Юхан Борген. Денгиз бўйидаги уйча (ҳикоя)

Қизғиш уйча худди шу ўлка билан уйғунликда эди.
Қоялар орасидаги денгиз, кўкиш тўлқинлар, юқорига караб югураётган сўқмоқ, кемалар тўхташ жойи, пастаккина тошлоқ адирлар уйчани шамоллардан ҳимоя қилаётгандай туюларди. Уй ортидан яшил қияликлар бошланади, мовий қўнғироқ гуллар тунда гулчамбарларини беркитиб қўяди.
Тонгда чиқиб кетаркан, назарида уй қон ютиб қолгандай кўринди. Сўнг сим арқонни силтади, очиқ бухтани яна бир бор айланди. Қават-қават қоялар ўртасида қолган уйчани кўрмоқчи бўлар, аммо унинг фақат бир бурчагигина кўзга ташланарди. Ёнлаб ўтаётганда уй бир зумга лоп этиб чиқар, зумда кўздан йўқоларди. У бу уй ҳақида одамларга қайта-қайта айтишдан чарчамасди: “Денгиз бўйида, қоялар орасида кичкина, шамоллардан пана, қуёш шуълалари денгиз юзасида ярқираб турган жойда, бухта ёнида уй бор — уни ким ҳам орзу қилмайди, дейсиз”.
Кетиш олдидан уй билан айрилиқни “ҳис этиш”, уй жойида турганлигига иқрор бўлиш учун бухтани икки марта айланди. Бундай дамларда уни аллақандай алдамчи ҳислар, ўзгача тасаввур қуршаб оларди. У безовталанди: наҳотки бу гал ниманидир унутди? Нимани унутдийкан? Ҳамиша уйни саранжом-саришта қилиб қолдирарди. Сув тўлдириладиган ёғоч идиш ва қаҳва қайнатгич тўнтарилган, сичқонлар тешиб кетмаслиги учун кўрпача ва болишлар чордоққа осилган, чўмич эшик ёнидаги, занглаган калит эса бўғот остида, ўнг тарафдаги михда. Бироқ у ниманидир унутганига ишонар, бу фикр уйдан олислаб бораётган бўлса-да, ҳеч хаёлидан кетмасди. Э, йўқ, ниманиям унутарди!
У қирғоқда тўхтади, қайиқни боғлади-да, темирйўл бекатига йўналди — ярим чақирим йўл. Йўл-йўлакай доим бир жойда нафас ростларди. Юкини ерга қўйиб, қаддини ростлади. Йилдан-йилга бекатлар оралиғидаги масофа чўзилиб бораётгандек, илож қанча! У ҳар сафар ортга қайтиш истагини енголмасди. Бошида бу туйғу шаҳарга кириб келиши билан йўқоларди, эндиликда эса уни қўйиб юбормаяпти. Кўнглида нотинчлик. Яна бир ёз ўтди. Нимани унутдим экан, деган хаёл уни ҳамон таъқиб этарди.
Ажойиб кунларнинг бирида поездга ўтирди-да, уй томонга жўнади. Поезд уни жанубга қишлоқ йўллари бўйлаб елдириб борарди. Куз, яланғоч дарахтлар, тиниқ ҳаво, очиқ ва кенг уфқ… Қайиқни қирғоққа боғлаб, сўқмоқ ёқалаб юқорилади. Уй ёнида бир одам ўтирарди. Бу — ориқ, сал букчайган қария эди. Бирпас бир-бирига тикилиб туришди.
— Мана, ҳаммаси тугади, — деди қария маъюс жилмайиб. — Энди бизни нима қилмоқчисиз? Миршабхонага хабар берасизми?
— Сиз бултур ҳам шу ерда яшаганмисиз?
— Ҳар йили.
Қария оғир хўрсинди. Уларнинг ёнига озғин, чаққон, нозик лаблари чимрилган аёл келди.
— Ҳамма нарсани жой-жойига қўйиб кетардик, тозалардик, ҳеч бир из қолдирмасдик, — деди у пича истеҳзо аралаш. Сўнг бирдан хохолаб юборди. — Фақат чўмич бошқа томонга илинибди. Яна санчқилар… Рекард, ўтган йили тўртта санчқини унутганимизда у албатта сезади, дегандим-а…
— Кўк кўрпача… Уни том остидаги ёғочга илиш хаёлимдан кўтарилибди.
— Сиз барибир бир куни билиб қоласиз, деб ўйлардим. — Аёл унинг кўзларига тик қаради. — Ҳа, кўрпача савил кетди, уни сичқонлар тешиб кетмасин учун ана илиб қўяман, мана илиб қўяман, деб қилолмабман.
Улар уйнинг кунгай томонига ўтиб, қаҳва ичишди, майда-чуйдалар, хўжаликдаги кичик ўзгаришларни ҳам айтиб ўтишди. Ўз столи атрофида улар билан ўтириш анчайин ноқулай кечди. Бу ҳолат шу уй жойида турибдими-йўқми, деган ўй-фикрларга боғланган эди. Ниҳоят, уйнинг ҳам ўз ҳаёти борлигига иқрор бўлди.
У қариялар ҳикоясини жимгина тинглади, бу уй улар учун рўё эди, ўзларини номақбул иш қилиб қуйишгандай тутишарди.
