Исмоил Бейтуганов (1999)

Бейтуганов Исмоил Расулович 1999 йили Кабардино-Балкария Республикасининг Чегем туманида туғилган. У Кабардино-Балкария телерадиоканалида «Болқор тилидаги болалар адабиёти» лойиҳасини бошқаради. Козим Мечиев фонди адабиёт клуби раҳбари. 16 ёшидаёқ «Қадамлар» шеърий тўплами чоп этилган. Унинг шеърлари болқор ва рус тилларида республика нашрларида чоп этилган.

Исмоил Бейтуганов Қайсин Қулиев ва Козим Мечиев ўқишлари қатнашчиси, «Қайсин сари 100 қадам» фонди мукофоти соҳиби.

СЕВГИ

Мафтун бўлдим, сенга азизим
Юрагимни қўлингга бердим.
Бойландим мен, сенга бойландим
Баҳор келиб, гуллар кулганда.

Қалбим узра гул очар чечак,
Муҳаббатдан тошади юрак,
Қаламим ҳам, назмим ҳам сенда
Ҳар эрта кун қувонч жаъм менда.

Сен гўзалсан, қоматинг расо,
Муҳаббат бу — қўшқанотли қуш.
Сенга кўзим тушгани ҳамон
Юрагимни бир нур қилар хуш.

Сен — насибим, менинг қувончим
Севинчим бўл, кулгум бўл доим
Юрагим ҳам, ақлим ҳам сенда
Сенга совға қилайин жоним.

Гар чақирсанг югуриб келай,
Қишу баҳор, ёзу кузларда.
Сен қарасанг эриб кетайин
Булоқдайин тоза сўзлардан.

Оқшом, кеча ва сахарларда
Мен айтаман сенга қўшиқлар
Қайга десанг етиб бораман
Чарчоқ билмас асло ошиқлар.

ТОҒ ДАРЁСИ

Шошқин дарё келади,
Узоқлардан шилдираб,
Қоялардан энади,
Эртак айтиб шовуллаб.

Сенсиз ҳаёт бегона,
Сенсиз йўлим қорлидир.
Қўлларимни тўлдириб
Ичдим яқин ўлтириб.

Булоқ сувим — тотли сувим,
Тоғу тошни келдинг ювиб,
Етар бари элимга –
Сени суйган еримга.

Жоним, қоним ҳам сендан
Ичаман мен дарёдан
Узоқдан келар ирмоқ
Сен ҳам ундан тўйиб боқ.

Қайсин ичган сувингдан
У ҳам сенда ювинган
Дармон бўлиб жонига,
Қўшилгансан қонига.

Тоғни тешиб чиқади,
Довон ошиб келади
Сув-ла ўйнаб тошлари
Қорли тоғлар бошлари.

Болқорчадан Давронбек Тожиалиев таржимаси.