Ҳарекришна Дека

ТОНГ ОТИШИ

Инларини ташлаб кетар чоғларда
Қарғалар қағиллаб-қағиллаб толди.

Қақраган дарёлар сув кутаётиб,
Бир кечада гўё кўздан йўқолди.

Синиб ётган ёғоч кўприк остига
Аскарлар бирпасда беркиниб олди.

Баланд ердан сувга тушган оқсочлар
Бу сирдан бир умр бехабар қолди.

Қуёшда ярқираб сариқ қора хат
Титранди, қоғозлар увишиб кетди.

Зулмат босиб келар эски уйларни.
Бу ердан шамоллар шошилиб ўтди.

Баланд ерлик оқсоч қаҳ-қаҳ уради,
Буни ҳалигача ҳеч ким билмайди.

Узун тун қон бўлди, қуёш тўсатдан
Тонгга кириб келди, кейин билмадим…

Инглиз тилидан Ойгул Суюндиқова ва Зуҳра Асқарова таржимаcи