Абу Муҳаммад Раққоший

Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Иброҳим Раққоший – Ўрта осиёлик арабнавис шоир

1

Барча мард Абу Саидга жон фидо этгай аён,
Чунки у отлиққа устод, посбонга посбон.

Сен замона зулмига тўғон, Аҳмад ибн Шабиб,
Сен кўмак берсанг, ҳужум этмас балолар ногиҳон.
Элга мақбул ҳар улуғки сен учун жондош эрур,
Сен башорат айласанг, унгай зафарлардан нишон.

Кўрсатар бўлсанг жасорат, дарс олар Баҳром келиб,
Ҳимматинг ёлқинлари етгай Зуҳалга бегумон.

Қасд этиб бедовга минсанг, ҳар заиф топгай паноҳ
Ҳам амал топгай жамики орзулар шул замон.

Гар ўзинг бир жойда турсанг, сўзларинг дунё кезар,
Не десанг, содиқ суворийлар таратгай ҳар томон.

Сен шижоат, ақлу идрок ҳам саховат бобида
Барчадан зилроқ бўлиб, ҳайратдадир тарозубон.

Тўхтамай қўнмоқда илкингга зафарлар изма-из,
Худди найсон ёмғирин ёғдирганидай осмон.

2

Майим май бўлмагай асло, келиб у кўрмагач бир он,
Надимлар ҳам надим эрмас ва райҳон ҳам эмас райҳон.

Бўлиб ҳолим забун, бермас юпанч ҳаттоки орзулар,
Сабабки, қучди икки ўртада йўлларни ҳам хуфтон.

Бу қайғудан бўлак бир черткига бардош беролмасман.
Наҳотки дўстсизлик дарди бирлан бўлурман қурбон.

Сени ёдимга олдим қаҳрамонлар бадқовоқ чоғи,
Ажални тиш аро зоҳир этиб кулган маҳал шайтон.

Қоронғу кечада ўқлар учар юлдузга ўхшайдир,
Ҳалокат ёнма-ён, аммо ҳаловат кўп йироқ армон.

Тўкиб қон найзалар йиғлар, чарақлаб кулса шамширлар,
Ҳаво тунддир ғубордан, қон эмиб борлиқ – қизил алвон.

Ҳусниддин Шарипов таржимаси