Саъдий Шерозий (1203-1292)

Машҳур форс-тожик шоири, адиби ва мутафаккири Муслиҳиддин Саъдий Шерозий 1203 йили Шероз шаҳрида туғилган. Отаси Шероз отабеги Саъд бинни Зангийнинг мулозимларидан бўлган. Лекин у 10—11 ёшларида отадан етим қолади.
Сарой томонидан нафақа тайинланган бўлса-да, оиланинг моддий аҳволи оғир эди. Майда савдогарчилик билан шуғулланган акасининг ҳам бозори тезда касод бўлади. Шунга қарамай, билимга чанқоқ Муслиҳиддин бошланғич маълумотни туғилган шаҳри Шерозда олгач, таҳсилни давом эттириш учун халифалик пойтахти, ўша даврнинг энг йирик илм ва маданият маркази бўлган Бағдодга боради. Донгдор «Низомия» ва «Мустансирия» мадрасаларида калом, фиқҳ, тафсир илмлари, араб тили сарфу наҳфи, араб ва форс адабиёти, Шарқ фалсафаси, тарих, мантиқ, тиб хамда бошқа табиий ва аниқ фанларни ўрганади. Таниқли тасаввуф олими ва файласуф адиб Шаҳобиддин Суҳравардий ҳамда йирик илоҳиёт алломаси Абулфараж Абдураҳмон ибн Жавзий қўлида таҳсил олади.
ХИ асрда салжуқий султонлардан бир нечтасига вазирлик қилган машҳур давлат ва жамоат арбоби Низомулмулк асос солган «Ннзомия» мадрасаси 6 минг талабани ўз бағрига олса, «Мустансирия» кутубхонасида 70 минг жилддан ортиқ китоб бўлган. Бу икки улкан мадрасанинг мусулмон Шарқидаги нуфузини шундан ҳам билса бўлади. Талабалар орасида, айниқса, забардаст араб шоири Мутанаббий шеърларига қизиқиш кучли эди. Бу мутолаалар кейинчалик Саъдий ижодига кучли таъсир кўрсатди. У бу ердаги илмий-адабий давраларда фаол иштирок этиб, билимининг кенг ва чуқурлиги, далилларининг ўткир ва асослилиги, воизлик иқтидори туфайли ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилар ва баҳсу мунозараларда ҳамиша ғолиб чиқар эди.
Мадрасани тутатган Саъдий олган билимларини амалиётга қўллаш ўрнига, Шарқ мамлакатлари бўйлаб узоқ йиллик саёҳатга отланади. Буни икки сабаб билан асослаш мумкин: биринчиси шоирнинг саёҳатга ўчлиги, иккинчиси — мўғуллар тасарруфидаги улкан ҳудудда илму ижод учун осойишта шарт-шароитнинг юқлиги. У гоҳ олим ва воиз, гоҳ сўфий ва дарвеш суратида Эрон, Арабистон, Кичик Осиё, Миср, Хуросон, Шарқий Туркистон каби мамлакатларни баъзида оту эшак, баъзан эса пойи пиёда кезиб чиқади. Бу саёҳатлар 20 йилдан ортиқ давом этган. Саёҳат даврида Саъдийга карвонни қароқчилардан ҳимоя қилиб, муҳорабага киришига ҳам, турли жойлардаги мадраса ва қозихоналарда ваъз ўқишига ҳам, шайху сўфийлар билан мубоҳаса қилишига ҳам тўғри келган. У Ҳиндистонда ҳам бўлиб, бир муддат бутхонада истиқомат қилган, салибчиларга асир тушиб, уларнинг қалъаларини тузатиш ишларида қатнашишга мажбур бўлган. Бу саёҳатлар давомнда Саъдий ҳаёт илмини чуқур ўрганиб, инсон феълини бутун мураккаблиги билан англаб, ўз даврининг кўпни кўрган донишманд кишиси бўлиб етишади. ХИИИ асрнинг ўрталарида Шерозга қайтиб келган шоир дунё ташвишларидан ўзини четга олиб, шаҳар чеккасидаги шайх Абу Абдуллоҳ Ҳафиф хонақосида фақирона ҳаёт кечиради ва 1292 йили вафот этади. У дафн этилган боғ ва мақбара шеърият ихлосмандларининг зиёратгоҳларидан бири бўлиб, ундан кеча-кундуз шоир мухлисларининг қадами аримайди.
Форс тожик адабиётида Саъдийнинг мақоми жуда юксак. Хусусан, бой ҳаётий тажриба асосида яратган «Бўстон» (1257) ва «Гулистон» (1258) асарлари унга оламшумул шуҳрат келтирди.
«Бўстон» ўн қисмдан иборат бўлиб, унинг таркибий тузилиши қуйидагича: ҳамд; наът; китобнинг ёзилиш сабаби; Абу Бакр бин Саъд бин Зангий мадҳи; Саъд бин Абу Бакр бин Саъд мадҳи; биринчи боб — одиллигу тадбиру андиша зикрида; иккинчи боб — эҳсон зикрида; учинчи боб — ишқу ошиқлигу мастлик зикрида: тўртинчи боб — тавозеъ зикрида; бешинчи боб — ризо зикрида; олтинчи боб — қаноат зикрида; еттинчи боб тарбият олами зикрида; саккизинчи боб — шукру омонлик зикрида; тўққизинчи боб — тавба ва савоб йўли зикрида; ўнинчи боб — муножот ва китоб хотимаси зикрида.
«Гулистон» саккиз бобдан иборат бўлиб, унинг таркибий тузилиши қуйидагича: дебоча; биринчи боб — подшоҳлар сийрати зикрида: иккинчи боб — дарвешлар ахлоқи зикрида; учинчи боб — қаноат фазилати зикрида; тўртинчи боб сукут сақлашнинг фойдалари зикрида; бешинчи боб — ишқ ва ёшлик зикрида; олтинчи боб — қарилик ва заифлик зикрида; еттинчи боб — тарбият таъсири зикрида; саккизинчи боб — суҳбат одоби зикрида.
