Мустай Карим (1919-2005)

Мустай Карим (тахаллуси; асл исм-шарифи Каримов Мустафо Сафиг) (1919.20.10, Бошқирдистон, Чишмин тумани Кляшево қишлоғи – 2005.25.9, Уфа) — бошқирд ёзувчиси. Бошқирдистон халқ шоири (1963). Бошқирдистон педагогика институтининг адабиёт факултетини тугатган (1941). 2-жаҳон уруши қатнашчиси.
«Баҳор садолари» (1940), «Менинг тулпорим» (1943), «Шеърлар» (1944), «Қайтиш» (1947), «Танланган асарлар», «Европа— Осиё» (1954) ва бошқа шеърий тўпламлар муаллифи.
Мустай Каримнинг «Тўй давом этади» (1947), «Ёлғиз қайин» (1950), «Қиз уғирлаш» (1959), «Айтилмаган қўшиқ» (1961), «Ой тутилган тунда» (1964), «Ойгул Ватани» (1969) каби пьесалари замонавий ва тарихий мавзуларда ёзилган бўлиб, уларда бошқирд халқининг турмуш тарзи ўз ифодасини топган.
«Узундан-узоқ болалик» (1974—78) автобиографик қиссаси ва «Оловни ташлама, Прометей» (1976) трагедияси бор.
Алишер Навоий, Ойбек, Ҳ. Олимжон, Зулфия ҳақида бир қанча макрлалар ёзган. «Ой тутилган тунда» асари Зулфия томонидан ўзбек тилига таржима қилиниб (1972), Ўзбек миллий академик драма театрида саҳналаштирилган.

ҚИЗ ҚЎШИҒИН ЭШИТИБ ҚОЛДИМ

Қуёш нури таралди аста
Булутлар оша.
Қаердадир бир қиз куйларди
Юраги тоша.

Йироқларда акс-садо берар
Акс-садо элда.
Ҳам жарангдор, ҳамда ширали—
Жонажон тилда.

Қизил этди беҳи юзини
Қуёш нурлари.
Қулоғимга чалинди қўшиқ —
Таниш сўзлари.

От ўйнатган чавандоз каби
Учқур бу қўшиқ.
Олисларга тарқалади тез
Мавжланиб, жўшиб…

Отим тўхтаб, йўл олди дарров
Яшил ўтлоққа.
Мен ҳам сокин, жим борар эдим
Она қирғоққа.

Атроф сокин. Ҳаво беғубор,
Севинчим чексиз.
Она юртим ҳақида куйлар
йироқда бир қиз…
1945

БУ ҚЎШИҚНИ КУЙЛАГАН ОНАМ

Бу қўшиқни куйлаган онам,
Бошим узра алла айтган чоқ.
Бу қўшиқни куйлаган онам
Йўлга мени кузатиб қувноқ.

Бу қўшиқни куйлаган онам,
Энди ундан мен жуда йироқ.
Ўша қўшиқ ёдимда ҳар дам,
Ўша қўшиқ янграр баландроқ.

Учқундан яралар улкан аланга —
Барча билади.
Учқун-ку йўқолар, мен айтсам сенга
Лек кул қолади.

Томчига томчилар қўшилса агар,
Дарё бўлади.
Томчига томчилар қўшилмаса гар —
Тамом ўлади.

Одамлар жам бўлиб қадам ташласа,
Кўча тўлади.
Бир гул гар ягона бўлиб яшаса,
Эрта сўлади.

Йўлларда топилган шуҳрат кетидан
Қувмагил асло.
Шамолда сўнган шам каби ўчасан,
Қолмас ҳеч зиё.

Томчи ҳам яшолмас, асло кулмайди
Дарё бўлмаса.
Утлоқда қолдирган из ҳам бўлмайди
Дунё бўлмаса!

Бу қўшиқни куйлаган онам,
Бошим узра алла айтган чоқ.
Бу қўшиқни куйлаган онам
Олис йўлга кузатиб қувноқ…
1951

* * *

Ҳар қачон мулойим қараб қўясан —
Сен мени йўлларга кузатар чоғда.
Боқасан ненидир айтолмай қолиб,
Боқасан ненидир айтолмай доғда.

Сенинг боқишингда — ёниш ва умид,
Қалбингни куйдирган нарса муҳаббат.
Ёниш ҳам, ўт севги, умид ҳам бўлган,
Бу ҳислар ўлмайди, бўлади ҳар вақт!

Жуда ҳам истардим кетар олдимда
Айтсанг сен айтолмай қолган сўзингни.
Уша сўзларингга муштоқман — муштоқ,
Бошимга кўтарай, эркам, ўзингни!

Тўлқин таржимаси