Комил Айюб (Миср)

ШАҲАРДАГИ ҚАҲВАХОНА

Совуқдан жунжуккан одамлар бунда
Исиниб кетарлар кунда ва кунда.
Гоҳи шароб ичиб исинадилар,
Тамаки чекиб ҳам исинар улар.

Ғамдан ўзни шундай соқит қилмоқчи,
Барча ташвишлардан шарт қутулмоқчи.
Ичар хандон бўлай деб фақат бир кун,
“Малласоч хоним”нинг соғлиғи учун.

Бошлар эгилади шу лаҳза бирдан,
Атрофини ўраб олади туман.
Томоғидан чиқар йиғлаган сўзлар,
Гандираклаб кетар, букилар тизлар.

Мункиб-мункиб яна ташлайди қадам,
Гўё соя дейсиз, бу – соя-одам.
Йўқ, бу одам ҳаммас, фақат соядир,
Соя қачон инсондай юксаладир?!

Инсонийлик гуллагайми шу жойда –
Тутун босган ифлосликда, эҳ, қайда?!
Қўланса ҳид анқиб турган пайтлари,
Куртак ёзмас кўм-кўк ҳаёт барглари…

Музаффар Аҳмад таржимаси