Саъдийни ғазал жанрининг кашшофи ва устоди сифатида ҳам улуғлашади, чунки унгача форсий шериятнинг етакчи жанрлари қасида, достон, маснавий, қитъа ва рубоий эди. Рудакий, Саноий, Хоқоний, Жамодиддин ва Камолиддин Исфаҳонийлар кўплаб ғазаллар ёзган бўлсалар-да, улар қасида ва қитъа характерига эга бўлиб, ўзаро мустақил алоҳида байтлардан ғазал яратиш анъанасини Саъдий бошлаб берди. У ғазалчиликдаги ўзигача олиб борилган изланиш ва тажрибаларни ривожлантириб, ғазални такомилга етказди, кейин Хусрав Деҳлавий, Ҳасан Деҳлавий, Хожу Кирмоний каби забардаст шоирлар уни янада тараққий эттириб, Ҳофиз Шерозийга етказдилар, Ҳофиз эса уни юксак чўққига олиб чиқди. Саъдий ғазаллари 4 девондан иборат бўлиб, улар «Таййибот» («Латиф ғазаллар»). «Бадоэъ» («Янги ғазаллар»), «Хавотим» («Хотима ғазаллар») ва «Гъазалиёти қадим») («Эски ғазаллар»)дан иборат.
«Гулистон»га эргашиб кўплаб асарлар ёзилган, лекин улардан фақат 3 таси: Абдураҳмон Жомийнинг «Баҳористон»и, Мажиддин Хофийпинг «Хористон»и, Ҳабиб Қоонийнинг «Паришон»и шуҳрат қозонган.
«Гулистон» ХВИИ асрнинг биринчи ярмидаёқ Европа тилларига таржима қилиниб, тарқала бошлаган. У илк бор франтсуз дипломати Андре Рис томонидан франтсуз тилига ўгирилиб, 1634 йили Парижда нашр этилган. Бу таржима жуда эркин бажарилган ва мукаммал бўлмаса-да, кўпчиликнннг эътиборини тортади. 1635 йили асар франтсузчадан немис тилига таржима қилинган. Шундан кейин бошқа ғарб тиллари, шунингдек, рус тилига ҳам ўгирилган. Рус тилида «Гулистон» (1957. 1959) ва «Бўстон» (1963) асарларининг мукаммал таржималари босилиб чиққан.
«Саъдий ёлғиз Эрон эмас, балки Осиёнинг, Африқонинг ҳамма ерида ҳурматли бир файласуфдир. Унинг тарзи баёнининг тароватини ва ифодасининг қимматини Оврупо илму адаб аҳли ҳам кўпдан бери тан олганлар», — деб ёзади машҳур мажор олими Херман Вамбери. Буюк немис шоири ва мутафаккири И. В. Ҳёте Саъдийни «жуда маҳсулдор ва файзлп», «ҳаёт тажрибаси билан бойиган жуда яхши шоир» деб ҳисоблаган.
Машҳур франтсуз файласуфи ва адиби Волтер «Гулистон»дан хабардор бўлган ва баъзи шеърларида ундан фойдаланган. Таниқли франтсуз масалчиси Лафонтен ҳам «Гулистон»даги ҳикоят ва нақллардан ўз масалларида истифода этган. Улуғ
рус шоири А. С. Пушкин: «Саъдий ва Ҳофиз асарларининг пинҳоний асрорига етгунимча шеърларимда қувончбахш жиҳатлар ва ҳаётдўстлик кам учрарди», — деган эди.
Саъдий асарлари қадимдан ўзбек халқи орасида ҳам машҳур. «Бўстон» ва «Гулистон» асарлари мадрасаларда асосий дарсликлар сифатида ўқитилиб келган. Мумтоз шоирларимиз бу улуғ сўз санаткоридан ўрганганлар, таъсирланганлар. Алишер Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб», Хожанинг «Гулзор», Абдулла Авлонийнинг «Туркий «Гулистон» ёхуд ахлоқ» асарлари бевосита Саъдий «Гулистон»и таъсирида яратилган. «Девони Фоний»да Саъдий ғазалига 22 га татаббуъ, унинг таврида 4 та ғазал мавжуд.
Бу асарни биринчи марта 1390—1391 йилларда ХИВ аср ўзбек адабиётининг йирик намояндаларидан бири Сайфи Саройи «Гулистон бит-туркий» номи билан Мисрда таржима қилган.
ХИХ асрда «Гулистон» Хива хони Муҳаммад Раҳимхон ИИ — Феруз топшириғи билан забардаст шоир ва моҳир мугаржим Муҳаммадризо Огаҳий томонидан иккинчи марта ўзбек тилига таржима қилинади. «Гулистон»нинг учинчи таржимаси тошкентлик мударрис ва шоир Мулло Муродхўжа Солиҳхўжа ўғли қаламига мансуб бўлиб, у «Шавқи Гулистон» деб аталган. «Муродхўжа мадраса талабалари эҳтиёжини ҳисобга олиб, асарнинг қийин сўз ва иборатларини шарҳлаган ва форсий оригиналини ҳам қўшиб, «Гъуломия» матбаасида нашр эттиради» (1909).
1968 йили «Гулистон»нинг тўртинчи таржимаси босилиб чиқди. Асардаги шеърларни Гъафур Гъулом ва Шоислом Шомуҳамедов, наср қисмини Рустам Комиловлар ўзбекчалаштиришган.
«Бўстон» асари аввал Чустий, кейин Ш. Шомуҳамедов томонидан таржима қилинган бўлса-да, бу таржималарнинг ҳар иккаласи ҳам тўлиқ эмас. Асар қисқартирилиб, замонга мослаб. диний-тасаввуфий руҳдаги қисмлардан холи қилинган ҳолда ўзбекчага ўгирилган.

ҒАЗАЛЛАР

Эй сорбон, оҳиста юр, ороми жоним борадур,
Тандин дилу жоним олиб, ул дилситоним борадур.

Қолурмумен олис бўлиб, бечораю маъюс бўлиб,
Қалбим фироқ тиғи тилиб, то устухоним борадур.

Дердим қилиб найранг-фусун, сиррим этай пинҳоп бу кун,
Пинҳон бўлолмас чунки хунҳ дилдан ниҳоним борадур.

Саркаш нигоримдан жудо, айшу қарорим бебақо.
Манқалда оташдек қаро дуд бирла қоним борадур.

Чексам-да зулм бедодини, ҳам ваъдалар барбодини,
Кўксимда тутгум ёдини, токи забоним борадур.

Тўхтат бир оз, эй сорбон, карвонни қилма тез чунон,
Сарви равон ишқида жон — руҳи равоним борадур.

Қайт, кўзларимга қўй оёқ, эй дилфириб, кетма йироқ,
Эй нозанин, кўкка бу чоқ оҳу фиғоним борадур!

То субҳки, уйқу билмадим, носиҳни кўзга илмадим,
Аммо атайлаб қилмадим — қўлдан иноним борадур.

Сабр айла, дер, менга жарас, ёр васлини қилма ҳавас,
Бу менга лойиқ иш эмас, чун хонумоним борадур.

