Иссам Хаммад

ТАБИАТНИНГ ШОИРГА АЙТГАН СЎЗЛАРИ

Мени қўй.
Гўзаллигим ҳақида
қасидалар куйлашинг
жонимга тегди.
Сатрларингда
уйқусираб тотилган ҳислар,
ойнинг шуъласи,
новдаларнинг шитирлаши
ва ирмоқларнинг шилдираши мадҳ этилар…
Жонимга тегди
бундай сатрлар.

Сенинг кўзларинг
туннинг милтираган ёғдусидан
қандай баҳра топар,
минглаб одамларнинг нигоҳларидан
армон, ғазаб
ва қуллик
дунёга боққаётган пайт,
тун сукунатини
оч-ночор қардошларингнинг
инграшлари бузаётган дамда
қандай қилиб ойга термулиш
ва ошуфта қушларнинг
шўх сайроғини тинглаш мумкин?

Умиднинг нурлари,
озодлик уруғи,
ғамсиз кўзлар,
адоватсиз диллар!
Сизсиз табиатнинг,
заминнинг ва самонинг,
қуёшнинг ва сувнинг
гўзаллиги кераксиздир!

Мен Қудратли Ақл,
Абадий Дарёдан яралганман!
Оддий тоштарош
менинг асосимга кўп асрлар
меҳнатини сарфлаган.
Офтоб нуридан қорайиб кетган
фаллоҳ тиллоранг шингилларни
шаробга айлантирар
ва деҳқон ерга уруғ ташлар…
Менинг уларсиз қимматим борми?

Мени қўй.
Гўзаллигим ҳақидаги қасидалар
жонимга тегди
Одамлар ҳақида ёз!
Ҳар лаҳзангни
қайғуга ботган юртингга
бахш эт.
Қарига ва ёшга
умид беролгин,
тонгги юлдуз бўлиб порла,
қалб қонинг билан,
исёнкор юрагинг билан
қардошларингни
эзгуликка,
тинчликка чорла.

Карим Баҳриев таржимаси