Якуб Колас (1882-1956)

Константин Михайлович Мицкевич — Якуб Колас (белор. Канстанцін Міхайлавіч Міцкевіч) ҳозирги Стольбцевский районида ўрмончи деҳқон оиласида туғилди.
Якуб Коласнинг ижоди 1906 йилдан шеър ёзиш билан бошланди. Йигирманчи йилларда шоирнинг Белоруссияда юз берган катта ижтимоий ўзгаришлар ҳақида яратган бир неча шеърлар тўпламлари, шунингдек, «Янги ер» (1923) ва «Симон музикант» (1925) достонлари босилиб чиқди.
1949 йилда Якуб Коласга унинг «Балиқчининг хатаси» (1941) достони учун Давлат мукофоти берилди. 1926 йилда Якуб Колас «Белоруссия ССР халқ шоири» деган фахрий унвонни олишга сазовор бўлди.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида шоир Тошкентда яшаб, ижод этди. Унинг Ўзбекистон мавэусида яратилган «Чимён», «Солор», «Ўзбекистон» каби шеърларида халқларнинг метиндек мустаҳкам дўстлиги улуғланади.

СОЛОР

Дурлар сочиб қуёш ботади,
Булут орти ёп-ёруғ олам.
Солор оппоқ тўлқин отади,
Салқин ели ҳузурбахш бирам!

Икки ёни бора-боргунча
Қатор дарахт — ям-яшил япроқ.
Яшар жимлик суҳбат қурганча,
Нима ҳақда — билмайман бироқ.

Бир митти қуш бошин эгиб, боқ,
Кенг анҳорга боқиб туради.
Тўлқинлар-ла бўлса ҳам иноқ,
Сувдан бир оз ҳайиқиб туради.

Ўрилмаган серўт қирғоқда
Қадимгидай гул-чечак гилам.
Малла сувин отар ҳар ёққа
Ўйнаб Солор — тошлар усти нам.

Ўт кетгандай кулранг тераклар
Оша қалқиб турар бир ҳаво.
Далалардан иссиқ ел келар,
Салқин Солор уларга раво.

Кеч киради. Қияликларга
Дов-дарахтлар шивирлар аста.
Кўршапалак учади жарда,
Тим қора сув жимирлар пастда.

Бу жимгина хомуш бир палла
Кеч киришнинг яхши туҳфаси.
Узоқларда на сас, на ялла,
Фақат тинмас Солор наъраси.

Ғазаб билан боқаман ғарбга,
Менга оғир. Билиб қўй, албат:
Бу аланга, тутунлар қалбда
Она юртим тимсоли фақат.

Ёлғиз қолиб, бизнинг дарбадар
Шум тақдирни ўйлаймак ҳамон.
Сенга кетар хаёлим баттар,
Эй, она юрт, қайғум бепоён!

Солор узра юлдузлар ёнди,
Нур сочади сирли, тилсимкор.
Биласанми, оқшом чўкканда,
Нималар деб сўйлайди Солор?
1943.

ЎЗБЕКИСТОНГА

Вақтим етди, Ўзбекистон,
Сени ташлаб кетар бўлдим.
Сен қанчалик оромижон,
«Хайр!» демакни оғир билдим.

Бошим узра ўзга осмон
Чодир ёзар кенг, беармон.
Баҳор яшнаб келган замон
Кўз олдимда сен намоён.

Севиб қолдим боғу роғинг,
Кенг чўлларинг олов кўркин,
Шуъла сочса тонгдан тоғинг,
Ўпдим уни, олиб бўркин!

Эсимдадир серзавқ шаҳринг,
Баҳор кўркли парк, хиёбон.
Ариқ гашти, Солор — наҳринг,
Теракларинг тик соябон!

Ёдда бўлур сокин ором,
Оппоқ қорли, гўзал Чимён.
Сен ўзингга қилолдинг ром,
Эй, тоғ юрти Ўзбекистон!

Шум урушнинг оғир йили
Паноҳ топдим сенда мен ҳам.
Куйга монанд ўзбек дили,
Қўшиқ айтдик бирга, ҳамдам.