Ундай чиқар жону бу тан, сабил қолур деб кўп сухан,
Тинглаган эрдим, энди ман кўрдимки жоним борадур.

Қилма фиғон, эй Саъдиё, ҳеч арзимас ул бевафо,
Тоқатни қўймас бу жафо, ақлу имоним борадур.

* * *

Сенмисан, ё боғима сарви равоним келдиму?
Ё малак одамсифат бўлган замоним келдиму?

Уд тутатмоқ бўлдиму бўстон аро дўстлар иши,
Ёки ёрим келди, ё мушк корвоним келдиму?

Сорбон, солгил назар зебо нигорим ҳуснига,
Гар ҳаридор бўлса, тутдим қўлда жоним, келдиму?

Энди ҳеч дарду алам бирла ўтирмам уйда ман,
Келдиму бозорга гул, жавлонли оним келдиму?

Гарчи сен онинг санам тарзини инкор айласанг,
Мен ҳамон кўзим нигорон — жонажоним келдиму?

Кўзларим гар қайта кўрмоқда нигорим чеҳрасин,
Ваҳ, магарким мурда танга қайта жоним келдиму?!

Ҳарнаким, мендан кетишга ҳозир эрди боғлади,
Барча ҳайрат этди ё оромижоним келдиму?

Най агар озодалар мажлиcи ичра нолаваш,
Захмидиндур ноласи, ул жон фиғоним келдиму?

Уйқудек хуммор кўзингдан ажрагач бир лаҳза, айт,
Уйқусиз кўзларга хоби ногаҳоним келдиму?

Нола қилма, Саъдиё, жабр этса ёринг, ҳиммат эт,
Ёр жабри ёрга ўтгай, соябоним келдиму?!

* * *

Дўстларимнинг суҳбати худди олам жаннати,
Ё жаҳаннамнинг ўти номуносиб суҳбати.

Гар азизлар суҳбати бирла ўтса бир нафас,
Шул нафасни бил ҳаёт ҳосили ҳам шарбати.

Кўз, қулоқ, тил бўлса ҳам, барча одам бўлмагай,
Қанча кўрдим деву жин — мисли одам сурати.

Хуш чиройдан ҳам башар ҳуснн ортар-ку, фақат —
Одам ўлғай шул киши бўлса гўзал сийрати.

Мен ҳасадни билмасам, ҳасратин билмас эдим,
Ҳасад ўтин солади ёр қўшилган фурсати.

Ким баҳорни кўрмаса кўкаламзорга чиқиб,
Робиаъ ойида ҳам бор муҳаррам қиммати.

Кўзи доимо гўзал чеҳрада дил бўлса тош,
Насиҳатга кўнмагай, дил тўлиқ жаҳолати.

Кездим олам юзини, топмай ором асарин,
Бўлса фақат севгили ёр қучоғин роҳати.

Аҳли диллар томиридан тоза хун оқса агар,
Дўст висоли малҳами, дори топган иллати.

Молу дуиё яхшидур, тан шарифу жон азиз,
Барчасидан ҳам баланд ёри вафодор ҳурмати!

Мумсик одам кулфати — молу дунё ташвиши,
Дўст-ла шодон ўтади Саъдийнинг ҳар соати.

Шоислом Шомуҳамедов таржималари

* * *

Бу гўзал юзларга боқмаслик жуда мушкил эмиш,
Ким насиҳат қилса менга, панди беҳосил эмиш.

Ҳусн шоҳидан агарчи дилда минг қўрқув яшар,
Тонгда ёрни кўрган ошиқ бахтга восил эмиш.

Кулгичи чоҳидаги бечораларнинг ҳолати
Ул малаклардекки, Бобул чоҳида манзил эмиш.

Бундан аввал зуҳду тақвони даъво қилган эдим,
Энди билдим: неки даъво айладим, ботил эмиш.

Барчанинг наздида гарчи ўлим элчиси заҳар,
Ёр заҳар берса ҳам, аммо, дафъи дарди дил эмиш.

Ёр кўнидан оёқ тортиб кетолмайман сира,
Дўстлар, маъзур тутинг, кўнглим шунга мойил эмиш.

Сабр қил, девона деб ҳукм этса оқиллар сени,
Бермаса ким жонни жононга, нечук оқил эмиш?

Куфр деб билса гўзаллар юзига боқмоқни ким,
Ул фақат сувратга масту маънидан ғофил эмиш.

Сорбон, оҳиста юр, карвон ила жоним борар,
Ёр маҳофа устида, остида гўё дил эмиш.

Тушса ҳижрон ўртамизга гарчи юз манзилда ҳам,
У ширин жон ичра тушган бир ажиб манзил эмиш.

Дўст бўлинг, Саъдий, қийинмас ҳар нечук инсон билан,
Боғланиб қолсанг ва лекин, дил узиш мушкил эмиш.

* * *

Биз ушбу шақарда хору бу элда фақир,
Бандингга гирифтормиз-у, домингга асир.

Олам эшиги элга очиқ, бизга ёпиқ,
Зулфинг сени бўйнимиздаги занжир, ахир!

Мен сендан узолмагайман-эй асти кўзим,
Сен ҳам назарингни узма, эй қомати ҳур!

Наздингда ошиқлар ичида яхшиси йўқ,
Аммо мен учун жаҳонда йўқ сенга назир!

Орзум эди: бир кун сенга жоним бераман!
Билдим: кўрасан ҳаттоки жонни-да ҳақир.

Мен барча бу сўзларни дедим дард зўридан,
Чиқмас ҳиди ўтга солмаса чунки абир.

Ҳар қанча яширмасин паришонлигини,
Ошиқ юзи фош этар сирини барибир.

Бу кексашшг ишқи сени ҳайратга солар,
Бу кекса дил ўгидан бўл, эй ёш, ҳазир!

Кўз Каъбаси қошинши камонхонасидир,
Узмайди нигоҳ тиғ уриб, этсанг-да басир.

Нодон кишилар менга насиҳат қилишар.
Ошиққа насиҳат сира бўлмайди зарур.

Ҳусн аҳли яралмишдир азал кўрмоқ учун,
Гар кўрмаса, Саъдий, не керак кўзга нур?!

Эргаш Очилов таржималари

РУБОИЙЛАР

Кўнглим ўтидан ичимдаги қон қайнар,
Шундан мени эл телба дебон гап ўйнар.
Ким кўрса эди Лайли юзини бир бор,
Билгай эди: Мажнунни нима дард қийнар?

* * *

Ваҳ-ваҳ, на қиёмат бу келишган қомат!
Йўқ сарвда ҳатто қоматингга нисбат!
Бошланди қиёмат, демасин, марҳумлар,
Ҳеч ўтма мозор қошидан, эй моҳталъат!

* * *

Бузганча вафо шартини ул жонона,
Тарк айлади — кўнглимни қилиб вайрона.
Деди: «Мени уйқунгда кўрарсан энди!»
Дедим: «Менга сенсиз уйқудир бегона!»

* * *

Шоҳдир ўша бевафо кўнгил тахтимда,
Шамъ элга, бироқ алангадир рахтимда.
Ул барча билан ўнг-у, фақат мен ила терс,
Йўқ айби унинг, гуноҳ бу шўр бахтимда!

* * *

Тунлар ўтади — уйқу қочиб кўзимдан,
Кўнглимни узолмагум дилафрўзимдан.
Ўз қўли билан тўкса эди қонимни,
Ўлсам эди рози бўлиб ўз-ўзимдан.

Эргаш Очилов таржималари

ФАРДЛАР

Балолар домида қолсанг, Худо номини тутгайсан.
Агар ҳал бўлса мушкулинг, яна Ҳақни унутгайсан.

* * *

Шундай дейишар ,экан бир қавми араб:
Насли тутасин, агар туғилса беадаб!

* * *

Эй бўри, кучингга бўлма мафтун,
Юз бергусидир додингнн бир кун.

* * *

Худони эсла доим соғу бою шод юрганда,
Дилу жондан Худо дейсан, ахир, бахт юз ўгирганда.

* * *

Ким кучлию қудратлию ҳам паҳлавон?
Ўз нафсини енголган одам паҳлавон!

* * *

Инсофга кириб, ким хайр учун боғлар бел:
Топсин уни(нг) хайридан мадад муҳтож эл.

* * *

Бойлик ва амал — нокас учун оламда,
Ов чоғида ит яхши, ахир, одамдан.

Эргаш Очилов таржималари

«СОҲИБИЯ»ДАН

Минбарнинг пойида турса ҳам эшак,
Тарбия юқмайди, бўлмайди одам.
Тарбия кўрмайин улғайса киши.
Эшак бўлиб қолур юзга кирса ҳам.

