Бай Т. Мур (Либерия)

Либериялик шоир. Инглиз тилида ижод қилади.

МОЗИЙГА БИР НАЗАР

Африка —
Парадокс.
Лиссабонда
Зах тортган идорада
Харитачи
Харитадаги Африкага
Қора сиёҳ тўкиб юборар бехос,
Шу боис Африкани
«Қора континент» деб атайдилар, рост.

Африка.
Тасаввур уни ўлдирар,
Одамхўрлар,
Оташхўрлар,
Инсонларни қурбонликка сўядиган
Ёввойилар билан тўлдирар.

Африка.
Татқиқотчилар
Бу ер олтинга,
Олмосга,
Фил суягига,
Зираворларга тўладир, деб
Европага бердилар хабар.
Флит-стрит йигитлари
Ўлжа излаб
Чопди.

Африка —
Оқлар учун ажал.
Унда бор илонлар, морлар,
Ёввойи қавмлар,
Одам ўтмас чангалзорлар.
Аммо Африкага нур керак,
Савдогарлар
Келтирдилар
Инжил
Ва шароб.
Тавқи лаънат инган қитъани
Маърифат-ла қилдилар хароб.

Африка.
Ўлжа излаб
Оламнинг ҳамма еридан
Чопар барча —
Фарангларнинг
Хорижий легионидан
Пўкак дубулғали қароқчигача.
Замбараклар ва байроқлар ила
Сузиб келишар
Денгиздан,
Айрим жасурлар
Буюк Сахара саҳроларидан
Карвонлар сафида йўлни босурлар.
Фақат бир ниятда –
Ёввойи халқ ҳам,
Яшасин-да,
Ошно бўлиб маданиятга.

Мана,
Маданийлаштириш авжида —
Олтинлар ва олмослар
Европага жўнатилмоқда,
Даромад ҳисоботда қилинар зикр.
Шу пайт тўсатдан
Бошларига
Келиб қолди бир фикр –
Бу ерда
Бошқа бойлик ҳам бор:
Сота бошладилар
Одамларни
Нью-Орлеанда,
Бостонда,
Саваннада.

Дарвоқе, йироқмиз даъво, хитобдан,
бу бир парча, холос,
Бор-йўғи бир вароқ
Африка Тарихи аталган —
Буюк китобдан.

Карим Баҳриев таржимаси