Рене Филомбе (Камерун)

Рене Филомбе (ҳақиқий исми Филипп-Луи Омбеде) 1930 йили Камерунда туғилган. Француз тилида ижод қилади.

ТАМАДДУН

Улар мени излаб топдилар ғаровдан бичилган,
қадимий ва хароб кулбамдан.
Улар мени излаб топдилар
бадбўй терига ёпинган ҳолда,
уларга бегона тилда сўзлардим,
шаршара шовуллашидай кулардим,
қора санамларга сиғинардим,
тамтам оҳангларини
ва туморларни севардим …
— Ибтидоий! Бечора! — дедилар улар
ва ишга киришдилар.
Бошимга қуйдилар совуқ сув каби
бекорчи сафсаталарни ва китобий йиғлоқиликни.
Кейин мени
бўйимга бичилмаган
тор костюмга тиқдилар.
Сўнг тоза,
покиза қонимга
айёрлик, очкўзлик,
ичкиликбозлик, зино,
сотқинлик,
танга учун акасини ҳам сотиш генини
томчилаб қуйдилар …
Воҳ-эй! Қаранглар, қанчалар кўркамман —
маданийлаштирилган одамман!

Карим Баҳриев таржимаси