас минг бир дилу жон,
Жон ўзи не, сўзин эсламас ҳеч инсон.
Бу йўлни ўтарда ҳар қадам босса киши,
Юз жон берар-у, ортига боқмас бир он.

32

Кўнглимда ўшал сулувни то суврати бор,
Оламда топилмас мен каби бахтиёр.
Шодликдан ўзга бир ҳаётни билмам,
Ғамни эшитиб, кўрмадим ўзин зинҳор.

33

Лутф этса чақир тошга — у жонона бўлар,
Бир лаҳзада ишвалари мастона бўлар.
Қўш кокилининг занжири зоҳир ўлса,
Луқмони Ҳаким мажнуну девона бўлар!

34

Устингдаги ким — билармисан, эй эшшак?
Чарх узра оёқ қўй — у паридир бешак.
Офтобни уялтирар эди ҳусн ичра
Умринг бўйи сен кўтарганинг нозли малак.

35

Бир жони самандарваш ёрим бордир,
Ишқи оташида хуш қарорим бордир.
Қуй лабларининг бодасидан, эй соқий,
Ундан менинг, оҳ, ажаб қарорим бордир!

36

Сен боқма нечоғлик зуфунун келгай мард,
Боқ: аҳду вафо ичра нечун келгай мард?
Гар аҳду вафо ичра бутун келгай мард,
Ҳар қанчаки мақтасанг, фузун келгай мард.

37

Еллардан унинг пайғомини эшитаман,
Ул булбули мастдан номини эшитаман.
Бир нақш дил эшигинда кўрдим — тутмиш
Овозаси дунё томини… эшитаман.

38

Ҳамроҳим экан ёр сурати то, эй дил,
Ўзимни қилай мудом томошо, эй дил.
Ҳар қайдаки, дил муроди ҳосил бўлмас,
Минг хурмосидан бир тикан аъло, эй дил!

39

Монанди ҳилол бул кеча ҳар дилда талаб,
Қилмоқчи у ҳам Зуҳра каби айшу тараб.
Келтирди жоним лабга у жон бергучи лаб,
Бул тун нима тун — ўзинг биларсан, ё Раб?!

40

Ким кам еса, у зийрагу ҳушёр бўлади,
Ким кўп еса, у аблаҳу бекор бўлади.
Нафсига ружуь қўйса киши хор доим,
Ҳар кимсаки, кам еса, у кам хор бўлади!

41

Дил ичра, диловарим, дилафрўз сенсан,
Кўп дўсту яқинлар вале дилсўз сенсан.
Наврўзу ҳайит шавқи билан шод кишилар,
Бул кун мен учун ҳайиту Наврўз сенсан!

42

Ҳар нарсаки, кўп бўлса агар хор бўлади,
Хор бўлса, муҳаббатга сазовор бўлади.
Ким қонеъ — жаҳондан ўша безор бўлади,
Ёр жон баҳосида харидор бўлади.

43

Овози мудом дилда таманно бўлсин!
Овози мудом қувноғу гўё бўлсин!
Овози агар хаста эса — хастамиз-ей,
Найдек у шакарлар била ошно бўлсин!

44

Эслаб сени маст ўлди дилим, жонона,
Ичмай майини синди тушиб паймона.
Чиқдим кўчага на ҳушёр, на мастона,
Овоза таралди бўлди деб девона.

45

Бир-бирларидан қафасу қушлар озод,
Қайдансан-у, эй қуш, айт, нимадансан шод?
Келмоқда бақо нафаси ҳар нолангдан,
Бўш келма, куйинг дилимни этди обод.

46

«Девона!» — дединг сен мени, эй жонона,
«Девонадан ақл изласа ким девона!»
Дединг: «Бу муомала недан нишона?»
«Кўзгу каби борни кўрсатар девона!»

47

Кўзингга боқиб, кўзишда кин кўргайман,
Энди не қилайки, мен чунин кўргайман.
Офтобни қўй, у кўкда — сенга тенг келмас,
Ўзингни мен офтоби замин кўргайман.

48

Ўлсам, сира йиғламанг тутиб исмимни,
Ёримга бериб қўйинг менинг измимни.
Бўлманг сира ҳайрон — ўша бир бўса билан
Тиргузса менинг бу совуган жисмимни.

49

Ул ёрки, мени ўз ғамига боғлайди,
Сўнг писанд этмай, юрагим доғлайди.
Ғамгин эканим кўрса у пинҳон-пинҳон
Ҳам ширин-ширин кулиб дилин чоғлайди.

50

Ушшоқ гурунгида қарор ўзгачадир,
Бу севги шаробида хумор ўзгачадир.
Ул илмки, мадрасада бўлмиш ҳосил,
Бас, ўзга-ю, ишқи гулъузор ўзгачадир.

51

Бул кеча мен-у, мен каби бир аҳволи танг,
Боғ ичра тузиб давра, унга бердик ранг.
Бор бунда шароб бирла кабоб ҳамда рубоб,
Кошки бари йўқ бўлса-ю, Сен бор бўлсанг!

52

Йўлида ниёзнинг фард бўлмоқ лозим,
Пайваста ҳарифи* дард бўлмоқ лозим.
Мардлик саналмагай васл излаб чопмоқ,
Ҳижрон кунида ҳам мард бўлмоқ лозим.
___________
* Ҳариф — ўртоқ, улфат, шерик; душман, рақиб.

53

Гулшанга киринг-ў, сабзпўшларга* қаранг,
Ҳар ерда дўкон — у гулфурушларга қаранг.
Ул гул кулиб айтар андалибларга сухан
Хомуш бўлинг-у, сиз у хомушларга қаранг!
____________
* Сабзпўш — кўк либосли, кўкка бурканган; шайх, сўфий.

54

Байту ғазалим сув олди — гирдоб олди,
Бор бўлса нимам — барини селоб олди.
Яхши-ю, ёмонлигим-у, покизалигим
Моҳтоб бериб эрди-ю, моҳтоб олди.

55

Ишқингда бўлибман чинакам девона,
Уйқумни бузар қўш кокилинг, жонона.
Ул деди: «Етар, сўйлама кўп афсона,
Девонадан уйқу бўлади бегона!»

56

Най сўйлади: мен ҳур эдим аслида — бироқ,
Ишратпешалар урди-ю бағримга пичоқ,
Етказди улар танга — захм, жонга — фироқ,
Айб этма шу боис йиғласам гоҳи узоқ.

57

Дилдор зарифдир — гуноҳи шулдир,
Зебою латифдир — гуноҳи шулдир.
Борми сира айбики, қочурлар ундан?
Ул айбдан афифдир* — гуноҳи шулдир.
___________
* Афиф — бу ерда: айблардан холи, иффатли, покдомон.

58

Йўқ севгидан ўзга бир ҳамроз менга,
Аввал — Ўзи, охир — Узи, устоз менга,
Ичдан беради бу жоним овоз менга:
«Эй севгида сусткаш одам, бўл мос менга!»

59

Жоно, бу қадим сифатин ул қошдан сўр,
Ошуфталигимни зулфи қаллошдан* сўр.
Сўр хаста дилим ҳолини тор оғзингдан,
Беморлигим ул наргиси бебошдан сўр.
__________
* Қаллош — хийлагар.

60

Тинглаб овозингни мен хушовоза бўлай,
Оллоҳ карами каби беандоза бўлай.
Юз бор сотиб олдинг, ҳолбуки, мулкингман,
Бир бор сотиб олки яна, то тоза бўлай.

61

Соз дўсти мунофиқдан узоқроқ юрсанг,
Ёри номувофиқдан узоқроқ юрсанг,
Хоки пойини ўпиб мувофиқ ёрнинг,
Ул хеши мунофиқдан узоқроқ юрсанг.

62

Мен уйқуда кўрдим соқийи зебони,
Тутмиш қўлида у соғари саҳбони*.
Сўз ўтди кўнгилдан: «Гарчи қулсан унга,
Кош хожаси бўлсанг ошиқи расвони».
__________
* Саҳбо — қизил май, олий навли май.

63

Умр ўтди кўролмай орзули гулзорин
Ҳам нозу карашмали кўзин — хумморин.
Элдан яширин эмиш ўшал мисли вафо,
Кўп бўлди кўролмадик ниҳон рухсорин.

64

То ёнди юзинг шамъи-ю, парвона бу жон,
Кўйингда бўлиб сабр ила бегона бу жон.
Кўз мардуми беқарор жамолинг боис,
Кўрган каби бир парини девона бу жон.

65

Ул ёри ситампеша сафар этгайдир,
Чархдек мени ҳам зеру забар этгайдир.
Ул шеру шикориман мен илкида унинг,
Дилни еди-ю, қасди жигар этгайдир.

66

Ҳар зарра учун ҳавою осмон мавжуд,
Биз-чун ҳама ёқ гулшану бўстон мавжуд,
Зар йўлини гарчи сўштида кон мавжуд,
Ҳар қатра бу — тилсим, унда Уммон мавжуд.

67

Бедил — ман-у, бедил — сан-у, бедил — сан-у ман,
Сармаст эдик ул куни, манзил — чаман.
Умр ўтди-ю, мен орзу қиларман ҳар дам:
Эсларми у кунни, дея, ёр ҳам баъзан…

68

Гар дарё эсанг, балиқман ул дарёда,
Гар саҳро эсанг, оҳуман ул саҳрода.
Сен менга нафас қил — нафасинг бандасиман,
Сурнойинг эрурман, чунки бул дунёда.

69

Кар қошида соз хоҳ чал-у, чалма, барибир,
Ҳамхонаси бўлган каби Юсуфни сўқир.
Ё оғзига қанд солса касални — не ҳузур,
Танмаҳрам этилса ё ҳезалак била ҳур.

70

Пайваста боши сабз, лаби хандон бўлсин,
Ушшоқ дили кўрса уни шодон бўлсин,
Ҳар кимса уни кўрса-ю, ҳеч бўлмаса шод,
Хор бўлсин-у зор бўлсин-у сарсон бўлсин!

71

Ул ёр кўйидан қачон жудо бўлгаймиз,
Йиғлаб ғаму ҳасратда адо бўлгаймиз.
Ул шамъ каби топиб эътибор кўз ёшидан.
Ул чанг каби манбаи наво бўлгаймиз.

72

Ҳар қайда шароб бўлса, рубоб ҳамда кабоб,
Ул жойда хароб бўлса, не тонг, ғам ва азоб.
Гул, сабза каби давра тутиб сув бўиида,
Эй дўсту яқинларим, ичинг тоза шароб!

73

Кўйингда менга насиҳату панд на керак?
Ишқ заҳрини тотдим, етар, қанд на керак?
Эл дейди: «Оёғига уринглар занжир»,
Телба — дил эса, оёқ учун банд не керак?

74

Бул кун ҳама кундан-да харобмиз, хароб,
Ёп андиша эшигини, ол қўлга рубоб.
Юз турфа намоз унда, рукуъ ҳамда сужуд,
Гар бўлса ўшал дўст жамоли меҳроб.

75

Ёр уйига бордим қилиб ул кун қасд ман,
Ул қувди мени — боис эмишки: мастман.
Дедим: «Эшигингни оч, ахир, мастмасман».
Ёр деди: «Жўна, сўзимда тургум, бас, ман».

76

Боз келди-ю, хам зулфини келтирди яна,
Ул шўру шару* зулмини келтирди яна.
Ул ойки, Зуҳрани алам қилди нигун*,
Тур, у аламу* таблини* келтирди яна.
________
* Шўру шар — фитнаю фасод, ғавғо, тўполон.
* Нигун — эгилган, букилган.
* Алам — байроқ, туғ.
* Табл — катга ногора.

77

Ул ёр қўлидан заҳар-да нўш этса бўлар,
Аччиқ сўзини шакарга эш этса бўлар.
Кўп тузли эмиш сўзлари — ҳар ерда агар
Туз бўлса, жигар еб, дилни хуш этса бўлар.

78

Дардимни табибисан ўзинг, эй жонон,
Етди касалим ҳаддига — борми дармон?
Валлоҳки, ичирсанг-да менга минг маъжун*,
Бир кўрмасам оразинг, беролмайман жон.
__________
* Маъжун — дори; шароб.

79

О, аччиқ у сўзлар этди кўп дилни хира,
Инсоф била айт, у тилга лойиқми сира?
Айтмас сира ширин лаби аччиқ сўзни,
Шўр бахтим уларни айлаган бешира.

80

Ошиқ эмас ул, бўлмаса енгил чун жон,
Юлдуз каби тун ой ёнида саргардон,
Кел, тингла мени, сўзларим эрмас ёлғон,
Ел эсмаса, байроқ ҳилпирарми ҳеч он?..

81

Ул лахзаки, ёр кўйлагидан бўй етса,
Мен қолсам-у, йўқ ажаб, фалак тўн йиртса.
Арзийди ифор ҳидли Юсуф кўйлаги ҳам
Бул кун келиб, ёр кўйлагидан бўй этса.

82

Хуммор кўзинг, чеҳраи рахшонинг* бор,
Кони гуҳар-у, лаъли Бадахшонинг бор
Ҳам ғунча каби хандаи пинҳонинг бор,
Куйдиргучи гулни лаби хандонинг бор.
________
* Рахшон — порлоқ, жилвагар.

83

Ишқ ичра на пастлик, на баландлик бўлгай,
На беҳушлиг-у, на ҳушга бандлик бўлгай,
Қардошлигу пирлигу муридлик бўлмас,
Қашшоқлигу бахтсизлигу риндлик бўлгай.

