Искандар Ал-Ҳурий (Миср)

ЗАЙТУН ДАРАХТИ

Зайтун дарахтидан мунис
нима бор?
Зайтун дарахтидан тўкис
нима бор?
Қара шохларига,
мевасига боқ,
Елларда шилдирар
мингларча япроқ.

О зайтун дарахти,
сендан тушмаймиз:
Ҳосилингни йиғиб
кўнгил хушлаймиз.
Зумрад меваларинг
қуёшда пишар.
Еб кўрсак, ҳовлимиз
жаннатга ўхшар.

Зайтунжон, сен билан
дўстмиз қадрдон,
Қайноқ кун остида
гуллайвер омон.
Сўнгра бер қуёшдай
заррин тоза мой,
Мой учун пул олиб
тез бўлайлик бой.

Зайтунжон, шамолда
шовулла, яшна
Сен билан абадий
ошнамиз, ошна.
Қиш ўтар, ўзгарар
бир-бир фасллар –
Ёнингга қўшармиз
янги насллар.

ҚИШ

Олти ой ёз бўлар, олти ой қиш деб,
Бекорга айтмаган эканлар дадам.
Ёмғирли кўйлакда, чақмоқ тож кийиб,
Қиш ҳам кириб келди қадам-бақадам.

Ёз кетиб бормоқда чарчаган кўйи,
Қўлида бир сават оқ гул, қизил гул.
Ўйнаб бўлмас экан, афсус, йил бўйи,
Мактаб ҳам очилди, дўстлар сиқар қўл.

Теран денгизларга савлатин тўкиб,
Тобланган кемамиз шўнғиди олға.
Таълим кемасининг ғаввослари кўп,
Йўлларни тўсолмас ҳеч қандай долға.

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси