Абдураҳмон Жомий (1414-1492)

Жомий (عبدالرحمن جامی) (тахаллуси; асл исм-шарифи Нуриддин Абдураҳмон ибн Аҳмад) (1414.7.11, Жом – 1492.8.11, Ҳирот) — форс-тожик шоири, нақшбандийлик тариқатининг йирик вакили.
Жомийнинг ота-боболари асли Даштдан бўлиб, Жомда, кейинчалик Ҳиротда ҳаёт кечиришган. Жомий Мадраса ёшидан анча эрта Ҳиротдаги «Дилкаш» (Навоий маълумотига кўра, «Низомия») мадрасасига кириб, ўз даврининг таниқли тил, адабиёт олимлари ва мударрислари қўлида таҳсил олган. Шу даврдаёқ у араб тилини мукаммал ўргана бошлаган.
Кейинроқ Жомий ўз билимини ошириш учун Самарқандга келади ва Улуғбек мадрасасида буюк фалакиётшунос Қозизода Румий, Али Қушчи, фиқҳшунос Фазлуллоҳ Абуллайс қабилардан таълим олади. Бу йилларда у тил ва адабиётнигина эмас, риёзиёт, фалакиёт, фалсафа, ҳуқуқшунослик фанлари, дин асослари, ҳадис ва тафсир илмларини хам чуқур ўрганади, олимларнинг турли мавзулардаги мунозара ва мубоҳасаларида қатнашиб, етук олимлиги билан танила бошлайди.
Жомий Ҳиротга қайтгач, тасаввуф йўлига киришни, ўз билим ва фаолиятини шу йўлга, қолаверса, ижодга, илм-фанга бағишлашни афзал кўради. У ўзига пир қилиб Шайх Саъдиддин Кошғарий (вафоти — 1456)ни танлайди, Ҳиротнинг жоме масжидида унинг суҳбатларини тинглайди. Саъдиддин Кошғарий тасаввуфда Муҳаммад Нақшбанд сулукига мансуб эди. Жомий машҳур суфийлар билан яқиндан мулоқотда бўлади. Муҳйиддин ибн ал-Арабийнинг асарларини чуқур мутолаа қилади. Ўзининг мутасаввифлик фаолиятида Баҳоуддин Нақшбанд ғояларини шу сулукнинг иккинчи бир йирик намояндаси — Хўжа Аҳрор билан яқин муносабатда бўлган ҳолда янада ривожлантирди. Расман ўзини кундалик «Маломатия» тариқатига мансуб деб ҳисобласада, асарларида Нақшбандга ихлоси баланд бўлган.
Жомий Хуросонда темурийлардан Шоҳрух, Абулқосим Бобур, Абу Саид ва Ҳусайн Бойқаро подшохлиги даврида яшади. Хуросонда Ҳирот тахтига темурий Султон Ҳусайн Бойқаро ўтиргандан сўнг Жомийнинг мамлакатдаги мавқеи жуда ортади, чунки Султон Ҳусайн ва унинг кўп авлодлари ўзларини унга мурид, деб эълон қилганлар.
Жомий 1472 йил хaжга боради. Бу сафари вақтида Нишопур, Сабзавор, Бастом, Домғон, Қазвин, Ҳамадон, Карбало, Бағдод, Дамашқ, Ҳалаб, Табриз каби бир қанча шаҳарларда бўлади. Унинг шахсий мактубларидан маълум бўлишича, яқин дўсти Хўжа Аҳрор таклифи билан Тошкентда ҳам бўлган ва улуғ мозоратларни зиёрат қилган.
Жомий катта ер-мулк эгаси бўлган. Жомий Алишер Навоий билан биринчи марта Абу Саид xукмронлиги даврида Хиёбон мавзесида ҳамма қатори кўришган. Шунда Жомий унга ўзининг бир рисоласини тақдим қилган. 1476—77 йилларда Навоий ҳам Жомийни ўзига пир, деб танийди. Гарчи Жомийнинг Навоийдан ёши анча улуғ, расман пир ҳисобланса ҳам, моҳиятан улар чин дўст ва ҳамкор бўлганлар. Жомий ўзининг («Нафаҳот ул-унс», «Баҳористон» ва б.) бир қанча асарларида Навоийни, Навоий ҳам ўз асарлари («Хамсат ул-мутаҳаййирин», «Мажолис ун-нафоис» ва б.)да Жомийни ҳурмат билан тилга олади.
Жомий «Нафаҳот ул-унс» («Азизлар нафаси»), «Рисолаи мусиқи» («Мусиқа рисоласи»), «Рисолаи муаммо» («Муаммо рисоласи») каби ўндан ортиқ асарини Навоий маслаҳати билан ёзган.
Жомий вафотидан сал бурун лирик шеърларини 3 девонга бўлиб, уларга «Фотиҳат уш-шабоб» («Ёшликнинг бошланиши»), «Воситат ул-икд» («Ўртадаги дур») ва «Хотимат ул-хаёт» («Ҳаёт хотимаси», 1479—91) деб ном берар экан, бунда Навоий маслаҳатини эътиборга олган эди. Навоий ва Жомийнинг дўстлиги адабий ҳамкорлик билан чегараланмаган.
Навоий Ҳусайн Бойқаро саройида бош вазир бўлиб турар экан, ўз сиёсий ва ижтимоий фаолиятида Жомийдан маслаҳатлар олиб турган. Масалан, Султон Ҳусайн Қундуз вилоятига қарши юришга отланмоқчи бўлганда, Жомий Навоийдан подшоҳни бу сафардан қайтаришни илтимос қилган. Саройдаги фитна ва фужурлар Навоийнинг жонига тегиб, у ўз вазифасидан кетмоқчи бўлганда Жомий уни бундай қарордан воз кечтирган. Чунки Навоийдек халқпарвар арбоб саройдан кетса, халқ ва мамлакат аҳволи янада оғирлашишини у яхши тушунар эди.
Жомий ўз асарларини форс-тожик тилида ёзган, араб тилини ҳам яхши билган. Хоразмлик тилшунос Ибн ал-Ҳожибнинг араб тили наҳв (синтаксис)и ҳақидаги «Ал-Кофия» дарслигига 1492 йилда ғоят яхши шарҳ битган. Бу китоб Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларида сўнгги вақтларгача мактаб ва мадрасаларда араб тилидан қўлланма бўлиб келди. Навоий берган маълумотга кўра, Жомий туркий тилни яхши билган.
Жомийдан улкан ва ранг-баранг адабий ҳамда илмий мерос қолган. Баъзи олимлар Жомий асарларининг умумий сони 100 га яқин деб тахмин қиладилар. Навоий «Хамсат ул-мутаҳаййирин»да унинг 38 асарини номма-ном санаб кўрсатади. Жомий асарлари фалсафа, тасаввуф, тилшунослик, адабиётшунослик, санъат соҳаларига ҳамда назм ва насрнинг ҳар хил жанрларига оид.
Жомийнинг ижодий фаолияти кўп қиррали бўлса ҳам у Шарқ халқлари маданияти тарихида кўпроқ гениал шоир ва мутафаккир — олим сифатида танилган. Бу жиҳатдан унинг эпик ва лирик мероси ғоят диққатга сазовордир. Сунгги аср адабиётшунослари ҳақли равишда уни форс-тожик адабиётининг илк тараққиёт даврдаги (10—15-асрлар) буюк мутафаккир-ижодкор деб атайдилар.
Жомий асарларининг бир қисми диний ва фалсафий мазмунга эга булиб, уларда шоир ислом дини ва шарқ фалсафасининг бир қатор масалаларини ўз қарашича талқин этади, тасаввуфнинг 15-асрдаги йирик арбоби сифатида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этади. Бунга унинг «Нақши фусус» («Маънолар нақши»), «Шавоҳиди нубувва» («Пайғамбарликка далиллар»), «Шарҳи қасидайи «Тоия» («Радифда «то» ҳарфидан фойдаланиб ёзилган қасида шарҳи»), «Нақди нусус» («Матнни танқид»), «Шарҳи қасидайи «Хамрия» («Хамрия» қасидаси шарҳи»), «Нақшбандия таълимоти ҳақида рисола», «Воҳид» атамаси ҳақида рисола», «Зикр» шартлари ҳақида рисола», «Ҳаж қилиш йўллари ҳақида рисола» каби бир қанча асарларини шу гуруҳга киритиш мумкин.