84

Гар майни яширсак, бўйини на қиламиз?
Ошиқни(нг) хумор ранг-рўйини на қиламиз?
Гар ишқни қуритсак қақраган лаб бирлан,
Сув остидаги кўз уйини на қиламиз?

85

Соянг сени манзилим эрур ҳам хона,
Сочингни тузоғидан дилим девона.
Ҳар гўшада бир шамъ, икки-уч парвона,
Бизнинг шамъ ўзи ҳам шамъу ҳам парвона.

86

Кўрсат юзингни бир қилиб одамлик,
Кўрдим, дея, мен лоф урайин, хуррамлик.
Эй жону жаҳон, сенда бўларми камлик,
Кўрган сени шод олганидек байрамлик.

87

Борми яна бир дилки, паришон бундан?
Ё воқеае бесару сомон бундан?
Ким кўрди жаҳонда ёки меҳнатзадани
Саргаштаи рўзгору ҳайрон бундан?

88

Бир-бир санасангиз моҳлиқоларни агар,
Сўзсиз берасиз бизнинг у моҳдан-да хабар.
Эй сиз мажлис аҳли, парда ортига ўтинг —
Ташланг мени бу шуълали чеҳрамга назар.

89

Эй ёр, юзинг — намоз, қўзинг-чи — рўза,
Ҳар иккиси қул эмиш лаби қирмиза.
Маст эдим агар гуноҳ қилибман, яъни
Синдирган эсам ичиб сувингни кўза.

90

Эй ишқ, сени ҳам пари билар, ҳам инсон,
Қошингда тубан эмиш муҳри Сулаймон,
Тан бўлса жаҳон, унга сени дерлар жон,
Ишқсиз яшаган кимсанинг умри ёлғон!

91

Май мўл-кўл-у, йўқ соҳиби жом — кимникидир?
Бизлар-ку асир қушмиз-у, дом кимникидир?
Ушшоқ туфайли ҳар нафас сочилган
Бул шаккару пистаю бодом кимникидир?

92

Ўт ёнмаса дилда, сўйла, бу дуд қайдан?
Уд қуймаса, келмоқда бўйи уд қайдан?
Мен севмасам-ей — ошиқи нобуд қайдан?
Шамъ шуъласисиз парвона хушнуд қайдан?

93

Дедимки: «Кўзим эрур кўйинг тупроғи,
Чеҳрангни яширмагил висолинг чоғи».
«То сояи давлатимда етмасми, — деди, —
Умринг бўйи тинмаса кўзинг ирмоғи».

94

Мендан сира қочмагил — харидоринг ўзим,
Бир менга қиё боқ — нури дийдоринг ўзим,
Коримга яраки, равнақи коринг — ўзим,
Мендан сира безор ўлма, бозоринг — ўзим.

95

Бул тонг мен-у, май жоми қўлимга пайваст,
Йиқилгум-у, тургум-у, мудом юргум маст,
Ул сарви қадим ишқи билан мастман-у паст,
Мен ўлсам-ўлай, кўрмасин ул қадди шикаст!

96

Хуршиди камарбаста қошингда ўлсин!
Ул моҳи жигархаста қошингда ўлсин!
Ул сарву гули раста қошингда ўлсин!
Бу дил бўлиб пайваста қошингда ўлсин!

97

Сополсифат таним эмиш жоми дил-ей,
Ул пухта фикрларим майи хоми дил-ей,
Бул дурри маърифат ҳамаси доми дил-ей,
Мен сўзладим-у, асли бу пайтоми дил-ей.

98

Кетдинг, сенинг кетганинг учун қон йиғлай,
Қайғунг фаровон бўлди, фаровон йиғлай.
Кетдинг-у, изингдан сени кўз ҳам кетди,
Қандай қилиб энди мени ҳайрон йиғлай?..

99

Ҳар ким сени кўрса агар, эй хўбахлоқ
Шу лаҳзада қилгай у бу дунёни талоқ.
Офтоб каби чеҳранг қошида дунёда
На ойда тароват, на Зуҳалдир порлоқ.

100

Чарх олдида кўзинг сени хунрезроқдир,
Шамшир тиғидан-да кипригинг тезроқдир.
Розингни қулоғимга баландроқ айтгил,
Юзинг кўйида қулоқ бир оз мудроқдир.

101

Ғам ким ўзи — ҳар дам уни ёд этгаймиз?!
Дил ҳайф унга, тупроққа қориб кетгаймиз!
Бодом эмишу ғам, йўқ эмиш мағзи унинг,
Бош эгмаса, янчиб уни ун этгаймиз!

102

Эй ашки равон, гапир у савдолардан,
Ул боғу баҳор ҳам у тамошолардан,
Бедор кечалардаги таваллолардан,
Кўз юмма адабсизлигу ғавғолардан.

103

Ишқинг қилади ширинзабонликлар то,
Ушшоқда, қулоқ тут, неча оҳ-вовайло.
Ҳар кеча ўзинт соқий экансан танҳо,
Ошди фирибу макру хусумат, ғавғо.

104

Эй сарви равон, боди хазон кўрма сира!
Кўз тегмасин-у, ранги сомон кўрма сира!
Осмону заминнинг жонисан, азбаски*,
Кўр роҳати жон, офати жон кўрма сира!
_________
* Азбаски — шунинг учунки, шу сабабданки.

105

Эй дўст, бугунни эрта қилма асло,
Кундуз каби яхшию ёмонлик пайдо.
Ишқ йўлида нораво хиёнат, зино,
Мен тўғри-ю, сен эгри эсанг йўқ маъно.

106

Мен бечорадан-да борми бечора, аё,
Ишқ дарди билан оғриса ким — йўқми даво?!
Бу ғамни давоси на бахиллик, на риё,
Чин севгида бўлмас на вафою на жафо.

107

Жон қолса етар, ҳар неча қақшатгали кел,
Ҳар ҳийлаки, билгунг, уни кўрсатгали кел.
Ҳар кимсага бир макру фириб ўргатдинг,
Бир макру фириб менга-да ўргаттали кел!

108

Эй ганж, эгалла жойни вайронангдан,
Эй зулф, паришон бўлма ўз шонангдан3.
Эй қуш, юзинг ўгирма ўз донангдан,
Эй уй эгаси, тушма узоқ хонангдан.
___________
* Шона — тароқ.

109

Ишқ асли камол бирла-ю, дилбар-чи — жамол,
Сўз қайнар-у дилда, тил уни айтгали лол.
Борми яна бундан-да ўтар антиқа ҳол:
Мен ташна-ю, қошимда оқар оби зилол.

110

Ҳар кимсанинг кўксида ушоқ дил бўлгай,
Ишқсиз яшамоқ ўшанга мушкул бўлгай.
Бул ҳалқама-ҳалқа зулф занжири билан
Девона киши бўлса, у оқил бўлгай.

