Чакайя У Тамси (Конго)

БУ ЧЕҲРА…

Бу чеҳра очилар
ловиллаган куз гулларидай,
Шодлигим бу чеҳрага
ҳил-ҳил пишган мева тўла шохларни
ҳадя этаётганин
ёки уни кўнгилга яқин
ўзгача бир кенгликлар,
ўзгача бир туманлар сари
бошлаётганин кўриб
худо мендан қувонар.

Унга қўлларимни ҳадя қиламан,
бўзарган қишдан кейинги
баҳор гулларидай
тонг исмини бераман унга
ёнмоқлиги учун пориллаб.

Бўсағамни ҳадя қиламан
мени ювган,
жисмини тузлаган денгизга,
руҳимни тузлаган денгизга,
қутурган денгизга
бир сокинлик олиб келаётган
унинг оромижон қадамлари-чун.

Шунда руҳим уйғониб
учиб кетар енгил заррадай.
Қуёш тўла косани ҳадя қиламан
қизилликда ақиқларни
ёндиргучи
қизил дудоқларига.

Қўшиғимнинг унга аталган
энг муқаддас оҳанглари бор,
ўсаётган дарахтлар
буғдой ва зиркларнинг оҳанглари,
ҳатто ушбу
денгиз оҳанглари,
ахир денгиз важоҳатли ўпқонларини
мендан сира яширмай
салаф қаср-қалъалар тиклар
бу чеҳра учун.

Аёл, аёл,
нега сеникимас бу чеҳра, бу юз
бу чеҳрада юрагимни
юваман доим.

Шавкат Раҳмон таржимаси