Жомийнинг «Лужжат ул-асрор» («Сирлар денгизи», 1475), «Ашиат ул-ламоат» («Йилтиллаган нур», 1476) диний-фалсафий қасидаси Ибн Синога бағишланган. Достонларида халқ оммасининг энг яхши орзу-умидларини куйлаган. 7 достондан иборат «Ҳафт авранг» («Етти тахт» ёки «Катта айиқ», 1480—87)даги «Силсилат уз-заҳаб» («Олтин занжир, 1472), «Туҳфат ул-аҳрор» («Нуронийлар туҳфаси», 1481—82), «Сибҳат ул-аброр» («Тақводорлар тасбеҳи», 1482— 83) достонларида юксак хулқ-атвор мезонларини тарғиб қилган, кишиларни маърифатга, юртпарварликка, тўғрилик, инсоф ва иймонга чақирган. «Юсуф ва Зулайҳо» (1483), «Лайли ва Мажнун» (1484), «Саломон ва Абсол» (1479—80) достонлари ишқий мавзуда. «Хирадномаи Искандарий» достони (1485) Низомийнинг «Искандарнома»сига тақлидан ёзилган. 18-аср охири ва 19-асрнинг бошларида Муҳаммад Ризо Огаҳий Жомийнинг «Юсуф ва Зулайҳо»сини ўзбек тилига таржима қилган.
Адабиётшунос ва тилшунос олим сифатида ҳам Жомий хизмати улкандир. У ўзининг «Баҳористон» тазкирасида форс-тожик адабиётининг бир қанча намояндалари ва Навоий ҳақида қимматли маълумотлар беради. Унинг «Рисолаи аруз» асари аруз ҳақидаги энг мукаммал қўлланмалардан биридир. Жомий «Нафаҳот ул-унс» асарини ёзиш билан тасаввуф тарихини ўрганишга катта ҳисса қўшди. Унда 616 мутасаввиф ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берилган бўлиб, улардан 34 нафари аёллардир. Ушбу асарни Навоий маълум бир тўлдиришлар билан ўзбек тилига таржима қилган. Жомий фақат машҳур суфийлар ҳақида маълумот бериш билан чекланмай, қатор шоир ва адибларнинг ҳаёти ва ижодига ҳам тўхталади. Навоий бу асарни ўзбек тилига «Насоим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шабадалари») номи билан таржима қилар экан, уни ўзбек шоирлари ва адиблари ҳақидаги маълумотлар билан тўлдиради.
Жомий муаммо хақида 4 рисола («Рисолаи муаммойи кабир», «Рисолаи муаммойи мутавассит», «Рисолаи муаммойи сағир», «Рисолаи муаммойи манзум»), рубоийлар шарҳи, кофия қақида 2 рисола ёзган, машҳур қасидаларнинг бир қанчаларига алоҳида-алоҳида шарҳлар битган.
Жомий мусиқа соҳасида ҳам катта обрўга эга бўлиб, «Нақши Мулла» («Нақши Имома») асари муаллифидир. Шарқ мусиқа илми тарихида Жомийнинг «Рисолаи мусиқи»си ҳам алоҳида ўрин тутади. Рисола кириш, икки йирик қисм — «илми таълиф» ва «илми ийқоъ» ҳамда хотимадан ташкил топган бўлиб, улар ўз ичига 23 фаслни қамраб олган. Жомий ўзининг мусиқий назарий ва мусиқий-эстетик қарашларида Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Сафиуддин Урмавий ва Абдулқодир Мароғийларнинг мумтоз анъаналарини давом эттирган. Асосий диққатини ўша давр амалиёти билан боғлиқ бўлган парда (лад) тизимлари (жинс, жам, «Ўн икки мақом», шўъба ва б.) ҳамда усул (ритм) масалаларига қаратган. Жомийнинг мусиқавий тафаккури адабий-бадиий ижодида ҳам ўз ифодасини топган.
Асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, бир неча марта нашр этилган. «Кофия шарҳи рисоласи», «Шарҳи Мулло» (ёки «Мулло Жомий») Марказий Осиё ва Идил (Волга) бўйи татарлари мадрасаларида араб тили грамматикасидан дарслик сифатида ўқитилган. Ўзбекистoн ва Тожикистоннинг бир қанча жамоа хўжаликлари, кўчалар, мактаблар Жомий номи билан аталади. Самарқанд шаҳрида Навоий билан Жомий ҳайкали ўрнатилган (1970).
(Абдуқодир Ҳайитметов, Шоислом Шомуҳамедов)

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Доманинг кўкламдаги гул япроғидин покроқ,
Ғунчадек кўнглим-чи, шавқингдан яқоси чокроқ.

Остонанг-ку бировлар тупроғидан пок эди,
Энди кўз ёшим билан ювганда бўлди покроқ.

Юзлаб ошиқни ҳалок этдинг тиғинг кўрсатмайин,
Ошиқ ўлдирмакда йўқдир сенча шўх – чолокроқ.

Сен-ку мен тортган аламдан шодсан, кулмакдасан
Гар қувонсанг мен бўлурман бунданам ғамнокроқ.

Яхшиларга севгувчилар қонини тўкмай ҳалол,
Бизни ўлдирган ўзинг, э ҳаммадан бебокроқ.

Кипригим-ла сув сепиб, бағрим ўти-ла қиздирай,
Бўлмасин нопок қонимдан йўлинг намнокроқ.

Минган отингнинг туёғидан ўпай, бир ёнга сур,
Йўлларингда кўп кишилар хоку Жомий хокроқ.

Форс тилидан Ғафур Ғулом таржимаси

* * *

Бундай ораз олдида сўз очма гулдан, гул нечун?
Нолаи зоримни тингла, қиссаи булбул нечун?

Ғунча эрдинг, кўз-кўз этмай гул жамолингни ҳануз,
Билмадим, ошифтадир, ошифталик, сунбул нечун?

Борлигим нақдини олгин, қиймати бир бўсадир,
Кечикар лаълинг, ажаб савдо, ё ул, ё бул нечун?

Чеҳраю зулфингни кўргач, ҳар қусурдан бўлди мот,
Сўрмади даврон сирин, ё қўлни тутган қўл нечун?

Лутф ила қилдинг назар ҳар бир дилафгорни кўриб,
Бизни гўё кўрмадинг, ўлдиргали буткул нечун?

Найлайин, ҳижрон балоси ўтди ҳар меъёрдан,
Сабру тоқат йўли йўлдир, ўзга азму йўл нечун?

Етди пайғом, шайланибсан Жомийни ўлдиргали,
Кел, тиғ ургин, бу таҳаммул боиси, эй гул, нечун?

* * *

Ким хабар бергай ғариблар ҳолидан ул ёрга,
Бир қиё боқмасмикан, бир неча тан ночорга.

Ҳажру фурқат доғидан озурда қалбим, бормикан,
Васлидан малҳам босиб, чек қўйса бу озорга.

Қонли ёшимдан ёноғим элга олдек кўринур,
Не йўсинда раҳмат айтай кўзима — хунхорга.

Фурқатидан қонли ёш тўккум, муродим, қонига
Ботсин ул кўзким муносиб бўлмади дийдорга.

Янги йилда сенга боқгум, деди, бултур менга, ой,
Боқди, бултур энди маҳкум хокка ёки дорга.