111

Ишқсиз қувончинг сира афзун бўлмас,
Ишқсиз вужуд ҳам хўбу мавзун* бўлмас.
Дарёга ёғар бўлса магар юз томчи,
Ишқ тўлқинисиз у дурри макнун* бўлмас.
_________
* Мавзун — зебо, нозик, чиройли, келишган, нуқсонсиз.
* Дурри макнун — садаф ичидаги қимматбаҳо дур.

112

Бир байт ўқиб эрдим — малагим ранжиди:
«Байт ичра банд айлаш мени лозимми эди?»
Айтсам: «Нега байтимни бузарсан, эй жон?»
«Мен байтга сиғарманми, ўзинг ўйла?» — деди.

113

Банд этма сира ҳарифи ғамгин қошини,
Тарк этма сира суҳбати ширин қошини.
Бўстонга кириб, борма тикан қошига ҳеч,
Бўш қўима сира суману насрин қошини.

114

Эй соқий, бугун сенинг хуморинг бўлдим,
То тунга қадар кўп интизоринг бўлдим.
Май бер-у, халос айла бу дунё домидан,
То тошта қадар бу тун шикоринг бўлдим.

115

Қабрим ёнидан ўтса, башар маст бўлгай,
Сал тўхтаса, маҳшарга қадар маст бўлгай,
Уммон сари борса, баҳру бар маст бўлгай,
Ўлса, уни қабри сарбасар маст бўлгай!

116

Кўнглимга яширмагайман — афгор бўласан,
Дийдамда мужассам этмагум — хор бўласан.
Жон ичра берай жой сенга — дил, кўздан эмас,
То сўнгги нафасгача ўзинг ёр бўласан.

117

Пок ишқима рашк этгусидир оби зилол,
Бу севги билан машғул ўлиш менга ҳалол.
Гар ўтса бировлар ишқи ҳолдан-ҳолга,
Йўқдир мени маъшуқаму ишқимга завол.

118

Гар жабр этар, аҳдининг не қиммати бор?
Гар заҳр берар, шаҳдининг не қиммати бор?
Халқ наздида жаҳд айламоқ эзгу ишдир,
Бул хаста кўнгил жаҳдининг не қиммати бор?

119

Сочшшнг ҳар торида бордир бир жон,
Сочдек мени ҳам қилди паришон жонон.
Билгайми ўшал: ғамим фаровон не учун?
Боиси: унинг нози фаровон чандон!

120

Ул бонги Сирофилдан эмиш пайдо рубоб,
Дилларни тирилтирди магар эрди кабоб.
Уйғонди унут ўйлар — балиқлар худди
Чиққан каби сув остидан устига шитоб.

121

Ел гулни тўкар устига хумморларнинг,
Ёр майни қуяр соғарига ёрларнинг.
Сунбул сочи атгорлар ишин этса касод,
Шўх кўзи тўкар қонини ҳушёрларнинг.

122

Боғ йўлида дилбаримга бўлдим ҳамроҳ,
Гулга назарим тушди ўшал дам ногоҳ.
«Чеҳрамни қўйиб, гулга қарайсан не учун?» —
Деб тоза уялтирди фақирни ул моҳ.

123

Бир дам сенга дилбаринг магар маҳрамдир,
Тақдирдан улуш сенга ўшал бир дамдир.
Зинҳор у илоҳий дамни этма зоеъ,
Чунки ҳаётингда бу каби дам камдир.

124

Шаккар конида солса чивинлар ғавғо,
Шаккар кони айларми уларга парво.
Қуш бир қўниб учгани билан ул тоғнинг
Ортди бирор ери-ю, кам бўлдими ё?

125

Дарё каби дийдамга санам урса тикан
Ҳам қил каби дилни тилса ғам тиғи билан,
Асло этагидан қўл узиб кетмасман,
Минг ҳийлани ул дафъим учун қилса-да фан!

126

Ёмонлик этиб, яхшилик иетар эса ким,
Билгилки, ўшал кимсанинг иймони ярим.
Беш қўлдек аён-ку, арпа эккан кишига
Бермаслиги буғдойни Худованди карим!

127

Бул кун тавоф этгум ёр кошонасини,
То тоютача қилмайин тарк хонасини.
Вақт етганида дафъи ҳумор айлаш учун
Бош косасидан ясай паймонасини.

128

Мен хаста-ю, зору нотавон ёр ғамидан,
Кўздан ёш эмас, оқади қон ёр ғамидан,
Бўғзимга етар бўлса-да жон ёр ғамидан,
Ё Раббим, айирма ҳеч қачон ёр ғамидан!

129

Ҳамсуҳбатимиз бул кеча ул дилдорнинг,
Ўтмас нималар хаёлидан хушторнинг:
Бошлар уза гоҳ чаманда гул сочилса,
Шаккар ёғади ўрнига гоҳо қорнинг.

130

Ошиқлик ишин камолидан ўргандим,
Битмоқни ғазал жамолидан ўргандим.
Кўнглим уйида хаёли рақс этгайдир,
Мен рақсни ҳам хаёлидан ўргандим.

131

Айтдим: «Санамим, сен — май-у, мен — паймона,
Мен ўлдим-у, сен эсанг жону жонона.
Оч энди вафо эшигин». Айтди: «Жим бўл,
Девона кишига не керакдир хона?»

132

Эй, тургил-у, киргил ўша некном қошига,
Хуш суҳбатин олгали дилором қошига.
Бир домни қўйиб, кел, яна бир дом қошига,
Гар қувса эшикдан, келавер том қошига.

133

Ёр деди: «Кўзинг ёшини Жайҳун этаман,
Кўнглингни фироқ тоғида тутқун этаман.
Жисмингга ишонма сира — уч кун ичида
Ғам ўғирида туйиб-туйиб ун этаман!»

134

Жабрингча хуш эрмас, ўзга минг қилса вафо,
Қайғунгча хуш эрмас, ўзга минг қилса сафо,
Нозингча хуш эрмас, ўзга кўрсатса лиқо,
Қаҳрингча хуш эрмас, ўзга минг айтса сано.

135

Ҳар кун кўриниш бериб кетиб, эй дилбар,
Бошимга солурсан неча савдои дигар.
Жон соғарини тўлдирибон тут бу саҳар,
Эй, сен менинг жонимга падар ҳам модар!

136

Бегона гурунгидан эсанг бегона,
Ҳақ сўзни сенга айтади бул девона:
Юз уйни тўлатгунг аридек бол бирла
Ғайр аҳлидан агар холи бўлса хона.

137

Бул кеча шароби жон мудомдир, мудом,
Соқий шоҳ-у, бода бардавомдир6, давом,
Асбоби тараб* жумла тамомдир, тамом,
Уйқу дили бедорга ҳаромдир, ҳаром.
__________
* Асбоби тараб — хурсандчилик воситалари, шодлик сабаби.

138

Ишқ оташида музлар эриб, сув бўлади,
Ишқ ўтида тобланса, тош инжу бўлади.
Ушшоқ гуноҳини оғир олма, эй дўст,
Ишқ бодасидан улар беқайғу бўлади.

