Рабиндранат Тагор (1861-1941)

Тагор Рабиндранат (Тҳакур Робиндранатҳ; бенг. রবীন্দ্রনাথ ঠাকুর; 1861.7.5 — Калькутта — 1941.7.8) — ҳинд ёзувчиси ва жамоат арбоби. Бенгал тилида ижод қилган. Калькутта ва Лондон университетларида ўқиган (1878—80). Англияда чиқадиган «Гьянанкур» ва «Бҳарати» журналиларида дастлабки шеър, достон ва мақолалари босилган (1875 йилдан). Ватанига қайтгач (1880), «Валмика даҳоси» (1881) мусиқали драмасини ёзган. Илк шеърий туплами — «Оқшом қўшиқлари» (1882) пантеистик руҳда. «Табиат интиқоми» (1883) пьесаси, «Тонгги қўшиқлар» (1883), «Суратлар ва қўшиқлар» (1884) шеърий тўпламларида пок муҳаббат улуғланган. «Бибҳа соҳили» (1883) ва «Донишманд ража» (1886) тарихий романларида зулм ва адолатсизлик қораланган. Тагор 1884—1911 йилларда «Браҳма Самаж» диний-маърифий жамиятининг котиби вазифасида ишлаган. Ҳиндистон Миллий Конгрессининг 2-конгресси (1886) ишларида фаол қатнашган. Унинг «Читра» (1896), «Лаҳза» (1900) шеърий тўпламлари, «Ража ва Раний» (1889), «Қурбонлик» (1890), «Читрангода» (1892), «Малини» (1895) фалсафий драмалари ва «Ҳисоблар» (1891), «Жазо» (1893), «Hyp ва соялар» (1894) каби ҳикояларида ҳинд халқининг инглиз мустамлакачиларига қарши кураши тасвирланган. «Шадҳода» журналида сиёсий ва ижтимоий мақолалари чоп этилган. Калькутта яқинидаги Шантиникетонда мактаб очиб, ўқитувчилик қилган. 20-йилларда Вишвабгарати университетига асос солган. «Кўзга тушган чўп» (1902), «Ҳалокат» (1905) романлари ва «Бузилган уя» (1903) қиссаси билан бенгал адабиётида маиший-психологик роман жанрини бошлаб берди. 1902 йил Тагорнинг хотини, отаси, ўғли оламдан ўтади. Унинг бу мусибат ва изтироблари «Хотира» (1903), «Фарзанд» (1903), «Паром» (1906) шеърий тўпламларида акс эттирилган. «Гора» романи (1907—10), «Қасос» (1905) драмаси ва «Почта» (1912), «Консерватизм қалъаси» (1912) пьесаларида Тагор Ҳиндистондаги барча миллат вакилларини, улар қайси табақа ва диний мазҳабдан бўлишидан қатъи назар, озодлик учун курашда ягона иттифоққа бирлашишга даъват этади. Унинг «Халқ қалби» номли қўшиғи (1911) Ҳиндистон Республикасининг, ватанпарварлик ҳақидаги «Менинг олтин Бенгалиям» қўшиғи (1913) эса Бангладеш Халқ Республикасининг миллий гимнига айланган. «Гитанжали» («Бахшида қўшикдар», 1910) шеърий тўплами учун унга нуфузли мукофот берилган. «Турналар парвози» (1914—16) шеърий туркуми шоирнинг Ғарб мамлакатларига қилган сафари, 1-жаҳон уруши ва инсоният тақдири ҳақидаги ўйларини акс эттирган. «Тўрт ҳаёт» (1916) қиссаси, «Хонадон ва жаҳон» (1915—16) романи миллий озодлик ҳаракати воқеаларига бағишланган.
30-йилларда Тагорнинг сиёсий қарашлари янада ўсади, у ўз ижодида миллий озодлик ҳаракатига эътибор қаратади. Бу даврда «Интиҳо ҳақида достон» (1929), «Тўрт қисм» (1934) романлари, «Япроқлар» (1936), «Тунги шам» (1938), «Сўнгги шеърлар» (1941) шеърий тўпламлари нашр этилди.
Тагор 30-йилларда бадиий асарлар билан бир қаторда кўплаб дарсликлар, фалсафа ва дин бўйича илмий рисолалар ёзди, миллий озодлик ҳаракати масалаларини адабиётда янада кенгроқ ёритишга катта эътибор берди, ҳинд шеъриятида янги сиёсий жанрни яратди («Африка», 1936; «Будда ихлосмандлари», 1937 ва б.). Тагор ижоди, ҳоз. бенгал адабий тилининг шаклланишида, шеъриятнинг янги шакл ва мазмун билан бойишида хал килувчи роль ўйнаган. У ўз шеърларига мусиқа басталаб, оммавий қўшиқпар яратган.
Асарлари жаҳоннинг кўп тилларига таржима қилинган. Тагорнинг «Ҳалокат» романи асосида тайёрланган «Ганг дарёсининг қизи» драмаси (1956) ва «Почта» пьесаси (1961) ҳозирги Ўзбек миллий театрида саҳналаштирилган. «Ўзбекфильм» киностудияси «Ганг дарёсининг қизи» фильмини яратган (1961). 8 жилдли асарлар тўплами (1958—65) ўзбек тилида нашр этилган. Нобель мукофоти лауреати (1913).
Саъдулла Йўлдошев, Улфатхон Муҳибова.

