Абдурраҳмон ал-Хомисий (1920-1987)

Абдурраҳмон ал-Хомисий (عبد الرحمن الخميسى) — мисрлик машҳур шоир ва ёзувчи, танқидчи, жамоат арбоби. 10 дан ортиқ китоблари чоп этилган. «Теранликлар» (Қоҳира, 1950), «Биз ўлмаймиз» (Байрут, 1953), «Оловли шамоллар» (Қоҳира, 1954) китоблари машҳур.

ИСЁНКОР УМИД

Агар
Миср,
Маввал* куйлари гўё,
Қалбимда яшайсан забун, нолавор,
Мисоли туганмас алам ва ғубор…
О, алам ёшлари, кошки бебаҳо
Обиҳаёт бўлиб берсангиз мадор!

Биламан, ғам-ситам чекилмас бекор,
Сен кутган тонг отиб келмоқда алҳол!
Менинг Ватаним ҳам, ана, мардона,
Узиб кишанларни баҳодирона,
Тонг сари юрмоқда кўргазиб виқор.

О, Ватан!
Кўзёшу алам-армондек
Ғариб-ғураболар тутмиш барингдан.
Туманли уфқлар ёришур тонгдек
Сенинг ҳур шуълавор умидларингдан!

Битсин зулм, марзалар бўлгандай яксон
Исён омочининг тиғи теккан он.
_________
* Маввал — араб классик шеър шакли.

Туроб Тўла таржимаси