Веселин Ханчев (1919-1966)

Веселин Симеонов Ханчев (4 апрель 1919, Стара-Загора, Болгария — 4 ноябрь 1966, София, Болгария) — болгар шоири, публицист, драматург, таржимон ва мунаққид.
Веселин Ханчев катталар учун ҳам, болалар учун ҳам ижод қилган. “Лирика”, “Қуролларга битилган шеърлар” каби тўпламлар муаллифи. Унинг шеъриятида нафис бўёқлар ҳам, доғули изтироб ифодалари ҳам ўз аксини топган.

ТЕМИР БИЛАН МЕҲР

Темир билан меҳр –
Орага тушиб мен
Роса азобландим, роса эзилдим.

Пўлат зотлар менга яқин келишиб,
Маслаҳат беришди:
Сен ҳам пўлат бўл,
Кўзинг косасига қуй икки қўрғошин соққа.
Тилингни ханжарга айлантир ўткир.
Одамларга қўл чўзма
Кўришмоқ учун –
Темир болғалар ва омбирларни тут.
Сейф эшигидек қулфлан сиртингдан,
Темир иморат қур,
Темир деворлар,
Темир деразалар,
Темир панжаралар ичида
Темир қушлар боқ,
Темир гуллар эк,
Темир сўзлар айт,
Темирдек қаттиқ бўл,
Темирдек совуқ.
Босиб ўт,
Эзиб ўт барчани –
Зарб ўтмас бўласан,
зирҳли бўласан.

Эрксиз ва кучсиз эдим,
Темир занжирлар билан
боғланганди қўлларим.
Ҳар томоним очиқ эди,
бирон тўсиқ йўқ эди
зарбаларга,
эркалашларга,
ўғирликка,
туҳматга,
шубҳа-гумон,
шафқатга.
Шунчалар нозик эдим,
Чақмоқ ёруғи ҳам,
Қуёш нурлари ҳам
Кўксимдан ўтарди бемалол,
Шундай таъсирчан эдим,
Очиқ, оқкўнгил эдим,
Бироқ ҳеч қандай темир
Юрагимга ўтолмасди,
Кўксимни тешиб
(Албатта, ўқдан бўлак).
Жудаям кучсиз эдим.

– Пўлат зотлар, кетинг, – дея
шивирладим, ўтиндим.
Аммо кетмадилар.
Қудратли эдилар бағоят.
Қутқармоқчи бўлишди
Мени кучсизлигимдан.
Секин яқин келишиб,
Қўлларимдан ушлашди.
Катта ғамхўрлик билан
Қўлимни синдиришди.
Елкамдан қучоқлашди,
Мулойимлик билан
Пачақлашди.
Хайрихоҳлик билан
Янчиб ўтишди.
Тагларига босиб олиб,
Кўкрагимдан эза бошлашди
Оғир.

Типирчилаб азобландим
бераҳмлар бағрида.
Музлаб кетдим
темирларнинг совуқ эркалашидан.
“Вой жоним!” деб зорилладим
хўрланганимдан ғоят.
Оғриқ жуда кучли эди,
Оғриқ жуда зўр эди.
Тирқираб ёш чиқиб кетди
Кўзларимдан ниҳоят.

Кўз ёш томди,
Англаб қолдим,
Кўзларимдан ёш томур –
Бирданига занглаб қолди
Ялтираб турган темир.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржималари