Ажит Баруа

ДУНЁНИНГ АЙЛАНИБ БУРИЛИШ НУҚТАСИ

Кел, қора, қора мурч ярғоғи,
Гуллари тиниқ сув ичида.
Сап-сариқ холларнинг титроғи
Қаҳрабо уруғлар учида.
Буғдой даласида кезинар Нора…

Айланиб-айланиб бурилди дунё,
Қачон кўзларимни ранглар ёритди?
Бир зумлик ёмғирлар, ойда ҳам гўё
Бу дунё айланди, думалоқ тортди.

Ёзнинг ўртасида сап-сариқ ёмғир,
Кириб бордим яна сариқ оролга.
Сариқ қуш учади, учар сариқ сир,
Қайрилиб қараши ўхшар саволга.

Балиқнинг ақлими, нақлими, гоҳо
Булутга айланар: «Бир кун учаман!»
Сувнинг тубларидан отилар садо:
«Кела қол, кела қол, сени қучаман!..»

Ёнгинамда эса ку-кулар какку,
Бурилиб, ортига қараса қиз гар…
Менда ҳам, қизда ҳам йўқолар уйқу,
Ёқимли баҳор – бу, ҳаво муаттар!

Инглиз тилидан Ойгул Суюндиқова ва Зуҳра Асқарова таржимаcи