Мажид Ғафурий (1880-1934)

Мажид Ғофурий (тахаллуси; асли исми Ғабдулмажид Нурғониевич, 1880—1934) — бошқирд-татар шоири. Бошқирдистон халқ шоири (1923). Бошқирд адабиётининг асосчиси.
Ижоди 1902 йилдан бошланган («Эшон муридларига» шеъри). «Ёш умрим» (1906), «Миллат муҳаббати» (1907) шеърий тўпламларини ёзган. «Фақирликда кечган ҳаёт» (ҳикоя, 1903), «Сибирь темир йўли» (достон, 1904), «Турмуш босқичлари» (1930), «Шоирнинг олтин конларида» (1931) ва бошқа асарлар муаллифи.
«Бадном бўлганлар» (1927) қиссаси бошқирд насрининг яхши намуналаридан ҳисобланади.


ШОДЛИК ШЕЪРИ

Шодлик билан ишга кириш, қора қалам!
Мактуб ёзай табрик этиб халқни бу дам:
Кенг очилиб ҳурриятнинг эшиклари,
Шодликларим қаршисида мот бўлди ғам.

Миллатимни табрик этмоқ учун шайман,
Қувонч билан бу ишларга балли дейман
Юракдаги қайғуларим бўлди адо,
Кенг дунёга янги келган боладайман.

Эрк замони кулиб боқиб энди бизга,
Байрам кирди гўё бугун уйимизга.
Элларимни табрик этиб шеър ёзаман,
Уйларимиз туташди деб ўйимизга.

Ҳурриятнинг қуши туғди, дўстлар, бугун,
Пора-пора эди юрак, бўлди бутун.
Зулмат ўрнин эгаллади охир зиё,
Ўтмишларда қолиб кетди қоп-қора тун.

Бундай кунлар ҳаётингда бўлади кам,
Бундай кунлар қадрин билар эслик одам.
Кишанлардан халос бўлди билагимиз,
Қўзғалайлик, биродарлар, илдам-илдам.

Тутмас бугун заҳмат юки қўлимиздан,
Монеликлар қатрон бўлди йўлимиздан.
Эркинликнинг шабадаси қучар бизни
Олддан, ортдан, ўнгимиз-у сўлимиздан.

Тангри ўзи мадад берсин ишимизга,
Илғор қудрат қўшсин доим кучимизга.
Бундай онлар ҳа деганда келавермас,
ГГўрт қўл билан ёпишайлик ишимизга.

Дардимизга ушбу кунда келди чора,
Бугун бўлди золимларнинг юзи қора.
Шу сабабдан бор овоз-ла табрик этиб,
Шеър ёзаман Абдулмажид — мен бечора.
1905

ГУЛЗОРДА

Чаманзорга кириб бир кун аста,
Хўп томоша қилдим гулларни.
Жилвасидан кўзлар қамашади,
Атри яйратади дилларни.

Гўзал қадду нафис рангларига
Ҳайратланиб, суқли қарадим.
— Эй чечаклар, сизга кимлар дўст-у,
Кимлар душман?— дея сўрадим.

Улар ногоҳ жонлангандай бўлиб,
Нур таратиб сокин кулишди.
Майингина эсган ел орқали
Менга шундай жавоб қилишди:

— Ким меҳнаткаш бўлса, ер ҳайдаса,
Ташна қолсак, кимки сепса сув,
Кимнинг кўнгли гул каби пок бўлса,
Биз, гулларнинг, чин дўстимиз шу…

Кимки бахил, кўнгли қора бўлса,
Кимки қочса хайрли ишдан,
Кимки келиб бизни ноҳақ узса,
Шулар бизга азалий душман.

Гулларнинг бу жавобин эшитиб,
«Тўғри», дедим уларга дарров,
«Сизни узиб олиб, кўкрагига
Тақиш учун ҳақсиздир ялқов»…

Завқлангандай бу гўзал ҳаётдан
Ел изидан еллар оқади…
Ишчан йигит билан ишчан қизлар
Сизни ўз кўксига тақади…
1927

Ҳусниддин Шарипов таржимаси

ҲАЁТ ЙЎЛИДА

Бўлма маъюс!.. Ҳар кун ҳаёт курашига шайлан сен,
Бўл музаффар бу курашда ё шаҳидга айлан сен.

Ҳақиқатдир, бу дунёда йўқ чинакам шод киши,
Бу фалакнинг тирноғидан мутлақо озод киши…

«Кўп тиришдим, бўлмади!..» деб қайтган одам одамми?
Хўп тиришгин, бахтинг излаб ўтсин умринг ҳар дами.

«Ё ҳаёт!» деб зўр курашда ғайратингни ишга сол,
Шубҳасиз ғолиб бўларсан, дунёда йўқ ҳеч маҳол.

Одам эрсанг ўзни мазлум тутма асло, ҳеч қачон,
Бўйсунувчан бўлма асло, бўйсунувчандир қуён.

Чин жасораг қаршисида борми куч тиз чўкмаган?
Қўзғал яна, талпин яна, ҳали фурсат ўтмаган!
1913

У КИМ!

Душманим деб сен қилич санчиб йўқотган банда ким?
Кўкрагидан қон оқиб қаршингда ётган гавда ким?

Ўртангизда мол талашми, билармидинг кимлигин?
Йўқ, уни сен билмас эрдинг, учрашдингиз ушбу кун!

Хўп «бопладинг», найза тортдинг, кўз юмиб у бёрди жон…
Уйла: бундан аввал уни кўрганмидинг ҳеч қачон?

У ғарб ёқдан, сен шарқ ёқдан ушбу ерга келдингиз,
«Кимки эпчил, шу олдинроқ найза тортар», деб билдингиз.

Нечун шундай?— деб ўзингиз ўйламайсиз ҳеч қачон,
Қўлдан олиб эркингизни, берилгандир шу фармон…

Энди бир боқ ерда ётган ушбу жонсиз қурбонга,
На мудҳишлик! Қалби пора, беланмишдир у қонга.

Савол берай сенга ҳозир: ўлдириб ўч қондими?
Бир қурбондан кенг бу дунё кенгроқ бўлиб қолдими?

Гар қулликда юрсанг шундай дунё кенг бўлмас сенга,
Барча ишдан аввало сен ўз эркингга бўл эга.

Уз қўлингда сақлай олсанг ҳурриятинг сен агар,
Найза санчмай ҳам сиғарсан: кенг бу дунё, биродар.
1915

Азиз Абдураззоқ таржимаси