Ивон Дейвис (1965)

Ивон Дейвис (Ivon Davis) – шоира, ишқ куйчиси, жамоат арбоби, Коннектикутдаги “DAVISCommunications” ташкилотини бошқаради. Жамоатчилик билан алоқалар, халқаро муносабатлар, маркетинг ва бошқарув соҳаларида катта ишлар қилмоқда. Кўплаб мамлакатларга саёҳати асносида ёшлар ва аёллар муаммоларига жиддий эътибор қаратиб, уларнинг жамият тараққиётида фаол иштирок этишига кўмак бериб келмоқда.
Брюссел, Ҳарвард ва Италиянинг Сорренто шаҳарларида таҳсил олган. Журналистика ва тадбиркорликка оид бир неча мукофотлар соҳиби. Сиёсий ва ижтимоий мавзудаги мақолалари тез-тез чоп этилади.
Ивон Дейвис шарқона рақсни ёқтиради, ўзи ҳам шарқ рақсларини севиб ўрганади , бокс ва карате билан шуғулланади. Саргузаштга бой саёҳатлар уюштириш жону дили. Шеъриятда ишқ-муҳаббат куйчисига айлансиҳ орзуси бор.

СEВАМАН ДEБ АЙТ

Лорензо,

Яна бир бор “севаман” дегин.
Севишингни айт такрор-такрор.
Тил учида эрувчи лекин
Ширин бодом мисол сўзинг бор.

Келтирганинг тоза ҳавода
Уни ичга ютарканман бот.
“Сени суйгум” дея сабода
Пок каломинг ёзмишдир қанот.

Менга неки қилгансан тортиқ,
Бари ажиб ҳам ўзига хос.
Кўз илғамас уларни ортиқ,
Қалбим билан ҳис этгум холос.

Туйғуларинг ҳақиқати-ю
Каломларинг қудрати ила,
Кўнглимда йўқ заррача ғулу,
Тиргак бўлдинг қилиб ҳафсала.

Яна бир бор севаман деб айт…

Қайтарканмиз, яқин орада
Ўшал сирли муҳаббат туни
Бошимдаги ҳар ҳужайрада
Акс-садосин эшитсам уни.

Хаёлимда шивирлар бир сас,
Севаман деб такрор айтсанг бас.
Қайноққина хотираларнинг
Оқ тонгида очарканман кўз
Уйғотгувчим бўлсайди шу сўз.

Севаман деб айт яна бир бор…

Тунлар тинчлик бермайди бир пас,
Сен томонга тортқилар хаёл
Шу сўз ҳаққи – шундай муқаддас –
Ҳаётимга етмагай завол.

Сени севгум дея айтақол…

СEВГИ ДАРДИ

Севгим – бир дард, ёпишиб олган,
Толиқтириб, ҳар кўйга солган.
Хаёлимда мен севган инсон,
Қуволмайин бўламан сарсон.
Таъқиб этар севги ўйлари,
Кўз ўнгимда рангу рўйлари,
Ул қуёшга боққанда ҳар он
Ёр кулгуси бўлар намоён.
Атиргулда туйгум нафасин,
Таомимда унинг мазаси.
Ҳар ишимга солади соя,
Ҳисларимга йўқдир ниҳоя.
Қувонч, қайғу, нафрат, алам, ғам,
Ҳаяжон… эҳ, бари мужассам.
Бул хасталик тортару хира,
Одат бўлиб қолар охири.
Назоратдан чиқиб кетар бот,
Ҳеч қутулиб бўлмайди, ҳайҳот.
Севги хавфи бўлмай қолди сир,
Лек таваккал қилмоққа арзир.
Телба севги, оҳ, қилди адо,
Қайта-қайта қилай жон фидо.
Тириклигим – сенинг борлигинг,
Озорлигинг, беғуборлгинг.

СEВГИ КИТОБИ

Очиқ китоб эдим сен учун, ҳозиргина ёпдингу уни қайтариб жавонга жойладинг. Сўнг кўрсаткич бармоғинг билан ҳар сўзим устидан юргизишинг-чун очиқ эди саҳифаларим. Диққат билан мазмунимни англай бошлайсан – ўзинг англатганинг нарсага таржима қилинар менинг мазмуним.

Ҳис қилардинг каломларимни, саҳифадан сакраб тураркан, кўзларинг-ла учрашар эдим, яқинлашар эдим лабингга ва танангга сўрилиб кетиб, қалбинг атрофида айланиш учун.

Хаёлу қалбингда тирик афсона
Мисоли кезингум, сен-чи ҳозирча каминани ўқишдан тўхтайсан.

Бу китобнинг заковатисиз
Қандаж айланасан у ёқ бу ёққа? Мени билиш учун керакли бўлган
билим кучисиз том маънода билмоқлик надир.

Ғафлат ҳукмронлигию тақдир сўнишига
китобимни сира очмаган маҳал
нима ўқийжотганини тушунмайдиганларга
йўл қўйма асло.

Жавонингда ўтирарканман – чанг юқмайди менга, негаки ҳар кун ялтиратиб артиб қўясан. Ярқироқ жигарранг муқовам майинлашар тегишинг билан,
ва лекин ўлимни мағлуб этолган кучли истаклардан қотиб кетади. Ҳар доим юзингда табассум. Муқовамдан таралган нурнинг акси сенинг кўзларингдан нур сочар. Иккимизни эслатар муваққат лаҳза.

Сўзларимга интиқсан жуда, яна қайта силагинг келар ҳар саҳифамни – лаҳзани кутиш учун бирор хабар билан қайжд этасан қалбимни.