139

Тун ўтди вале этмади тарк бошимни,
Қайғули муножоти қаламқошимни.
Ул тунда эрур уйқум-у, кундуз эса нур,
Ул бўлмаса, тун-кун тўкамен ёшимни.

140

Келди-ю кўзимга хуш хаёлинг, моҳтоб,
Ҳар икки кўзим шу лаҳза ёш тўкди шитоб.
Кўзларни қулоғига дедим оҳиста:
«Сийланг азиз меҳмонни қуйиб бодаи ноб!»

141

Биздан ўша шўх дилбари айёр қочади,
Ёринг бўлайин, десак, агар ёр қочади.
Ул ақли мунаввардир-у, биз масти унинг,
Хумморни мудом ақл этиб хор қочади.

142

Эй бонги рубоб, дилимда тобим бордир,
Дил қаърида менинг-да рубобим бордир.
Гар тушса йўлинг бир дам азиз меҳмон бўл,
Мен қулни-да кулбаи харобим бордир.

143

Келди эшигимга кеча ёри шайдо,
Дедим: «Жўна, бемаҳалда бўлдинг пайдо».
Қайтаркан изига, деди: «Қизиқ савдо,
Давлатта эшик очмас — у тентакми ё?»

144

Эй ёр, нима гап, жаҳон йўқолди кўздан?
Осмону замин қаён йўқолди кўздан?
Сен майни қўлимга берма, тут оғзимга,
Кайф ошганидан даҳон* йўқолди кўздан…
___________
* Даҳон — оғиз.

145

Ишқинг ҳаваси бошда-ю, зорман доим,
Кўйинг аро масту беқарорман доим,
Гар бор-йўғи бир кун хумор бўлгай маст,
Мен ул маст эрурманки, хуморман доим.

146

Чек қўяди бу замона бор оҳ-воҳга,
Бир кўз-да қарар фалак гадою шоҳга.
Ҳар кимса ғурурга маст ўзича, аммо,
Қайдайди ажал барчасини бир чоҳга…

147

Эй дил, сира яқин йўлатма ғамни,
Эп кўрма ҳечам суҳбати номаҳрамни.
Кўкат ила нонга гар қаноат қилсанг,
Кўкат, дея билма жумла бу оламни.

148

Дил келди-ю айтди: «Ёр савдоси узун»,
Тун келди-ю айтди: «Зулфи раъноси узун»,
Сарв келди-ю айтди: «Қадди зебоси узун»,
Қилсин шунга мос умрни Оллоси узун!

149

Ишқ ул — унга эргашиб балолар юрса,
Ошиқмас у — кўрганда бало юз бурса.
Ишқ оламида аталгай мардлар марди,
Ким ишқ каби жонга тегса-ю, жон берса…

150

Хижрон қанотин қайирса уммид қушини,
Ўлдирса жафоси яна дил хоҳишини,
Ошиқ сира тушмайди умидсизликка,
Мақсад сари элтар асли ҳиммат кишини!

151

Бул фасли баҳор эмас, бул фасли дигар,
Кўзларни хумор этгучининг васли дигар.
Ҳар қанчаки новдалар туташ рақс этса,
Ҳар шохни қимирлаши бўлар асли дигар.

152

Эй, пойқадамингдан бу замин хурраму шод,
Юз ғунча қувончидан кўпайтирмиш зот.
Осмонга тушиб ғулғула ул фурсатда,
Ойнинг кўзи юлдузга тушибдир, ҳайҳот!

153

Тавба, дилини ўшал санам тош қилмиш,
Қасд олгали отланганини фош қилмиш.
Зулфи каби кўп чувалди тавбам — унга зулм
Андоқ қилайин, менга қаламқош қилмиш.

154

Кимнинг тилаги эрур мудом манзили жон,
Кимнинг тилаги эрур мудом луқмаи нон.
Бу нуктанинг маънисини чаққилки, аён:
Ким не тиласа, етгуси унга бегумон!

155

Бергувси бўлак ҳаёт кунинг битса Худо,
Гар умри фано қолмаса, бор умри бақо.
Ишқ оби ҳаёт эрур — унинг баҳрига кир,
Ҳар қатраси бир ўзга ҳаётдир унинг, о!

156

Кўзимни қитиқлар ҳар замон нози унинг,
Янграр қулоғимда мудом овози унинг,
Узимча манам ошиғу ҳамрози унинг,
Қандай яширай маст айласа рози унинг?!

157

Кўкни тўла нола айласам, маъзурман,
Даштни тўла жола айласам, маъзурман.
Сен жоним эрурсан — чопаман ортингдан,
Жонни ортда вола айласам, маъзурман.

158

Инсоф била айт, ишқ эзгуликдир асли,
Булгар уни кимнинг юраги кир асли.
Пок севгига ўхшатма ҳаром шаҳватни,
Чунки бири осмон-у, бири ер асли.

159

Жон тунда балиқ, кундуз илон эркан, оҳ,
Ўйлаб қара: сенга қайси бир жон ҳамроҳ?
Ҳорут каби сеҳру жодудир касбинг гоҳ,
Гоҳ Зуҳрани қўриқчисисан худди моҳ.

160

Қилгайми бу қулларга у бир наззора,
Биз топдинг-у чора, қолди ишқ бечора.
Жон нима? У бир заиф гўдак бешикда.
Дил нима? У бир гариб эрур, бечора.

161

Гоҳ ҳурлар этади рашк — андоқ покмиз,
Гоҳ ваҳмага девлар тушади — бебокмиз,
Ҳаммоли Худомиз асли — тани хокмиз,
Бу саъй ила мавжудот ичинда тоқмиз.

162

Бир қатра юзинг сувидан ул оби ҳаёт,
Бир зарра нурингдан этдинг ойни бунёд.
Моҳтобни тилаб эдим узун кечада мен,
Тун зулфинг-у, ой юзинг экан-ку, ҳайҳот!

163

Қарчандки, қомати гўзал бор сарвда,
Ёр қаддини кўрса, не амал бор сарвда?
Ёр қаддига ўз қаддини менгзар эмиш ул,
Бу кибру ҳаво асли азал бор сарвда.

164

Биз касбу ҳунар, молу дўкондан кечдик,
Шеър йўлига кирдиг-у, жаҳондан кечдик.
Кўзу дилу жонимиз эди севгида ул,
Бас, кўйида кўзу дилу жондан кечдик.

165

Оғзинг исини менга чаман билдиргай,
Ҳуснингни эса лола, суман билдиргай,
Ул иккиси бўлмаса очурман лабни,
Номингни тутиб, у сўз билан билдиргай.

166

Қайдан, қани, нағмайи рубоб, келмишсан,
Минг оташу шўру фитнага тўлмишсан,
Дил жосуси-ю элчисисан саҳронинг,
Дил рози эрур ҳар не наво қилмишсан.

