Марина Гаше (Кения)

Марина Гаше (Элимо Ньяу). Кикуйю қабиласидан (Кения) Ушбу шеър «Poems from Black Africa» тўпламидан олинди.

ҚИШЛОҚ

Кўнёрири, Азал Меҳнат Қишлоғи,
Абадий машаққат, заҳмат қишлоғи.
Туганмас оқимдай йўлдан ўтарлар
Сўқасин ортмоқлаб қари кампирлар,
Қорайган, букчайган, сокин, қайишқоқ,
Жўхори даласин қилишар ўтоқ.
Ёш келинлар ўтар хўтикдай боғлиқ,
Уларни далага ҳайдар қашшоқлик,
Эгатлар оралаб баландга, пастга,
Бориб келаверар бемор ва хаста,
Танлари камондай эгри, тортилган —
Елкага ҳаётнинг юки ортилган,
Кўксида – эмзикли, нозик гўдаклар;
Меҳнат қилар бунда тинмай ёш-қари,
Гўдаклар кун бўйи ерни титкилар,
Чувалчанг излаган товуқ сингари.
Ҳар ёнда – ҳаракат.
Кун чўкканида
Қишлоқ черкови ҳам бошлар ваҳмини,
Руҳоний отамиз карнай орқали
Чорлар ибодатга содиқ қавмини.
Эчкисин, боласин хотинга ташлаб,
Оталар кетади кеч ибодатга.
Кун бўйи ишлаган меҳнаткашларни,
Роҳиб чорлар яна сабру-тоқатга…

Карим Баҳриев таржимаси