Халилуллоҳ Халилий (1907-1987)

Афғонистоннинг форсий тилида ижод этувчи машҳур шоирларидан бири устод Халилийдир (خلیل‌الله خلیلی‎). У 1907 йили туғилган. Отаси марҳум Мирзо Муҳаммад Ҳусайн молия соҳасида катта лавозимга эга бўлган эди. Бўлажак шоир бошланғич маълумотини ўз уйида олган. Кейинчалик расмий мактабларда ўқиб, араб тили грамматикаси, ҳам фиқҳ илмларини қунт билан эгаллайди ва форс-тожик классик адабиётини мукаммал ўрганади.
Омонуллахон даврида Халилий муаллимлик қилди. Кейин молия министрлигига хизматга ўтди. 20-йилларнинг охирларида Халилий Мозори Шариф вилоятида муставфий (молия ходими) бўлиб ишлайди. Нодиршоҳ даврида эса Ҳиротга келиб, бадиий ижод билан шуғулланади. Бу ерда «Осори Ҳирот» номли китобни ёзади. Шундан сўнг Халилий 14 йил давомида бош министр ҳузуридаги мудирияти таҳрирот (ишлар бўлими)да хизмат қилади.
У бир неча йил Кобул университетида ректор ёрдамчиси бўлиб ишлади. Адабиёт факультетида дарс бериб, профессор унвонини олди. Кейин Министрлар Советида секретарь (мунши) ва айни қақтда матбуот бошқармасининг раиси сифатида ҳукумат аъзоси бўлиб хизмат қилди. 60-йилларда Халилий подшо ҳузурида матбуот бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлади.
Шоир Халилий Хуросон стилида жуда кўп қасидалар, ғазаллар яратган. Афғон адабиётшуноси Муҳаммад Ҳайдар Жўбалнинг таъкидлашича, шоир ўз қасидаларида Фаррухий Сийстонийнинг каломини қайта тирилтирган.
Халилий фақат забардаст шоиргина эмас, балки бир канча илмий-тарихий асарларнинг муаллифи ҳамдир. «Ҳирот ёдгорликлари», «Ҳаким Санонийнинг биографияси ва асарлари», «Ғазнавийлар салтанатининг тарихи», «Бобур оромгоҳи», «Файз қудси навоҳон» (Бедил ижодига оид), «Найнома» (Жалолиддин Румий ижодига оид) каби китоблар ва Мавлоно Абдураҳмон Жомийнинг ижодига оид асарлар устод Халилий қаламига мансубдир. Халилийнинг шеърлар тўплами бир неча маротаба нашр этилди. Шоирнинг «Аз ашъори устод Халилий» номи билан 1961 йилда Кобулда босилган китоби 502 саҳифадан иборатдир. «Баргҳойи хазони» («Хазон барглари») номли рубоийлар тўплами ва «Пайванд-е дилҳо» («Диллар пайванди») номли шеърлар тўплами Халилийнинг Эронга килган сафари натижасида яратилган асардир. Бу асар 1957 йили Теҳронда нашр этилди.

ҒАЗАЛЛАР

Эй нозли гўзал, ёру вафодор, гули саҳро,
Бир боқишингга жону дилим ошиғу шайдо.

Жонни не қилай, жисмим аро жон-ку ўзингсан,
Орому фароғатсан ўзинг, шўхи дилоро.

Ноз бирла хиром айлар эсанг боғу чаманда,
Кўнглимда ажиб завқу сафо бўлғуси пайдо.

Айтгил, бу юрак қонларидан жом тутайинму,
Ашким селида тонгга қадар суздирайин ё?

Гуллар тўшайин мақдаминга, босган изингга,
Гарчанд қадаминг боғи жаҳон бўйидан аъло.

Ишқ ғуссасидан ёки ғазаллар тўқийинму,
Ё зоҳир этай бахти висол розини танҳо?

Дил орзусига кўз била сен жавоб килурсан,
Кўз ҳам бу ҳадар бўлғусими фитнали, жоно.

* * *

Оҳу андуҳдан юрак коми муяссар бўлмагай,
Қатралар ҳон бўлса ҳам ҳаргизки гавҳар бўлмагай.

Лабларинг кулгиси бу дунёда мақсудим менинг,
Хайрият, юз шукрким, ғамлар муқаррар бўлмагай.

Доғман, ишқ офати қилди гирифтори фиғон,
Эмди кўнглим ёш билан кўр бўлмагай, кар бўлмагай.

Яхшилик қилмоқ улусга аҳлу қалбимнинг иши,
Кўп гапирган ҳар киши воизи минбар бўлмагай.

Мурда диллардан сира кутма ҳидоят шуъласин —
Ким, сўниб қолган чироқдан уй мунаввар бўлмагай.

Жуманиёз Жабборов таржималари

РУБОИЙЛАР

Ҳар зарра тупроқнинг тили бор, ишон,
Дунёда ҳар қатра таърифи достон.
Кўҳна чопонимнинг қатида, қара
Қанча жаҳонгирнинг кулоҳи пинҳон.

* * *

Илму маданият асридир бугун,
Дунёнинг жамоли ўзгача, гулгун.
Сен-чи, ҳамон тошга сажда қилсанг гар,
Бу айбдир биродар, ўзинг ўйлагин.

* * *

Гадодан бир умр ганж талаб этмоқ,—
Бу демак, аждардан бир шифо кутмоқ.
Қарисан, аммоки гўдакдай ожиз,
Кўзинг очиқ, нечун кўрга арз айтмоқ?!

* * *

Нотинчсан эй, чашма, мисоли симоб,
Титроқ, саросиманг айт-чи, не сабаб?
Ер остида қай ўт тегди бағрингга —
Тафтида эридинг беролмасдан тоб?

* * *

Токайгача қилич, қалқон пайидасан,
Токайгача ҳийла, ёлғон пайидасан?
Бири шерга, иккинчиси тулкига хос,
Эдам бўлсанг иккисидан кечгунгдир воз.

* * *

Биз ерга тўкилган уруғмиз аччиқ,
Ётамиз боғларда кулга қоришиқ.
Баҳор! Халоскорлик файзинг, хислатинг,—
Ўзинг бизни ширин этурсан тўлиқ!

* * *

Мунча ҳам кеккаясан кўкка етган азим тоғ,
Мен эса жимит қушман, озод эркинман, бироқ.
Гулдан гулга қўнаман, сен эса ўз жойингдан —
Силжий олмай турасан, асир, бандисан ҳар чоқ.

Юсуф Шомансур таржималари