Сара Тисдэйл (1884-1933)

Сара Тисдэйл (Sara Teasdale) – Америкалик шоира. Нью-Йоркда яшаган, 1918 йилда «Love Songs» шеърий китоби учун Пулитцер мукофотига сазовор бўлган. 1933 йилда сўнгги шеърий тўплами «Ғалати ғалаба» (инглизча – “Strange Victory”) номи остида чоп этилган. Сара Тревор Тисдэйл 1884 йилда бой америкалик оилада туғилган. 1933 йилда ўз жонига қасд қилган. Унинг шеъриятига бокира тўкислик, аниқ мусиқийлик хосдир. Сара Тисдэйл шеъриятидаги фожиали мусиқавийликни муқобил таржима этиш имконсиз, таржима фақат тимсоллар ва мазмун-моҳиятни бера олади, холос.

ҚАРЗ

Мен сендан қарздорман, ёрим, билиб қўй,
Адоқсиз армоним, ҳасратим учун?!
Йўқ, сен юрагимга солганинг йўқ куй,
Сен мен-ла осмонга чиқмадинг учиб.

Лек мен сени дилдан севдим-ку, ахир,
Гарчанд ҳеч вақт мени сен севмадинг чин.
Мен сендан қарздорман, сен берган севги
Мени аршга олиб кетгани учун…

ЗАВҚ-ШАВҚ

Энди мени тийиб, жиловлаб бўлмас,
Куйлайман дарахтга, юлдузли кўкка,
Куйлайман дунёга ишқи азалдан!
Севаман!
Меники бўлди севгилим,
Эй ҳаёт, қўрқмайман энди ажалдан!

Шамолга қўшилиб учаман энди,
Оловда куймайман, оловланаман,
Ичимдаги олов лабимдан чиқар,
Юлдузни босаман майса босгандай,
Бу он самоларга ёндош, эш эдим.
Мен бугун севилдим, меники ёрим,
Ҳаёт, мен ниҳоят бир он яшадим!

ДАРЁ

Мен – дарёман.
Ойдин водийдан
Келардим денгизга томон бардавом.
Ўйлардимки, кулранг гирдоблар ичра
Топарман абадий тинчлик ва ором.

Уммонга қуйилдим –
Асов ва қора.
Дарғазаб чинқирдам, айтдим айтарим:
– О, зангор водийлар, кенг далаларим,
Ўтинаман, мени ортга қайтаринг!

Аммо мени ютди бир бебош тўлқин,
Ташналик жонига теккан оч тўлқин.
Шўрлаган тўлқинлар ичдилар мени,
Туздай аччиқ бўлди сувларим энди,
Тубсизликлар ютди, энди хок эдим –
Қандай ирмоқ эдим, ахир, бир замон,
Қандай тоза эдим, қандай пок эдим…

МЕНИНГ ҚАБРИМ…

Тугаса ҳаёт-ла ҳисоб-китобим,
Мен келиб ётарман мана шу ерда.
Мана шу майсалар устимни ёпар,
Шамолда шовуллаб тебранар қирда.

Сўлиб қолмас сира тепамда лола –
Илдизлари шимар танамдан қувват.
Вужудим ёқарман, аччиқ кулимдан
Устимдаги гуллар мовий ранг олар,
Япроқлар ҳам кўм-кўк чайқалар албат.

– О, руҳим, – дедим мен,-
Суякларимни
Ачинмай тарк этиб кетарсан наҳот?
Озод бўлган руҳим айтар:
– Қарагин,
Қабр гулида бор қанчалар ҳаёт…

ҒУССА

Ачинмайман айрў руҳимга –
Вужудимда топмади ором,-
Ҳали яна у минглаб марта
Кирар бошқа танларга қайтиб,
Кезиб юрар дунёда дайдиб.

Ачинмайман руҳимга асло,
Аммо ҳали қайноқ вужудим –
Жондан кечиб, тупроқ бўлмоққа
Кўнмай турар қўрқоқ вужудим…

МОВИЙ КЎЗЛАР

Сиз ўша апрелда бўлдингиз пайдо,
Кўзларимиз бирдан тўқнашди қўққис –
Гўё турар эдим жар ёқасида,
Қаршимда – ютишга тайёр кўк денгиз.

