Ваге Арсен (1978)

Ваге Арсен – арман шоири, таржимон. 1978 йили Ереванда туғилган.

ЙЎҚОТИЛГАН ҚУЁШ ЙЎЛАГИ

Узилган тун
кекса қуёш дунёга келар,
офтоб – жудолик сўқмоқлари
болалик бошмоғидай терилиб турар,
эртаклардан, ўйинчоқдан юзин ўгирган,
мавжуд таржимаи ҳол,
мазасини туйган
тишлари билан.

Маъюс сафидан мардикорларнинг
яна жўмардларни излаяпман мен –
ранги кетган пул майдонида
ҳушдан кетган ифорни туйиб.

Ҳавода осиғлиқ
ланг очиқ эшикни четлаб ўт,
Ўлим муқаррар дея оғиз жуфтлаб
ёнлаб ўт ҳаётни…

Менинг қуролбардорим эгарланган от
юрак ютдик,
тўқилган гўзалликни асрамоқ учун
асра уни –
тақдир барбод этган саҳна асарин
белгисиз кунга довур
асрагил,
олис йиллардан буён
ҳеч кимга кераксиз
муҳаббат ҳаққи…
ўтмишнинг мулки
парчинланган мудроқ чойшабга
ишқ-оловларда…

Узилган умидимнинг дўсти – Дон Кихот,
биз шундай кўришмадик,
мен дунёга жуда кеч келдим,
сен эса қайтадан келмадинг –
ҳарфга, қаҳрамонга эврилиб.
Дон Кихот хаёлий кўприкларингда
вақт тегирмонин орқага қайтар,
бугун ёғоч от устида
ер айланишига термул бир лаҳза
ижозат эт татимоқ – ҳис этмоққа
дарёнинг ортига оқаётганин…

Бу балки шунчаки важ-корсон?
қуёшга тикилган баҳона?

Бирпасга кечикдим,
одатий оқимига эврилди дарё,
кундалик қўнғироқ жаранги,
айланди муттасил…

Мавридга қармоқ ташла,
дарёнинг мавжлари сукут ичида,
қўлин солар ернинг бўйнига,
у ҳар доим садоқатли дўст…
Мендан
Сендан
шаҳардан
фарқли…


ҚОЧИРИМ

Мен севги ҳақида
ёза оламан,
қор кўринмас борлиқ ато этганда,
ер ости йўллари
кўз қисиб қўяркан офтобга
зулматга бош суқса қайтадан
хаёллар – тушлар,
кўз ёшлари билан кўрар оламни,
раққоса
зийнат қутичасидан олислаганда
муҳаббат ҳақида ёза оламан.

Сайр этяпман, тун билан бирга,
чироқларни шимдим йўлаклар бўйлаб,
Қуёш қаҳри қаттиқ
фонуслар – муз синиқлари,
афв эт,
бу мен –
Ваге Арсен, куракларингда ором оламан,
Буғланаман, ўгирилсанг агар,
қошимдаги кўчанинг чеккаларида,
арзон – гаров “Палермо” туфлиларида
урчиган бетонда тек қотиб,
чопилган дарахтга суяниб,
мен севги ҳақида ёза оламан.

Шамол қўшиқ – кўланкаларин хиргойи қилар,
узилар радио тўлқинлари
ҳар бир шивир – мусиқа,
қочирим,
изин-кетин
юз йиллик ёмғир,
вужудим жунжикар,
теграмга чизиқлар тортиб,
пешонамдан теримни сидир
ўзинг билан ол,
Муҳаббат ҳақида ёза оламан.

ОЛИСЛАЁТГАН КЎЗГУ

Борлиғим – шаҳарни
майингина қоплаб олди қор,
унинг ҳайбатли
учқунлар пиллапоясидан кўтарилдим мен –
азалий қор сукунатига.
Ҳаммомдаги кўзгуга –
жуда ҳам яқин
ҳаво учар гиламга дўнар
қўл солар тақдирнинг сочига.

Катта кўчалардан – тор кўчаларга,
тор кўчадан – катта кўчага
ўтаётиб,
шамол ҳуштагидан
сирпаниб кетдим,
шиша либосли биноларга,
машъаллар эврилар
парчаласанг ойнани агар
дарпарда эврилар
учаётган шамол қанотларига.

Ҳар бир учқун машъал аслида,
тиллақўнғиз бўлиши керак,
илк олов тош санъаткори
ёки иситгувчи ёндиргич.
Ижодкор булоғи шарқирар –
Ибодат – бу сирли рақамлар
ибодатхона – ўриндиқ
бир кўзи илинган соқчи санайди
кўздан олислаган қадамлар аксин
қадамлар –
қадамлар –
қадамлар – …
Ҳаммаси – Олов –
сув париси, олхўри – сим чамбараги,
ҳатто ўрмон жимлиги.
Қуёш Тангри эди,
миттигина қуёш, яшринганди чўнтакларимда.


ЎРМОНДА

Ёмғир қулф тешигидан қарай олади?
Кўчадан узилиб
нонушта қилмай
кийиб олмоқ
йўлиққан илк пойабзалларни?
Мен қайта кўмилдим,
ҳаётнинг
ранг-баранг чиғаноғига,
ишончларим метин тош каби
топишга улгурдим
олам ёриғин
ва ахир
тебраниб тургувчи
битта эшик бор,
унда келин-куёв рақсга тушар –
либослари оқ ҳамда қора
бурчакда мудраган чанг босган суврат,
ўхшаб кетар бари кўзгудагига
орқамга қарасам,
қучоқ очар қайтадан
тўлғонган базм.

ТИЛИМЛАНГАН ИНЕРЦИЯ

Кун бўйи
Ўзимнинг ичимда эдим,
ёмғир шивалади
недир йўқотдим
жуда қимматли
узатилган қўлим йўлидан,
ҳаёт жўнаб кетди автоуловда,
сайрга чиқди мужмал сусткашлик.
Сен ишонсанг агар,
капалак
буриб юборади ҳаёт йўлингни!

Рус тилидан Гўзал Бегим таржималари