ҲОЙ ЙЎЛОВЧИ ҚИЗ

Мен биламан, оҳ, биламан сени,
Ҳой йўловчи қиз!
Денгиздан нари маъбудинг сени,
Ҳой йўловчи қиз!
Кўрдим: куз фасли – тонг отар чоғда,
Кўрдим: кўкламда – ой ботар чоғда,
Кўрдим: қалбимда сирлик учмоҳда,
Ҳой йўловчи қиз!

Йироқ кўкларга кўзни соламан,
Қўшиқларингни тинглаб қоламан,
Сенинг йўлларингда қурбон бўламан,
Ҳой йўловчи қиз!

Бутун дунёни кўрдим мен. Мана,
Келиб турибман белгисиз элга,
Эшигинг олдида меҳмонман сенга,
Ҳой йўловчи қиз!

ЧИРОҚЛАР

Бир айвоннинг токчасида
Тўла нурли чинни чироқ
Порил-порил ёнар эди
Нурлар сочиб қучоқ-қучоқ.
Ўзига хўп бино қўйиб,
Ўз нурини ўзи севиб,
Тиғларини сочар эди…

Ой булутнинг орқасида
Яқинида сопол чироқ
Ёғларини сўра-сўра,
Деворларга тутунини
Буруқситиб ура-ура
Ёниб турар эди. Бироқ
Қарғаб-қарғаб шу кунини,
Бағри эзик…
Деди: “Опа,
Бу кун ойнинг нечасидир?
Қайси ойнинг кечасидир?”

Чинни чироқ хафа бўлди,
Сассиқ тутунларга тўлди.
“Сенга “опа” бўлдимми мен?
Мен кимман-у, кимдирсан сен?
Сен, одобсиз, “опа” дейсан,
Кимлигимни ўйламайсан!” –
Деб қошини чизиб кетди,
Бечорани эзиб кетди.

Қарғиш энди қизган чоқда…
Ой кўринди очиқ ёқда!
Буни кўргач чинни чироқ
Лабларини тишлаб қолди.
Кулиб туриб сопол чироқ:
“Синглим, ҳолинг қалай?” – деди…

Чўлпон таржимаси

ҲАЁТ

Шу қутлуғ кенг дунёда сира ўлмасам дейман,
Одамлардан бир умр жудо бўлмасам дейман!
Балки ёруғ ўрмонда, тирик қалблар ичида
Мангулик ўрин олгум… четда қолмасам дейман!

Ҳаёт оқими мангу, қувноқ унинг ўйини,
Айрилиқлар, висоллар, қувонч, кулгу ва қайғу!
Мен тўқиб бахт куйини ва бахтсизлик куйини,
Эҳтимолки, дунёда барҳаёт қолгум мангу?

Асрлар хотирида қолиш бўлмаса тақдир,
Барибир, ўлгунимча айнимайин сира ҳам,
Инсонларга улашгум қўшиқларни бирма-бир,
Қўшиқлар гултожида ўзим қолгум мужассам.

Қўшиқларимни қувноқ қабул қилсин инсонлар,
Майли, тупроққа отсин агар бўлса хазонлар!

Миртемир таржимаси

ЗАМИНУ САМОНИ ТИТРАТАР ШЕЪРИМ

Булутларнинг карвони,
Кўланка ташлар қирга.
Парвоз айлагин, қалбим,
Сен ҳам биргама-бирга.

Ҳалокатли ғафлатни
Тарк айлагил, етар бас.
Кенгликларга тўш ургил –
Булутларга басма-бас.

Ғуссаларинг чақмоқдай
Тилкалаб бор ҳавони,
Титратсин гулдиракдай
Замину кенг самони.

Музаффар ғолибона
Парвоз айлаб беармон,
Синоатлар бағридан
То абад топгил макон.

* * *

Барчасидан воз кечиб, отланди ярим тунда:
“Чорлар мени Худойим, ортиқ қололмам бунда.

Қай куч мени то ҳануз кетгали қўймас йироқ?”
“Бу – мен!” ҳайқирар Худо, эшитмас ғофил бироқ…

Кўз ўнгида, тўшакда бағрида норасида,
Гўдаги билан ухлар хотини ёш, расида.

“Раҳмонми булар ёҳуд…” термилар у даргумон.
“Булар – менман!” дер Худо, эшитмас осий ҳамон.

Йўлга тушар дафъатан, деди: “Қайдасан, ё Раб!”
“Қаршингдаман!” дер Худо, кўрмас сўқир қалб қараб.

Ярим кеча, чақалоқ йиғлар чўчиб безовта.
“Қайт ортингга!” дер Худо, эшитмас ғофил ота.

Умидни узган Тангри дейди: “Қайга чопарсан,
Гўшангда қолдим, нодон, излаб қайдан топарсан?!”

