Ярослав Гашек. Эр-хотин ўртасида хиёнат (ҳажвия)

Жиблажибон жанобларининг ўнг оёғида битта тирноқ етишмас эди, шу боисдан кўринишига жиддий тус бериб ғоз турмоқчи бўлган чоғларида бир оз ноқулайлик ҳис қилар эди. Аммо бугун ўз инида илк тухумча пайдо бўлганини кўриб жуда қаттиқ суюниб кетди.
Унинг хушбичим хотинчаси ҳам, гарчи уйида бундай ноёб нарсани биринчи кўриши бўлса-да, шодлигининг чек-чегараси йўқ эди, бу худди тушга ўхшайди, деб қўйди у, сўнг ишонасанми, кўзим бир неча дақиқа сал-пал илинган эди, уйғонганимда мана шу сарғиш тусли ғаройибдан-ғаройиб думалоқ нарсага кўзим тушди, у инимизга тўшалган сершира майин майсалар орасида бир бўлакча бўлиб товланарди, дея инонтирди. Эр-хотиннинг қиладиган ишлари йўқ бўлгани учун, ҳар куни галма-галдан тухум босиб вақтларини ўтказишарди.
Устларида қорақайин бутоқлари шовуллар, қойилмақом япроқлари шилдираб турган бақувват дарахтлар орасида уларнинг танлаган дарахти яккаю ягона эди. Инлари унчалик катта бўлмаса ҳам, ҳар қалай катта маҳорат билан тўқилган, қорақайиннинг қир учида эди. Пастдан қараган одам кўрмас, япроқлар тўсиб турарди. Ёзлари томоша қилиб тўйишмасди.
Улар, албатта, бошқа, каттароқ инларни ҳам кўришганди; масалан, қўшнилари қизилиштон ҳар гал улар билан кўришганда, “бизнинг инимиз бошқаларникига солиштирганда нақ саройнинг ўзи!” деб мақтанарди.
Лекин булар ўзларининг ҳалол меҳнат билан қурган шинам инчаларини яхши кўришарди – қизилиштон эса ўзгаларнинг ётоғини эгаллаган, бойўғлининг бу дунёда есир қолган ёлғиз қизи, ёшгина бойқуш бечоранинг инига кириб олганини ким билмайди, дейсиз. “Шафқатсиз ва безбет бўлганим учун эмас, бойқушнинг ола кўзларини ёмон кўрганим учун шундай қилдим,” – деб ўзини оқларди қизилиштон.
Қолаверса, қушларнинг ҳеч бири уни қораламасди – ҳаммалари ҳам бичими хунук ёш бойқушни хуш кўришмасди, устига-устак унинг ота-онаси тузоққа илинган эди…
Айтишларича, у каламуш овлар экан.
Бойқуш бечора уй-жойи эгалланганини пайқаб, ёнидаги бир шохга ўтириб, патларини ҳурпайтирди, човутларини керди, кейин уйқусираб кўзларини пирпиратди. Сўнгра тонг ота бошлагани сабабли, алам оғушида уйқуга кетди; шундай ҳурпайган кўйи кунни ухлаб ўтказди. Оқшом тушганда унинг уйғонишини кутиб ётган қушларнинг чинқироқ овозлари остида учиб кетди.
Бойқуш, бошқалар ўзини кўрганда дарғазаб бўлишларидан бениҳоя хафа бўларди. Кейин бутун ўрмон бўйлаб, бойқуш бир куни кечаси ўрмончининг болохонасига учиб кирган экан, ўрмончи уни тутиб олибди, деган овоза тарқалди. Бу гапни эшитган қизилиштон, мен илгаритдан унинг кўзларини кўрсам жиним қўзирди, деб ҳаммаёқда мақтаниб юрди.
Умуман унинг ғалати томонлари кўп эди – бирда индамас, “ичимдагини топ” бўлиб қолар, бирда ҳеч гапдан ҳеч гап йўқ кулаверарди. Уни тентак деб ҳисоблашарди.
Унинг яна бир ёмон одати шу эдики, гўё ҳақ гапни айтаётгандай, афтига жиддий тус бериб, бошқаларни ғийбат қиларди.
Бир куни жиблажибон уни энг яқин қўшним деб, хотини тухум қўйгани, энди ўзи ҳам тухум босаётгани ҳақида ўртоқлашиб қолди. Шунда қизилиштон тухумга назар ташлаб, жиблажибонни бир чеккага чақирди.
– Азизим, – бошлади қизилиштон, – кўзимга тухуминглар жуда катта кўрингандай бўлди. Гумонларим нимага асосланганини айтолмайман. Майли, кейин маълум бўлади. Агар ўзингизда ҳам шубҳа уйғонса, менга суянаверинг, мен ҳаммасини охиригача билиб бераман. Бошингизни тик тутинг, азизим, айтган сўзларимни ҳозирча унутинг, эҳтимол ўйлаганларим хомхаёлдир – яна билмадим.
Руҳан тушкун бир аҳволда жиблажибон инига қайтди ва боши қотиб тухумга ўтирди. Кайфияти шу қадар қаттиқ бузилгандики, хотини ўрнини олишга келганида, ўта қўполлик билан тарсиллади:
– Қаёқларда изғиб юрибсан, мени вақти ошиб-тошиб ётибди деб ўйлаяпсанми? Бугун ишим тиқилиб ётибди, дарёнинг нарёғидаги бир эманни тозалаш керак, ичи тўла бузоқбоши эмиш.
Бу дағалликдан хотини йиғлаб юборди, у бўлса жаҳл билан тумшуғини бир такиллатди-да, учиб кетди. Бутун йўл бўйи нега тухумимиз бошқа жиблажибонларнинг одатий тухумидан катта, дея ўйлаб кетди.
Йўлда у навқирон бир қайин ёнида тутилиб қолди ва қишлоқ болалари тилган ярасидан тизиллаб оқаётган янги сувидан тўйгунча ичиб, бутунлай кайфи ошиб қолди ва уйига қинғир-қийшиқ учиб борди, инига кириши билан хотинини чўқий бошлади ва тухумингни ҳам чўқиб ёриб ташлайман дея дўқ урди.
– Қасам ич, – деди кайфли овози титраб тантана билан, – ҳеч ким билан донлашиб юрмаганман, тухум – ўзимизники, де! Умумий ютуғимиз, деб қасам ич, агар шундай деб ифодалаш мумкин бўлса!
Хотин иккала қаноти билан қасам ичди, шундан кейин у тинчиди. Уйқуга кетганда эса, тушида хотини қораялоқ билан бирга ўрмон бўйлаб учиб юрганмиш.
Эрта билан уйғонганда у ўз тушидан уялди, бутун ҳафта давомида қўйдай ювош бўлиб юрди, қизилиштонга эса:
– Кўрамиз, тухумдан нима чиқаркин, – деб қўйди.
Бир ҳафтадан кейин жўжа тухумни очиб чиқди. Шундай бир чиройли жишки, қуриган заҳоти тумшуғини тинимсиз катта-катта оча бошлади. Биринчи кун унчалик кўп еди-ичди, деб бўлмайди-ю, аммо иккинчи кун – кўпроқ, учинчи кун жуда кўп еб-ича бошлади.
– Киринг, боламизга бир қаранг, киринг, марҳамат, – дея таклиф қилди ҳадиксираб қолган жиблажибон қизилиштонни, – у шу қадар кўп еб-ичадики, уни боқишга кучимиз етмай қоляпти.
Кичкина мечкайни кўрган қизилиштон маънодор қилиб бошини чайқаб қўйди.
– Бир ҳафта кутайлик-чи, – деди у жиблажибонга,– ўшанда мен сизга бир нарса дейишим мумкин… ҳозирча бир нарсани ёдда тутинг, аммо олдин ҳеч қаёққа кетмай ўтиринглар, худо кўрсатмасин, йиқилиб тушса… бола жиблажибоннинг кўриниши бўлакчароқ.
Ўша куни хотини оиланинг янги аъзоси оғзини каппа-каппа очишларини тўхтатиб тезроқ ухлай қолсин, дея унга тинмай алла айтаркан, жиблажибон:
– Ўчир овозингни, ҳайвон! – дея тўнғиллади.
Орадан бир ҳафта ўтгандан кейин ақлдан озаёзган жиблажибон қизилиштондан:
– Бу найновга нима дейсиз энди, – дея сўради, – бўйи мендан бир бош ўсиб кетди-ку!
– Жаноб қўшни, – дея жиддий сўз бошлади қизилиштон, – бу жиблажибон эмас, бу қандайдир бошқа нарса. Ҳм… сизнинг хотинингиз ким биландир… Бу ахир бутунлай бошқа қуш, сизга ўхшамаган…
Ўша куни жиблажибон умуман уйига келмади, эртасига эса жўжа янада катталашганини кўриб бўлари бўлди.
– Аблаҳ, ифлос, – хотинига ташланди у, – ким билан дон олишдинг, қандай ақл бовар қилмайдиган бадбашара билан илакишдинг? Мен ҳаммасини биламан,– ҳамма эрлар ишлатадиган ҳунарни ишга солди.
Хотин ҳеч нима бўлмаган, деб қасам ичди. Эр шундай қутуриб кетдики, индан қулаб тушди ва ҳеч қачон қайтиб келмаслик учун учиб кетди.
Энди у бизнинг боғимизда ўтирипти; қанчадан-қанча бошқа қушлар келиб бизнинг инимизга ҳам какку тухум ташлаб кетган, биз ҳам эр-хотин галма-гал тухум босиб, какку боласини очганмиз, ахир каккулар бегона инларга тухум ташлаб кетади, – дея унга бор гапларни айтишди.
Бизнинг жиблажибонимиз эса, булар бари сизлар тўқиб чиқарган аҳмоқона эртак, дейди ва:
– Мени қармоққа илинтиролмайсиз. Ким билади, хотиним каккунинг эри билан дон олишгандир! – дея хитоб қилади.

Русчадан Миразиз Аъзам таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 2-сон


Зиё истаган қалблар Telegram каналига марҳамат!