Анри Креа (Жазоир)

Анри Креа – жазоирлик ёзувчи. 1933 йили туғилган. Француз тилида ижод қилади. «Буюк кун» (1956) «Инқилоб ва шеърият…» (1957) шеърий китоблари, «Зилзила» драмаси (1958), «Жамол» романи (1961), «Бошоғриқ достонлар» тўплами (1967), «Югурт мозори» қиссаси (1968) чоп этилган.

БЕЧОРА ХАЛҚИМ, КЎНГЛИ БЎШ ХАЛҚИМ

Бечора халқ!
Сен қотиллар
Ва телбаларнинг қўл остидасан.
Оввора халқ!
Кучлиларинг
Хоинларнинг
Қурбони бўлди.
Дили садпора халқ!
Сенинг нуринг
Юзимга сачради,
Шеърларимни ёритди.
Бечора халқ!
Фақат дили поклар
Сенинг қадимий куйингни эшита олар,
Эшитар умид овозини.
Бечора халқ!
Сенинг адолатли ғазабингни
Сени шафқатсиз талаётган
Золимларнинг
Зулмига қиёслаб бўладими?
Бечора халқ!
Жиноятни инкор қиласан,
Жиноятдан нафратланасан;
Инкор этасан ёлғонни,
Чунки айёрликка
Муҳтож эмассан.
Бечора халқ!
Офтобга очиқ,
Илм нурига очиқ халқ!
Сенинг буюклигинг
Қуёш тикка келганда кўринади.
Бечора халқ!
Қаро тун билан фитнанг йўқ,
Зулмат — сенга ёт,
Туман — бегона,
Момоқалдироқ — кулги қўзғотар,
Бўрон —
Сенинг ғазабинг олдида хўрсиниқ, холос.
Мунис халқим!
Адолатли халқим!
Сенинг назарингни пастлатолмади
Порох тутуни,
Озодликнинг қиёфасини аниқ илғаяпсан,
Кўрмоқдасан адолатнинг йўлини.
Меҳрибон халқим!
Сенинг уйғонишинг муқаррар,
Бош кўтаришинг тентакларни ҳайратга солмоқда,
Улар нима дейишни билмай лолдир,
Улар англамасдир
Ғазабингнинг сабабларини.
Қудратини англаётган, аммо –
Ҳали бечора халқ,
Оёғингда йиртиқ ковушинг.
Кучга тўлаётган халқим,
Жаранглаб чиқмоқда товушинг.
Ҳалол халқим,
Йўлларингни ёритмоқ учун
Офтоб бош кўтармоқда шу он,
Менинг мунис элим,
Сени
Эркин халқим, деб айтгум қачон…

ЎША КУН КЕЛАДИ

Ўша кун келади —
Жазоир аэропорти пештоқида
оқ мармарга
ўйилар ёзув:
«Ассалом, меҳмонлар!
Озод юртга хуш келибсизлар».
Жазоирнинг кўнгил эшиги ланг очиқ.
Юз ўттиз йил
кутдик сизни биз.
Осмонга қаранглар:
Уфқ қизил ва ойдин —
Қонларимиз билан ювилган.

Карим Баҳриев таржимаси