* * *

Юксакларда чақмоқ ёлқини,
Замин узра зулмат тўлқини.
Йўқсиллару бойлар қилиб жанг
Бир-бировин ҳолин қилар танг.
Уруш тикиб қонли яловин,
Авж олдирар қирғин оловин.
Кўз тикканлар ошу нонига,
Ташна қилди элни қонига.
“Ур-ҳо ур”лар чорлайди жангга,
Саройларни қуршар аланга.
Қучоғида минг йиллик сирлар.
Қулар бир-бир асрий қасрлар.
Жаннатмакон бетимсол Ватан.
Вайронага дўнар дафъатан.
Муҳаббатнинг, меҳрнинг кони,
Даррандалар манзил-макони.
Гар уқубат бисёр, кўп жуда,
Тангрига тош отма беҳуда.
Гуноҳларга ботган бу замон,
Оташларда ёнгай беомон.
Тўлиб-тошган сабр косаси,
Бўронларга дўнгай халқ саси.
Етмиш икки томиримизни,
Титратиб зор қақшатган бизни,
Тўлғоқ дарди даҳшатли гарчи,
Иқболдан бонг урар бу жарчи.
Қонсираган ёвуз йиртқичлар
Қўлларида қалқон-қиличлар.
Дуч келганнинг олар бошини,
Босиб-янчиб ўтар лошини.
Қайнаб тошган сингари вулқон,
Қон қоплар ер юзасини, қон.
Келар замон ҳур дориломон,
Ёвузликни енгар беомон.
Тинар қирғин-баротлар бонги
Ва балқар ҳур ҳаётнинг тонги.
Токи банди этмагай овлаб,
Ваҳимани олгил жиловлаб.
Бандасининг кўп иллатлари,
Танбалликдан уларнинг бари.
Битта қолмай бари йўқолгай,
Вайроналар остида қолгай.
Тўда-тўда оми оломон,
Ошиқарлар бутхона томон.
Ақли қосир банда бечора,
Ибодатдан ахтарар чора.
Гўё тинмай қилиб муножот.
Нажот топар одамзод, нажот.
Ҳов анави хасис бой акам,
Эҳ, аҳволи минг бор вой акам!
Қизғанма кўп сариқ чақани,
Берсанг бер-да, бас, садақани.
Тўлиб-тошар гарчи бойлигинг,
Кўрмадик ҳеч ҳотамтойлигинг.
Найрангбозлик ҳар ишинг, сўзинг,
Ўзинг тўйдинг, тўймас ҳеч кўзинг.
Йироқсан гар номусдан, ордан,
Умидворсан Парвардигордан!
Одил ҳакам Ҳақ-Парвардигор,
Сохта тақво унга на даркор!
Бироқ имон, то эътиқод бор,
Токи Тангрим ҳам мададкор, ёр,
Қабул бўлиб дод-оҳларимиз,
Тўкилгай бор гуноҳларимиз.
Ва ҳур Ватан куйлаб шўх ялла,
Янги ҳаёт бошлар баралла.

* * *

Бенгалия, Ватаним,
Фидо сенга жон-таним.
Ҳар ўғлонинг, эй она,
Парвариш қил мардона.

Кишанлаб қўл-пойини,
Қафас қилма жойини.
Тутиб икки қўлидан,
Қайтарма ҳеч йўлидан.

Олам кезиб беармон,
Дардингга топгай дармон.
На ҳадик, на хавотир,
Улғайсин жасур, ботир.

Бенгалия ўғлони,
Ҳақ-Эзгулик посбони,
Зарур, керак онда у.
Кечар ҳатто жондан у.

Аритар ҳар дардингни,
Севсанг гар ҳар мардингни,
Дўнмагай муте, қулга,
Қанот бўл сен ҳар дилга.

Юртим-ай, манглайи шўр,
Меҳрингми айлаган кўр.
Ўғлонларинг беадад,
Қачон бўлар куч-мадад,
Қачон оқлаб нонингни,
Юксалтирар шонингни?!

* * *

Қуриган шох-шаббамни майда-майда қил, бўрон,
Сел ҳам жалалар билан булутлар солгай сурон.
Моҳирона чертгайсан ёмғирлар чилторини,
Поклагайсан қатма-қат хотирам ғуборини.
Ҳар неки битган куни, бўрон, келтиргил қирон!
Ёмғирларнинг қўйнида покланар жисму жоним,
Бағрига босар суйиб ҳувиллаган маконим.
Тўлиб-тошар дарёлар сув босар боғу роғни.
Ялпиз ҳидидай сасим қучар сарбаланд тоғни.
Жўшқин қалб билан такрор навқиронман, навқирон!