167

Эй кўзу дилу жон ҳузури қандоқсан?
Ҳар икки жаҳоним сурури қандоқсан?
Ҳолим не лабинг ҳажрида асти сўрама,
Менсиз ўзинг, эй кўзим нури, қандоқсан?

168

Эй жону жаҳон, жону жаҳон банданг эмиш,
Оламни ширин этган шакар ханданг эмиш.
Сендекни фалак кўрмамиш олам яралиб,
Осмону замин ҳусништа ҳангу манг эмиш…

169

Теримни шилиб олса-да ул дилдорим,
Ундан гина қилмагум сира — йўқ зорим.
Душман менга барча-ю, удир ёлғиз дўст,
Душманга чақишга ёрни келгай орим.

170

Сендек бу фақир оқилу ҳушёр эрдим,
Ошиқ элини қилгучи инкор эрдим.
Умр ўтди-ей оҳ-воҳ ила девонаю маст,
Шундоқ яшамоққа, бас, сазовор эрдим.

171

Маъшуқа қуёш каби чарақлар хандон,
Зарра каби ошиқ бўлади саргардон,
Бас, севги баҳори еллари эсган он
Ҳар шох рақс этар унда магар бордир жон.

172

Гар истар эсанг, ҳамиша ҳуррам бўлсанг,
Етса қадаминг қайга, мукаррам бўлсанг,
Пок бўл-у, ҳалол яша-ю, илм ўргангил,
То тожи башар, Ҳазрати Одам бўлсанг!

173

Сен бирла қувончга тўла шаҳру деҳот*,
Осмону замин-да сен сабаб хуррам, шод.
Ғамдан бўлак ҳеч ким гина қилмас сендан,
Сен ҳаммани ғам-қайғудан этдинг озод.
__________
* Деҳот — қишлоқлар.

174

Дерлар менга: «Мунча оташин дард қайдан?
Бу нолаю оҳ-у, бу ранги зард қайдан?»
Дедим: «Гапингиз ғалат, ўшал ой юзни
Бир кўрса киши, биларди бу дард қайдан».

175

Кўнглимдаги оҳ боиси савдо, эй дил,
Ул аслида дил туфайли пайдо, эй дил.
Қондан юрагим мавж уради тўхтовсиз,
Бас, у дил эмас, бўлибди дарё, эй дил!

176

Ҳар нарсани дил очиғу пинҳон сўзлар,
Мушкин соч ҳақинда анбарафшон* сўзлар.
Ошуфта эса у, бу — паришон, билгум,
Ошуфта оғиз очса, паришон сўзлар.
________
* Анбарафшон — анбар сочувчи, хуш хид таратувчи.

177

Эй дўст, ахир, дўсту яқинмиз сенга,
Етса қадаминг қайга, заминмиз сенга.
Сезсак-да тажаллингни, ўзинг кўрмасмиз,
Ишқ шарти шуми, наҳот ўйинмиз сенга?!

178

Мен — зарра, қуёшюз дилрабойимсан ўзинг,
Беморман-у, дардимга давойимсан ўзинг.
Йўқ гарчи қанотим, учаман ортингдан
Бир хас каби, чунки каҳрабойимсан* ўзинг.
________
* Қаҳрабони чармга ишқаб, сомон, хасга яқинлаштирса, уларни ўзига тортади.

Эргаш Очилов таржималари

МАВЛОНО ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ

1

Ай дил, кўзингни оч, жаҳон ўтгусидир,
Умринг бу жаҳонда ройгон ўтгусидир,
Тан манзилида маҳбусу ғофил қолма,
Манзил оша манзил карвон ўтгусидир…

2

Жоним бсрайин, ол уни, жондин кечма.
Дилдан кечайин, ол у жаҳондин кечма.
Сен ўқсану мен эсам камонмен ҳануз,
Эй ўқ, сабр айла, камондин кечма…

3

Кўнглим дуди бир нишони савдо, эй дил,
Ҳар лаҳза у дуд кўнгилда пайдо, эй дил.
Қонлар неча мавж урар мснинг бағримда,
Тошгайму эди бўлмаса дарё, эй дил…

4

Кўнглимни санамга мубтало истармен,
Жонимга неча тири бало истармен.
Кўйингда агар кечмаса умрим, санамо,
Қонлар ютадирману қазо истармен…

5

Дедимки, кўзим, дедики, Жайҳун этгум,
Дедим: юрагим, дедики, пурхун этгум.
Дедимки, танам, дедики, уч кундан сўнг
Расво қилибон, бадарға, сургун этгум…

6

Соқий қуядир бодаи ҳумро, не қилай?
Гар бўса талаб айласа жоно, не қилай?
Иқболи висол ҳозир экан, кутмасмен,
Кутмоққа яна бўлмаса маъно, не қилай?

7

Майлинг, малагим, хублик эса, хубинг ўзим,
Жанг қилсанг агар, қўлингдаги чўбинг ўзим.
Ўлдирсанг агар ранж ила, Айюбинг ўзим.
Эй Юсуфи рўзгор, Яъқубинг ўзим…

8

Сенданми чу безор бўлайин? Йўқ, йўқ, йўқ!
Бир бошқасига ёр бўлайин? Йўқ, йўқ, йўқ!
То боғи висолингда фақат гул кўрдим,
Гулдин кечибон, хор булайин? Йўқ, йўқ, йўқ!

9

Кўнглим ҳавасинг била рубобдир, рубоб,
Ҳар пораси ўртаниб, кабобдир, кабоб.
Дилдорки дардимга боқиб, хомушдир.
Ҳомушлиги менга минг жавобдир, жавоб…

10

Мажнуни паришонинг ўзим, илким туг,
Саргаштаву хайронинг ўзим, илким тут.
Ҳар ҳоли харобга бир мададкор бўлгай,
Ул бесару сомонинг ўзим, илким тут…

11

Эй сарви равон, ҳеч хазонлиқ кўрма,
Эй чашми жаҳон, ҳеч ёмонлиқ кўрма.
Эй жон, ки жон дер сени осмону замин,
Роҳат бори кўргилки зиёнлиқ кўрма…

12

Эй бонги рубоб, куйингга тобим бордир,
Бағримда менинг-да бир рубобим бордир
Четлаб ўтаверма, кир, азиз меҳмон бўл,
Меҳмонни кутишга бир харобим бордир…

13

Эй бош, сабаб сенда, сабаб сенда, сабаб,
Эй тан, ажаб сенда, ажаб сенда, ажаб.
Эй дил, талаб сенда, талаб сенда, талаб,
Эй жон, тараб сенда, тараб сенда, тараб…

14

Юзингга боқиб, юзлари гулшан эрдим,
Кўзингга боқиб, кўзлари равшан эрдим.
Дедимки, йироқ тутай ёмон кўзлардин,
Ёнингда ёмон кўзли магар ман эрдим?..

