Абдулваҳҳоб ал-Баётий (1926-1999)

Абдулваҳҳоб ал-Баётий (عبد الوهاب البياتي) (19 декабрь, 1926 – 3 август, 1999) — ироқлик шоир. Араб шеъриятидаги модернистлардан бири. Илк китоби «Фаришталар ва шайтонлар» номи билан 1950 йили чоп этилган.

НОЗИМ ҲИКМАТ ХОТИРАСИГА

1. Тун зулмати ичра тўлқин-қиз
Қуюқ, қора сочларин ўрар.
Тўрга тушган балиқдек шу кез
Соч ўрами тўлғаниб турар.
Осмон тобут қопқоғи каби
Шоирнинг жасади устида беҳис.
Ер ва қора лола ҳақида
Сеҳрлаб куйлайди тўлқин-қиз.

Боши узра минг йиллик ғавғо,
Қум ва гиёҳ, тун ва сукунат.
Долғаларни аямас қирғоқ,
Гўё замин қайта тирилган шу вақт,
Кесарлар Саҳройи Кабирнинг кўксин.
Муҳитларда бўлурлар адо
Мангуликни сипқормоқ учун.

Баҳор туйган ғунчалар янглиғ
Қадимий имлолар қилурлар ханда.
Дилни эзар торнинг оҳанги,
Қора булут кўкни тўсганда.
Бургут қанотлари сингари
Уйғонур Тобрнинг ёнбағирлари
Ва кўклам навосин барглари беҳис
Тўкилур пойингга, тўлқин-қиз.

2. Тунги қатор елиб боради,
Ул ёмғир ва зулматни ёрар.
Тунги қатор
Елиб боради,
Дунё узра кўприкдан борар.
Ташқарида олмалар,
Гуллар,
Хатлар ўтар
Қатор ёнидан.
Оҳ, суюкли Ватаним куйлар:
Бу тор овози,
Диёр овози.
Бир кафт тупроқ,
Қолди йироқ.

Сен бағримда ёнган бир гулхан.
Тунги қатор
Елиб борарди.
Мен уйғониб кетдим дафъатан —
Бўғзимга тиқилди дардим.
Деразам ёнида камалак ёнар.
Йўлим тушди Истанбул сари.
Деразам ортида қор ёғар
Ёзилмаган қоғоз сингари.
Тунги қатор елиб боради.
Ул ёмғир ва зулматни ёрар.

Мен уйқудан уйғондим,
Гўё
Қор остида қолган
Бу Дунё,
Тузлиқ, тоғу тош,
Йиллар.
Фикрларим менинг бир содда:
Ёмғир ва зулматни кесиб
Тунги қатор
Елар.

3. Чийиллайди, ўлимдан хабар
Каби титрар мунгли япроқлар.
Тимдалайди, юракни эзар
Сўнгги япроқлар.
Хотиралар уйғонур: Сўроқ…
Яна сўроқ берадир сенга…
Сочларинг гулхани —
Халоскор аланга.

Не қилайин энди мен, айтгил,
Қисқа, қисқа дақиқа, ахир.
Ё тақдирга тан бериб буткул
Қоғоз ёқай
Сўқирдай бир-бир.
Шеърият зарурдир,
Сўнгги севгим
Ва сўнгги имкон.

4. Қалб ила қабул эт
Бу най навосин.
Англагил Румийнинг
Сўзин маъносин.

Бу наво ғам ила,
Ишқ ила ҳамроз.
Тинглагил, чувалган
Кўнгилларни ёз.

Кечган йўлимизни
Куйлаб бергин, най.
Келажак аталур —
Қон тўкилган жой.

Шириним, севгилим,
Гўзал Ширинжон.
Чарх урар бош узра
Шафқатсиз замон.

Манглайда ажиннинг
Чуқур сиёҳи.
Биз бахтнинг ортидан
Қувган сайёҳи.

Шириним, севгилим,
Шириним, сўзсиз,
Хўрланганлар йўли —
Бизнинг йўлимиз.

Уларнинг армонин,
Дардин куйла, най,
Куйла,
Жалолиддин Румий
Айтгандай.

5. Мен ўлдим.
Юнонистонда
Тунги боғлар ичра
Гулларим сўлди.
Уйғонган ой пешонасидан
Оқадир қоним менинг.

Икки аёл кетди
Сукунат ва азоб йўлидан
Тинглаб менинг қалбимни.
Қалбим яшамоқда, яшайди
Келажакнинг фарзандларида,
Тутунли майдонларда
Замонларни қилур сарҳисоб.

Мен денгизга ва
Ерга қайтдим.
Мени Ватанларнинг
Ватани қучди,
Абадий.

Ҳа, қўшиқлар қолур,
Қолур қўнғироқлар жаранги.
Тўлқиннинг ҳайқириғи
Ва тонг-саҳар ошиқларнинг
Нағмаси қолур.

Мен адо қилдим йўлимни.
Инсон учундир Дунё.
Тинчлик бўлсин биродаримга.
Салом ва соғлиқ бўлсин
Менинг Еримдаги
Тирик мавжудотнинг
Барига.

Рауф Парфи таржимаси

СЕНИ ТАШЛАМАЙМИЗ

Капалаклар ўлса, қуриб битса гул,
Авжи иш маҳали қўлдан тушса иш.
Етимсираб қолса дунёмиз буткул,
Гўдак зулмат аро қолса-я ёлғиз?!

Қоғоз кеманг қайда? Заҳарланган сув
Оқизиб кетдими букиб, мажақлаб?
Наҳот ҳар ўйиннинг сўнгги бўлса шу,
Гўдак қувончини бўлмаса сақлаб?

Болакай, қўлни бер, кўзларимга боқ,
Биз, катталар, сенга дўст бўлсак деймиз.
Кулфатни итқитиб, “Йўқ!– деймиз биз,– Йўқ! Йўқ!”
Сени асло ёлғиз ташлаб қўймаймиз!

Боғларда капалак учар пилдираб,
Сахий қуёш кўкда нур сочиб кезсин!
Қоғоз кемачалар сувда пирпираб,
Чўкмай, мажақланмай, ўйноқлаб сузсин!

Музаффар Аҳмад таржимаси