Биз бирга яшадик тўртта апрелни,
Тўрт бора яшил барг очди мажнунтол…
Барибир, мен сизга дуч келсам ҳануз,
Мовий кўзингизга термулсам қўққис –
Кўраман ўзимни жар ёқасида,
Қаршимда – ютишга тайёр кўк денгиз…

КАМЧИЛИКЛАР

Мени огоҳ қилар дўстларим зимдан,
Бор эмиш яширин нуқсонларингиз.
Эшитиб куламан бу севги фасли –
Улар қайдан билсин, баридан кўпроқ
Нуқсонларингизни севаман асли…

ТУШЛАР

Ҳаётимни бахш этарман ўзгага,
Меҳримни берарман, турса қошимда…
Лек ўтган кунларни ёдимга солиб,
Севгилим киради оқшом тушимга.

Бехос уйғонаман, турарман титраб, –
Тушлар ёлғончидир – қалтирар тизим.
Уйғонсам – ёнимда йўқдир севгилим –
Лек сийнамда куяр бўсанинг изи…

АПРЕЛ-МАЙ

Шамол юлиб отар сўлган гулларни,
Куйиб, паймонаси тўлган гулларни.
Гулбарглар тўкилар оҳиста, сассиз –
Хазонлар тупроққа кўмилар, эссиз.

Тонгда яна чиқар аршига қуёш,
Яна янги ғунча гул очар – наққош.
Қувончга тўладир табиат такрор,
Аммо менинг учун тугади баҳор.

Дархтлар бир оппоқ гулга бурканди,
Аммо мен майсани босарман қордай –
Менга Апрел ажиб севги берганди,
Аммо айрилиқни олиб келди Май…

МЕН БИЛАМАН ЮЛДУЗЛАРНИ ҲАМ…

Юлдузларни яхши биламан:
Тонг юлдузи, Чўлпон, Зуҳроси…
Қачон чиқар, сўнади қачон –
Менга аён само дунёси.

Одамзоднинг сирин англадим,
Нигоҳларин ўқийман ҳар дам –
Фикрлари, шум ниятлари
Менга берар тафаккур ва ғам.

Лекин сенинг кўзинг, севгилим,
Менинг учун буткул гумондир?
Севасанми, йўқми – ноаён,
Севганмидинг ўзи қачондир?

Кўп нарсани билдим дунёда,
Фикрларга тўлиб кетарман.
Ҳаммасини билдим-у, аммо –
Сени билмай ўлиб кетарман…

МЕНГА БАРИБИР…

Ўлар бўлсам бир кун, апрел ёмғири
Совуқ вужудимни ювса бесабр,
Сен менинг тепамда турсанг қайғуда,
Мен парво қилмасман,
Менга барибир…

Мен тинчиб қоларман ёмғирда ивиб,
Ерга эгилган ҳўл новдадай сабил.
Бағритош, бераҳм бўларман у кун,
Сен мен билан бугун бўлганинг каби…

ГУМОН

Руҳим танга қамаб қўйилган,
Мени босар батамом гумон.
Жонга тегса, гоҳида қалбим
Кайф-сафога берилар шодон.

Удир менинг тинмас ўхшашим –
Қўлидан келади ҳар бало.
Танам учун берарман жавоб,
Лекин қалбим бўйсунмас асло…

ТАБИБЛАРИМ

Кечалари уйқу билмасман,
Тўшак бўлди тун-кун ҳабибим.
Ҳамширамдир тепамда Оғриқ,
Ўлим менинг содиқ табибим.

Жуда нафис уларнинг тили,
Ҳал этарлар тақдирим бу кун.
Оғриқ айтар: кесмоқлик керак.
Ўлим дейди: шошмоқлик нечун…

Мен бир одми аёлман сокин,
Лек қувончга тўлмоқда дилим –
Қандай содиқ дўстларим бордир,
Бири – Оғриқ, бириси – Ўлим…

ҚАҲРАТОН ТУНИ

Деразамни безар изғирин,
Ташқарида совуқ шу чоғда –
Қаҳратон қиш, шамол йиғлатар.
Кўзларингни кесар пичоқдай.

Ўтинаман, Тангрим, шафқат қил
Кўчадаги дайди, юпунга.
Раҳм қилгин, Тангрим, совуқда
Қор остида юрган ҳар кимга.

Менинг уйим иссиқ ва гўзал,
Дарпардалар тафти кифтимда.
Лекин гоҳо юрагим йиғлар,
Ташқарида қолган етимдай…

ТУН

Олтин гулга ўхшар кўкда ой,
Атрофида кўк чамбараги.
Само – гулнинг новдаси гўё.
Ёндош – худди сен ва мен каби.

Эндиги ой – новдасиз гулдир,
Кўк – юлдузлар ёритган маҳзан.
Ой – асрлар бўйи хушбахтдир,
Менинг сен-ла бахтим – бир лаҳза…

Инглиз тилидан Карим Баҳриев таржимаси