Салоҳ Абдус-Собир (1931-1981)

Салоҳ Абдус-Собир (صلاح عبد الصبور) 1931 йили Мисрда туғилган. Шоир, танқидчи, драматург

“КЕЧИРИНГ, ДЎСТЛАРИМ…”

Кечиринглар, дўстлар, бу йилда
дарахтлар ҳам – мевасиз, абгор,
дастурхоним бўм-бўш, ҳувиллар,
сизларни кутишга эмасман тайёр,
омборлар ҳам бўшдир, на қилай,
аёндир бу болаларга ҳам.
Хасисмасман, бу йил бир гиёҳ
унмади-да далаларда ҳам.
Кечиринглар, дўстлар, уйимда
ёниб турар биттагина шам —
мумдай эриб ёшин тўкади,
адо қилар уни ҳам бу ғам.
Кечиринглар, дўстлар, юрагим
олов бўлиб ловуллар, ойдин, —
сизга кулиб пешвоз чиққали,
дил қувончни олади қайдан?

Карим Баҳриев таржимаси