Евтим Евтимов (1933-2016)

Евтим Михалушев Евтимов (28 октябрь 1933, Петрич, Болгария – 8 июнь 2016, София, Болгария) – болгар шоири.

ҚИСМАТ

Икки ирмоқ — икки ёндош ҳақиқат,
Икки ирмоқ — қон-қариндош ҳақиқат:
Иккови ҳам битта тоғда туғилган,
Иккови ҳам бир шафаққа йўғрилган.

Ўхшашлик ҳам, ажаб, шунча бўларми?!
Эгизак деб аташ даркор уларни.
Оқар ери — ўрмони ҳам ягона,
Водариғки, улар буткул бегона.

Гунафшалар ўсар бирин бўйида,
Иккинчиси чангалзорлар қўйнида,
Ҳатто майса кўрмай, бағри тилинар,
Шундай яшар гоҳо оға-инилар.

Йўллари эш бир қуёшга уларнинг,
Ҳаёти-чи, бошқа-бошқа уларнинг.

ЭГРИ ДАРЁ

Нотаниш, тош кўйлакдан чиқиб,
Шеъримга ҳам тушар энтикиб
Катта, ўжар дарёнинг йўли,
Юксаклардан чўзилган қўли.

Қорли чўққи фарзанди эрур,
Оқишида ўйин, шавқ-сурур.
Ошиқади мавжли, нурафшон
Унга интиқ манзиллар томон.

Ҳеч кимсага этмас итоат,
Эркин-эркин оқмоғи — одат.
Уни кечиб ўтгани дамлар
«Эгри дарё» атар одамлар.

Менга қолса бу қалби зоҳир —
Тўғри эрур бошидан охир.

ҚАРШИНГДА

Қаршингда одамлар беҳисоб,
Оловлар каршингда шуъладор.
Чўққига йўл солгил сершитоб.
Қўрқмагил. Ўзгалар изи бор.

Бехатар қаршингда ётган йўл.
Оловлар каршингда шуъладор.
Қиялик кўксидан тушиб кел.
Қўрқмагил. Ўзгалар изи бор.

Каршингда акс-садо — серқулоч.
Оловлар каршингда жилвагар.
Ўрмонлар қўлидан тўйиб ич.
Қўрқмагил. Ичишган ўзгалар.

Сен учун безавол бу маскан.
Сени деб ўзгалар синашган.

НОГАҲОН

Ларзадан осмоннинг қадди букилди,
Пойдор тоғ чўққиси дув-дув тўкилди.
Тошлар метинлиги гар эди аён,
Қоя инкирози бўлди намоён.

Оқшом қўнган маҳал рўй берди кўчки,
Фурсат эди рангпар, беманзил, кечки.
Ажаб, қоя, ахир, маҳкам турарди,
Булут теграсида сузиб юрарди.

Жалалар ҳайратдан очар оғзини,
Кўриб ёш қоянинг инқирозини.
Рақиб ҳам ҳайрондир, кўргани маҳал.
Билганим мен сизга айтаман дангал:

Қояда ранж-озор уя қурганди,
Қоя жисмин ўша тўкиб турганди.

ПИРЙН

Пирйн, тоғим менинг, яшагим келар
Сен каби завқ билан, иқтидор билан.
Нурлар жилоланар, шамоллар елар,
Яшиллик ловуллар, сув айтар ўлан.

Шохча титраб кетар, орзиқади қуш,
Куртак юз очади, шабнам ялтирар.
Япроқ шивирлайди, қўшиғи сархуш,
Учиб қолган юлдуз кўкда барқ урар.

Кўлда нур ўйини, қуёшда ёғду,
Шафақ қизил айлар тоғнинг чўққисин.
Очилган чечакнинг лабида кулгу,
Майсалар маст этар бутун ер юзин.

Қор оппоқ. Сукунат туради писиб.
Булутлар сузади. Чирсиллар олов.
Тошлар чўққилардан тушар чопишиб,
Жарликни тўлдирар акс-садо дарров.

Неки бор, айни чоғ бари тирилар.
Тонгни ҳам кутмагай. Шитоби баланд.
…Пирйн, тоғим менинг, яшагим келар
Сен каби завқ билан, иқтидор билан.

ЭЛАК ТУТГАН АЁЛ

Қўлида ой гардиши, сиёҳ осмон тагида
Аёл турар серюмуш.
Тепаликлар, дов-дарахт, дала бошоқларида
У сепган нурлар кумуш.

Аёл ушлаб тургани ой эмас, йўқ, у — элак,
Элайди олтин ғалла.
Донларни сомонлардан ажратай, дея ҳалак,
Ишлайди шавқ-жадал-ла.

Боқаман. Назаримда кафтлаб-кафтлаб донларни
У ердан олаётир.
Назаримда, кўз етган кенгликлар, ўрмонларни
Дон мисол элаётир.

Юлдузлар салтанатин даҳанаки жанг килиб,
Босаркан чақмоқ шамол,
Зулумотни сомондай нурдан ажратмоқ бўлиб,
Булут элайди аёл.

Қолди кўзим ўнгида унинг шундай сурати:
Элагида осмон, ер.
Элаб ёруғ дунёни, ҳар ўтгувчи фурсати
Тинч, беғубор бўлсин, дер.

ДОИРАЛАР

Уддабурролиги вақтинча улфат,
Сенга тан беришлар, сен кутмай сира,
Айланма, бесамар саъйи ҳаракат… —
Мана мен тушганим нафсиз доира.

Шу ҳалқани ёриб, кенгликлар томон,
Бағри бутлик томон чопаман доим.
Кўриб турмоғим шарт эгилган осмон,
Ернинг гардишлари, камалак ёйин.

Болқон чўққисидан қилиб наззора,
Юрак-юрагимдан ҳис қилайин сўнг:
Ҳаёт пилдироқдай айланмас сира,
Айланиш йўллари ерникидай чўнг.

Ерда юрсам, дейман оддий, бокира,
Оддийгина яшаб, ишонсам дилдан:
Мени майда ҳислар чирмолмас сира,
Пилдираб чопишлар уролмас йўлдан.

Чўққида, қорлардан қамашиб кўзим,
Қалбим юксаклардан тинглар ўгитлар:
Учади бургутлар доира чизиб,
Менга йўл ўргатиб, учар бургутлар.

Гулчеҳра Нуруллаева таржималари.