Абу Абдуллоҳ Муҳаммад

Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳомид — Ўрта осиёлик арабнавис шоир

1

Ҳавас қилган эсанг ҳар нени, бу асно муҳайёдир,
Изоҳат айламак-чун зўр зафар ҳам бўлди тез зоҳир.

Тополмай истаган нарсангни армон қилмагайсан ҳеч,
Фалакнинг сенга қилмиш хизмати аълодан аълодир.

Саодат сенга ҳамроҳдир ҳаловат сен билан ошно,
Бўлиб қадринг буюк ҳар не буюрсанг бунда пайдодир.

Ғанимлар узра от солсанг, музаффар туғ бўлур раъйинг,
Саноқсиз ёт қўшинлар ҳайбатинг олдида расводир.

Этилган эрса бул он икки қуён банди, шодланким,
Хиёнаткор бўлур мағлуб, деган бу яхши маънодир.

2

Май ажойиб нарса, лекин ланж бўлур кайфдан одам,
Севги ҳам аввал ҳаловат, сўнгра келтиргай алам.

Аҳли ошиқ аста-аста ҳурлигин қурбон қилур,
Тан олиб қулликни, маҳбубига сўнг бўлгай қарам.

Эй аёллар, тахтда — сиз, бизнинг юрак сизлардадир,
Қул бўлиб қолгай у ҳатто йўл йироқ бўлганда ҳам.

Бул жамоат ичра бир ой борки, нозик ҳам нафис,
Ҳар тиши бир дона дўлдир, чеҳрасин дейман санам.

Ҳусниддин Шарипов таржимаси