Миозотис (Мадагаскар)

Миозотис – Мадагаскар шоири.

ОНАМ ҚАБРИДА

Мотамзада кўнглим ўртар қайғуда,
Бир лаҳза хаёлим алдайди мени.
Волидам, гўё сен ширин уйқуда,
Мангу уйқу олмиш бағрига сени.

Маъюс табассуминг эслаб, онажон,
Кўз ёшимга ювдим юзимни ўксиб.
Қабрингни тарк этиб кетар оломон
Баргизублар қолар тепангда ўсиб.

Кутаман жарангдор қўшиғингни зор,
Кўзинг оч, азизим, ўғлингга боққин.
Гўдакликда йиғлаб кўксингда минг бор
Доим топар эдим ўзимга таскин.

Юрак ўртанганда сиғдим қайга ҳам,
Ғамга ботсанг ким ҳам берар бошпана.
Келадиган жойим, қадрдон кулбам,
Она тушунади, кечирар яна.

Қанчалар ишондим, кутдим бесамар,
Қайта тириларми дегандим онам.
Алдоқчи бахт эса тумандай тарқар,
Халойиқ қабр узра тутади мотам.

Ўртаниб йиғлагин, эй сағир кўнглим,
Азиз волидангнинг қабри устида.
Замин ҳам сукутда, кимсасиз ва жим,
Оғир бебахтлик бу, қайғули жуда.

РИВУ РАМУАЛДА ҚАБРИ ТЕПАСИДА

Сукут сақла, унутмагин одатни
Бунда ётар эзилган бир жангари.
Шу ердан топгандир мангу роҳатни,
Ўзга сўқмоқ излаб кимдир сингари.

Кулгу, қўшиқларинг тинсиқ, ниҳоят,
Марҳумлар ҳурмати муқаддас бўлар.
Жим бўлгин ҳаттоки жисмсиз соя,
Ғамларнинг устидан бешафқат кулар.

Маҳзун қисмат учун чекиб сен афғон,
Тириклик ғамидан қолдирма нишон.
Тезроқ ўта қолгин, ўта қол тезроқ.

Дўстим қабри узра тўкайин кўзёш,
Чунки тугаб борар жисмимда бардош
Бу ғариб, ёлғиз гўр йўлимга маёқ.

ГУЛЛАР

1

Қўлингдаги даста гул,
Ўғирлади хаёлим.
Хира ҳам тортди буткул –
Дунё, соҳибжамолим.

Жуда хавфли, қайрилиш
Сўқмоқлари довоннинг.
Кўзида мунг ва ташвиш,
Мен аҳволи ёмоннинг.

Кетингдан бориб шаҳдам
Қўл теккизмоқ, тилагим.
Илтижоли боқсам ҳам,
Дов бермади юрагим.

Ростини айтсам, дилдор,
Гулдан гўзалсан минг бор.

2

Кетдинг, ғойибдир гуллар.
Ғойиб бўлди ғунча лаб.
Бефайз узундир йўллар,
Йиғладим хўнграб-ҳўнграб.

Яшириндинг узоққа
Қўймадинг бир бор боқиб,
Юксакликдан ҳеч ёққа
Учолмам қанот қоқиб.

Фақат унутма гўзал,
Гул мангумас ҳеч маҳал.

* * *

Севишдан қўрқаман, шуни ҳис қилдим,
Таниш бир совуқлик бермади роҳат,
Бекор шивирлайман “Кетгин” деб, билдим,
Таскин бера олмас тоат-ибодат.

Севишдан қўрқаман, ортимда қолди,
Энг ширин онларим, яшаш не ҳожат.
Бошқа омадлини сен қарши олгин,
Менга севги насиб этмаган қисмат.

Севишдан қўрқаман, севилдим, нетай,
Кулгулардан қочиб мен қайга кетай.
Истасанг тиз чўкай, етар бардошим,
Севишдан қўрқаман, энди не чора.

Энди мен ҳукмингга интиқ бечора,
Қайта севиб қолдим, айланар бошим.

ЧЕКСИЗЛИК

Чексизликни қучиб бўлмайди, аммо,
Бўм-бўш тиниқликдир оддийдир само.
Иложим ҳам йўқ, бўлганман таслим.
Қуёш диёридан тутиб бир макон,
Кетаман дейману беному нишон,
Лек ерга туташдир енгилган қалбим.

ҚАЙТИШ

Кўриниб ҳам қолди яшил адирлар,
Кўнгил ёришмайди ҳали ҳам хира.
Сўнгсиз шолизорлар, беадоқ қирлар,
Уйга қайтишимга йўл бермас сира.

Қияликлар имлар ўзига мени,
Гоҳ эса сояда бўлишар пинҳон.
Нотинч юрак фақат шивирлар: Сени –
Остонада ҳеч ким кутмайди, ишон.

Кундузнинг шуъласин яширади тун,
Қалбимни ифода қилмоқлик учун.
Бесамар кезаман бир йўл ахтариб.
Анжир паноҳидан излайман пана
Ва юм-юм йиғлайман адашган, ғариб,
Умид мудрамоққа кетади яна.

* * *

Бир эшикни очдим қилиб таваккал,
Йўқотишдан қўрқмай топганим маҳал,
Итоаткор кўзлар солганда назар,
Очилгандек бўлди кўлда нилуфар.

Бахт излаган эдим, қани у? Сароб!
Ақлим эса менга қайтарди жавоб:
“Дала кўкатлари ўсган бу майдон
Кўл гуллари учун бегона, инон”.

Кўнглимнинг гулидан тополмай дарак,
Дала, даштни излаб бўлдим мен ҳалак.
Қайта-қайта излаб яна йўл олдим,

Тинмасдан изладим бўлди қаддим дол,
Энди ҳолдан тойиб беҳол,
Яна шу эшикни пойламоқ қолди.

ВАТАН

Беадад харсанглар, турфа ўтлоғи,
Шом пайти шафақранг тус олган замин.
Чексиз шолизорлар кўринар ғамгин,
Нурли ой ёғдуси таранган чоғи.

Белгилари аниқ бўлган бир диёр,
Ўркач мисол тоғлар, дўллар тимсолинг
Оталардан қолган мерос мисоли
Кўҳна ватанимсан, бойлигинг бисёр.

Чексиз кенгликлардан яралган ватан,
Қадимий шон-шараф мардликка маскан.
Бағрингга бахт кириб келди, ниҳоят.

Мадагаскар дунё мўъжаз парчаси,
Шу ер ўтмиш руҳин очиқ дарчаси
Худо ёрлақасин сени тоабад.

Муҳаммад Ҳайдар таржималари