Маргар Маргарян

ЕР ДАРДИ

Ер дардин сув денгизга элтар,
Элтиб адо этолмас ҳаргиз:
Чўккан дарддан туғилар гавҳар,
Шўрлаб ётар шу дарддан денгиз.

Ер дардин сув денгизга элтар,
Аммо дардин сездирмас замин.
Ерни ҳар кун одамлар тепар,
Замин-чи, ер одамлар ғамин.

Сув булутга берар ер дардин,
Бизлар учун булут бир эртак.
Лекин у ҳам ернинг фарзанди,
Кўз ёш бўлиб қайтадир бешак.

Ер дардин сув қайтарар ерга,
Ер қалбига сизар сўнг қайғу.
Қолажак дард ер билан бирга,
Булоқ бўлиб қайтар аммо сув.

Замин дарди — одамлар дарди,
Биз ювамиз ерни тер билан.
Ўртада ишқ кўприкдир гарчи,
Кўпроқ ундан ғам ўтар экан.

Ер дардин сув денгизга элтар,
Шўртанг эрур шу важдан денгиз.

* * *

Менинг қувончимда қайғу бор оз-моз,
Жавоб берай десам ғам босар ногоҳ:
Бу оз-моз қайғумга ўтмишим мумтоз,
Ўтган кунларимга мен ўзим гувоҳ.

Менинг севинчимда ярадор қушлар,
Ярадор умидлар, дардли ёш вужуд,
Онам кўз ёшлари, қўрқинчли тушлар,
Тоғимнинг ёмғирли нигоҳи мавжуд.

Бахтимда мужассам бузилган уйлар,
Куйинди эшиклар, куллар бўрони,
Севишганлар кўзин чўқиган ўйлар,
Дил қирғоғин бузган кўзёш тўфони.

Менинг қувончимда қайғу бор оз-моз,
Усиз яшолмагай ҳеч қачон юрак.
Қайғусиз бахт кулиб беролмас овоз,
Шоир бўлмоққа ҳам катта дард керак.
Дардимда ҳам тағин дардлар бор оз-моз…

Э. Муҳаммад таржималари