Суҳроб Сипеҳрий (1928-1981)

Суҳроб Сипеҳрий (سهراب سپهری) 1928 йилда Кашан шаҳрида туғилган. Эрон санъат институтининг тасвирий санъат бўлимида ўқиган. Шоирнинг “Чаман қўйнида ёхуд ишқ оромгоҳи”, “Тушлардаги ҳаёт”, “Қуёшнинг айланиши”, “Сув одимининг товуши”, “Йўловчи”, “Яшил ҳажм”, “Саккиз китоб” номли тўпламлари нашр этилган. Шоир 1981 йилда вафот этган.

МАНЗИЛ

“Дўст уйи қайда?” –
Тонготар пайтида сўради отлиқ.
Осмон бир нафасга қотиб қолди.
Йўловчининг лабидаги нур шохчаси
зулматга чўмилган шағалларни ёритди.
Ва йўловчи кўрсаткич бармоғи билан
оқ теракни кўрсатиб деди:
“Дарахтга етмасдан,
Худонинг уйқусидан ҳам яшилроқ
бир хиёбон бор.
Унда ишқ,
садоқатнинг қанотлари ҳажмида кўм-кўкдир.
Комилликдан ўтадиган кўчагача боргайсан.
Сўнг ёлғизлик гули томон бурилиб,
ер юзининг абадий фавворасига,
асотирга етгайсан.
Ва сени шаффоф бир қўрқув босади.
Фазонингсамимий оқимларида
Қулоғингга чалинади бир “хиш-хиш”.
Баланд бир қарағай устига чиқиб,
нур тўла уядан жўжа олаётган
болакайни кўргайсан
ва
ундан сўрагайсан:
“Дўст уйи қайда?”

ДЕНГИЗЛАР ОРТИДА

Бир кема қургум
сувга туширгум.
севги ўрмонида қаҳрамонларни
уйғотиб қўйгувчи кимсаси бўлмаган
ғурбатли бу юртдан бош олиб кетгум.

Кемада тўр йўқ
ва дилда марварид орзуси.
Мен ҳамон сузишда давом этгум.

Бундан сўнг
сув ости дунёсига
ва
балиқчиларнинг ёғдули хилватларига
зулфидан афсунлар таратиб
сувга шўнғиётган парига
кўнгил қўймагум.

Мен ҳамон сузишда давом этгум,
мен ҳамон куйлашда давом этгум.
Узоқлашиб кетмоғим керак.

У шаҳарнинг эркаклари ўтмишсиз эди,
у шаҳарнинг аёллари бир бош узумчалик
етилмаган эди.

Ҳеч бир уйнинг деразалари
шодликларни такрор этмади.

Шуълаларни акс эттирмади
ҳатто бирор-бир кўлмак.

Узоқлашиб кетмоғим керак.

Тун куйлади таронасини.

Энди навбат деразаларга.

Мен ҳамон куйлашда давом этгум,
мен ҳамон сузишда давом этгум.

Денгизлар ортида бор ёлғиз шаҳар
бир шаҳарки,
деразалари
тажаллий томонга очилган.
Томларига башар ақлининг
фавворадек отилишига
қараётган кабутарлар ин қурган.

Бу шаҳарнинг ўн ёшдаги ҳар бир гўдаги
қўлларида маърифатнинг шохчалари ҳилпирар.
Бу шаҳарнинг аҳолиси ҳар бир бошоққа
бир шуълага қарагандек,
гўзал бир тушдек
ҳайрат билан қараб ўтади.
Бу шаҳарнинг тупроғи
туйғуларнинг оҳангига қулоқ тутади.
Шамоллари
афсонавий қушлар қанотининг
садосини етказади.

Денгизлар ортида
бордир бир шаҳар
унда нур сочувчи қуёш кўлами
азонда очилган кўзларга тенгдир.
Шоирлар сув,
ақл
ва
нурнинг ворисларидир.

Денгизлар ортида бор ёлғиз шаҳар,
бир кема қурайлик…

ИНТИҲОГАЧА ҲУЗУР

Бу кеча
ажиб бир тушда
калималар томонга
очилгай бир йўл.

Ниманидир шивирлагай ел.

Олма узилгай
ва
заминнинг сифатлари устига тушгай.

Туннинг кўздан ғойиб бўлган
Ватанининг ҳузурига шошилгай.

Тасаввур томи
қулаб тушгай.

Кўз
ўсимликнинг ғамгин
ақлини кўргай.

Чирмовуқ
Парвардигор танасининг
атрофини
чирмаб олгай.

Сир
бағрини очгай.

Замона зуҳдининг илдизлари чиригай.

Зулмат кўчасининг бошида
сувнинг суҳбатга тўлган лаблари
барқ ургай.
Ва буни кўзгунинг ботини тушунгай.

Бу кеча
маъно танасини
дўстнинг эслашлари силкитгай.
Ҳайрат қанотин очгай.
Тун ичида ҳашарот
ёлғизликнинг саодатли тақдирини
бошидан кечиргай.

Тонг сўзининг ичида
тонг отгай.

Форс тилидан Жаъфар Муҳаммад таржимаси