— Бу гал нимага эртароқ қайтганингизни тушундик. Сентябрь жилвагар фасл, қуёш… Бизнинг ҳеч қачон уйимиз бўлмаган.
— Бу уй биз қачонлардир қурмоқчи бўлган уйга жудаям ўхшайди.
Улар бир-бирини тўлдириб, эҳтиётлаб, кўмаклашадигандай, эҳтимол, кечирим сўраётгандай сўзларди.
— Биринчи марта жудаям қўрқдик. Кейин эса…
Улар бир-бирига хушнуд боқишди.
— Бу уй бизникидай кўринди кўзимизга. Бироқ ҳеч қачон бизга тегишли деб ўйламаганмиз. У биз учун қадрли бўлиб қолди. Бунинг устига, сиз бўлмасдингиз…
— Пешонабоғларни шундай бўягим келардики… — деди секингина аёл. Қўллари билан йилдан-йилга ранги ўчиб бораётган ромларни силади.
Тонг отди. Қария яна сўради:
— Бизга қандай чора кўрмоқчисиз? Арз қиласизми?
У жўнаш олдидан қарияларни тинчлантирди. Бу ерда истаганларича яшашлари мумкинлигини айтди. Ахир, калитнинг қаерда туришини билишади. Бир неча бор шу калитни шаҳарда унутиб қолдирганини эслади. Агар шу уйда яшашса, бундан хурсанд бўлади.
Қарияларнинг кўзларида ёш тирқиради, бир-бирига қараб, енгил бош силкишди. Қолишларини ўтиниб сўради. Чол-кампир қатьийрок бош чайқашди: “Бўлмайди!”. У қизишди. “Уй уларга ёқмай колдимикан, балким бундан ҳам яхши шароит талаб қилишаётгандир?”
Буни айтганида қариялар гангиб қолишди, барибир кўнишмади. У қаттиқ аччиқланди, ҳатто моторли қайиғини уларга бериб кетишини билдирди, уни қай йўсин ишлатишни кўрсатишга киришди, қирғокка чиқишнинг осон йўлини кўрсатди. Бу хатти-ҳаракатлари қарияларни қийнаб юборди, улар бошларини чайқай-чайқай сўзларидан қайтишмади. “Бизга ҳеч нарса керакмас, уй ҳам, моторли қайиқ ҳам”, дейишди ўжар қариялар.
У беҳуда уринарди. Қизиқ, уйни шу қариялар учун ушлаб турганмиди, ё? Авваллари бу ердан кетганда уй мавжуд эмасдай туюлар, ҳозир унинг борлигига ишонди, ромларни бўягиси келса, бўяшсин..
У бу сафар бухтада айланмади, кўнгл и хотиржам тортди. Сўнгги бор қўл силкиб, дадил юриб кетди, бурилмади. Ўйлаб кўришади, рози бўлишади, деган тўхтамга келди. Бу қиш уйни ўйламади.
У бу сафар уй томон эрта отланди. Ёмғирли баҳор куни, денгиз юзида пўртаналар енгил сузади. Уйга қаради, бухтага киргач, ўйлади: “Шундан қўрқардим, энди уй жойида турганини биламан”. Қирғоққа тушди, сутранг-мовий тусли ромларни кўрди. “Демак, қолишган. Дарпардаларга мос ранг танлашибди”, — қувонди у. Уй шундай тунд кунда ҳам қувноқ ва меҳмоннавоз кўринарди. Уйга кирди, стол устида уни хат кутиб турарди: “Кўп йиллар меҳмоннавозлик қилдингиз. Сиздан миннатдормиз. Бизни аядингиз. Қайсарлигимизни кечиринг, ҳалигача нега бундай қарорга келганлигимизни билмаймиз. Биз энди қайтмаймиз. Бу кичкина сиримиз эди, асли”.
Ёз бўйи хатни такрор-такрор ўқиди, меҳмонларга кўрсатди. “Бу уйда яшашга рухсат бериб, уларнинг қувончини тортиб олдинг”, — деди меҳмонлардан бири.
“Бу ғаройиб қариялар тартибни ёқтиришган, уларнинг қайтиши қийин”, — қўшилди бошқаси.
“Қари одамлар болаларга ўхшаб қолади. Улар учун муҳими — сир”, — таъкидлади учинчиси.
У хатни бошқа ҳеч кимга кўрсатмади, сутранг-мовий ромларга тикилди: “Улар оқ рангда бўлса яхшимиди? Бу қандай бемаъниликки, ромларни кўкиш рангга бўяшди? Барини қайтадан бўяшга тўғри келади”.
Куз келди, бўёқ ва чўткалар сотиб олди-ю, қўли ишга бормади. Мовий рангни бўяб ташласа, эски, қадрдон хотираларни ўчириб юборишдан ҳадиксиради. Шундай қилса, қариялар уйни ўзлари билан олиб кетишгандай туюлмайдими… “Қайсидир ёзда, балки кейинчалик бу ерга бутунлай қайтиб келмасман. Уй эса турармикан? Ёз биз бўлмасак ҳам келаверади. Олам, борлиқ бизсиз ҳам мавжуд, яшайверади” ўйлади у.

Русчадан Ойгул Суюндиқова таржимаси