15

Эй жону жаҳон, жону жаҳоним қайда?
Эй ой, замину осмоним қайда?
Сен майни қўлимгамас, лабимга тутгил,
Мастлик била билмасам даҳоним қайда?

16

Жонон келадир чаманда танҳо-танҳо.
Наргис кўзи пурхумору раъно-раъно.
Тўсдим йўлини, дедимки, бир бўса олай,
Фарёд солиб ҳайдади: яғмо-яғмо!..

17

Ҳар лаҳза ғаминг чекиб, ғаминг олғаймен,
Ҳар лаҳза ғаминг била яна қолгаймен,
Ҳар чандки каминг чекиб-чекиб, жон бердим.
Кам улки, ғаминг чекиб-чекиб, толгаймен…

18

Лаълинг, санамим, ҳамиша хандон бўлгай,
Ошиқ сен ила ҳурраму шодон бўлгай.
Ҳар кимса сени кўрсаю гар бўлмаса шод,
Бахт юзини кўрмагай у, сарсон бўлгай.

19

Жонимки, ҳариф эрди, бегона эмиш,
Ақлимки, табиб эрди, девона эмиш.
Вайронага шоҳлар беришар ганж, ажаб.
Вайрона дилим ганж ила вайрона эмиш…

20

Мен ўлсам агар, бошимда гирён бўлманг,
Жононима топширингу нолон бўлманг.
Жонсиз у лабимга лаб қўйиб жононим,
Жон менга ато айласа, ҳайрон бўлманг…

21

Эй муниси рўзгор, нечуксен менсиз?
Эй ҳамдаму ғамгузор, нечуксен менсиз?
Мен бори хазонмену харобмен сенсиз,
Эй юзлари гулбаҳор, нечуксен менсиз?

22

Хуршиди камарбаста фидойинг бўлсин,
Ул ой, жигархаста фидойинг бўлсин,
Ул сарву гули раста фидойинг бўлсин,
Бу жон сенга пайваста, фидойинг бўлсин…

23

Мен зарраву хуршедлиқойим сенсан,
Бемори ғамингмену давойим сенсан.
Учмоққа қанот йўқ, вале учгаймен,
Сомон бўлибмен, каҳрабойим сенсан…

24

Дедим: санамо, магарки жононим ўзинг.
Жонимни нисор этай сенга, жоним ўзинг.
Муртад бўлайин, агарда тушсам айру,
Эй жону жаҳон, куфр ила иймоним ўзинг…

25

Хушдирки бугун жисминг аро жон бўлса,
Қаршингда дағи бир руҳи жонон бўлса,
Булбул каби дилда доғи ҳижрон бўлса,
Маскан сенга эрта кеч гулистон бўлса…

26

Дерлар: ҳама ишқ – ҳавойи номдир, ёлғон,
Дерлар яна ишқ умиди хомдир, ёлғон.
Бахт юлдузи кўкдамас, шу жонимда яшар,
Дерларки, баландлик – неча томдир, ёлғон..

27

Гар бўлса умр, боз бергайди Худо,
Гар умри фано бўлмаса, нақд умри бақо.
Ишқ оби ҳаёт эрур, унинг мавжига кир.
Ҳар қатраси бир ҳаёт эмиш, сенга фидо…

28

Дунёки Исо билан экан моломол,
Сиғмас анга ҳеч қачон матои Дажжол.
Шўроба — тахр сув дегани кимга керак,
Кўп эрса жаҳон ичра агар оби зилол?

29

Эй ой, чиқиб келдингу тобон бўлдинг,
Сўнг сайри фалак этиб, хиромон бўлдинг.
Билдингми кейин, жонга баробар бўлибон,
Ногоҳ ботиб кетдингу пинҳон бўлдинг…

30

Эй, сенки яшарсен, шоду хуррам бўлгил.
Ҳар ерда яна азизу маҳрам бўлгил.
Умрингни ҳалолу пок кечир, илм ўрган,
То зеби башар, зийнати Одам бўлгил…

31

Умр ўтдию кўрмадим вале гулзоринг,
Ул наргиси пурхуморингу хумморинг.
Халқдан чу вафо каби магар пинҳонсен,
Кўп бўлдики кўрмадим нари рухсоринг.

32

Ишқ бўлди, кўринг, ҳамша дамсоз менга,
Дунё ишидан этмади оғоз менга.
Жоним берадир ичимдан овоз менга,
Оч менга эшикни, деб қилур роз менга.

33

Кун ўтдию кун келди, харобмен, хароб,
Қўй ҳар неки андишани, ол қўлга рубоб.
Юз қатла намоз дурур, юз қатла сужуд —
Гар дўст жамоли сенга эрса меҳроб.

34

Мен ошиқи ишқмену мусулмон бошқа,
Мен заиф чумолимен, Сулаймон бошқа.
Мендан аламу оҳу жигарнора сўра,
Бозорчаи қасабфурушон бошқа…

35

Сўрдимки, қаердадир, нигоро, хонанг?
Дедики, дилингдир ул — ўшал вайронанг.
Вайронага мен, қуёш нечук киргаймен?
Эй маст, хароб бўлгай ўшал кошонанг!

36

Лайлимки наҳор бўлмаса ул, мен не қилай?
Бахтимки баҳор бўлмаса ул, мен не қилай?
Дедимки, ичай бодани сен бирла, санам,
Иқбол менга ёр бўлмаса ул, мен не қилай?

37

Келмиш менга бир ажаб шикорим, не қилай?
Бошимга тушибдир ул хуморим, не қилай?
Зоҳидмен ўзим, вале мени йўлда кўриб,
Гар бўса берар бўлса нпгорим, не қилай?

38

Нафсим итини додимки мен, пир айлай,
Тавба ипидан бўйнига занжир айлай.
Ҳар ерда ҳаром кўриб вале ул кўппак,
Занжирни узар бўлса, не тадбир айлай?

39

Жон борича бир бандаи маржонинг ўзим,
Ошуфтайи ул зулфи паришонинг ўзим.
Эй най, наво айлаки, афғонинг ўзим,
Эй чанг, жаранглагилки, меҳмонинг ўзим.

40

Гар балиқ эсанг, сузгали дарёйинг ўзим,
Гар оҳу эсанг, кезгали саҳройинг ўзим,
Мен сенга асирману сен — менга нафас,
Сурнойингу сурнойингу сурнойинг ўзим.

41

Эй ой, агар самода порлоқ нурсен,
Ёрим юзича равшан эмас, бенурсен.
Эй наргис, агарчи тозаю махмурсен,
Ёрим кўзича хумор эмас, маъзурсен.

42

Дедимки, кўйингда мен бугун девона,
Уйқумда кўрарменму сени, жонона?
Дедики, гапирма, бас! Бу не афсона?
Девонаю уйқу! Яша, эй фарзона!..