* * *

Ҳовончага дедим: «Додинг кўп баланд.
Айт, кимдан чекасан бунчалик фарёд?»
Деди: «Не тил билан айтай, эй Саъдий,
Зарбни ўз ёримдан ейман умрбод!»

* * *

Фақат хуш кўнгилдан изла яхшилик.
Тинчлик сармоясин изла аввало.
Суст қўлда тез қилич ярақлай олмас,
Бузуқ дилдан чиқмас яхши сўз асло.

* * *

Тинчлик мулки эрур мевадор дарахт,
Мевасига айланг қаноат чандон.
Фақат бир мартаба тотар мевасин
Дарахтни илдиздан қуритган нодон.

* * *

Одам эрсанг, фақат яхшилик иста,
Сени фарқ этсинлар токи ҳайвондан.
Ҳайвондан сени ақл ажратиб турсин,
Йўқса, у қудратда зўр-ку инсондан!

Шоислом Шомуҳамедов таржималари

ҲИКМАТЛАР

Икки киши ўртасига ўт ташлар кези,
Бу ўртада ақлсизнинг куяди ўзи.

* * *

Доно киши вужуди мисоли зару тилло,
Ҳар қаэрга борса ҳам қиммати тушмас асло.

* * *

Чумоли ёз бўйи йиғар емак-дон,
Токи қишда уйи бўлсин фаровон.

* * *

Ҳаракат бўлмаса, бўшаб кишани,
Орзуга етолмас полвонлар тани.

* * *

Ҳар ишдаким, инсон кўрсатур ҳиммат,
Тикан ҳам гулдаста бўлур оқибат.

* * *

Чин азму ҳаракат қилмай муттасил,
Ҳеч кимса муроди бўлмади ҳосил.

* * *

Эрта кун арпага зор бўлмай десанг.
Бу кун эк, шоядки, буғдой нон эсанг.

Шоислом Шомуҳамедов таржималари

«ГУЛИСТОН»ДАН

Фитна юзли рост сўздан бўл йироқ,
Маслаҳатли ёлғон андан яхшироқ.
Оқил ул сўзни ўринда сўзлагай,
Ҳам жавобини муносиб кўзлагай.
Ким мухолиф бўлса султон сўзина,
Келтурур ул кўб балолар ўзина.

* * *

Эй неча бекни, маликни ўйла ебтур бу жаҳон —
Ким, алардан ер юзинда қолмади зарра нишон.
Хайр қил, эй неъмати кўп хожа, сен андин бурун —
Ким, юруб деган мунодий: «Қолмади хожа фалон!»

* * *

Сиғар бир ҳужраға ўн икки меҳмон,
Бир иқлима сиғишмас икки султон.

* * *

Бу замона зоҳидин кўр: Каъбаға ортин бериб,
Юз халойиққа тутуб, дойим қилур ботил намоз.
Зоҳид улдурким, таваккулнинг мақоминда туруб,
Туну кун қилғай ибодат, дам-бадам узру ниёз.

* * *

Қилиб тавба қутулмоққа бўлур Тангри азобиндан,
Ва лекин бу халойиқнинг тилиндан қуртулуб бўлмас.

Сайфи Саройи таржималари

* * *

Эйки, султон олдида сўзинг топибдур эътибор,
Яхши сўз айтурни пеша қил ўзингга зинҳор.

* * *

Деди бир вақт бир ориқ доно
Семуз аблаҳга нуктаи марғуб:
Ки бедав от агарчи лоғардур,
Лек бордур семуз эшакдин хўб.

* * *

Мен онингдек кимса эрмасманки, ёвдин қочғомен,
Мардман андоқки, кўргунгдур танимни қон аро.
Ким урушға чиқғуси — кечмак керакдур жонидин,
Қониға қолғай черикнинг, гар қочар майдон аро.

* * *

Бўри фарзанди бўри бўлғусидур,
Нечаким одам ичра улғайсун.

* * *

Қилмадинг суратим ҳақир кўруб,
Манда мундоқ улуғ ҳунарни гумон.
Ориқ от иш кунида буткорур иш,
Бўлмас ул иш семуз ўкуздин аён.

Огаҳий таржималари

* * *

Вафосиз дунёга дил берма зинҳор.
Ҳеч кимга дўст бўлмас чархи кажрафтор.
Ўлади шубҳасиз яхши ҳам ёмон,
Бахтлидир яхши ном қолдирган инсон.

