Аветик Исаакян (1875-1957)

Исаакян Аветик Саакович (Ավետիք Սահակի Իսահակյան) [1875.19(31).10, Казарапат – 1957.17.10, Ереван] — арман шоири. Арманистон Фанлар академияси академиги (1943). Семинарияда ўқиган (1889—92). 1911—36 йилда чет элда яшаган. Арманистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси (1946—57).
Дастлабки шеър ва достонларида ижтимоий зулмга қарши курашган халқ қаҳрамонлари мадҳ этилган, инсон тақдири, келажаги ҳақидаги фикрлар баён этилган («Қўшиқлар ва жароҳатлар», 1897; «Абул Аъло ал-Маъаррий», 1909—11 ва б.). «Сасма Мгер» достони (1919, 1937 йилда қайта ишланган) арман халқ эпоси «Сосунли Довуд» мавзуси асосида яратилган.«Бизнинг тарихчиларимиз ва бизнинг гусанлар» (1939), «Ватанимга» (1940), «Арман меъморчилиги» (1942) ва бошқа туркум шеърлари машҳур. 2-жаҳон уруши йилларида ёзган жанговар руҳдаги шеърлари («Қалбим менинг тоғлар чўққисида», 1941; «Улуғ ғалаба куни» 1945 ва б.) халқ қўшиқларига айланган.
Айрим асарлари («Поэма ва шеърлар», 1961; «Абул Аъло ал-Маъаррий», 1976) ўзбек тилига таржима қилинган.

* * *

Мен дафн этилдим тоғ қиясига,
Устимга тортилган ҳўл, оғир тупроқ.
На таниш, на билиш олар эсига,
Ўт кўмган мурдамни!
Қалбимда фироқ.
Бир маҳал туш аро келди бир нидо:
Чақирар ҳуррият жанглари сари,
Айғирлар кишнайди, куй берар садо,
Ҳилпираб байроқлар ундар илгари.
Халқ босар одимин дадил, мустаҳкам,
Қуроллар жаранги кўкни тутади.
Титратиб қабримнинг тупроғини ҳам
Оламон ва садо менга етади.
Эҳ, яна қалбимда жўш урди қоним!
Эҳ, қани қабримдан турсаму шу он
От суриб жанг қилсам яна беармон
Ва яна бўлсайдим жанг аро қурбон!

Шуҳрат таржимаси

* * *

Тила, ҳасрат шабнами бўлиб
Кўзёшингдан тиниқ нур сочай,
Ё шабада — ҳамдаминг бўлиб
Сочларингни битталаб очай.

Гар истасанг атиргул бўлиб
Безантирай сенинг кўксингни,
Ё тонготар сочган нур бўлиб
Шуълаларга чулғайин сени.

Ё мажнунтол бўлайин, сенинг
Уйқунгни мен қўриқлай тунлар.
Қуш бўлайми, алла айтсинми
Ошиқ дилим таратган унлар.

Тила, барин мен бажо айлай,
Фақат осмон, еру ой эмас,
Шамол, денгиз долғаси бўлай,
Севишингни фақат айтсанг, бас!

* * *

Қайғурарман, дилим абгор,
Йиғла, гулим, сумбулим,
Йиғла, осмон, йиғла, зангор,
Йиғла, сен ҳам, булбулим.

Ердан қаро осмоним, оҳ,
Ёлғиз фарёд урарман.
Ёри жоним кетди йироқ,
Даштда танҳо юрарман.

Дилимга ўт ёқди жоним,
Ўзи кетди йироққа.
Кўксим яра, оқар қоним,
Ташлаб кетди фироққа.

Қайғурарман, дилим абгор,
Йиғла, гулим, сумбулим,
Йиғла, осмон, йиғла, зангор,
Йиғла, сен ҳам, булбулим.

* * *

Ёргинамнинг сочин хушбўй
Исин олиб кел, шамол!
Дилимни ёз, ғамимни ол,
Хабар олиб ел, шамол!

Гулоб тўла жомни олу
Ҳузуримга кел, соқий!

Дил — боғингдан хуш сўзларни
Узиб-узиб олиб кел!
Атиргулу  бўсаларни
Қанотингда олиб кел!

Гулоб тўла жомни олу
Ҳузуримга кел, соқий!

* * *

Дилим маним бир боғ эди:
Унда гуллар яшнарди,
Муҳаббатим янгроқ эди,
Булбул бўлиб яшарди.

Сулув, айтдинг: «Асирликда
Қандай сайрар булбулинг?
Қандай гўзал! Розимисан,
Узиб олсам бир гулинг?»

Мен ёш эдим, бебош эдим,
Ишонардим сўзларга,
«Гулмас, бутун боғ сенга!» — деб
Айтдим айёр кўзларга.

Золим, боғда лабда кулгу,
Топтадинг барча гулим.
Аноримни синдирдингу
Ўғирладинг булбулим.

