Иван Вазов (1850-1921)

Улуғ шоир, носир ва драматург Иван Вазов (1850-1921) Болгариянинг Болқон тоғи этагидаги Сопоте шаҳрида бой тижоратчи оиласида туғилган. Биринчи шеърини 16 ёшида ёзган эди. Матбуотда илк бора “Қарағай” деган шеъри эълон қилинганида 22 ёшда эди. Бу шеър дарҳол кенг ўқувчилар оммасининг диққатини қозонди. Отаси “бундай майда-чуйда ишларни қўй” деб уни савдо соҳасига бошлади. Онаси, тинмай ёзавер, деб маслаҳат берди. У отаси билан Руминия ва бошқа мамлакатларда унча-мунча савдо билан шуғулланиб юрса ҳам, асосий вақтини адабиётга, ижодга бағишлар эди. Бора-бора бутунлай адабий фаолиятга берилди.
Тарихдан маълумки, бу пайтда Булғористон Усмонли империясининг бир қисми эди. 1877-78 йилларда Россия-Туркия уруши юз бериб, Туркия енгилди, натижада, 1879 йилда Туркияга тобе Булғористон князлиги ташкил топди. 1908 йилда эса бутунлай мустақил давлатга айланди.
Иван Вазов ҳам аввалига миллий-озодлик учун курашчилар қаторида эди, аммо халқ турмушининг аянчли аҳволини кўриб, ўзи бойлардан бўлишига қарамай, худди рус ёзувчилари — Пушкин, Лермонтов, Гоголь, Толстой каби, булғор халқининг, айниқса, эзилган деҳқонларнинг ҳақларини ҳимоя қилувчи асарлар ёзди. Ўзининг халқчил шеър ва достонлари, роман, қисса ва ҳикоялари, саҳна асарлари билан чин маънода халқ ёзувчисига айланди.
Иван Вазовнинг ижодий мероси жуда бой. “Байроқ ва гусла”, “Болгария изтироблари”, “Қутулиш”, “Унутилганлар достони”, “Далалар ва ўрмонлар”, “Саргардонлар қўшиғи”, “Осмонимиз остида”, “Учта сўз — уч дарё” каби ўнлаб шеърий тўпламлари, “Маҳобат”, “Тепалик ортида” каби достонлари “Янги ер”, “Зулм” каби романлари, “Хўрланганлар”, “Митрофан ва Дормидольский”, “Дала ўрмон саёҳати” сингари қиссалари ва юзларча ҳикоялари босилиб чиққан. Рус тилида унинг олти жилдли “Асарлар” тўплами нашр этилган.
Иван Вазов номини ҳар бир болгар кишиси юксак миллий ифтихор билан тилга олади. Бу ном болаликдан бошлаб ҳар бир уй учун азиз ва мўътабардир. Болгарияда Иван Вазов романларини, қисса ва ҳикояларини ўқимаган, шеърларининг гўзаллиги ва нафис оҳангдорлигидан роҳатланмаган бирон болгар кишисини топиб бўлмайди.

ЎЧМАС НАРСАЛАРНИ ЎЧИРИБ БЎЛМАС

Эзиб юборганда серёғин кунлар
Қуёш олтинланиб, бизни этар шод,
Нури тирқишлардан зиндонга кирар,
У чоғ икки бора созланар ҳаёт.

Қоронғи тунларда митти юлдуз ҳам
Сувда кемаларга кўрсатар йўллар.
Кичкина учқун ҳам шошмай, хотиржам,
Ёнғин бошлар — ўти кўкларга ўрлар.

Ян Ҳусни гулханда ёқдилар, бироқ
Дунёга нур сочди у ёнган гулхан.
Қоронғи кечада довулли чақмоқ
Ярқ этиб ҳар ённи ёритар бирдан.

Бекор кучанасиз, мустабид кўрлар,
Ўчмас нарсаларни ўчириб бўлмас.
Сизлар ўчирмоқчи бўлган бу нурлар
Вулқонга айланар ўтмасдан бирпас.

Бунда ҳамма ўлар, кул бўлар, чирир,
Биздан олдингилар, кейингилар-да;
Тахт ҳам, подшоҳлик ҳам, сизлар ҳам ахир
Битасиз қуртларга ем бўб қабрда.

Дунё саҳросида чексиз, бепоён
Ўлим билмас фақат абадиян нур.
Оламга тенг келган нур ила жаҳон,
Иккови йўқолмай, чиримай қолур.

Зулумотни абад ёритиб турар,
Ўчмай яшайверар доим ҳар ерда.
Прометей қўлида ўлдирилган нур
Кучайиб тирилар яна Вольтерда.

Агарки, дафъатан, бугунча Қуёш
Йўқолиб, нур сочмай қўйса оламга,
Билинг, яна кимдир кўтаражак бош —
Нурли ўт келтириб берар одамга.

 “БИР КЎРСАНГИЗ ЭДИ!”

Бу сас жон-танимга уланиб кетган,
Уйда… йўлда… қалбни минг пора этган.
Қишлоқда яшовчи шўрлик деҳқонлар
Менга битта гапни айгани-айтган:
“Бир кўрсангиз эди!”