Бир қилични бирга тоблаб,
Бирга бўлдик элга дармон.
Меҳринг бердинг нурга қоплаб,
Эй, жигарим, Ўзбекистон!

Яна нафас урди баҳор
Бизнинг она тупроққа ҳам.
Шу куй билан кўзимда нам:
Яхши қол, эй нурли диёр!
23 октябрь. 1943.

ОНА ЕРЛАРДА

Беш йил ўтди. Яна қайтдим Устьега омон.
Юрагимга яқин бу ер — азиз хилватгоҳ.
Менга таниш унда ўсган дарахту гиёҳ,
Қачонлардир дам олганман бунда беармон.

Тепаликка аста, бир-бир ташлайман қадам…
Оқ челакка қўниб олмиш митти капалак…
Хотиралар хаёлимни чулғаса керак,
Бошим ўтда қолган кекса эман каби хам.

Узоқларга кўз ташлайман жимгина толиб,
Таниш ерлар кўзларимга худди бегона.
Дарахтлари сийрак тортмиш, қаранг-а, ана,
Юртим кўрки одамлардек эулматда қолиб.

Ҳеч кимса йўқ, атроф жим-жит. Таниш кулбалар
Ўрилмаган ўт-гиёҳга кетган кўмилиб.
Куйиб-битган харобалар аро гул бўлиб,
Ёш бир тўқай шохларидан тўкар кўлкалар.

Балачанка томон кетган қия сўқмоқдан
На қолибди бирон белги, на ному нишон.
Фақат менинг хотирамда уради жавлон,
Ғойиб бўлиб йўқолибди кунгай ўтлоқдан.

Оға-ини, қўшни бўлган не-не одамдан
Биттаси йўқ: тўзиб кетган кўз тушган томон.
Ё хоч турган тепаликдан топгандир макон,
Евга қарши курашда ё ўтган оламдан.

Баъзиларин эса уруш қувган ёт элга,
Ўз юртига қайтгани йўқ қали барчаси.
Шум қулликда азоб чекиб қанча-қанчаси,
Чору ночор бош қўйгандир бегона ерга.

Бу урушнинг даҳшатларин олсанг эсингга,
Ҳар қадамда асло ўчмас бир белгиси бор.
Лек қаётга олқиш айтиб, яшнаб пурвиқор,
Ёш ўрмонлар ташланади чанқоқ кўзингга.

Кундан-кунга кучга тўлган ғолиб қадамни
На бир Гитлер йўлин тўсиб, бўлғай тўғаноқ.
Яна ҳаёт илдиз отиб, кўкариб иноқ,
Яна қайта барпо этар нурли оламни.

Мен биламан: бу жароҳат битар бегумон,
Кул остидан бош кўтариб яшнайди элим.
Ҳақиқатнинг нури билан чароғон йўлим,
Бахт чўққиси узра чиқар яна халқ омон.
1945. 8—9 июль.

Шуҳрат таржималари.

ҚАДРДОН МАНЗАРАЛАР

Жондош ўлкам манзаралари,—
Шодлигим ҳам, қайғум ҳам ўзинг!
Юрак талпинади сен сари,
Мунча иссиқ сенинг юлдузинг.

Дарё, боғлар, қўрғон, адирлар,
Дала ҳамда қадрдон ўрмон…
Аччиқ қайғу зўр ҳасрат ичра
Мотамсаро сизни кўрурман.

Чарчоқ асирларни ўтказган
Шаҳарларда ҳоким сукунат.
Севикли лавҳалар, жон бағишлайман,
Учиб келинг, қоқингиз қанот.

Сарғайган майсазор елда шувиллар,
Далалардан чиқар ҳаётий товуш.
Қоронғи ўрмонлар тинмай гувиллар,
Қайин япроқларин куйлари — на ҳуш!

Эй жондош лавҳалар, етимсиз, сизни
Кўраман, қишлоқлар, инсонлар, бу дам.
Ҳасратли, қайғули қўшиғингизни
Тинглайман, ҳеч қачон унутмайман ҳам!
1908

Мирмуҳсин таржимаси