Хачатур Абовян (1809-1848)

Хачатур Аветикович Абовян (Խաչատուր Աբովյան; 15 октябрь 1809, Эриван (Ереван) — 1848 йил 14 апрель бедарак йўқолган) — арман ёзувчиси, янги арман адабиёти ва тилининг асосчиси.

* * *

Қурбонингман, эй суюкли ёр,
Керак бўлса от, бўйнимдан ос.
Бу дунёда чекдим кўп озор,
Ёмонлардан эт мени халос…

Баргларини шабнам ювмаса,
Баҳорда гул сўлмасми ночор?
Салқин еллар эсиб турмаса,
Бўғилмасми танҳо зору зор?

Кечалари чеккан фиғоним
Тош қалбингни эритмас наҳот?
Ишқ ўтида ёнмоқда жоним,
Сенсиз менга нечун бу ҳаёт?

Қўрқинч эмас менга ер таги,
Айрилиқдан қўрқаман дилдор.
Сенсан ғариб кўнглим истаги,
Сенсиз менга бу кенг олам тор.

Истар эсанг бўлайин қурбон,
Истар эсанг, кел, бўйнимдан ос.
Ишқим ҳақи, раҳм эт, эй жонон,
Таъналардан эт бутун халос…

Миртемир таржимаcи