* * *

Икки қошинг жаллод тутган
Қилич каби эгилган…

Бу дунёда фароғат йўқ,
Ёлғон, макр қаҳр бор!
Аммо, лабинг шаробини
Ичсам, майли, бошимни
Қиличларинг  кессин, ёр.

Икки қошинг жаллод тутган
Қилич каби эгилган.

* * *

Агар мен шамол бўлсам,
Энг гўзал гулнинг сочин
Силаб, ўриб чиқардим
Қатини бир-бир очиб.

Агар мен оҳу бўлсам,
Сен эса муздек булоқ,
Ташналигим қонмасди
Бўсаларингдан, бироқ.

Агар мен оҳу бўлсам,
Сен-чи, олов — кўйингда
Оҳ, ёниб кул бўлардим
Қучоғингда, қўйнингда.

Хуршид Даврон таржимаси

***

Тунлар боғимда кўз ёш
Тўкаётир мажнунтол.
Қайғудан кўтармас бош,
Изтиробда ғамғин тол.

Ярқирар тонг ҳур мисол
Қўнғироқ соч бошини
Силкиб, артар мажнунтол
Тўккан аччиқ ёшини.

***

Тоғ чўққиси ортида қуёш,
Ғира – шира олисда ўтлоқ.
Тинди қушлар куйи — да юввош,
Менинг уйқум келмайди мутлоқ.

Том оралаб ой боқади, гул
Баргларида кўчади мезон.
Салқин ҳаво торқилайди йўл
Тун тоқида юлдузлар томон.

О, майин ел, юлдузли дунё,
Қани бу тун азиз дилдорим?
О, юлдузлар, танҳосиз, танҳо,
Қайда кезар тун бўйи ёрим?

Тонг отади, эшик очилиб,
Туман босар, ёғмоқда ёмғир.
Ёлғиз қайтар от ҳам дил тилиб,
Оҳ, ёр уйга қайтмайди, ахир!

ОНАМГА

Она юртдан олис – олисда
Саргардонман – на уй, на ором.
Она, қолдим айрилиб сиздан,
Ғариб сайёҳ каби беором.

Тоғдан учган бу қушлар билар:
—  Онам йўлда йўламадими?
Денгиз бўйлаб шовдирар еллар:
—  Онам салом йўлламадими?

Кўчиб кетди шамоллар бесас,
Жанубга йўл олади қушлар.
Юрагимга зар сочиб ҳавас,
Жанубга кўз солади қушлар.

Юзларингиз, ширин сўзингиз
Соғинаман, азиз онажон!…
Айлансайдим тушга изингиз
Топар эдим албат, бегумон.

Тунлар тушсам дилингиз томон,
Қучсам – гўё ҳуши йўқ туман.
Кетсам – кулиб, йиғлаб, онажон,
Ёндиргувчи соғинчлар билан!

***

Ўлсам, кўминг мени Алагяз
Тоғидаги шоҳсупага, то
Эссин Манташ чўққисидан соз
Бошим узра энг сарин ҳаво.

Токи қабрим ёнида ийиб
Буғдойзорлар тебранган сайин
Мажнунтоллар сочини ёйиб,
Кўз ёш тўксин жимгина,майин.

***

Тушларимда – шўр сувлар бўйи,
Қалбда оғриқ, ёнбошлайман жим.
Аллалайди тушларим куйи,
Тўлқинларни ичиб тўймас қум.

Тушда – ёнлаб ўтар дўстларим,
Қувнаб, куйлаб, ҳайқирар бетин.
Менга боқмас, чорламас ҳеч ким,
Сукутдаман, тортаман ғамғин.

***

Мендан узоқларда ўзга юртлар бор,
Унда яшаётган диллар мен каби
Гоҳида ёлғизу, маҳзун ва бедор,
Ёниб – куяр, менга талпинар қалби.

Шунда туюлади ул олис қўлга
Йўллайман оташин, сирли ўтинчим.
Қўлим узатаман олтинсоч гулга,
Сочларини силай бошлар соғинчим.

***

Қанотлари учқур қорамтир бургут
Осмондан тушгандай кўксимни ўяр.
Тишида – юрагим, парвозида ўт,
Энг баланд чўққини айланиб суяр.

Тоғларни қиялаб учар, кўк ичра
Қалбимни ирғитар илкис қонатиб.
Шундан қулоғимдан кетмайди сира  —
Шовуллаб туради бургут қаноти.

***

Тонг нурига ёғилар титроқ  —
Қутлаётир тўрғай бу дамни.
У зулматдан, ғамлардан йироқ,
Ёниб куйлар севги, оламни.

Қоронғулик ичра йўл очиб,
Юрак тўкар зарралаб ўкинч.
Бўзтўрғайнинг навоси сочиб
Ўтар эгик бош узра севинч!

***

Тушимга кирибди: тотли куй чалиб,
Тебраниб, эшилиб кетмоқда карвон.
Тоғ оралаб, ўрлаб, қалбга ўт солиб,
Нурларга қўшилиб кетмоқда карвон.

Карвонда борадур суюкли дилдор,
Кўзларида жилва, либоси ҳашам…
Ортидан қолмайман, соғинчим бисёр,
Карвон қалбим тилиб,кул этар танам.

Дил яра, беланиб чангу тупроққа,
Ёлғиз қолдим ютиб ҳасратли ўйим.
Карвон ўтиб кетди узоқ  —  узоққа,
Майин жаранглатиб қўнғироқ куйин.

Ойгул Суюндиқова таржимаси

ОНАИЗОРИМГА

1

Ватанимдан кетдим кўп узоқ,
Мен қувғинди, уйсиз дарбадар.
Мушфиқ Онам чекади фироқ,
Озурдаман, уйқусиз тунлар.
Тоғу денгиз узра чарх урган
Шаббодалар, қушлар, айтингиз:

Мен дайдини соғиниб юрган,
Онам наҳот, учратмадингиз?!
Эй, денгизнинг мовий тўлқини,
Эй, қалбимдек туғён беором,
Балки онам қўмсаб ўғлини,
Сиз орқали юборган салом?!

…Шаббодалар елади бесас,
Қушлар учар жануб томонга.
Мен ғамбода, ғарибга бирпас
Қайрилмасдан, кўмар – армонга…
…Нурли чеҳра, хуш каломингиз
Соғинганман мунис волидам.
Кошки, англаб туш-хаёлингиз,
Ёнингизга қайтолсам бир дам…

2

Хаёлимда ойдин оқшом, сукунат,
Томлар оша шаффоф тутун ўрлайди.
Таниш мажнунтоллар шивирлар фақат,
Қайдадир чигиртка шод чириллайди…
Мункиллаган Онам ўчоқ бошида,
Набирасин қучиб ўтирар сипо.
Болажоним ухлар, ширин тушида
Мени кўрар… Онам ўқийди дуо…

“Илтижом қабул эт, Яратган эгам,
Бемор, ғарибларни ўзинг қўллагин.
Майли, энг охири кўрсатиб карам,
Дарбадар ўғлимни уйга йўллагин”.
Осуда уй узра тутун ўрлайди,
Онам дуо ўқир болам бошида.
Қайдадир чигиртка шод чириллайди,
Мажнунтол ёш тўкар Онам қошида…

* * *

Аракс соҳилида бўлса чорбоғим,
Экардим мажнунтол, атиргул, лола…
Сояда бир чайла қуриб, ҳарёғин
Обод қилар эдим, бор меҳрим ила.

Токи шу кулбамнинг сўнмай чироғи,
Фараҳ ва ҳузурга кўмилсин ҳар дам.
Чўғдек ёниб турсин Шушан дудоғи,
Оташ ҳисларимни кўрганда баҳам…

Биргина шу орзу, шу тилак учун
Борлиғим мен фидо қилишга шайман.
Шул ният умримга бахш этгай мазмун,
Уни рўёб этмоқ учун яшайман…

* * *

Тоғда учган қора лочин
Нишон қилиб кўкрагим,
Тиғдек ўткир тумшуғи-ла,
Узиб олди юрагим…
Сўнг қояга қилиб парвоз
Отди нилий маъвога,

Шунданмикан дилда ихлос,
Талпинарман самога.
Шундан буён оҳанрабо
Каби тортади осмон,
Юрагимда берар садо
Лочинқуш солган сурон…

* * *

Туш кўрдим: тушимда чайқалиб, мудраб,
Карвон кетиб борар, жаранги майин.
Тоғу адирларда бир-бирин судраб,
Илондек ўрмалар, тиним билмайин.

Карвон ўртасида – тахтировон хос,
Унда тебранади гўзал маҳлиқо.
Кўзларида қувонч, келинчак либос,
Нигоҳи юрагим қилади адо…

Мен-чи, юрагимда тўла дард-фиғон,
Чанг ютиб ортидан кузатаман жим…
Карвон олис кетар, кўзлардан ниҳон,
Қўнғироқлар саси майиндан-майин…

* * *

Тун чоғи осуда боғимда
Ёш тўкар йиғлоқи мажнунтол.
Вужуди ҳасратлар доғида,
Шўрликни юпатмоқ кўп маҳол…
Тонг отгач, париваш субҳидам
Меҳр-ла оламни ёритди.
Сочига ўрилган ишқ билан,
Мажнунтол ёшларин аритди…

* * *

Нур ила сийласа субҳидам,
Мастона сайрайди бўзтўрғай.
Билмайди на андуҳ ва на ғам,
Ҳаётни олқишлар у тинмай.
Не жонлар ҳасратнинг дастида,
Дунёга алам-ла қарайди.
Боши хам мазлумлар устида
Бўзтўрғай мастона сайрайди…

Рус тилидан Муҳиддин Омон таржимаси