Ашот Граши (1910-1973)

Граши Ашот Багдасарович (ҳақиқий исми Григорян Ашот Багдасарович) 1910 йили Арцахда туғилган. Ереван давлат университетининг тарих факультетини тамомлаган. Илк китоби “Кириш” номи билан 1934 йили чоп этилган. Шеър ва достондан иборат қирққа яқин китоб муаллифи.

* * *

Дарё водий узра оқади сокин,
Шишадай тиниғ-у фикрдай чуқур.
Боғлар тўлишади ундан туну кун!
Инсон баҳр олади, олади ҳузур.

Яшил бошоқларга тармашади у,
Шарбат тўлдиради узумга аста.
Хонангга киради ёғдириб ёғду,
У шундай ажойиб, у шундай уста!

О, шеърим, ўзингни отиб тўлқунга,
Кошкийди озгина ўхшасанг унга!

Туроб Тўла таржимаси

* * *

Ишқим қиссасини тингланг бир лаҳза.
Қушлар оқшом чоғи унга жўрнавоз,
Жилғалар шилдираб ашъорлар битгай,
Кўклам қўшиғидай майин, хушовоз.

Кавказ тоғларининг бағрида унган,
Мовий кўллар узра сузган тарона.
Арагвадек шошар сукунат томон,
Ойнинг шуъласида товланар яна.

Ишқим қиссасини тингланг бир лаҳза
Уни чўғдек кафтда тутмиш далалар.
Аракс соҳилига келдим, олисда
Атрофга оловлар сочмиш лолалар.

Ишқим қиссасини тингланг бир лаҳза,
Кўнгил сўраб қўйинг “Вертер”дан алҳол.
Сабр ила кўз тутинг, ёз ҳам келажак,
Биатриче бўлар сиздан миннатдор.

Ишқим қиссасини тингланг бир лаҳза.
Бу чексиз уммондир, бу – айни чошгоҳ.
Бу – юлдуз парвози, бойчечак саси,
Тонгда шабнамларга чайилган бир боғ!

Ишқим қиссасини тингланг бир лаҳза,
Булбул навосидан унгай чаманлар.
Қайдадир фазода, уммонда балки
Замин ишқин куйлаб яшар одамлар.

Ишқ чегара билмас, кўҳна, навқирон,
Ишқни куйлаганнинг йўқдир саноғи.
Шимолми, жанубми, ҳар ерда, ҳар он
Унга ҳамроҳ оқшом, шамол – ўртоғи.

* * *

Севгим мадҳин мен куйламасам –
Ким куйлайди ишқимни ёниб?
Юртим чиройидан завқ олиб.
Ким куйлайди, мен куйламасам?

Ҳар зарра тупроғин кўзга сурмасам,
Ҳар бир новдасини эркалаб, суйиб,
Ҳар бир оҳангини юракдан туйиб,
Ким куйлайди, мен куйламасам?
Ким куйлайди, мен куйламасам?

Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржимаси