Ясунари Кавабата. Бамбук саси, шафтоли гули (ҳикоя)

ҚАЧОНДАН БЕРИ у бамбук садоси билан шафтоли гулини ўз вужудида ҳис қила бошлади? Эндиликда бамбук садосини эшитибгина қолмай, у бу товушни кўряпти ҳам, шафтоли гулидан баҳра олибгина қолмай, балки латиф гул юрагининг қат-қатларида қулф урмоқда.
Бамбук садосини тинглаётганингда нима учундир, баъзан қарағайнинг саси ҳам қулоғингга чалингандек бўлади. Баъзан эса шафтоли гулига қараб турсанг, эндигина ғунчалаётган олхўри дарахтининг нафис новдалари кўз олдингга келади. Инсон ҳаётида бундай ҳодисалар тез-тез рўй бериб туради, аммо бу ҳиссиёт Хисао Миякава қалбини асир этганида у ошини ошаб, ёшини яшаб қўйган эди.
Миякава, бурноғи йилнинг баҳорида, уйлари яқинидаги тепаликда ўсган қарағайга қўнган лочинга кўзи тушган, назарида, уни ҳозир ҳам кўриб тургандек эди.
Пастаккина тоғ тизмаси Миякава уйининг орқа томонида эриган шам қолдиғидек бўртикнамо дўнглик билан тугарди. Тепалик этагидаги қорамтир қоя бошдан-оёқ яшил майсалар билан қопланган. Ён-бағирда бирон баланд дарахт кўзга чалинмасди-ю, аммо шаффофбарг буталар шундай зич ўсгандики, бамисли ям-яшил гиламдек жилваланарди. Фақат тепаликнинг чўққисида қуриган қарағай ёлғиз қад ростлаб туради.
Қувраган қарағайнинг танаси-ю, игналаригина қолган, майда шох-шаббаларидан айрилганига анча бўлган эди. У кўп замонлардан бери фалакка санчилган найзадек қотиб турарди.
Қарағай тепасидаги лочинга кўзи тушганида Миякава ажабланганидан қичқириб юбораёзди. Бу ёқларга лочин учиб келганини у етти ухлаб тушида ҳа кўрмаганди. Аллақандай ишониб бўлмайдиган мўъжиза эди бу. Бироқ, қудратли ва жасур лочиннинг қарағайда ўтиргани айни ҳақиқат эди.
Лочин келиб қўнгач, баҳайбат қарағай худди кичрайиб қолгандек бўлди. У мағрур кўксини кўтарганча қимир этмай ўтирарди. Миякава қушни завқ билан томоша қиларкан, вужудига лочинвор ғайрат оқиб кираётганини сезди.
Баҳор оқшоми эди. Қувраган қарағай оч-пушти туман оғушида осмон бағрига санчилган қоп-қора найзани эслатарди. Баланд чўққида эса гўё атрофга алоқасиз сирли ҳодисалар рўй бераётгандек, ажиб бир ҳолат ҳукмрон эди.
“Йўқ, лочин кечаси туман чулғаган осмон қўйнида учиб келмаган, — дея ўйларди Миякава ва ўз хаёлидан ўзи ажабланганча йиртқич қушдан кўзини узмасди. – У мени деб, худди шу қўниб ўтирган ўрнига, тўғри учиб келган… Энди ҳеч қаёққа кетмайди”. Унинг тасаввурида худди гуриллаб ёнаётган гулхан ичида жуда катта оқ нилуфар очилгандек бўлди. Туссиз баҳор осмони ҳеч қандай жиҳати билан гуриллаб ёнаётган алангани эслатмас, лочин билан оқ нилуфар ўртасида эса бирон-бир яқинлик йўқ эди. Шундай бўлса ҳам, қуриган қарағай тепасида ўтирган қудратли ушдан осойишталик – аланга ичида барқ уриб очилган оппоқ нилуфарга хос осойишталик таралар эди. Оппоқ нилуфарга хос…
Унинг юрагини ҳаприқтириб юборган ҳайрат билан муқаддас изтироб аста-секин лочиннинг учиб келиши яхшиликдан нишона, деган ишонч туйғуларига айлана борди. Миякава ич-ичидан битмас-тугалмас хушнудлик туйди.
Илгари денгиз соҳилида жойлашган бу шаҳарчага на лочинлар учиб келганини кўрган, на бу ҳақда бировдан эшитган эди. Мана, энди лочин рўпарасида турибди! Ажабо, уни қайси шамол учирди? У тасодифан – манзилдан адашиб, нафасини ростлаш учун қарағайга келиб қўндимикин? Ким билсин, балки бирор мақсади бордир?! Хуллас, уни худди шу қарағай тепасига қўнишга нима мажбур этди?