* * *

Чопар айтар: “Эй рожа, бир қошиқ қонимдан кеч,
Маъбадингга авлиё яқин йўлай демас ҳеч.
Ўрнашиб йўл бўйига – туташган қир-адирга,
Тақводорлар билан у ибодат қилар бирга.
Тангрига ҳамду сано айтар улар чувиллаб.
Зарҳал ибодатхонанг ётар бунда ҳувиллаб.
Тиллога ҳам топилмас уясин ташлаб, ташна –
Болари дала-даштга бўлгани каби ошна,
Муҳташам бу маъбадни унутиб ёшу қари,
Гард-ғуборга беланиб ибодат қилар бари”.
Тахтин тарк этиб рожа йўлга тушди хезланиб,
Ва деди майсазорда авлиёга юзланиб:
“Шоҳона маъбадимиз ҳувиллаб ётар унда,
Тоат-ибодат қилмоқ жоизми, ахир, бунда?”
Авлиё дер: “Шоҳона маъбадингда Худо йўқ!”
“Шаккоклик қилма! – дея рожа унга урар дўқ –
Муқаддас меҳробда нақ турар Тангрининг ўзи,
Меҳробу Тангрини ҳам кўрмас сўқирнинг кўзи!”
“Илло, кимсасиз эмас ибодатхонанг, эй шоҳ,
Макон айлаган уни дабдаба, ҳашамат, жоҳ.
Афсус, олий маъбадда Тангридан йўқ ном-нишон,
Ўзинг Тангри, ўзинг хон, ўзинг пандит, браҳман!”
“Билармисан, сармоя сарфладим даста-даста,
Чиройига жумла эл боқар ҳайрат-ҳавасда.
Худо йўлига уни қурганман истаб савоб,
Нечун унда Тангри йўқ? Худодан қўрқ, бер жавоб?”
Авлиё дер хотиржам: “Ёдингдами қай сана,
Ўт балосига элинг йўлиққани росмана.
Пойингга бош уриб боз нажот истаб келган пайт,
Ўз элингнинг дардига дармон бўлганмидинг, айт?!
Рўшнолик топмай сендан аҳли юрт, қашшоқ, ғариб,
Тарқаб кетди тўрт томон бошпана, ризқ ахтариб.
Ғорлар, ўрмонзорларда ёввойиларга ўхшаб,
Кун кечирди шўрлик эл неча йил қашшоқ, қақшаб.
Сен эса молу мулкинг ҳеч раво кўрмай элга,
Ибодатхона қуриб, совурдинг гўё елга.
Шу боис бу маъбадинг илоҳийликдан холи,
Иззатталаб тамагир нафсингнинг тош тимсоли.
Бундай эҳсонинг ҳатто Худога ҳам келмай хуш,
Афсус-надомат билан шундай сўйлаган хомуш:
“Фаровонлик, Адолат, Меҳр-Муҳаббатга кон,
Менга юксак, мунаввар Арши аъло ҳур макон,
Тамагирлик дардига мубтало ҳар кўр-басир,
Ўз элини унутиб ким менга қурар қаср?!”
Тангрим айтиб шуларни кошонангни тарк этган,
Қашшоқларнинг бошига соябон бўлиб кетган.
Гарчи ибодатхонанг зарҳал, сирти ялтироқ,
Кимсасиз хор кулбадай, аттанг, ичи қалтироқ!”
“Ким ҳуқуқ берди сенга тик қарашга юзимга!”
Титрар дарғазаб рожа: “Бас, кўринма кўзимга!”
Авлиё дер: “Сен ҳануз қулсан қаттол ҳукмга,
Аҳли имон не, ҳатто кун бермайсан ҳеч кимга!”


УРУШ

Қон дарёси дунёни тутар,
Ютар шаҳар-қишлоқни, ютар.
Қирғин-барот чиқар авжига,
Замин чўмар қоннинг мавжига.
Янчар-санчар лашкар минг туман,
Салтанатлар қулар юз тубан.
Ва ёвузлар йиртқич галадай,
Мўр-малахдай ёппа талагай.
Талон-торож, золимлик иши,
Дудамадай чархланган тиши,
Ёв-ғанимлар улар учун кам,
Ғажиб ташлар соҳибларин ҳам.
Қора қонни боз ичган кез бу,
Эътиқоддан воз кечган без бу.
Гўё Қаҳҳор муқтадир қаҳри,
Оташ бўлиб ёғилар заҳри.
Ва минг йиллик гуноҳлар кабир,
Минг балога дўнар бирма-бир.
Майхоналар вайрона, хароб,
Фаровонлик, фароғат сароб.
Ёддан чиққан Ҳақнинг каломи,
Шайтон билан оломон оми.
Маишатбоз пулдорлар, қара,
Ўзи учун тиклар мақбара.
Қонсираган ваҳший тутоқиб,
Ўз қонини ичар ютоқиб.
Аста-аста, ниҳоят кам-кам,
Қирғин-барот топаркан барҳам,
Қаҳру ғазаб, нафратдан толиб.
Инсониийлик музаффар, ғолиб.
Вайроналар узра ўкиниб,
Ёлбораркан Ҳаққа юкиниб,
Инсон олиб то ўзин қўлга,
Тушиб олган ҳақ, равон йўлга.
Не ажаб, бу қиёмат қасос,
Бахтимизга бўлгай ўқ-асос!


ҲИНД ДИЁРИ

Ҳинд диёри, мунгли асира,
Дардинг ором бермайди сира.
Кун ботарда қайғули достон,
Чорлар мотамсаро Ҳиндистон.
Азал-абад бу қадим ўлка.
Боши узра зулмат-кўланка.
Агра, Деҳли – шаҳарлар қадим,
Гоҳ жоҳил, гоҳ оқилга надим.
Кошоналар, қаср, саройлар,
Пештоқида юлдузлар, ойлар.
Хор қисматга гўё қасдма-қасд,
Нажот истаб кўкка чўзган даст.
Кимнинг кулиб боқар омади,
Кулфат кимнинг бор даромади.
Холи эмас кулфатдан бахти,
Мўрт бахтидай омонат тахти.
Сиёсати кун сайин ўзга,
Эл ёлчимас кафанлик бўзга.
Гар йўқ эмас комил, тўғрилар,
Урчиб ётар каззоб-ўғрилар.
Тожу тахт деб қилар қаттол жанг,
Шўрлик авом ҳоли забун, танг.
Зебу зийнат айлаган басир,
Юҳо қавм, нафсига асир.
Аксар дўниб молпараст говга,
Она юртин тикканлар довга.
Неки аччиқ қайғули достон,
Қабристондир қора Ҳиндистон.
Кимлар ғолиб, ким ғолиб пухта.
Юрт шонига қўйганлар нуқта.
Халқнинг қудрат-ғурури синган,
Саёзлашиб туби кўринган,
Ҳолсиз Жамна оқаркан бесас,
Қулоғимга чалинар бир сас:
“Шон-шавкатдан кир шуъла қолди,
Армон тўла ашула қолди”.

* * *

Аста-аста ғарибдай хаста,
Даста-даста кечар шикаста,
Давронларнинг карвони узун,
Авлод-аждод фузундан-фузун.
Титратиб бор еру самони,
Ғолибларнинг ўтар карвони.
Патҳанлар ҳам келиб кетарлар,
Бобурийлар қўниб ўтарлар.
Қаландарлар, хоқон, ҳакимлар,
Бу йўллардан ўтмаган кимлар.
Мангу макон улар барига –
Сингиб кетган мозий қаърига.
Ҳукми тарих… Ва лекин ҳамон,
Саҳарлар соф, ложувард осмон.
Замон ором биларми асти,
Қилич тутиб забардаст дасти,
Жаҳонгирлик қутқуга солиб,
Инглизлар бир муддатга ғолиб
Ва лекин ҳақ замона зайли,
Бу кун ғойиб уларнинг хайли.
Аҳли тужжор елдай бетиним,
Қўним топмас, ҳеч топмас қўним.
Даврон ўзга, гар ўзга замон,
Асрий йўллар гавжум то ҳамон.
Авлод келар авлод кетидан,
Ўтиб борар замин бетидан.
Қўлларида дастур, қўлланма,
Дорилбақо томон йўлланма.
На саноғи, на-да бор сони.
Турфа касби, турфа лисони.
Турфа қисмат, турфа яшар у,
Аҳли одам, аҳли башар у.
Шоҳлар тожи ортиқ порламас,
Ноғоралар жангга чорламас.
Қабилалар ортиқ ёвлашиб,
Қон тўкмагай обрў талашиб.
Қирғин-барот мозийда қолган,
Эртаклардан бу кун жой олган.
Меҳнат билан машғул эл-авом,
Давом этар ҳур ҳаёт, давом.
Гар гоҳ қувонч, гоҳ ғамга улфат,
Ёт-бегона асрлик кулфат.
Жабр-зулм вайронасида,
Ҳур ҳаётга куйлар қасида!

* * *

Васлинг жомига ташна
Остонангга урсам бош.
Қучоғинг очиб катта,
Кутиб олгил, қаламқош.

Жумла жаҳондан ортиқ –
Минг жоним сенга тортиқ.

Висолинг оҳанрабо,
Ошарман чўнг тоғу тош.
Қучоғинг катта очиб,
Кутиб олгил, қаламқош.

Тарона дарди дилим,
Эшитиб нолам, гулим,
Кулба бамисли қафас,
Қошимга чиқ бир нафас.

Зулматда ҳароб ҳолим,
Бас, тутмагай уволим,

Мушкулим айла осон,
Тугаб битди бор бардош.
Қучоғинг катта очиб,
Қошимга кел, қаламқош!

Рус тилидан Абдуҳамид Пардаев таржималари

КОПАИ

Падма тўлқинларини қувар эринибгина
Паришон нигоҳим. Қумлоқ соҳилда
Яшаётган, мислсиз уқубат чекаётган
Дунёдан узоқлашиб, унга бўлиб бепарво,
Атрофдаги жамики шир-яланғоч дарахтлар
Хароба бир кулбанинг теграсига йиғилмиш.
Бамбук, анбаҳ дарахти… Баньян турар мунғайиб,
Ҳаммаси бир-биридек қартайгану бужмайган.
Кулба остида ҳовуз. Хантал экилган дала.
Ётибди ҳар-ҳар жойда индиго қолдиқлари.
Шхау дарахтлари кун-тун шовқин солгувчи
Соҳилда
Шундек ғариб
Рожаларнинг мулки бор.
Уларнинг эчкилари
Боқилар шу атрофда.
Қирдан қараб туради кенг бозорнинг томлари
Шундай туюлар — босган қишлоқни қўрқув гўё
Яқинлашиб қолгандек дарёни муз қоплаши.