Истамам, тенг этгали ўзимга ул эшик итин,
Дош беролмас давлати ҳаргиз бу нангу орга.

Ҳажру фурқат тўшагида кўрди Жомийни табиб,
Деди: ўлмакдан бўлак йўқ чора бу беморга.

* * *

Сенга тор қалбим қафасдир, балки бешбаттар эрур,
Кел, ўтир кўз устина, не дилкушо манзар эрур.

Заъфарон чеҳрамда кўргил қонли хатлар ёшдин,
Шефталар аҳволидан бу бир варақ дафтар эрур.

Ҳажру фурқат дардидан ҳар тун ёнарман, кундузи
Эл ишонмас, менман у, ё ўзга бир пайкар эрур.

Боғу саҳро ичра сенсиз жонима доғлар бутун,
Лахча ўтдир ҳар гулу ҳар лола чўғ — ахгар эрур.

Куйди жоним, эй ёронлар, тобакай пинҳон тутай,
Дўзах ичра дил биҳишти ишқига ёвар эрур.

Менга жаннат не керак, гар итларингни кўйидан
Тегса бас шарбат суви, ҳар косаси кавсар эрур.

Комига бир жом етар деб лаъли майгундан, ахир,
Рашк ила Жомий кўзи қон тўла бир соғар эрур.

* * *

Не сафарни кўзлабон чобуксавор жонон чиқар,
Изма-из саф тортишиб жон юклаган карвон чиқар.

Хайрлашувга қолмади ҳеч кимда тоқат, арз этинг,
Раҳм этиб пинҳона чиқсин, чиққани ёлғон чиқар.

Гар дилим ҳолига ёш тўксам, бало сели тошар,
Чунки гирён кўзларимдан қатра-қатра қон чиқар.

Кечди жон мискин танимдан ёди бирла, найлайин,
Хуш эрур чиққанда меҳмон ёнма-ён мезбон чиқар.

Бир куни ўлсам агар холу хатингнинг шавқидан,
Тупроғимдан майсамас, гуллолаву райҳон чиқар,

Борлигинг, Жомий, фиғондир, тил мисоли қўнғироқ,
Қўнғироқни чалганингда нолаю афғон чиқар.

* * *

Қатра-қатра қонли ёшлар кўзи гирёнимдадир,
Не жароҳатдан томарким илдизи қонимдадир.

Ўзгалар қатли учун келганда жонон чопари,
Дема жонон чопари, босган изи жонимдадир.

Гар дилимнинг розидан парда олинса ғунчадек,
Ул гулимнинг ишқидан чоклар гирибонимдадир.

Кеча туш кўрдим, лабин тишлар эканман, то ҳануз,
Тишларим нақшин лабимда, заҳми дандонимдадир.

Йўлига хок бўлгум, эй бод, тўзғитиб етказ мени,
Қайгаким сарви равоним деса фармонимдадир.

Тунлари тасбиҳ ўгирмайди фалакнинг лашкари,
Чунки кайҳоннинг ҳуши фарёду афғонимдадир.

Сен жигарни қовуриб, дил қонидан келтир шароб,
Жомий, ул қонхўри бадмаст тунда айвонимдадир.

* * *

Узди қилдек бел хаёли риштаи тадбирни,
Кошки бир мўй берса силкиб зулфини-занжирни.

Лаъли ширин бунчалар, қорганмикан волидаси
Не ширин жон шираси бирла сутин-иксирни.

Расм чизарди ўтириб бутхонада наққоши Чин,
Оразингни кўрдию йиртди ҳама тасвирни.

Ботди тийринг кўксима, нимжон тутармак йўл аро,
Эҳтимол охир келарсан излабон бу тийрни.

Шоди масрурсан висол базмида ёронлар билан,
Яккаман ғамхонада, ғамдан кутиб таъзирни.

Истарам, арз айламай сенга вафойим қусрини,
Қайси тил бирла вале айтай бу айб-тақсирни.

