Козимхон Шайдо (1727-1778)

Козимхон Шайдо 1727 йилда Хаттаклар набиласи яшайдиган Сарой туманидаги Афзалобод деган жойда туғилди. Унинг отаси Афзалхон Хаттак, машҳур тарихчи бўлиб (“Тарих-е мурассо” асарининг муаллифи), Хушҳолхон Хаттакнинг набираси эди. Козимхон Шайдонинг отаси вафот этгандан кейин, хаттаклар хонлиги акаси Асадуллахон қўлига ўтади. Акасининг чаттиқ қўллигидан норози бўлган Козимхон ўз она юртини ташлаб, Кашмирга боради. У ерда ўз замонаси илмларини ўрганади. Сўнг, Ҳиндистоннинг кўпгина ерларини айланиб чиқиб, умрининг қолган қисмини Ромпурдаги афғонлар орасида ўтказади ва 1778 йилда шу ерда вафот этади.
Козимхон Шайдонинг девони 1952 йилда Абдурауф Бенаво томонидан Кобулда нашр эттирилади. Девонга шоирнинг ўз қўли билан ёзган муқаддимасидан сўнг, ғазаллари, қасидалари, мухаммаслари, рубоийлари, қитъалари, мусаддаслари киритилган. Шундан маълумки, Козимхон Шайдо XVIII асрда афғонларда кенг тарқалган форс-тожпк классик адабиёти таъсирида аруз қоидаларнга риоя қилиб ижод этган. Шунингдек, Козимхон Шайдо афғон поэзиясига ҳинд услубини киритган шоирлардан бири ҳамдир.

ҒАЗАЛ

Ишқ уммонида бунча заҳр экан комим менинг,
Худди кўпиклар мисоли сингуси жомим менинг.

Офтобим ушбу ҳолимдан хабарсиздир, нетай,
Ҳасратингда бунчалар йўқ бўлмаса номим менинг.

Шиддати ишқ шуъласидан жисми зорим ўртанур,
Бошга солмас зарра соя манзили бомим менинг.

Бу сиёҳрўзлик билан ўтмоқда кундуз ҳам туним,
Чунки фарқ қилмай қолибдир субҳ ила шомим менинг.

Беқарор бўлдим симобдек, чора топмасман сира,
Бу жафолар дастидан йўқ бўлди оромим менинг.

Шунчалар пинҳон бўлибдир дилда ишқинг оташи,
Етмаса найлай сенга бир лафзи илҳомим менинг.

Гулшан ичра субҳ нури бўлғуси пайдо яна,
Безаниб чиққанда, Шайдо, нозли гулфомим менинг.

Жуманиёз Жабборов таржимаси

РУБОИЙЛАР

Дўстинг қайғусига шерик бўл, оҳ торт,
Озгина ғамин ҳам ўз елкангга орт.
Агарда субутсиз, вафосиз бўлса,
Бундай дўст уйидан оёғингни торт.

* * *

Бўлсанг аҳллиг-у ҳамда баркамол,
Ғафлат ичра қолма, гапга қулоқ сол:
Калласи пуч дароздан қоч, шуъла ҳам
Бошин баланд тутса, сўндирар шамол.

* * *

Ўртандим деб қиласан даъво,
Кун тиғидан қочасан аммо.
Ёнган одам шундоқ бўларми?—
Паналарни қиласан маъво.

Юсуф Шомансур таржималари