У тўғри оқиб келар қадимий ёзувлардан
Шохтомирда Ганганинг муқаддас қонин элтар.
Мағрур келар.
Қишлоққа қолганда бир чақирим
Бўрилар,
Гўё кўрмас, танимас сира уни!
У, унинг қилиқлари улуғвордир нақадар.
Улар бир хил баландлик, бир хил гувиллаши-ла
Денгизга жуда-жуда ўхшашиб кетадилар.
Шундоғам ўхшашларки, беихтиёр ўйладим:
Мудраб қопман қайиқда. Катта Айиқ бўркининг
Ойдинида бир ўзим юргандим сайр қилиб.
Мен тонг юлдузи билан бирга уйғондим кейин.
Ва бу тўлқинлар менинг кеча-куним ёнидан
Йўловчидек бепарво ўтиб кетавердилар:
Йўл бўйида уйлари бир-бирга жипслар бор —
Бир-бирга қанча яқин — узоқ эрур шунчалар,
Кайғу-севинч ёнидан ўтишаверар лоқайд.

Мана, мен
видолашиб кайтмас ёшлигим ила
қайтиб келдим охири шу қадим яланг жойга.

Унда яшил тўнларин ёпинишган дарахтлар,
Болаликдан қадрдон дарёгинам — Копаи
Мен билан кимўзарга
Чопиша кетди яна.
Етишмас унга фақат қадимийлик ва шуҳрат,
Лек бари бир ўзининг жайдаригина номин
Уйқаш қилди серҳашам номига бир аёлнинг.
Бу ерда соҳил ила сув ўртасида сира
Низо йўқдир.
Қишлоққа бўлган муҳаббатларин
Соҳилдан соҳилгача эшитиш мумкиндир ё аён.
Нақ тўлқиннинг устида ўсган ўсимликлар бор,
Шолилар шаббодада солланар бош чайқашиб.
Нарида эса дарё
Йўлга туташган жойда
Одамларга сахийлик билан кечув қолдирган.
То ўйноқи жилғадан
Ўтолсинлар бемалол.
Дала узра юксалиб хурмо турар серсавлат.
Соҳилда тиғиз бўлиб жам ила анбаҳ ўсар.

Дарёнинг тили — оддий уйларнинг тили эрур,
Олимлар тили эмас.
Қирғоқ билан тўлқинни
Бирлаштирар икковга умумий бўлган оҳанг,
Дарё ер бойлигига қилмайди сира ҳасад.
Ў, у қандоқ фусункор нур ва соя ичинда:
Воҳ, буралиб-буралиб оққанида бир қаранг.
Ҳатто карсак чалишни уддалай олар.
Ажир
Бўлиб кетар ёмғирда.
Озроқ мусаллас ичган
Қишлоқ қизларин рақсда ора йўлда қолдирар,
Лек шунда ҳам чиқмайди дарё ўз соҳилидан
Суви билан атрофни босиб кетмоқ қасдида.
Нафис кўйлак этаги ҳилпираган мисоли
Қирғоққа бир урилар, сўнг кулиб кетар узоқ.
Кузда шундайин шаффоф бўларки унинг суви,
Ҳаттоки остидаги қумлар турар кўриниб.
Камайса ҳам гоҳ суви ор этмас бу ҳолидан
Бойиб кетган чоғда ҳам
Қилмас сира шаккоклик.
Сўнгра уни ожизлик
Қўяди пасайтириб.
Шу боис ҳам гўзалдир, жозибадор эрур у.
Рақсга тушган пайтида
ҳам ғамнок, ҳам хушчақчақ,
Чарчаса ҳам жилмайиб турувчи қизга ўхшар.
Копаи оқишига қаранг — кетади ўхшаб
Менинг ғайритабиий шеъримнинг оҳангига.
Қовуштирар ер-сувини.
Лиқ тўлдириб туради
Иш куни соатларин мусиқа билан доим.
Бу оҳанглар остида ўша санталлик бола
Қайдиб юрар паришон олиб ёй ва камонин.
Пичан ортган арава йўрғалар шу оҳангда.
Боғлаб ёғочга икки идиш тўла саватни.
Савдо растаси томон
Кетиб боради кулол.
Эгасининг ортидан соя каби эргашиб
Кетаётган ит ҳатто чопади шу оҳангда.
Аравада қишлоқнинг қашшоқ муаллими бор,
Бир ойда уч рупий ҳам ололмайдиган киши.
Ҳорғин борар.
Ўзининг эски, титилиб кетган,
Йиртиқ соябонини кўтариб…

ҚАЙҒУ

Бошимга тушганда қайғули кунлар
Ялинаман ўз қаламимга:
— Шарманда қилма мени!
Ошкор қила кўрмагин
Ҳамманинг қайғусига айланмаган қайғумни.
Тортиб барча диққатин
Кўз-кўз қилмагин сира
Қоронғида яширмагин юзингни
Эшикларни қўйма тамбалаб.
Жилвалансин минг хил нур.
Чироқ турсин чарақлаб,
Ўчирма, қизғанма нурни!

Поёни йўқ дунёнинг
Улуғлиги сўнмас унинг ҳеч қачон.
Табиати унинг вазминдир.
Қуёш яқинида, фазода
У бошини кўтаргай баланд.
Совуқ ва чақноқ нигоҳи вазмин.
Текисликлар, тоғлар, дарёлар —
Ҳаракатсиз кўксидир унинг.
У фақат меникимас.
Сон-саноқсиз одамлар — эгасидир.
Ҳаммаёқда ноғорасин овози.
Чироғи барча учун нур сочар.
Коинот кенгликлари узра турар байроғи.
Шундай дунё қошида
Шарманда қилмагин қаламим!
Булар олдида недир
Дардим, йўқотувларим —
Чанг заррасин заррачасидир!

Агар етсайди кучим
Дардни узайтирмоққа.
Қўлдан келса унутиш ёки
Унда дарров кўрардим уни
Умумдард деб атаганларни.
Мен унда кўрардим:
Уқубатлар тошқини
асрлаб босарди жаҳонни.
Маханади ачиниб четлаб оқар уйларни.
Брахмапутра кўзёши
қалқир, тушар тўлқиндек.
Турли ўлка, мамлакатларнинг
барча қирғоқларида
Кетар уқубатнинг даҳшатли
бузиш, тузиш ишлари.
Айрилиқнинг мангу сингроғи,
Одамзоднинг боқий кулфати,
Менинг юрагимга тўкилди бирдан.
Қирсиллади қобирғаларим,
тошиб кетди юрагим.
Қайси кучдан? Ким билар?
Ҳайқираман бугун ўз қаламимга:
— Шарманда қилмагин!
Майлига, саховатинг
Ғарқ этса қирғоқларни.
Зора бу улкан тошқин
Дардларимни оқизса.
Бу дунёнинг минглаб қичқириқ,
Жўровоз сасига қўшилсин
Унинг ожиз ингроғи.

СЎНГГИ МАКТУБ

Бўм-бўш ҳувиллаган уй мендан ранжиб, хўмрайиб,
Алам билан юзини ўгиргандек туюлди.
Хоналарни тентираб чиқдиму кезиб бир-бир
Тополмадим ўзимга ундан бирон қарич жой.
Бўлмайди топширмасам уйимни ижарага,
Сўнг эса Даҳри Дунга жўнаб кетаман шартта.
Очолмадим Омоли хонасининг эшигин.
Недир юракни бетин тураверди ғижимлаб.
Йиғиштирмоқ шарт лекин топшира туриб уйни.
Охири таваккал деб очдим унинг эшигин.
Тароқ. Атир идиши. Бир жуфт Агра туфлиси.
Чапда, бурчакда унинг суюк чолғу асбоби.
Токчада турли китоб. Суратга тўла альбом.
Ойнанинг жавонида турли-туман ўйинчоқ.
Турли атир-упанинг қутиси, идишлари.
Миз ёнида курсига ўтирдим секин. Жимман.
Мана, мактаб пайтидан ёдгор — чарм папкаси.
Бу-чи, ҳисоб дафтари. Унинг ичидан ногоҳ
Беркитилган хат тушди. Кўрсам, менинг адресим,
Бола кўллари ила тимдаланган зўр бериб.

Демишларки, кимда-ким чўкиб кетса мабодо,
Неки ўтган бошидан — бир лаҳза кўрар барин.
Унинг мактубин қўлга олганим заҳот мен ҳам
Не бор — ҳамма-ҳаммасин ёдга олдим бир лаҳза.
Еттидайди Омоли, онаси ўлганида.
Исмсиз қўрқув мени тарк этмай қўйди сира.
«У узоқ яшамайди» деган бир бадбин хаёл
Юрагимда илондек ғимирларди доимо.
Бу қайғу уни маъюс қилиб қўйди жуда ҳам.
Ҳислари унинг юзга тепчиб турарди аёп —
Бўлғуси айрилиқнинг сояси ётар унда.
Маҳкамада ишлардим. Унинг битта ўзини
Ҳайҳотдай уйда ёлғиз қолдирмоқдан қўрқардим.
Ўйлар эдим дунёда камми бахтсиз тасодиф.
Байрамларда қидириб келарди Банкпурдан
Унинг ёлгиз холаси. Жаврар эди тинмасдан:
«Бизнинг замонамизда барча киши саводли,
Кейин ким уйланади ўқимаган қизларга?»
Ноқулай бўлди менга. Эртадан кечиктирмай
Қизалоқни мактабга элтишни ваъда қилдим.
Бўш кунлари кўп эди. Муғамбир қиз мактабдан
Дарсни ташлаб қочаркан, панд бердим оталарча.
Келгуси йил холаси келди. Айниган феъли:
«Бўлди энди. Қизчага ортиқ бундан ортиғи,
Банорасга элтаман — энг яхши пансионга.
Жияним отасининг сийловидан қутилсин»,
Жўнаб кетди Омоли беркитиб аламини:
Нега ахир мен уни холасига топширдим.
Ўз-ўзимдан беркиниш йўлларини ахтариб,
Бадринатхга бориб қилар эдим ибодат.
Яшадим тўрт ой дилхун: мактуб келмади ундан
Ўйладим хешларининг ҳукмрон қўли билан
Иккимизнинг жигарлик ипларимиз узилди.
Қизимнинг ҳам қалбида уларга бор шафелик,
Ўзин енгил ҳис этар улар ғамхўрлигидан.

Тўрт ой ўтган Банорас томонга бориб ўзим
Омолини кўришга қарор қилгандим, аммо
Йўлда хат келди: Уни оллоҳ тортиб олибди.
Найлайки иложим йўқ. Жимгина ўтирибман
Омоли хонасида. Олдимда унинг хати:
«Сени кўргим келди» деб ёзилган эди унда.