Уйлари — дуд, қурум. Ҳар ён — қуп-қуруқ.
Ҳавоси зиндондай — ним қоронғилиқ.
Шу ерда ухлашар кир-чир болалар,
Моллар, тоғдан қайтган чўпон ва чўлиқ:
“Бир кўрсангиз эди!”

Шунда — эрксиз, қашшоқ, топталган жонлар,
Шунда — гўштсиз ёвғон ва қотган нонлар.
Бунда юзлар ажин, одамлар меров,
Сўлар бешикдаёқ дуркун ўғлонлар…
“Бир кўрсангиз эди!”

Ерлари қақраган… кўнгиллари оч,
Эрксизлик уларни этган яланғоч.
Тарк этган юртларин қувонч ва умид,
Касаллик, ўлимлар топгандир ривож…
“Бир кўрсангиз эди!”

Заҳматнинг сўнги йўқ, тинсиз оқар тер,
Ҳосил бермай қўйган қарғиш теккан ер.
Соқовланиб битган қувноқ қўшиқлар,
Қашшоқлик — асрий бир меҳмон — элни ер.
“Бир кўрсангиз эди!”

Йўқлик онг нурини сўндирган бунда,
Зулумот фикрни ўлдирган бунда.
Руҳни тушовлаган тизгин, одамни
Қўшли мол-ҳолига келтирган бунда:
“Бир кўрсангиз эди!”

“Бир кўрсангиз эди, — деймиз деворга, —
Ўзимиз тўйғазган ҳар амалдорга,
Сезган бўлардингиз, айтмас эдингиз
Баландпарвоз ҳар хил гапни бекорга:
“Бир кўрсангиз эди!”

Сиз яшайсиз зебли бўлма уйларда,
Бир меҳмонга келинг бизнинг кўйларга,
Тўкин ҳаётингиз бизга қиёслаб,
Тушиб қолардингиз оғир ўйларга!
“Бир кўрсангиз эди!”

Деҳқонларни қандай қисганин қисмат
Кўргач, қоплармиди сизни ҳам уят,
Юрагингиз бизга ачишиб сал-пал
Кирармиди унга меҳр-муҳаббат,
“Бир кўрсангиз эди!”

 ҚЎШЧИ ҚАРШИСИДА

Биз ўйнаб юрамиз дала-даштларда,
Қўшчи қўш ҳайдайди, шудгорга бориб.
Санъатдан, шеърлардан гап-гаштакларда
Чиройли сўзлаймиз, ёнбошлаб олиб.

Сўзлаймиз чимириб қошларимизни,
Азобсиз, заҳматсиз ўтказамиз кун.
Тўхтанглар… эгайлик бошларимизни
Келяпган шу қўшчи ҳурмати учун.

УЧТА СЎЗ — УЧ ДАРА

О юрак, о денгиз, о фалак —
Учта сўз, учта сир, уч рўё.
О фалак, о денгиз, о юрак —
Уч дара, чеки йўқ уч дунё.

* * *

Авлодимиз бенишон, беном,
Қалбларида турғунлик, қўрқув.
На ҳарорат, на юксак илҳом,
На ҳақ сўз айтмоққа уқув…

Фикрламас: — Қаён кетяпмиз?
Бамисоли ҳаммаси соқов.
Қаранг: бари лоқайд ва ғамсиз,
Аччиқланмас, сўйламас бирров.

Кўзингни оч, гунглашган насл,
Бор-йўқлигинг ё билмайсанми?
Кейинги саф келмоқда асл,
Унга мерос қолдирмайсанми?

Силлиққина эканми йўлинг,
Йўқми ортиқ ўзгача тақдир?
Тусамасми орзуни кўнглинг,
Керакмасми курашлар ҳеч бир?

Ёлғиз қўйма бизни, эй Худо,
Қандилларсиз қолмасин меҳроб.
Тилда ҳамдинг бўлсин доимо,
Эътиқодсиз айлама хароб.

Ўз денгизчи бандангни тунда
Юлдузларсиз қолдирма асло,
Маҳрум этма қушни ҳам тонгдан,
Халқни этма орзудан жудо.

 ҚОР УЮМИ

Деразада турибман қараб,
Кўҳна тоғ тизмаси узундан-узоқ.
Қор уюми турар ялтираб
Бир чўққининг учида оппоқ.

Кун илитар, еллар куйлашга кирган.
Қор уюми кўзимга энди
Тақдир китобининг очиқ қолдирган
Оқ варағи бўлиб кўринди.

 МЕНИНГ ҚЎШИҚЛАРИМ

Мен кетаман вақтим, соатим етиб,
Менинг ҳам қабримни ўтлар қоплагай.
Биров куяр, биров қарғар ёд этиб,
Аммо қўшиқларим ҳамма ёдлагай.

Дунёда оз эмас шон топган отлар,
Вақт ўтиб улардан гард ҳам қолмагай.
Менинг қабримни ҳам босажак ўтлар,
Аммо қўшиқларим ҳамма ёдлагай.