Жомий, даргоҳингда бир қулдек қариди оқибат,
Навқиронлар шоҳи, сийла бу ғуломни-пирни.

Жонибек таржималари

* * *

Ёруғ кун ҳам қаро тундек ўтур, эй, моҳ, фироқингдан!
Ёниб жоним, чекурман оҳ, чекурман оҳ фироқингдан!

Билур борлиқда борлар: гоҳ борур денгизга кўзёшим,
Бузуб тунни, борур кўкларга оҳим гоҳ фироқингдан!

Етишсайдим висолингга ажал етмай туриб жонга,
Етур, майли, омонлик хоҳ, ёмонлик хоҳ фироқингдан!

Фироқ даштинда сарсонман, висол чақмоғи, кел, чақна!
Чекил, ҳижрон, чекил, бир он чиқай бу чоҳ — фироқингдан!

Келиб ёр, ўлдилар ағёр — висолда мунча ваҳшат бор!
Дегайман: лавҳашуллоҳ — офарин, воҳ-воҳ фироқингдан!

Қаноатда бу Жомий тоғ эди, барбод этиб, даврон,
Сомондай парчалаб отдинг, йўқотдим роҳ фироқингдан!

* * *

Йиғламай, не ҳам қилай, дўст, хору бемор бўлса дил,
Дилгирифторликка, нетгумким, гирифтор бўлса дил?!

Кел-да, мункир, бош қўйиб кўксимга, дил зорин эшит,
Балки инкоринг қўярсан, интизор, зор бўлса дил?!

Эй нигор, дилларга манзилдир кўйинг, гар ўтса ким,
Айт, қадам қўйсин қаерга — ерда бисёр бўлса дил?!

Муддати ҳижрон ўзаймиш — умр узун, тоқат қани,
Не қилайким, би мусибатларга ҳам ёр бўлса дил?!

Қиссаи ушшоқ ўқиркан, англадим шул ҳиссани:
Айлагай дилдор вафо, неча вафодор бўлса дил.

Етмасам васлингга гар, дардинг талаб этгум мудом,
Матлуб эрмас дарддан ўзга, гар талабгор бўлса дил.

Ўтди умрим, ўтмади ғамлар, кел, эй Жомий, бугун,
Тошюраклар зулмин айтай сенга, ғамхор бўлса дил.

* * *

Мен ҳақир бир бандаман, сен-чи, шоҳсан муҳташам,
Гар ўлурман ғам чекиб, сенга эй золим, на ғам?

Ноз-таманно-ла юриб, ўтма кўнглим ранжитиб,
Тангри ҳаққи, мен томон айла ранжида қадам!

Бошга солсанг не бало, эй нигор, бош устига,
От — ўқинг сочсин ситам, ханжаринг очсин ярам!

Ишқ элин озғурди ҳажринг етаклаб чўл тараф,
Барча йўқликка етиб, бўлди ишқ аҳли адам.

Оҳ урарман, оҳ ўқи тешди кўксим неча бор,
Ҳар тешикдак отилур дил ўтим — ўтлиғ алам.

Шўрпешонамга битилган ажалсан сен ўзинг,
Қатлимиз тийғи жафонг бирла бўлгай чун рақам.

Умр ўтар — синган сафолинда дунё сув тутар,
Бизга йўқ, Жомий, Хизр суйи, йўқдир жоми Жам.

* * *

На бахтким бу, яқин кунлар муқаррар васли ёрим бор,
Фигор жонимга малҳам ул умидбахш, шўх нигорим бор.

Бугун шаҳрим менинг битта, ягона шаҳриёрим ҳам,
Эътиқод қўйганим шаҳрим, имоним, шаҳриёрим бор.

Дилим қони билан минг бор тўлиб-тошганди бу бағрим,
Бугун бағримда мақсудим, бу бағримда баҳорим бор.

Келиб айшим баҳори, шавқу шодликлар келиб қайта,
Қувончдан кипригим намлик, севинчдан ёш тўкорим бор.

Бу кун шамдай ҳаётим бор: ёниш, зулмат насибамдир,
Бу тун дунёсидин баҳрим шудир — тунда қарорим бор.

Азобу ишқ билан ёшлик ўтиб кетмиш, қарибман, лек
Ҳамон ошиқману ҳар кун аламли, ғамли корим бор.

Бу майдан кеч, бу кунлардан кеч, эй, Жомий, деманг зинҳор,
Қўлимдан келмагай бу иш — ахир, не ихтиёрим бор?!.

Тоҳир Қаҳҳор таржималари

* * *

Қасди жонимға тилиб кўксимни мен девонани,
Ўғри тешгай ўлжа деб, деворини ҳар хонани.

Холи ишқи тухмини экма дилингга, эй рақиб,
Этма бундан ортиқ исроф, тошға экиб донани.

Тур, дегил, машшота, анда қолмади мушкин сочинг,
Бўлди ҳар соч толасиға банд кўнгул жононани.

Мен буриб кўйингга юз, кўксимни ўйдим тимдалаб,
Сен томон йўлини очсайдим дебон вайронани.

Оқибат сендан яна бегона бўлдим, не қилай,
Дўстдин олдингда обрўйи баланд бегонани.

Ишқ вафодорлиғ тақозо айлагай, бу сир эмас,
Йўқса шамъ ёқди нечун ўзи каби парвонани?!

Жомий ўздан кетди, ул зебодан, эй дўст, сўзлама,
Тинглағувчи ухлагач, сен ҳам тугат афсонани.

* * *

Мутриб, бу кеч ноламга жўровоз йиғлат чангни,
Ёқ ўзга оташлар била бу қайғули оҳангни.

Айладим кўп нолалар ул тошбағирнинг ҳажридан,
Нолаю оҳим чиқиб ёрди юракдан сангни.

Ёрдин айроману ул ён боролмам, кўзёшим
Оқди дарё сингари, забт зтди ҳар фарсангни.

Фош ўлур охир сирим, элдан нечук пинҳон тутай,
Заъфарон юзларға томган арғувоний рангни.

Оғриса нозик белинг, ошиқларинг ургай фиғон:
«Боғлама бундай сиқиб, ёр, ул миёни тангни!»

Ғамзанг ўқи деб ташлагай жону дил, раҳм айлагил,
Бир ўқ от жонимғаю тўхтат тамоман жангни.

Жомиё, бахту саодат истасанг ишқ шоҳидан,
Қечгил обрўю шарафдин, телбадек чал зангни.

* * *

Қадинг рашкида эй сарви суманбар,
Бўлибдур кўнгли юз пора санавбар.

Беҳишт боғида бўлса бир гўзалқад,
Ўшал жонона сенсан ёри дилбар.

Гўзаллик навниҳолисан дегаймиз,
Тўкиб кўзёш, қучоққа олсамиз гар.

Мени ўлдирдингу такбир демайсан,
Бу хил тошдилсен эй «оллоҳу акбар».

У лабдин айлагай доно киноя,
Шароби салсабилу ҳавзи кавсар.

Чироқ парвонани кетмакка қўймас,
Базмда ёқиб ўлдиргай муқаррар.

Сенинг ёдинг ила шод эрди Жомий,
Кўриб ошди севинчи дилда дилбар.

* * *

Гам кунжида ўтирдим, шод айлади хаёлинг,
Хушвақт улки, кўрса ҳар соати жамолинг.

Бу баски, ёқасан жон, ҳижрон ғамида ҳар он,
Мен ким эдимки бўлсам шойистаи висолинг?!

Бошимда ханжар ўйнаб, олдинг жонимни қийнаб,
Қўлингда бўлса жоним, тан — бўлса поймолинг!

Етмай лабингга, эй ёр, лабташна ўлмагим бор,
Бермас сувини зинҳор, ул чашмаи зилолинг.

Ҳижрону мотамингдан, юз ҳасрату ғамингдан,
Васлингга етганим соз, гар келса ҳам малолинг.