43

Ой кетди баландлаб, биз эса паст бўлдик,
Ёр ҳушига келди, биз эса маст бўлдик.
Эй жону жаҳон, сўнгра нелар бўлганини
Сен сўйлама чун ҳар неки бўлмас, бўлдик…

44

Бошимни ҳамиша остонингта қўяй,
Кўнглимни сочингга — ўйнагонингга қўяй.
Жон оғзима келди, ҳой, ўзинг лаб тутгил,
Жонимни қулай қилиб даҳонингга қўяй…

45

Ишқ нашъаси бу кеча мудомдир, мудом,
Жому майи лаъл бизга давомдир, давом.
Оҳу ғаму андиша — ҳалолдир, ҳалол,
Кўп, уйқуни ўйлама — ҳаромдир, ҳаром…

46

Ишқ – авжи камол эмиш, санам — авжи жамол,
Кўнгил тўла сўзу, тил айтгали лол.
Вой, менга ёронлар, бу не ҳолдир, бу не ҳол?
Мен ташнаю олдимдин оқар оби зилол…

47

Васлингни тилаб хастаю зормен куну тун,
Ишқинг майи бирла беқарормен куну тун.
Мастларга хумор аслида бир кун бўлгай,
Мен мастни кўригизки хумормен куну тун…

48

Дил кетдию айтди: «Ёр савдоси узун»,
Тун келдию айтди: «Зулфи раъноси узун».
Сарв келдию айтди: «Қадди болоси узун»,
Ҳой, умри узун, десангчи, дунёси узун!..

49

Дил дардини ошкору пинҳои айтар,
Зулф эрса, ҳадисни анбарафшон айтар.
Ул — ошуфтаю бул эса — паришон, маълум,
Ошуфтаки сўз айтса, наришон айтар…

50

Лутфинг била тош пораси жонона бўлур
Нутқинг, санамим, агарда мастона бўлур.
Ногоҳ ики зулфингни кўрар бўлса, ишон,
Луқмони Ҳаким ошиғи девона бўлур…

51

Зинҳор, дило, яқин йўлатма ғамни,
Суҳбатга муяссар этма номаҳрамни.
Нон бирла кўкатга-ку қаноат қилдинг,
Кўкатга алишма энди шу оламни.

52

Эй лола, юзимга термулиб, ранг ўрган,
Эй Зуҳра, дилим талошидин жанг ўрган.
Ул лаҳзаки янграр яна оҳанги висол.
Эй бахти абад, келгилу оҳанг ўрган…

53

Эй дўсти азизларим, жудолик этманг,
Кўп ҳою ҳавас бирла хатолик этманг.
Бир жумлада сўзлар каби мардона туринг,
Амр ўлди вафоки, бевафолик этманг…

54

Мен биргина жонмену юз мингта таним,
Аммо не қилайки, банд юмуқдир даҳаним.
Кўрдим печа минг халқки, ул мен эрдим,
Йўқ эрди улардин бири монанди маним…

Жамол Камол таржималари

“НАЙНОМА”
(“Маснавий”даги илк ўн саккиз байт)

Бишнав аз най чун ҳикоят мекунад,
Аз жудойиҳо шикоят мекунад.

Тингла бу най не ҳикоят айлагай,
Ул жудолиқдин шикоят айлагай.

К-аз найистон то маро буриданд,
Аз нафийрам марду зан нолиданд.

Айлагач айро найистондин бу дам,
Тинглади эркак-аёл ҳасрат-ла ғам.

Сийна хоҳам шарҳа-шарҳа аз фироқ,
То бигўям шарҳи дарди иштиёқ.

Айрилиқдин пора сийна истарам,
Токи дардим шавқидин шарҳ айларам.

Ҳар касе ки дур монд аз асли хеш,
Боз жўяд рўзғори васли хеш.

Кимки айрилган эрур ўз аслидин,
Истагай такрор нишон ул васлидин.

Ман ба ҳар жамъияте нолон шудам,
Жуфти хушҳолону бадҳолон шудам.

Мен бу одам қавми ичра най эдим,
Шоду ғамгин илкида бирдай эдим.

Ҳар касе аз занни худ шуд ёри ман,
Аз даруни ман нажуст асрори ман.

Ҳар бири ўз шубҳасидин ёр эди,
Билмагай лек ичда не асрор эди.

Сирри ман аз нолаи ман дур нест,
Лек чашму гўшро он нур нест.

Сирларим эрмас фиғонимдин йироқ,
Йўқ эрур кўзлар ичинда нур бироқ.

Тан зи жону жон зи тан мастур нест,
Лек касро дийди жон дастур нест.

Бир-биридан тан ва жон пинҳон эмас,
Кимсага жон кўрмаги фармон эмас.

Оташ аст ин бонги ною, нест бод,
Ҳар, ки ин оташ надорад нест бод.

Най овози ғам эрурким ел эмас,
Кимда ул ғам бўлмаса, ул эл эмас.

Оташи Ишқ аст к-андар най фитод,
Жўшиши Ишқ аст к-андар май фитод.

Найдаги оташ ҳам асли ишқ эрур,
Майдаги қайнаш-да асли ишқ эрур.

Най ҳарифи ҳар кй аз ёри бурийд,
Пардаҳояш пардаҳои мо дарийд.

Ёрдин айруларға най ҳам ёр эрур,
Пардасидин пардалар садпорадур.

Ҳамчу най заҳрею тирёке кй дийд,
Ҳамчу най дамсозу муштоқе кй дийд.

Найдайин оғую афюн ким билур,
Найдайин ҳамдам ва шайдо ким бўлур.

Най ҳадиси роҳи пурхун мекунад,
Қиссаҳои ишқи Мажнун мекунад.

Қон бўлиб йўллар, каломин шавқидан,
Сўйлагай най қисса Мажнун ишқидан.

Маҳрами ин ҳуш жуз беҳуш нест,
Мар забонро муштарий жуз гўш нест.

Маҳрамидир ҳушни ҳушсизлар-ки, бас,
Тилга толибдир – қулоқдин ўзгамас.

Дар ғами мо рўзҳо бегоҳ шуд,
Рўзҳо бо сўзҳо ҳамроҳ шуд.

Бўлди тун, ғам бирла кун бизлар учун,
Эрди ҳамроҳ, сўз билан кунлар жунун.

Рўзҳо гар рафт гў: “Рав, бок нест,
Ту бимон, эй он, ки чун ту пок нест”.

Ўтса кунлар айтки: “Парво бўлмагай,
Сен фақат қол, Сендайин пок ўлмагай”.

Ҳар кй, чуз моҳй зи обаш сер шуд,
Ҳар кй берўзист, рўзаш дер шуд.

Қонадир сув бирла кас, моҳдин бўлак,
Бенасиб, кун ўтмоғин кутмоқ керак.

Дар наёбад ҳоли пухта ҳеч хом,
Пас сухан кўтоҳ бояд, вассалом.

Топмаса гар пухтадан ҳеч нарса хом,
Калта қилгин сўзни энди, вассалом.

Форс тилидан Кавсар таржимаси