Миякава буни тасодифга йўя олмади. Йўқ, худди шундай бўлиши шарт эди. Ҳатто, унга лочин бирон воқеадан ўзини огоҳ этгани учиб келгандек туюлди.
— “Яхшиям, бу чириган дарахтни кесиб ташламаганим-а, — деб ўйларди у. – Лочин тепаликнинг чўққисида айни дарахт борлиги учун учиб келганмикин? Агар шу қарағай бўлмаганида, ким билсин, лоақал бир марта ҳам уйим олдида лочинни кўриш насиб этмасмиди?
Яхшиям, қарағайни кесиб ташламаганим, — дея Миякава қайта-қайта кўнглидан кечирарди. – Неча марта чоғланган эдим-а!”
Бир пайтлар Миякава уйлари ортида худди ўз хонадонини балою-офатлардан асрамоқчидек, аллақандай махсус посбон сингари қад ростлаб турган қарағайнинг қуриб-қовжирашини ичи ачиб кузатиб юрар эди.
Қарағай электричка келиб тўхтайдиган темир йўл бекатидан ҳам кўриниб турар эди. Миякава учун ҳам, барча қўни-қўшнилар учун ҳам вагонга чиқаётганда ёки сафардан қайтаётганда қарағайга бир қур назар ташлаб қўйиш одат тусига кирган эди. Ҳаммалари дарахтга қарашга қарардилару, айни чоғда уни эсдан чиқариб қўйганга ўхшардилар.
Чунончи, дарахтнинг яшнаган – одамнинг энг нозик ҳиссиётларини қўзғатиб юборадиган даври ҳам бўлган: ўшанда вагондан тушиб, қарағайга бир қарасанг, баҳри дилинг очилиб, юрагинг таърифга сиғмас туйғулардан орзиқиб кетар эди. Мана шу ҳовлига кўчиб келганда, Миякава бир кам элликда эди, ўтган йили эса у етмишга кирди, аммо қарағай мана шу узоқ давр ичида мутлақо ўзгармагандек эди. Аслини олганда, унинг ёши нечада? Ҳар қалай юз элликдан кам эмасдир.
ҲОВЛИНИ шилқим ва бетакаллуф кишилар нигоҳидан яшириш учун девор ёнига атай экилгандек эман билан дафна ҳам, боғнинг қоқ ўртасида кенг қулоч ёйган ҳинд настарини ҳам жуда баҳайбат эди-ю, лекин барибир тепаликдаги қарағайга ҳеч қанақаси тенг келолмасди. Нима сабабдан тепаликда қарағайдан бошқа биронта йирик дарахт ўсмайди? Ким билсин, балки у тенги дарахтлар аллақачон чириб бир ўзи қолгандир?
Шубҳасиз, қарағайнинг ёши Миякаваникидан кам деганда икки баравар катта эди. Дастлаб, мана шу ҳовлига эндигина кўчиб келганларида, қарағай мендан узоқроқ яшайди, деб ҳисобларди. Болалик чоғларидаёқ, ўрмонда санқиб юрар экан, Миякава эҳтиром билан мангулик тимсоли сифатидаги баҳайбат кекса дарахтларга тикилар эди. Лекин бу дарахтлар унга инсон умрининг ҳаддан зиёд қисқа эканини эслатмас, балки, аксинча, бундай оғир хаёлларни унутишга мажбур этар ва назарида, вужуди тупроқнинг теран қатламларига қадар томир ёйган азамат дарахтлар танасига қўшилиб, сингиб бораётгандек туюларди.
У тепаликда ўсган қарағай юрагининг азиз парчасига айланганини сеза бошлади. Тепалик ёнбағри тик бўлиб, чўққига олиб чиқувчи биронта сўмоқ йўқ эди. Шунинг учун Миякава ўзи чиқа олмаганидек, дарахтдан хабар олиб туришни боғбондан ҳам илтимос қила олмасди. Афтидан, ниҳоллигидаёқ қарағай ёввойи экани маълум бўлгач, уни боғдаги дарахтлар каби париваш қилишмаган эди. Лекин, шунга қарамай унинг шохлари тарвақайлаб кетмаган эди: гарчи жуда қари бўлса ҳам беўхшов туюлмасди. Ҳатто довул унинг шохларини синдира олмаган эди.
Шохлари-ку у ёқда турсин, биронта игнасига зиён-заҳмат етмаганини айтинг. Кучли шамол билан ёмғирда дов-дарахтларнинг тинимсиз чайқалганларини Миякава сомонхона даричаси орқали неча бор кузатган. Ёғингарчилик кезари деразаларнинг эшиклари тақа-тақ ёпилганидан тепаликда нималар бўлаётганини шу дарича орқали кўриш мумкин эди, холос. Миякава қарағайдан хавотир тўла нигоҳини уза олмасди. Жала дарича ойнасига тарсиллаб урилар, ёмғир сувлари ойнада эгри-бугри чизиқлар қолдириб оқиб тушарди. Дарахтлардан узилган сербар яшил япроқлар ташқи ҳовлига тушарди.
Фақат биргина қарағай игналари худди тўкилмаётганга ўхшарди. Балки унча-мунча тўкилгандир, бироқ, дарича орқали кўринмагани учун Миякава қарағай шохларидан биронта игна учиб тушмаганидек туюларди. Тепалик ёнбағридаги дарахт шохларини шамол муттасил эгади, япроқларини юлқиб узади, тепаликдаги қарағай учлари эса сезилар-сезилмас даражада силкинади, шунинг учун Миякава қарағай теграсида бўрон хуруж қилмаяпти, шекилли, дея гумонсирайди. У дарича олдида тураркан, бамисли бағрига босмоқчидек қарағай томонга қўлларини чўзади…
Унинг кўз олдида бир манзара қалқиб чиқди: оппоқ хризантеманинг гулбарглари сассиз тўкилади. Ҳарир никоҳ кўйлагидаги келинчак бир даста гул кўтариб меҳмонхона коридори бўйлаб бораётир. У тўйга ёки унаштириш маросимига ошиқаётган бўлса керак. кўйлагининг этаги полда судралади. Бирин-сирин гулбарглар тўкилади. Келинчакни кузатиб чиққан аёл оч-яшил гиламга тўкилган оппоқ гулбаргларни териб олиш учун дамо-дам эгилади.
Бу манзарага у бир замонлар меҳмонхона йўлагидан ўтиб кетаётганда кўзи тушган эди, аммо ҳануз эсидан чиқмайди. Аёл гулбарглар нечоғлик сассиз тўкилса, шунчалик оҳиста териб олишга тиришарди. Қизиқ, қўлидаги гулдастадан гулбарглар тўкилаётганлигини сулув келинчак пайқаганмикан? Ҳар ҳолда у сир бой бермаган эди. Келинчакка шундай айёмда сўлиган хризантема гулларини дасталаб берган боғбоннинг шафқатсизлиги ҳақида ўйлаганида Миякаванинг хаёлидан буларнинг барчаси фожиавий асар учун ажойиб бир сюжет бўлар экан, деган фикр кечди: турмуш тўфонлари келинчакнинг ҳаётидан юлқиб олаётган чечаклар каби сассиз тўкилаётган оппоқ хризантемаларнинг гулбарглари…
Темир йўл бекатидан ўтиб шаҳарга кираётган чоғингда тепалик билан қарағайни уйлар тўсиб қолади. Аммо муюлиш биқинидаги яшил дўкон томонга бурилишинг ҳамоно қарағай яна тўлқинлар орасидан қалқиб чиққан қайиқдек пайдо бўлади ва …кейин то Миякавалар ҳовлисига етиб боргунча кўздан йўқолмайди.
Қарағай денгиз томондан ҳам яхши кўринарди. Қизи Каё илк бор севгилиси билан яхтада очиқ денгизга чиқиб, анча олислаб кетганликларига қарамай, туман чулғаган соҳилда аранг кўзга чалинадиган масофадан ҳам қарағайни кўрганлиги ҳақида Миякавага гапириб берган эди. Қарағайни кўрибди-ю, йиғлаб юборибди.
Миякава қизини унаштириш кунида шуни эслади. Куёв Каё билан денгизда сайр қилган ўша йигит эмасди. Бошқа эди. Ўша кезлари Миякава, қарағайни кўргач, нега йиғлаб юбординг, дея сўрагани истиҳола қилган эди. Кейин эса бунинг мавриди келмади.
Миякава худди бир кун келиб орқа тарафидаги тепаликда қарағай ўсаётган ҳовлига кўчиб келишини қанчалик тасаввур қилолмаган бўлса, бу дарахтнинг тириклигида қуриб қолишини шунчалик ақлига сиҳдиролмас эди. Аммо юз йиллик қарағайнинг ўзи билан учрашишни орзиқиб кутганлиги ҳақидаги фикрни калласидан сира қувиб чиқаролмасди. Бинобарин, уни кўрмагунча қарағай завол топиши мумкин эмасди. Ахир, у Миякавани деб яшамаганми?
Ҳозир у дарахтнинг қайси шохлари аввал қуриш бошлаганди – юқорисидагими, ўртадагисими, эслай олмасди, балки анави, пастки шохларидан бошлангандир?! Айтганча, қўни-қўшнилар ҳам бу хусусда турли-туман тахминлар айтишарди.
Миякава қарағай игналарининг сарғая бошлаганини пайқаганида бу унинг таназзулидан нишона эканлигини сезмаганди. Ўзининг боғбони бўлмагани учун у ёрдам сўраб бир танишига мурожаат қилди. Боғбон келишга келди-ю, совуққина қилиб, қарағайнинг куни битибди, деди. Сўнг, дарахт илдизини қурт-қумурсқалар кемираётгандир, модомики, игналари сарғая бошладими, уни сақлаб қолиш мумкин эмас, деб қўшиб қўйди. Калаванинг учини йўқотиб қўйган Миякава бир илож топишни илтимос қилди, аммо боғбон чорасиз равишда қўл силтади.
Ҳамма ердан – уйдан ҳам, ҳовлидан ҳам, кўчаю-станциядан ҳам куни битиб қолган дарахтга қараш бир хилда оғир эди. Ўлим талвасаси жуда узоқ давом этди. Қарағайнинг бирорта ҳам яшил игнаси қолмади, аммо бу сарғайган игналар нима сабабдандир тўкилмасди. Гоҳо-гоҳо қуриган қарағай Миякаванинг кўзига шумшук ва бедаводек кўриниб кетарди.
Шундай кезларда у: “Эй тавба, кўрмайинам, куймайинам, — деб кўнглидан ўтказарди-ю, аммо барибир дарахтга қайта-қайта қарайверарди. Охири, қалбидан юлқиб ташлаш эмас, балки унутиб юбориш учун дарахтни тезроқ кесиб ташлашим керак, деган хулосага келди.
Орадан яна бир неча йил ўтди. Сарғайган игналар тўкилиб битди, майда шохчалар чириди, катта-катта бутоқларнинг ҳам кўпи синиб тушди.
Энди Миякава қуриган қарағай ҳақида ҳам, ҳатто уни кесиб ташламоқчи бўлганлиги ҳақида ҳам эсламасди. Қишда дарахтнинг жонсиз шохларини қор қоплади. Шу билан гўё дарахтга янги қиёфа бахш этди. Қор остида қолган шохлар муздек эди-ю, бироқ ора-чира улардан ҳаётбахш ҳовур таралаётганга ўхшарди…
Мана ниҳоят, у қарағай тепасидаги лочинни кўриб қолди. Қуш Миякава кесиб ташламагани учун қарағайга келиб қўнган эди. Қарағай эса азбаройи тепаликка кўтарилиш осон эмаслиги, эҳтимол Миякаванинг ялқовлиги туфайлигина омон қолган эди. Уяммас, буяммас қарағай ҳануз тепаликда қўр тўкиб турар, унинг қир учида эса лочин қўниб ўтирарди.
Лочин қимир этмасди. Миякава нафасини ичига ютиб, уни кўздан кечирар, шунда гўё бутун вужудига лочинворий ғайрат оқиб кираётгандай ҳамда бу қуш куч-қувватини қуриган дарахтга ҳам бахш этаётгандек туюларди.
Миякава, лочинни бир кўриб қўйсин, деган ўй-хаёлда хотинини чақирмоқчи бўлди. Бироқ унинг эшитиб чиқиши учун баланд овозда чақириши керак эди, агарда ундай қилса, қушни ҳуркитиб юбориши мумкинлигини эслаб фикридан қайтди.
Лочин ҳайкалдек қимирламасди. Худди темир тирноқлари билан дарахтга санчилиб қолгандек.
Лекин, қуш ҳам тирик жон, қачондир барибир учиб кетади. Қуриган қарағай эса ўз жойида қолади. Бироқ энди у лочин келиб қўнган қарағай бўлади. Миякава лочинни атиги бир марта кўрди, аммо у энди узоқ вақтгача қалбини тарк этмайди.
Лочин Миякава учун қандай хабар келтирди? Мабодо, унинг бу ерда пайдо бўлиши хушхабар, хайрли толедан дарак берар экан, у ҳолда Миякавага марҳамат этилган саодат, қувонч нималардан иборат? Лочинни кўришдан иборат эмасмикин?
БУ ВОҚЕА бурноғи йилнинг баҳорида юз берди. Ўшандан буён уй ортидаги тепаликнинг қир учида ўсган баҳайбат, қуриган қарағай деярли ўзгармади. Лочин эса бошқа келмади. Балки келгандир ҳам, аммо Миякава уни кўрмади.
Миякава энди лочин менинг қалбимда абадий қолди, дея тахмин қила бошлади.
Қани, шаҳаргача, шаҳарчамиш, нақ унинг уйи ёнидаги тепаликка лочин учиб келганлигини айтиб кўрсин-чи, ишонадиган анойи топилармикин?! Миякава бу ҳақда ҳеч кимга оғиз очмасликка қарор қилди.

Русчадан Олим Отахонов таржимаси.