Бобо Афзал (XIII аср)

Бобо Афзал тахаллусли Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Ҳусайн Афзалиддин Кошоний машҳур форс-тожик шоири ва файласуфи бўлиб, баъзи ғазалларини истисно қилганда, асосан, рубоий ёзиш билан шуғулланган. Шоирдан 483 та рубоий етиб келган бўлиб, уларда ҳакимона мулоҳазалар сўфиёна мушоҳадалар билан омухта бўлиб кетган. “Минҳожул-мубаййин” (“Ҳақ йўлининг баёни’), “Мадорижул-камол’ (“Камолот мақомлари”), “Роҳи анжоми нома” (“Илоҳий йўлнинг ниҳояси”), “Арзнома”, “Жовидоннома» (“Барҳаётлик сири”) номли фалсафий асарлари ҳам мавжуд.

РУБОИЙЛАР

* * *

Ақлингни йиғиб, англа ҳаёт мазмунини,
Ол қўлга чувалган ишларинг тизгинини.
Бутхона бўлибди ҳар хаёлдан кўнглинг,
Синдир бутини — Каьбага айлантир уни,

* * *

Нодон кишилар нонга сира бўлмади зор,
Ноқис кишиларнинг ҳамиша омади ёр.
Боқ, банда бўлишга арзммас зотларнинг
Қўлида қатор чўри билан қуллари бор.

* * *

Бу ишқ азалийдиру абад бўлгайдир,
Бу ишқ ошиғи беадад бўлгайдир.
Юз берса қиёмат, ишқ ўтидан ҳар дил –
Ўтган эса бебаҳра, у рад бўлгайдир.

* * *

Қаттиқ бўлсанг, тиғдек юкори тутишар,
Юмшоқ бўлсанг, мум каби эзиб ўтишар.
Эгри бўлсанг, тортишар ўзга ёйдек,
Тўғри бўлсанг, ўқдек узоққа отишар.

Форс тилидан Эргаш Очилов таржимаси