Ур ханжарингни ҳар он, кўксимни айлагил қон,
Жоним фидою цоним бўлсин сенинг ҳалолинг.

Жомий, нечук турай жим, очилди сўзға тилсим,
Завқи ғазал бағишлар ул сайди бемисолинг.

* * *

Қай ул манзилки, жононим у ёнда,
Таним бунда, вале жоним у ёнда.

Йироқдурмен, биҳамдуллоҳки бир бор,
Дили бесабру сомоним у ёнда.

Менга уйи тарафга йўқдир имкон,
Хуш ул, овозу афғоним у ёнда.

Мусулмонлиғ қидирманг ул диёрда,
Ки шўхи номусулмоним у ёнда.

Не ҳожат моҳи тобон ул маконда,
Ки хуршиди дурахшоним у ёнда.

Дилимни тиғ ила чок этгай ул ой,
Баҳона улки, пайконим у ёнда.

Фақат Жомий, лабингни очма зинҳор,
Менинг маҳбуби гапдоним у ёнда.

* * *

Сийминбаданим, жонга ғаним, лолаузорим,
Бир боқ, юрагимдан ювилур дарду ғуборим.

Бу хаста вужуд қолди кўйингга ета олмай,
Тун-кун ошикар сенга томон кўнгули зорим.

Момиқ баданинг оғриса, валлоҳки нетурман,
Белингни сиқиб боғлама, эй, кўзи хуморим.

Қандоқ сени кўйингдан ўтай менки, у жойдан
Гар боди сабо ўтмоғи мушкил эса ёрим.

Хуш улки, шароб сипқорибон маст йиқилсанг,
Ўпсам яширин мен кафи пойингни нигорим.

Шоҳ қасриға кам йўл берадир хор гадоға,
Жомий, сенга етмай кетадур сабру қарорим.

Олимжон Бўриев таржималари

МАСНАВИЙ

Кел, эй Жомий, сен умрлар қийнаб жонни,
Ўз таъбингдин яратолдинг беш достонни…

Ганжали шер беш достонга асос қурган,
Навоийдир панжасига панжа урган.

Лекин туркий тилда келди бу нақш ажаб,
Бу сўз Даман жодусида боғлагай лаб.

Осмондин мақтов ёғсин у қаламга,
У қаламдин келди гўзал сўз оламга.

Кечирсинлар форсий тилда зар терганлар,
Дари тилда назм инжусин келтирганлар.

Агар у ҳам назмин ёзса дари тилда,
Қолмас эди сўз айтишга куч ҳеч кимда…

Бошқа тилда нуқталарни сўйлади ул,
Ақл учун етукликка қолмади йўл.

Сенинг юксак таъбинг билан сўз устоди,
Қаламингнинг калиди-ла сўз кушоди.

Сўз юзининг порлоқлиги ўчган эди,
Хазина ҳам юкин боғлаб кўчган эди.

Сўзамоллик майдонига сен сурдинг от,
Қайта бошдин сўзнинг юзи порлади бот.

Сенинг ақлу фикринг билан сафо топди,
Э, Навоий, лутфинг билан сафо топди.

Бу кўчатда назмларни еткуриб мен,
Юрак қони билан мева биткуриб мен.

Сўз айтишдан бошқа эмас бунда сабаб,
Билимдонлик дастурида мен очдим лаб.

Мен буларни шу тартибда тузарканман,
Ҳеч кишидан эҳсон, таҳсин кутмаганман.

Кирим жойи бўлган ердан чиқмас эҳсон,
Нима фойда таҳсин айтса сенга нодон?

Сўз, лутф ила мақтовларинг қилдим, лекин
Ўз билгумнинг кўрсатолдим сенга чекин.

Молу давлат жонга жуда яқинроқдир,
Айтилган сўз ҳаммасидан яхшироқдир.

Ҳамма нарса бу дунёдин йўқолажак,
Лекин жаҳон бор бўлажак – сўз қолажак.

Ғафур Ғулом таржимаси