Дейсанки, “Азизим, бул абадий ишқ мадҳиясин якунлаш учун ҳузурингга қайтаман яна. Жавонимга қўяман тағин яхши сақлансин дея, токи бу рост маъноларни ва ўқишдан мақсад нелигини тушуна олай. Ишим тугагач, сени деб ёнингга келаман, олиб юрагимга жойлайман сени. Юрагимнинг ҳар саҳифасига ёзганинг ҳар бир сўз ва жумлани эслаб қоламан. Шундан сўнг, китобий танага ҳожат қолмайди ортиқ, негаки қалбларимиз битта бўлиб бирлашиб кетар, янги боблар, туганмас хотимали йирик сўзбошилар қолар шумшайиб.”

ҒАРОЙИБ МEВА ҲОСИЛИ

Мен дарахтнинг пастки шохида осилиб турган, унутилган, ғарқ пишган, шарбатли, унинг узишини кутаётган ажиб меваман.

У ўз мевасига етади, ғаройиблигидан тушар ҳайратга – аввал кўрган ёхуд муҳимроқ мазасини тотган ёки ялаган бошқа бирор мевага ўхшамайди у.

Менинг шарбатимдан тотиб кўришни кута олмайди – ютумини қилади хаёл – чуқур ҳис қилмай ғаройиб мевага етишдан аввал лабларини чапиллатади.

Оғир, тўла, серҳосил бўлиб кутарканман, у ютоқиб ейишини билганим ҳолда, унинг ибодатхонасин бир қисми, яъни ўн иккинчи ва сўнгги соатнинг муқаддас эволютсияси бўлгум.

Бошқа меваларни ҳам узди у, аммо бирортаси бундай ғалати, пишган, ширин ва янги эмас. Менинг ўлимим иккимизга бир ҳаёт бўлар. Қайта туғилгач менда битта тана бўлмоқни рад этмайди у.

Деразада ўтириб орқаваротдан келишган аёлнинг яланғоч танасига боқаётган киши каби ғаройиблигимга разм солар у. Уни ололмайди ҳеч ортқ?. Мени дарҳол ўғирлаши керак. Мева моддалари унда етишмас.

Бу ғаройиб мевага тушган нафси бутун танасини эгаллаб олмиш. Нафси суқилади очлик ичига. Агар тезроқ қимирламаса, озодлигин бутунлайга йўқотишин билади.

Шу боис тишлайди у. Анча қийин биринчи тишлам, аммо чайнаш бирам ёқимли. Иккинчиси кучли, лек мен ҳақда ҳис қилиш юмшоқ, бу учинчи асосий катта тишламга йўл очиб берар.

Яҳудийчасига билиш нелиги ва у сезгир ялбларимизнинг қутқарилишига қандай боғланиши ҳақида унга тўғри кўрсатма берган ҳолда ҳазм қилдиргич туйғулар каби ифор сочиб бутун вужудини тўйдиргум.

ЁЛҒИЗЛИК

Сенинг уммонингман, ўзинг соҳилим,
Танангга урилар тўлқин-кокилим.
Бағрингни емириб бораётирман,
Гоҳ сувга, гоҳ лойга қораётирман.
Лек қуёш нурида доим кўк, тиниқ,
Қизисанг, тўлқинлар совутар аниқ.
Шунчалик кўпсанки, йўқ ҳеч саноғи,
Мўлдирман, ҳеч кимса билмас адоғин.
Биргина ястаниб ётган шу соҳил
Бағримдаги барча асрорга дохил.
Мулойим, тинчгина эсади насим,
Бизнинг овозимиз – шамол нафаси,
Уммону соҳилга сўйлайди гоҳо,
Пичирлаб нелар дер, куйлайди гоҳо,
Тўлғаниб-тўлғаниб бир куй чалади, –
Фақат икки юрак тинглай олади.

ИШҚ ОЛОВИДА

Данте “Дўзаз” номли асарда айтган
Ҳеч сўнмас
Қайноқ бир лава мисолман
Оловли ҳисларим бемаъними, ё
Туйғуларим телбага хосми
Ёхуд ҳисларингнинг гирдоби ичра
Чўкиб бораётган ўзим холосми?
Жимгина, ғарибдай сени кутаман
Танамга тегинса эди қўлларинг
Бир-бир ўйларимни юпатсанг, қани,
Интиққина руҳим силасайдинг бот
Оловли қалбимга беролсанг маъни.
Шаддодман, ҳеч нарса қониқтиролмас,
Истагим, орзуим, қувончим қайда.
Мени истаб, атай, келсанг ёнимга
Ҳузуримга келсанг кўпроқ ва қайта.
Қайдан пайдо бўлмиш буларнинг бари –
Балки биз учрашган мазмунсиз вақтдир?
Оғриқдан ва ёки эҳтиёжданми,
Ёинки, асли бу шунчаки тақдир?
Чанқовимни қондир, совут оловим,
Намчил ёмғирларинг устимдан қуйгил.
Дудоғнгдан ичай ишқ шаробини
Лабларинг таъмини тотишга кўнгил.
Изн бер, дунёвий мўжизаларнинг
Тўққизинчисидай кўрай сени, бас.
Саккизинчиси ҳеч қалбга боғлиқмас.
Келажагинг оқар томирларимда
Кўҳна бешигимга ботади чуқур.
Сен учун кечалар дилдираб чиққум,
Биламан, қалбим ҳам томилар нуқул.
Азизим, бу қадар қилмагин интиқ,
Юрагим, маъшуқим, сени суяман.
Тана суст, оғирлик қилаётир қалб,
Сен учун,
сен учун
ёниб куяман!

Инглизчадан Аъзам Обидов таржима қилди