Уларда даъват бор тўғрилик, эркка,
Улар мурувватга элни чорлагай.
Миллатимни бошлар нур-ёруғликка —
Шундай қўшиқларим ҳамма ёдлагай.

Болқон тизмаларин ҳур нафаси бор,
Улар тоғлар куйи бўлиб янграгай.
Шонли халқимизнинг баланд саси бор —
Шундан қўшиқларим ҳамма ёдлагай.

Жонимни тўкканман куйиб, куйларга
Бутун гулларию дурлари билан.
Не деб ёнган бўлсам, ёнар уларда,
Янграр ва ҳилпирар нурлари билан.

Менга таъсир қилмас мараз ҳуришлар,
Ҳасад, ғазаб қалбга ғулу солмагай.
Тунлар ўтираман хотиржам ишлаб —
Шундан қўшиқларим ҳамма ёдлагай.

Халқ руҳи акс этган ҳар бир байтимда,
Руҳ эса халқ каби ҳеч вақт ўлмагай.
Халқимнинг қайғуси, қувончи унда,
Шундан қўшиқларим ҳамма ёдлагай.

 МЕНИНГ ОНАМ

Юлдузлар кўп кўкда ранго-ранг —
Бор эканман дунёда ҳамон —
Сенинг ўлмас, тоза қиёфанг
Менга йўлдош доим, онажон.

Тебратардинг мени саҳарда,
Бешигимга қўяр эдинг юз.
Уйқу келмас оғир тунларда
Менга алла айтардинг маъюс.

Мен бағрингда вояга етдим,
Меҳринг қилди руҳимни бардам.
Қарашларинг, гапларинг ютдим —
Қувонч ва куч топдим улардан.

Сендан менинг кўнглимга ўтди
Ёвга нафрат, дўстга муҳаббат,
Сендан менинг ҳолимга ўтди
Гўзалликлар олдида ҳайрат.

Мени туғдинг, кўксингни бердинг —
Сендан олдим яхшиликни мен.
Мени инсон қилиб ўстирдинг —
Икки карра онам бўлдинг сен.

ЭҲ, ҚАНДАЙ ЯХШИСАН, ЖОНАЖОН ВАТАН!

Эҳ, қандай яхшисан, жонажон Ватан!
Нафис осмонларинг мунча мовийранг!
Мунча кўп турланар жонли манзаранг!
Ҳар гал титраб кетар завқдан жону тан:
Бир ён шўх водийлар, бир ён алп тоғлар,
Серюлдуз осмонлар, сергул ўтлоқлар…
Эҳ, қандай яхшисан, жонажон Ватан!

Борми эл дунёда сендан ҳам бойроқ?
Сенда жам жамики неъмат, сарватлар:
Шу ердадир шойи, буғдой, шарбатлар,
Боғларинг муаттар, тонгларинг оппоқ.
Гулларинг хушбўйу ўрмонинг сарин!
Ёш қоплар шодликдан инсон кўзларин…
Борми эл дунёда сендан ҳам бойроқ?

Сен олий севгига лойиқсан, Ватан!
Хўрсинмасми сени бир кезган сайёҳ?
Ниманг йўқ? Ҳар нарса сенда муҳайё!
Унута оларми сени бир кўрган?
Оллоҳ жаннат учун танласа бир жой,
Танларди бошқамас, сени, ҳойнаҳой!
Сен олий севгига лойиқсан, Ватан!

Жаннатсан! Қадрингга етдикми аммо?
Биз, ғўр фарзандларинг, номингни тилга
Олишдан ор қилдик, борсак чет элга,
Билмагандай сахий бу юртни гўё…
Бизнинг тоғларимиз, водийларимиз
Мерос, гўзалликда бебаҳо, тенгсиз!
Жаннатсан! Қадрингга етдикми аммо?

Оҳ, Ватан! Ётдай кун кўрамиз сенда.
Чиройингдан бизни босмас ҳаяжон.
Сени кўпроқ севар тоғларда жайрон,
Улуғвор кўркингни қуш куйлар кунда.
Биз сендан истаймиз бошпана, нонни,
На гулни кўрамиз, на-да осмонни…
Оҳ, Ватан, биз сенда ётдай ўламиз!

 ОНА ТИЛИ

Дунёлар бор булғор тилида,
Янгроқлиги бахш этар севинч.
Эй, она тил, шоир қўлида
Сен чилторсан, сен гоҳо қилич.

Севдим сени, эй булғор тилим,
Новдадайсан, бирда тошдайсан.
Олмос каби ўткир-у, ҳалим,
Оташ руҳли ҳам қуёшдайсан.

Қўшиқлар ва қарғишлар тили,
Тоти эса сирли ва сархил.
Лол этади инсон зотини
Бу мардона, жасур ва ҳур тил.

Комиллигинг кўринсин мангу,
Яша яйраб Булғор ерида,
Хотинларнинг қўшиқларию
Шоирларнинг ўтли шеърида.

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржималари.


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!