Ярослав Гашек. Умрнинг узайиши (ҳикоя)

Қайси қилган айби учун осишлари керак, Патялга энди бунинг қизиғи йўқ эди. Қатл олдидаги оқшомда содир этган жиноятлари тўғрисида хаёл суриб ўтирар экан, назоратчи қамоқхона ҳужрасига бир шиша май ҳамда бузоқ гўштидан тайёрланган бир бўлак қовурма таомни кўтариб кириб келганида, у ўзини кулимсирашдан тия олмади.
— Бунинг ҳаммаси менгами?
— Ҳа-да, — таъзия оҳангида сўзланди назоратчи. — Охирги марта бир хумордан чиқиб, тўйиб овқатланинг. Ҳозир мен сизга бодрингдан газак ҳам келтираман, барчасини биратўласига олиб келишни уддалай олмадим.
Патял уни мамнуният билан тинглади. Кейин курсига бамайлихотир ўрнашиб олди-да, кинояомуз жилмайиб, қовурдоқни паққос тушира бошлади. Кўриниб турибдики, у борича фикрлайдиган беор бир кимса эди, ҳатто умрининг охирги соатларида ҳам, ҳаёт ўзига ниманики раво кўрган бўлса, уларнинг ҳеч бирини қўлдан чиқаришни истамасди.
Фақат битта ўй Патялнинг иштаҳасига озроқ панд берарди: унинг шафқат сўраб қилган ўтинчи бугун тонгда рад этилиб, ҳукмнинг ижроси атиги йигирма тўрт соатга кечиктирилгани тўғрисида унга хабар етказган кишилар, ҳукмнинг ижро этилиши олдидан уни ўлимга кўнгилдагидай ҳозирлаш учун жонини жабборга бераётган мана шу одамлар уни осишади ва мурдасини томоша қилишади. Ўзлари бўлса, эртага, эртадан кейин ва яна анча-мунча йиллар яшайверишади, оқшомлари, гўё айтарли бирон кори ҳол рўй бермагандай, хотиржам оилалари бағрига ошиқишади, лекин Патял… бу оламда бошқа бўлмайди.
Кўнглида шундай ўйлар кезар экан, Патял дилгир аҳволда бузоқ гўштидан тайёрланган қовурдоқни астойдил туширарди. Бодрингдан қилинган газак ҳамда булка нон келтиришганда эса, у ҳомуза тортди ва сархил тамакидан топилса, бир мириқиб трубка тортиш истаги йўқ эмаслигини изҳор этди.
Маҳбусга энг аъло навли тамаки харид қилинди. Назоратчининг шахсан ўзи гугурт чақиб тутди ва гап орасида Патялга Худонинг марҳамати чексиз эканлигини эслатди. Мабодо, ердан насибаси узилганида ҳам, айтиб бўлмайди, балки осмонда…
Маҳбус шундан кейин яна бир тўйимли дудланган чўчқа гўшти ҳамда май келтиришларини сўради.
— Бугун кўнглингиз тусаганини муҳайё қиламиз, — куюнчаклик билан деди назоратчи. — Сизнинг аҳволингиздаги одамлардан ҳеч нарсани аямаймиз.
— Агар ундай бўлса, — деди бундай илтифотдан кўнгли яйраб Патял, — менга яна икки тўйимли, ўпка-жигар аралашмасидан тайёрланган колбаса келтирсангиз. Тағин бир литр қорамтир пиво бўлса, қани эди…
— Ҳозир буюраман, келтиришади, — деди назоратчи. — Нега энди вақтингизни чоғ қилмас эканмиз? Ҳаёт дегани жуда қисқа, ундан имкон қадар улгурганингни олиб қолишинг керак.
Назоратчи буюртмаларни келтиргач, Патял ундан беҳад рози эканлигини маълум қилди.
Бироқ нафсини, қани энди, нафсини жиловлай олса!
— Энди, қулоқ солинг, — деди у барча идиш-товоқларни ялаб-тозалаб бўлгач, — шу топда негадир қовурилган қуён гўшти, пишлоқ, анави, горгонзола дейишадими — ўшандан, жиққа ёғли сардинка ва яна енгил ҳазм бўладиган ул-бул егуликлар топилса, зўр бўларди…
— Ҳеч ҳам тортинманг, хоҳлаганингизни топамиз. Очиғини айтсам, сизнинг киройи иштаҳангизни кўриб, дилим яйраяпти. Умид қиламанки, менинг ихтиёримда экансиз, тонггача ўзингизни осиб қўймайсиз? Кўриниб турибди, эсли-ҳушли кишисиз. Бунинг устига, жаноб Патял, сизни ҳукумат осишидан олдин ўзингизни осиб қўйишингиздан кимга нима наф бор? Ростгўй бир одам сифатида шуни айтмоқчиманки, сиз бунга қобил эмассиз, зинҳор. Бу тўғрида ўйлаб ҳам ўтирманг. Қани, яхшиси, пивони ичинг. Қаранг, сиз билан ишимиз хамирдан қил суғургандай силлиқ битаяпти! Горгонзоладан олдин пивони бир сипқориб юборинг — оҳ-оҳ, бундан ҳам лаззатли оби-замзам бўладими? Мен сизга яна икки кружкасини келтираман, сардин ва қовурилган қуённи эса, азиз дўстим, май билан тановул қиласиз.
Тез орада келтирилган хушхўр таомларнинг ёқимли ҳиди қамоқхона ҳужрасини тутиб кетди. Патял таомларни столга бирин-кетин жойлаштирар экан, пишлоқ ва сардинкани астойдил газак қилиб, гоҳ пивони, гоҳида майни, қай бири қўлига аввал илинса, ўшани ютоқиб симира бошлади.
Шу топда, ногаҳонда, ҳали озодликда юрганида шаҳар четидаги бир рестораннинг очиқ айвонида мана шундай тўйиб ва мириқиб кечки зиёфатда ўтирган дамлари ёдига тушди. Дарахтларнинг барглари ой ёруғида нафис жилваланиб турар, қаршисида эса рестораннинг бақалоқ соҳиби — ана шу жаннат бурчагининг хўжайини ястаниб ўтирар, тўхтовсиз валақлар ва Патялга иззат-икром кўрсатар эди…
— Менга бирон латифа айтиб берсангиз, — сўраб қолди Патял хаёлини йиғиштириб олиб.
Назоратчи унга қандайдир, Патялнинг ўз таъбири билан айтадиган бўлсак, исқирт бир мазмунли латифани бошлади.
Овқатланиб бўлгач, Патял ҳазми таом учун мевалар ва тақсимчада печенье билан қора кофе келтиришларини буюрди.
Унинг истаги тўла бажо этилди. Патял сўнгги буюртма таомларни еб-ичиб бўлгач, ниҳоят, маҳбусга кўнгил хотиржамлигини ато этиш учун ҳужрага қамоқхона руҳонийси ташриф буюрди.
Руҳоний хушчақчақ, одми муомалали ва айни шу кезда Патялни ўраб олиб, қўлларидан келганича ғамхўрлик кўрсатаётган, уни ўлимга ҳукм этишган ва эрта тонгдаёқ осишга чоғланаётган барча бошқаларга ўхшаш, кўриниши ёқимтой бир одам эди. Чеҳрасида ўктамлик барқ уриб турарди, ўзаро мулоқотнинг ҳавосини олган бу инсон билан Патял бир пасда киришиб кетди.
— Яратган Эгамнинг ўзи сабр берсин, — деди қамоқхона попи Патялнинг елкасига қўл ташлаб. Эртага тонгда сиз учун барчаси тугайди, бироқ зинҳор изтиробга берилманг. Тавба қилинг ва Аллоҳ яратган бу ёруғ оламга дилкаш назар ташланг. Парвардигорга топинсангиз, у ҳар бир осий бандасининг тавба-тазарруларини қабул қилади. Кимки, тавба-тазаррудан бўйин товласа, бутун тунни азобда ўтказади. Қамоқхона ҳужрасида ўзини қўярга жой топа олмайди, йиғи-сиғидан бўшамайди. Бунинг сизга нима кераги бор, а? Беҳудага бошингиз оғригани қолади. Ва кимки тавба-тазарру қилса, бу сўнгги кечани баайни тақводор зотдай тинч уйқуда ўтказади. Такрорлайман, қароғим, дилингизни ғуборлардан фориғ этсангиз, енгил тортасиз.
Патялнинг бирдан ранги оқарди. Унинг кўнгли айний бошлади, ичида ичак-чавоғи ағдарилиб кетгандай туюлди, аммо қайт қилмади. Танасини даҳшатли бир тутқаноқ исканжага ола бошлади, у эгилиб-буралар, оғриқдан афтлари буришиб кетган эди, пешонасидан совуқ тер томчилай бошлади.
Руҳонийни ҳазилакамига қўрқув босмади. Назоратчилар елиб-югуриб қолишди ва Патялни қамоқхонанинг шифохонасига жўнатишди. Қамоқхона ҳакимлари унинг аҳволини кўриб, бош чайқашди. Кечга яқинлашиб, беморнинг ҳарорати кескин кўтарилди, тун ярмидан оққанда эса шифокорлар гуруҳи унинг ҳаёти таҳлика остида эканлигини маълум қилишди ва барчаси якдил равишда ташхис қўйишди: ўткир заҳарланиш.
Оғир беморларни эса қатл қилиб бўлмайди, шу сабабдан ўша тунда қамоқхона майдонида Патял учун дор қурилмади.
Бунинг ўрнига, унинг ошқозонини ҳафсала билан тозалашди. Қайт қилинган овқатнинг ҳазм бўлмаган қолдиғи таҳлили кўрсатдики, ўпка-жигар аралашмасидан қилинган колбаса ачиб-айниган ва заҳарга айланган экан.
Колбаса сотилган дўконни комиссия босди, маълум бўлишича, дўкондор санитария қонун-қоидаларига парво ҳам қилмаган, колбасани музлаткичда эмас, балки дим-иссиқ жойда сақлаган. Комиссия баённома тузди ҳамда ишни прокурорга оширди, прокурор эса сотувчини маҳсулотни ғайри санитариявий шароитда сақлаганликда айблаб, уни жавобгарликка тортди.
Патялни даволаган қамоқхона шифокорлари орасида ёш, диёнатли, навқирон бир йигит бор эди, у бемор маҳбуснинг каровати ёнидан бир қадам ҳам жилмади ва ҳаётини сақлаб қолишга бор билим-тажрибасини бағишлади. Негаки, бу хасталик камёб, мураккаб ва қизиқарли бир дард эди. Ёш ҳаким кечани-кеча, кундузни-кундуз демасдан Патялга ғамхўрлик кўрсатди ва орадан икки ҳафта ўтгач, унинг елкасига қоқиб, деди:
— Мана, сизни қутқариб қолдик!
Эртасига Патялни барча қонун-қоидаларга риоя қилган ҳолда осишди. Негаки, у дорга осса бўладиган даражада соғайган эди.
Айби билан Патялнинг умри икки ҳафтага узайишига сабабчи бўлган колбасафуруш эса уч йил муддатга қамалди, Патялнинг ҳаётини дор учун асраб қолган ёш шифокор бошлиқларнинг астойдил мақтов ва таърифларига сазовор бўлди.

Рус тилидан Михли Сафаров таржимаси