КИМДИР

Баланд бўйли, озғин,
Мўйсафид ҳинди.
Соқоли мошгуруч… Чеҳраси
ўхшайди қуриган мевага.
Эгнида чит камзул, кўйлаги ғижим.
Кифтида шамсия, қўлида ҳасса.
Оёқда териси дағал туфлисин
Устига шалвираб тушган пайпоғи.
Шаҳарга кетмоқда у.
Бхадро ойи наҳори.
Булутлар орасидан заиф нур ёғилади.
Ўтган кеча дим бўлди —
Гўёки тун боши қаттиқ танғилган.
Туман боис намхуш шаббода
Нозик новдалар аро беркиниб эсар.

Тасаввурим ойнасида
Пайдо бўлди кўринмас йўлчи —
Соялар ғира-шира тентиган жойда
Юрар эди кимдир.
Айрича бир сифат йўқ унда.
Номи ҳам йўқдир унинг —
Шунчаки бозорга у кетяпти йўлдан
Кимдир бхадро ойи тонгида.
Балки у ҳам кўргандир мени
Ўз бўшлиги чегарасида:
Ҳаворанг туманда ҳеч нарса билан
Ҳеч кимсага боғлиқ бўлмаган жойда.
Бузоғи бор унинг уйида,
Қафасда гапириб туради қуши.
Хотини ун элар тегирмонида.
(Қўлида мис билакузук бор.)
Унинг кир ювувчи ҳамсояси бор,
Баққол қўшниси ҳам. Ва яна
Қарз сўраб турувчиси…
Аммо мен у — нотаниш, кўринмас
кишиси йўқдир унинг.

НАЙ

Тор кўча.
Икки қаватли уй. Пастда —
Панжара ортида ойна.
Эшиклар кўчага қараган.
Лойқа сувлар оқиб остига
Тўрлаган, нураган деворлар.
Эшикда жамики
Ибтидо ҳомийси Ганганинг
акси туширилган ёрлиқ.
Бу хонада яшайман йиғлаб унинг ҳолига.
Бунда ҳоким ахир калтакесаклар.
Фарқи шулдир мендан уларнинг —
Емишлари тайин ҳар доим.

Маҳкамада кичик хизматчидирман.
Йигирма беш рупий — маошим.
Овқат ейман Дотто уйида
Дарс бериб уларнинг ўғлига.
Оқшом ўтказаман вокзалда вақтни —
Чироққа пул тўлашдан
Қутуламан шу тахлит.
Пишиллайди буғ поезд,
Чинқирар гудок.
Йўловчилар урҳо-ури
Ҳаммол мижоз чақирар…
Соат бонг уради —
Ўн ярим.
Уйга қайтиш керак,
Қоронгу. Сукунат. Яккалик.
Дхалешвари бўйида — қишлоқда яшар холам,
Қайнағасин қизи бор.
Белгиланган эди тўй.
Топиб қулай фурсатни,
Ростлаб қолдим жуфтакни.
Айнан ўша соатда
Қутқармоқ учун ҳам ўзим, ҳам қизни…
У кирмади менинг уйимга,
Аммо кириб келди дилимга.
Дакка газмолидан киймиш кўйлаги,
Манглайида қирмиз хол.

Ёмғир… Ёмғир…
Трамвайга пул тежаш керак.
Ҳали яна қанча чегирмалар бор…
Сасиб ётар йўлакда
Чириган барг, балиқ сарқити,
Ҳаром ўлган, четга отилган мушук.
Тешик соябоним менинг
Чегирмадан илма-тешик
маошимга ўхшайди.
Кийимим иш жойимники,
Қалбим
очиқ барча таассуротга.
Қора кўланкаси булутнинг
Тузоққа тушган йиртқичдек
менинг зулмат уйимга тушар.
Гўё оёқ-қўлимни
Чирмаб боғлаган йўқлик.
Канто-бабу яшар бурчакда.
Сочи силлиқ таралган.
Кўзлари маъноли, ўткир,
У нозиктаъб, мулойим,
Хуш кўрар най чалишни,
Йўлкамизнинг харобасида
Баъзан ярим тунда
Баъзан ғира-шира тонгда
Қўққис ғалат саслар чиқади…
Кунботар чоғ қучиб шафақни
Асрий айрилиқлар алами
Чўзиб куйлаб қолади бирдан.

Йўлакнинг қўланса ҳиди
Бадмаст ғудранишидек
Туюла бошлар менга.
Клерк Хориподу билан
Акбаршоҳ ўртасида
Фарқ йўқдек туюлар менга.
Най садоси остида
Менинг ҳам, шоҳнинг ҳам соябони
бир жаннатга кетаётгандек…

Аммо — бу сароб.
У ёқда эса
Бу қўшиқ бор жойда — асл ҳаёт бор.
У ёқда —
Туннинг боқий лаҳзаларида
Тамал тарқатди соялар
Дхалешвари қирғоқларига.
Ҳовлида у турар:
Дакка газмолидан киймиш кўйлаги,
Манглайида қирмиз хол.

Аъзам Ўктам таржималари