* * *

Тириксан, гўрингга гуллар экиб қол,
Кейин қўзғалмоққа қолмагай мажол.
Даврон офтоб-у, умр худди қор,
Тириксан, мағрурлик қилмагин зинҳор.

* * *

Пулинг йўқ, бозорда нима қиласан?
Қўрқаман, саллангдан ажраб келасан…

* * *

Кимки ўз ҳосилин хом еб тугатар,
Куз куни хирмондан машоқлар терар.

* * *

Бу кун сўзламоққа сенда имкон бор,
Ҳар қанча яхши сўз топсанг, айтиб қол.
Эртага ажалнинг элчиси келгач,
Тилинг қимирлашга тонмагай мажол.

Ғафур Ғулом таржималари

Ўз меҳнатидан нон еган киши,
Ҳотам миннатидан озод ёш-қиши.

* * *

«Ҳамёни соф тилла тўла бўлса ҳам,
Оч киши саҳрода қўёлмас қадам.
Биёбонда қолган оч бечорага,
Кумушдан яхшидир қайнаган шалғам».

* * *

Қоврилган қуш қадри тўқлар олдида
Дастурхонда пиёз, кашнич, ўтдан кам.
Оч олдида ўтар товуқ ўрнига
Қуруқ сувда қайнаб пишган бир шалғам.

* * *

Дил на қилсин паст табиат бўлса тан,
Ҳар маҳал эсмас шамол хоҳиш билан.

* * *

Муҳтож банда илтижода Худога қўлин очар,
Тўқлигида қўлларини қўлтиққа уриб қочар.

Шоислом Шомуҳамедов таржималари

«БЎСТОН»ДАН

Эшит, эй ҳунарманд — доно киши,
Эмас айб излаш ҳунарманд иши.

* * *

Жаҳондан кетар пайтда Нўширавон
Бу сўзларни Ҳурмузга этмиш баён:
«Хамиша ғариблар дилин овлагил,
Сен ўз роҳатинг кўзлаган бўлмагил.
Агар роҳатингни қиларсан ҳавас,
Қўл остингдагилар сира тинчимас.
Ақлликка маъқул эмас ҳеч қачон,
Еса қўйни бўри, ётиб қўйчивон.
Чиқор ҳожатин ҳамма муҳтожни,
Шулар қўйди шоҳ бошига тожни.
Дарахт бўлса шоҳ, халқ илдиз эрур,
Бил, ўғлим, томир-ла дарахт улғаюр.
Элинг қалбин оғритма, берма зарар,
Қурур илдизинг ранжиса эл агар.
… У юртда тополмайсап ободлик
Агар элда йўқ шоҳидан шодлик.
Тушида кўрар юрт ободлигин
Хароб айлагач юрту элнинг дилин.
Ёмонлик, ҳароблик зулмдан келур,
Улуғлар бунинг маънисин хўб билур.
Ситам бирла қатл этмоқ элни зиён.
Шулар мамлакатда мадор, соябон.

* * *

Эшитдимки, Шеруяга ушбу хил
Ўлим вақти Ҳусрав деди: «Яхши бил,
Нечук ишни қилмоққа этсанг ният.
Мудом эл ишин яхшилашга қарат…
Агар бўлса ўткир тиғинг қанчалик,
Эмас тул хотиннинг дилин оҳидек…
Ёмон ҳам ўтар, яхши ҳам, яхши бил,
Сени яхши ном бирла ёд этсин эл…
Сила яхши бошини — бермас зиён,
Ёмонга тараҳҳум — ўзингга ёмон…
Таниш бўлмагандан ҳазар яхшидур,
Ки дўстлик ниқобида ёв ҳам бўлур…
Сахий бўл-у, хуш хулқу мардона бўл,
Гъарибларга боққилки, ҳақ йўли шул.
Қололмас жаҳон ичра мангу киши,
Фақат қолгуси яхши ному иши.
Тирик улки, ундан кейин қолса жой,
Ҳовуз, қил кўприк-ла карвонсарой.
Агар қолмаса ҳар кишидап нишон.
Удир меваси йўқ дарахт бегумон.

Чустий таржималари

Яхшилик қилган ҳеч кўрмас ёмонлик,
Ёмон ўз жонига топмас омонлик.

* * *

Мусофирга меҳр кўргузсанг агар,
Улар яхши номинг оламга ёяр.

* * *

Улуғлар зъзозлаб ғариб одамни.
Шуҳратлари тутди бутун оламни.
Озор чекиб кетса ғариб хотири.
Мамлакат шуҳрати сўнар охири.

* * *

Бегонадан бўлмоқ керак эҳтиёт,
Дўст қобиғи ичра учраб турар ёт.

* * *

Қаттиқлик, юмшоқлик юз берар боҳам,
Табиб ҳам ниш урар, ҳам қўяр малҳам.

Шоислом Шомуҳамедов таржималари

Карамнинг мадҳини баёнида

Дило, ҳар киши ёзса хони карам,
Бўлур номдори жаҳони карам.
Карам номдори жаҳон айлагай,
Карам комгори замон айлагай.
Карам мояи шодмони бўлур,
Карам ҳосили зиндагони бўлур.
Карам ортида дунёда кор йўқ
Ва мундин иссиқ ҳеч бозор йўқ.
Карамдин бори ал дилин тоза тут,
Жаҳонни саходин пуровоза тут.
Бағишлашда бўл доимо мустақим,
Ки жонни яратқувчи бордур карим.

Саховатнинг сифати баёнида

Саховат қилур некбахт ихтиёр,
Ки кимса саходин бўлур бахтиёр.
Қилиб лутфу эҳсон, жаҳонгир бўл!
Саховатнинг иқлимида мир бўл!
Саховатдур аҳли басират иши,
Саховат бўлур яхшининг варзиши.
Саховат эмиш айбга кимё,
Саховат бори дардларға даво.
Чу қодир эсанг, айлағайсан сахо,
Ки етгай улуғлуқ саходин санго.

Сидқий Хондайлиқий таржималари

ТАВОЗE ВА КАМТАРЛИК ХУСУСИДА

Ҳикоят

Булутдан бир қатра томиб ногаҳон,
Денгизга тушди-ю бўлди паришон.

Ҳижил бўлиб деди: «Мен кимман, зотан
Бу бор жойда этай мен йўқликни фан.

Ҳақирона солди ўзига назар,
Садаф уни қуэҳиб бўлди жонпарвар.

Фалак иши шундай келиб бу маврид,
Садаф ичра бўлди шоҳкор марварид.

Баланд бўлди пастлик қилиб ихтиёр.
Йўқлиққа кўнди-ю бор бўлди у бор.

Камтаринлик одат ақлли эрга,
Мевали шох боши эгилур ерга.

* * *

Мард эрсанг мардлигинг қилма овоза,
Ҳар ўйинчи тўпи топмас дарвоза.

Қанча артма пиёз пўст устига пўст,
Ўйларки пистадек магъзи бор дурус.

Оқиллардан ҳикмат сўз қолур ёдгор,
Саъдийдан шу сўзни ёд олмоқ даркор.

Ҳикоят

Сотарди асал бир ширин сўз киши,
Кўнгилни овларди унинг ройиши.

Шакарқамичидек бели белбогъдор,
Молини пашшадек талар харидор.

Унинг моли заҳар бўлса ҳам тугал,
Талаб кетишарди мисоли асал.

Бир дагъал кўз ташлаб эл гъавгъосига,
Ҳасад билан боқиб бол савдосига.

Эртасига барвақт бозорга келди,
Асал сотмоқ бўлиб, ҳар ёққа елди.

Каттакон қовоқда бошида асал,
Бадбуруш башара, сўзлари дагъал.

«Асал кетди» дея қилди машмаша,
Болига қўнмади ҳаттоки пашша.

Кечгача бир пуллик қилолмай савдо,
Уйга қайтар зиндоний бўлгандек тажанг.

Хотини устидан шўх сўзлаб кулар:
«Баджаҳл қўлида асал ҳам заҳар!»

Ёмон хулқ дўзаҳга судрайди осон,
Яхши хулқ беҳишт-у жаннатдан нишон.

Ариқда илиқ сув бўлса шуни ич,
Дагъал киши яхна шарбатидан кеч.

Серзарда кишининг манглайи тириш,
Ҳаромдир ундайлар нонини ейиш.

Бадхулқ қийинликка учрар аксари,
Бадхулқнинг доимо бахти тескари.

Бўлмаса ҳам майли мол, дунё, пулинг,
Саъдий каби бўлсин асалдек тилинг.

«Бўстон»дан